Диний эркинлик нима у, биласизми?

Диний эркинлик нима у, биласизми?
47 views
28 May 2017 - 12:54

Мен қуйида фикрларимни баён этмоқчиман. Фикрларим мутлақо шахсий. Мақсадим кимнидир айблаш, кимгадир ниманидир исботлаш эмас.

Диний эркинлик- биринчи навбатда қўрқувсиз ибодат қилишдир. Сизга қарата бир орган ходими: “намоз ўқийсизми?”, деса рангларингиз ўзгариб кетиши эмас, аксинча, «албатта ўқийман», дея олишингиздир.

Диний эркинлик – жума куни фарзандингиз «отажон қаерга кетяпсиз, мени ҳам олиб кетинг» деса, «йўқ ўғлим, сенга мумкин эмас, олабўжилар киргизмайди» дейиш эмас, балки фарзандингизни жума куни ювинтириб, мушк анбарларни сепиб, қўлтиғингизга жойнамозни олиб: «болам, сен билан бугун Аллоҳни уйига борамиз» деб, намозни адо этиб, қайтишда ширинликлар олиб беришингиздир.

Диний эркинлик – илм олиш мақсадида бир аҳли илмнинг эшигини тақиллатиш тугул, ҳозир замон нотинч, ўқимай тураверсин, дейиш эмас, “Юр болам, Аллоҳнинг каломини ўқишни ўрган”, деб бир инсонга шогирт қилиб беришингиздир.

Диний эркинлик – маҳалла комитетдан онангизни, синглингизни чақириб, рўмолни ечишни буюриш эмас. Вояга етган қизингизни мактаб, коллежда рўмолини ечиш, ҳаммани ичида шарманда қилиш, рўмол билан киргизмаслик эмас, аҳлингиз билан бемалол сатр ҳолатида юришингиздир. Мактаб, коллежларда бемалол аврати ёпиқ ҳолда ўқита олишингиздир.

Диний эркинлик – имомларни мажлисга чақириб, калласида алиф ҳам йўқлар нима ҳақида гапиришни ўргатиш эмас, салласини тагида калласи бор имомларни ўзига қўйиб бериш. Дин сиёсатдан ажралган жамиятда, сиёсат ҳам динга аралашмаслик. Имомларни қандайдир органлар эмас, имомларни шу халқни йўлбошчиси бўлишга лойиқ кўрган халқ тайинлашидир.

Диний эркинлик – ёз кунлари айвонда уҳлаб ётсангиз будильник товуши эмас, балки азон садоси сизни бомдодга уйғотишидир.

Диний эркинлик – сиз тўйингизни Яҳудлар ва Насороларга ўхшаб эмас, Амру маъруф ва наҳий мункар билан ўтказишингизга монелик қилмаслик.

Диний эркинлик – паспортга суратга тушишга синглингиз ёки аёлингизни олиб борганингизда сўқимдек бир йигит «рўмолни ечсинлар» дейиши эмас, қандай хоҳласа шундай ҳолатда ҳужжатга расмга тушишдир.

Диний эркинлик – чойхона, кафе ва ошхоналарда «намоз ўқиш мумкин эмас» деган ёзувни эмас, “намозхона” деган эшик тепасидаги ёзувни кўришингиздир.

Диний эркинлик – “мусофир эдим, намоз ўқиб олсам бўладими?” десангиз, тинчлигини ўйлаб «мумкин эмас» ёки «шароит йўқ» деган жавобни олишингиз эмас, «бемалол ўқиб олаверинг. Агар мен халақит қилсам чиқиб турай», деган инсонларни кўришингиздир.

Диний эркинлик – телеграм ёки ватсапдаги гуруҳдан келган биргина тақиқланган видеони кўрганингиз учун ўн беш суткалап қамалиб, итдек хор бўлиб, калтакланиб чиқиш эмас, телефонингизда хоҳлаган пайт маърузаларни эшитишингиздир.

Диний эркинлик – телевизорда бир тийинга қиммат отарчилару машшоқларни қўшиқларигина эмас, қурон товушларини эшитишингиздир.

Диний эркинлик – машинангизда қурон ёки маъруза тинглаб кетаётганингизда бирор постга яқинлашганда маърузани ўчириб қўйиш эмас, қуронни эшитиб манзилингизга бемалол етиб олишингиздир.

Диний эркинлик – динингиз учун ватанингиздан қочиб чиқиб кетишингиз эмас, аксинча, динлари сабаб ватанларидан қочиб кетаётганлар учун қучоқ очишингиздир.

Диний эркинлик – биттагина масжид очилганидан хурсанд бўлиш эмас, минглаб ёпилган масжидларнинг очилишидир.

Диний эркинлик – Аллоҳ деб, буюрган фарзларини қилганларни қамаш эмас, минглаб қамоқдаги инсонларни озод этишдир.

Диний эркинлик деганда ҳамманинг ўз қаричи бор. Ҳар ким ўзини қаричи билан ўлчайди. Бугун минбарларда, кўча кўйда «бизда диний эркинлик бор» деганларни эшитиб, аквариумдаги балиқ ҳаёлимга келади. Аквариумдаги балиқ учун ўша аквариум бутун дунё. Энг комфорт шароитдир. У аслида бошқарилаётганини, нима беришса еб ётганини билмайди. У учун энг ҳавфсиз, энг тинч, энг шинам жой аквариумидир. Энг ачинарлиси эса у шу аквариумни бутун дунё деб билади. Уммон қаршисида нуқтадан ҳам кичик эканлигини билмайди.

Мен ундай инсонларни айбламайман. Чунки улар ҳақиқий диний эркинлик нима эканлигини билишмайди. “Мусофир бўлмагунча мусулмон бўлмайсан”, деган гап бежиз айтилмаган экан.

P.S: Аллоҳ рамазони шарифда бизларга хотиржам ибодат қилишликни насиб этсин. Аллоҳ рамазон сабаб дуоларимизни ижобат айлаб, диний эркинлик берсин. Қамоқда қолаётганларни бизлар билан ифторликлар қилишларини насиб этсин. Беморларга шифо берсин. Динимизга нусрат берсин. Уруш бўлаётган жойларга тинчлик, офият ва омонлигини берсин. Золимларни хор қилсин.

Sayyid Islom

facebook.com