Қарғаларга макон бўлмасин, осмон

Қарғаларга макон бўлмасин, осмон
56 views
29 May 2017 - 8:00

Ислом Холбой

Йиллар азоби
Тўқсонинчи йиллар шеърияти

Тириклик

Кўзга сиғар, тўгарак жаҳон –
Юракка жой бўлар, дарёлар суви.
Қобиққа сиғмайди оқил ҳеч қачон,
Тор жойда юришмас, шерларнинг ови.

Адолат бор жойда, ҳамиша офтоб,
Баҳорлар уйғонар, ҳар йили қишлаб.
Тириклик тин билмас, бағрида – шитоб,
Барокат чекинмас, ҳаддини, ташлаб.

Мунофиқлар юртнинг ичидаги дард,
Бироқ, барин Ўзи этар сарҳисоб.
Шу янглиғ айланар, эски чархфалак,
Бир куни Мезонда берилар, ҳисоб.

Ҳақсизлар ҳақиқат истаса, магар –
Кўзгуга айланар, миллат ҳам бегард.
Денгизлик даъвосин этса, кўр ва кар,
Соқовнинг кемалик этмоқлиги шарт.

Чўғи йўқ юлдузлар, бўлсалар мезон,
Ҳеч замон у юртдан чиқмайди, дарға.
Масаллиқсиз, қайнар, осилган қозон,
Лочинсиз осмонни тутади қарға.

Кўзга сиғсин, майли, тўгарак жаҳон,
Юракка жой бўлсин, дарёлар суви.
Қарғаларга макон бўлмасин, осмон,
Миллатга етмасин, ёмоннинг дови.

* * *

(давоми бор)