Дин ва дунё…

Дин ва дунё…
60 views
30 May 2017 - 9:00

(“Муборак кунлардаги мулоҳазалар” рукнидан)

Дин ва сиёсат… Яратиш ва яратилиш… Дунёнинг ибтидоси ва интиҳоси… Бу мавзулар ҳақида тарих тўла сабоқ бўлишига қарамасдан инсониятнинг қанча фоизи бу дарсликлардан унумли улушини олди-ю, қанчаси мосуво бўлди?

Биз бугун дунёнинг қаеридамиз-у, диннинг қаеридамиз? Дунё ким учун яратилган эдию, дин ким учун эди: махлуқотлар ичида шарафли қилиб яратилган Одам ва Ҳавво ҳамда уларнинг қиёматгача давом этадиган насли – умуминсоният учун эмасмиди?

Вақт ўтиши билан ирқларга, миллатларга, элатларга, қавмлар, уруғ-аймоқлар, диний ё-да дунёвий гуруҳларга бўлиниб-бўлиниб, бир-бирига ёв чиқаётган Одам болаларининг Ҳақни таниши, ўзлигини англаши,  ер юзида тинч-тотув, соғлом ва гўзал  бир ҳаёт кечириб, сўнг Яратувчилари  ҳузурига ёруғ юз билан қайтиши учун жорий этилмаганмиди илоҳий таълимот? Худди шу сабабдан ер юзига пайғамбарлар юборилиб, ваҳий ила муждалар келган, кўкдан Китоблар индирилмаганмиди?…

Асрлар бўйи тараққиётнинг юксалиши ва инсоний зеҳниятнинг  қувватга тўлиб бориши, еру кўк илми ҳамда дунё ва охиротга доир жами билгилар, маълумотларни  ўрганишга  бўлган кучли бир эҳтиёж, руҳий ташналик етилган бир паллада энг мукаммал дин – ислом дини умуминсоният учун жорий этилди. Ҳақнинг энг сўнгги пайғамбари Муҳаммад (саллоллоҳу алайҳи вассаллам)га ислом динининг ҳужжати ўлароқ муқаддас Китоб – Қуръони Карим, яъни Оллоҳнинг каломи оят-оят, сура-сура  индирилди.

Оллоҳнинг каломи, буйруғи, кўрсатмаларига  том маънода амал қилган сарвари ИНСОН – Муҳаммад алайҳиссаломнинг ибратли ҳаёт йўли ва Ҳақ нурига йўғрилган ҳар бир муборак лутфи-каломи, саҳиҳ ҳадисларга жо этилган суҳбат-ўгитларининг ўзи умуминсоният учун буюк бир сабоқ, буюк бир дастуруламалдир.

Қуръони карим ва ҳадиси шарифни энг инжа маъноларигача ўрганиб, исломий таълим-тарбия воситасида камолга етиб, илм-фан чўққиларини-да забт этган, неча-неча асрлар ўтса ҳам, ҳануз башар аҳлининг ақлини порлоқ ва нурли тафаккур кўзгусига ҳайрон қаратиб турган Ҳазрат Навоий, ибн Сино, Беруний, Форобий, Мирзо Улуғбек, ат-Термизий, ал-Хоразмий, ал-Бухорий сингари даҳо аждодларимизнинг дунё тамаддунига қўшган муносиб ҳиссаларини ким инкор эта олади, ахир? …

Буюк ва шонли тарихнинг зарварақларига то қиёматгача номи ўчмайдиган қилиб муҳрланган аждодларимиз сиймоси кўз ўнгимизда тураркан, ҳар икки гапнинг бирида улар билан фахрланишимизни таъкидлар эканмиз, унда нега сўнги юз йилликлар ичида сиёсат устига келаётганлар сиёсатни бир девор ўлароқ қўлланиб, дин ва дунёни бир-биридан ажратишни ўзлари учун бош мақсад қилиб олдилар?  

Ҳатто “Дин – эскилик сарқити”,  “Дин  – тараққиёт душманидир”,  дея  инсониятга ўз Яратувчисини инкор этувчи “ақлли” таълимотлар бериб,  гўё одамзотнинг қадим аждодлари ҳайвонга – маймунга бориб  тақалишига  “далил” сифатида китоблар ёздириб, бунақа “олим”ларнинг “зако”сини ўзлари олиб бораётган сиёсатнинг ўнг планига чиқариб қўйдилар? Бу “таълимот”га ким ишонди, ким ишонмади? Бу, энди ҳар кимнинг қувваи ҳофизаси, ақлу камоли, иймон-эътиқодига ҳавола…

Энг ёмони, Ҳақ Яратувчисини инкор этмаган эътиқодлилар, диний уламолар, тиниқ тафаккур соҳиблари қатлиом қилиндилар, муттасил… Бунинг оқибатида одамзот қаерга келиб қолди бугун? Нимани топди-ю, нимани бой берди? Топганлари муҳиммиди ё йўқотганларими?

Дин ва дунёни айри-айри ерга қўйиш тушунчаси бугун ҳам баъзи сиёсатчиларнинг ақлидан ҳеч кетмаётганлигини кўриб-кузатиб турибмиз. Шу ўринда бир ҳақли савол ўртага чиқади: Хўш,  сиёсатга кўра фақат дунёвий билги ва ташвишлар, машваратлар билан машғул бўлсак, унда иймон-эътиқод йўлидаги яшамларни, тушунчаларни, дунёга не-не даҳоларни етказиб берган диний таълимотларни – илоҳий Китобларни, пайғамбарлар, авлиёу анбиёлар, олиму уламолар, энг етук шоиру шуаролар, мутасаввуфларнинг ибратли,  нурли ҳаёт йўлларини башар тарихининг қаерига қўямиз?…

Нега “Аллоҳ ҳар кимнинг қалбида, юрагида бўлиши керак”, дейилади-ю, қалби ибодат истаб, Аллоҳнинг амрини бажаришга азму қарор этганлар кўпинча таъқиб остига олинади? Эътиқодлироқ бир инсон халққа тўғри йўл кўрсатиш мақсади ила бирор ўгит айтса дарров “Диндорлар сиёсатга аралашмасин”, дея таъна тошлари отилади-ю, сиёсат аталмиш йўриқ юз йиллаб, етмиш йиллаб, йигирма беш йиллаб халқнинг шундоққина кўзига қараб ёлғон сўйласа ҳам, эътиқодли зиёлиларни вақти-вақти билан қатағон ўроғи ила “ўриб” ташласа ҳам, диндорлар ишига мутлақ аралашса ҳам уларни инсофга чақирган кишилар “хоин” ё “жиноятчи” деб аталаверади? Ўз сўзига ўзи амал қилмайдиган, иккиюзлилик, субутсизлик йўлини тутадиган сиёсат халқни ўзидан бездиргани етмаганидай ўзи ҳам боши берк кўчага кириб қолиши тарихда бот-бот исботланган ҳақиқат.  Шунга кўра қарор қабул қилиш ҳар одил ва оқил сиёсатчининг  ҳиммати, хислатига тобе бир вазифадир.    

Инсониятни нафси судраклаб олиб бориб қўйган зулмат кўчаларидан ёруғ ва буюк Ҳақ йўлига олиб чиқиш учун юборилган пайғамбарлар – Оллоҳнинг элчиларини тарихдан гўё “ўчириб” ташлаб, нимага эришамиз ва қаергача борамиз? Умуман, сиёсатдаги “Тарихни ўрганмай туриб, келажакка қадам ташлаб бўлмайди!” деган тантанавор хитобнинг маъно-мантиғи қаерда қолади унда?…

Жамиятдаги мавқеи, мансаб ва амал поғонаси, касбу коридан қатъий назар, ўзини онгли мавжудот ҳисоблаган ҳар бир инсон шу ва шу каби саволлар қаршисида албатта тўхтайди, жавоб излайди, фикр юритади. Бунинг учун ё диний ёки сиёсий арбоб бўлиш шарт эмас… Ўзликни англаш йўлидаги бир эҳтиёж бўлса кифоя…

Бугунги инсоний жамиятнинг бир бўлаги сифатида ҳаётимизда кечаётган воқеа-ҳодисаларга бефарқ  қараб туришга ҳеч биримизнинг ҳаққимиз йўқ. Кимга ёқиб, кимга ёқмаслигидан қатъий назар, дин ва дунё хусусида шууримизнинг “товуши”, қалбимизнинг “овоз”ини замондошларимиз билан ўртоқлашиш маънавий ҳуқуқимиздир… 

Советлар мафкураси  “Дин-афюндир” дея уқтиришга уринган бўлса, бугунга келиб террор аталмиш мудҳиш жиноятни содир этаётган манқуртлар гуруҳини ислом динининг “юзи” қилиб кўрсатишга зўр бераётир кимлардир. Бу тоифа кишилар орасида ўзларини зиёли деб билган инсонлар, ҳатто сиёсатчилар ҳам борлиги кишини ажаблантиради гоҳида.

“Диннинг зарарлари, камчиликлари ҳақида” сўз қотаётган баъзи бир сиёсатчилар дунё адабиёти, санъати ва маданияти тарихида муҳим ўрин тутган кўплаб нафақат мусулмон, балки, бутпараст, насроний ва ҳатто яҳудий бўлган машҳур зиёли инсонлар, саркардалар  ва сиёсат арбобларининг Ислом дини, муқаддас китоб – Қуръони карим  ва Муҳаммад саллоллоҳу алайҳи вассаллам шахсияти хусусида нақадар буюк эҳтиром, буюк инонч ила айтган иқрорларини яхшилаб ўқиб, уқсалар эди, исломий эътиқод масаласидаги гапларини сал эҳтиётлаб гапиришган бўларди, эҳтимол…

Дин – бутун борлиғи билан ҳассосият;  инжа, гўзал туйғуларга тўла бир ҳаёт йўриқномаси, юксак адаб, буюк бир илм, икки дунё саодатига элтгувчи йўлдир.

Дин – наинки зоҳирий ҳаракатларимиз, балки ботиний туйғуларимизни  ҳам тартибга солиб, зеболаштириб тургувчи том бир илоҳий таълимотдир! Буни англамаганлар ё-да англашни истамаётганлар зарар ва камчиликни диндан эмас, ўз шуурларидан излаши керак.

Диний-маърифий таълимот, Қуръон илми чексиз бир уммондир. Ундан ҳар ким шуурий “ҳовуч”ига сиғдира олганича, ақлий имконларининг етгани қадар олади. Шундай экан, ҳар ким ўз ҳовучига қараб, “Мен динни, илмни қўлга киритдим, унинг бори шу!” дея ҳовлиқмаслиги керак.

Шунингдек, ўзи учун мавҳум бўлган нарсалардан қўрққан одам каби ўзи тушунмаган  илм –  соф диний таълимотни бошқалар учун-да хатарли қилиб кўрсатишга уриниш ҳам бориб турган жоҳилликдан бошқа нарса эмас.

Шамсия  ХУДОЙНАЗАРОВА