Мен учун бу ёғи қиёматгача қоронғи бўлиб қолади…

Мен учун бу ёғи қиёматгача қоронғи бўлиб қолади…
149 views
31 May 2017 - 11:00

Ислом Холбой

Т А Н А З З У Л
(Тўрт юз тўқсон саккизинчи камерадаги маҳбус хотиралари)

ХаЗиНА КаБи
                             ҚўРиҚлАйДиЛАр
ЧўЧқА КаБи
                         БоҚаДиЛАр
ИТ КаБи
                 таҲқирлАйДиЛаР 

Т  У З О Қ
Биринчи китоб

уаллиф бевосита бошидан кечирган воқеа-ҳодисаларга асосланади)

Қўрқоқлик хорликка, мардлик олдинга бошлайди.
Иккиланиш (ҳафсаласизлик) тақдир  ҳукмидан олиб 
қололмайди.
Муҳаммад пайғамбарнинг қиличига ўйиб ёзилган ҳикмат 

(13)

Бир кун хотиним, “Одамлар Хитойга бориб, товар олиб келиб бойиб кетяпти. Уч-тўрт сўм пул топиб беринг, мен ҳам савдо қиламан”, деб қолди. “Тинчгина яшаяпмиз.Билмаган нарсангга қўл уриб нима қиласан. Яхши кунлар келиб қолар” десам,кўнмади. Ёш боладай хархаша этиб, икки оёғини бир этикка тиқиб олди. Еган-ичганим заҳарга айланди. Бировдан қарз сўрайдиган замон эмас. Осмон баланд, ер қаттиқ, нима қилишни билмайман. Ахири хотиним, “Пулни ўзим топаман, туриб берсангиз,бўлди”, деди. “Яхши”, дедим мен. Аммо қандай туриб беришликни тушунмасдан гаранг эдим. Хотинимдан сўрасам, “Пулни топганимда, айтаман”, деди. “Майли” деб қўявердим. Орадан ҳеч қанча ўтмасдан хотиним, “Пул топдим”, деб келди. “Нима қилиш керак” деб сўрасам, “Машинани гаровга қўйиб берасиз”, деди. Ичимдан бир нима узилиб тушгандай бўлди. Бирор нарсани гаровга қўйиш нари турсин, умрим бино бўлиб бировдан бир сўм қарз сўраган банда эмас эдим. Сўз берганман, машинани гаровга қўйдим.

Кўп ўтмай хотинимнинг савдо-сотиғи юришиб, қўлимиз пул кўрадиган бўлди. Уйимиздаги шарт-шароитлар ўзгариб кетди. Хоҳлаган нарсамизни киядиган, хоҳлаган овқатимизни еб-ичадиган бўлдик. Хотинимнинг йўриғига юриб яхши қилган эканман, бўлмаса бошига таёқ еган илонга ўхшаб судралиб юраверарканман, деб ўйладим. Орадан ярим йил ўтиб, шифохонада ҳамшира бўлиб ишлайдиган хотиним ўн беш йиллик касбини ташлади. “Шифохонада бир йилда ишлаб топадиган пулимни савдо билан бир ойда топаман”, деди у. Ростдан ҳам шундай эди. Қўлида ҳунари бор, ўз касбининг усталари ҳар нафасда нураб борардилар. Хотинимни кундан-кун ишлари юришиб, маҳаллада кўзга кўриниб қолдик. Менинг ҳам мактабдан қўлим совийбошлади. Ишдан бўшамоқчи бўлсам, мудир икки оёғини ерга тираб, “Кетмайсиз, ота-она касбини хор қилиш уят”, деб сўзида туриб олди. Ҳафтасига икки соат дарс олиб, қолган соатларимдан воз кечдим. Отамнинг шогирди бўлган мудир менинг бутантиқликларимга ҳам кўнди. Олди-соттига ёрдамим тега бошлаганидан хотиним хурсанд эди. У пул топиб турганидан кейин, ўз-ўзидан оилада биринчи кимсага айланганди. Мен унга ёрдамчи бўлдим. Хотинимнинг маслаҳатисиз узатган оёғимни йиғолмайдиган бўлиб қолдим. Мустақил иш қилишга майл йўқолди. Беғалва еб-ичишнинг ҳадисини олсанг, ҳалолдан ҳам, ҳаромдан ҳам жирканмас экансан.

Ҳафтада бир марта мактабга бориб, икки соат дарс бериш азоб туюларди. Ўқувчиларни кўришга кўзим, отишга ўқим йўқ эди. Ўқитувчилар кўзимга битта нон топиш учун бошини ҳар эшикка уриб, тиланчилик этиб юрган гадога ўхшаб кетарди. Қайси бири билан суҳбатлашма, пулсизликдан, ночор аҳволидан гапирарди. Улар бу билан мендан тама қилаётганга ўхшардилар. Шунинг учун “қарғишга йўлиққан мактабдан” уйимга тезроқ кетишни истар эдим. Хотинимга мактабдаги танг аҳвол хусусида гапирсам, “Ўша жиннихонани йиғиштириб, топган-тутганимни ушлаб уйда ўтирсангиз бўлмайдими”, дер эди. Мудирга ишдан бўшаш хусусида ариза ёзиб кирсам, “Ҳали хурсанд бўласиз” деб аризамни ҳар сафар йиртиб ташларди.

Шу орада хотиним: “Жиддий иш қилиш мавриди етди”, деб ҳовли билан машинани бир йўла гаровга қўйиб, судхўрдан катта қарз кўтарди. Бу сафар у ҳовли билан машинани гаровга қўяркан, йўлига бўлсин, мендан рухсат сўрамади. Мен ҳам,хотинимнинг ақли барча нарсаларга етади деб ўйлашга кўникиб қолган эдим. Омад юз ўгириб, у бу гал товарларини Қозоғистонда талончиларга талатди-да, икки қўлини бурнига тиқиб қайтиб келди. Бир ҳафта ичида барча мол-мулкимиздан мосуво бўлдик. Шундан сўнг хотиним қизимизни олиб отасиникига кетиб қолди. Ҳолимдан хабардор мудир менга қўшимча дарс соатларини қайтариб берди. Шу-шу, анчагача мактаб қоровулхонасида ётиб юрдим. Савдо-сотиқ орқасидан танишган кимсаларнинг ҳеч бири “ҳолларингиз нечук” деб биздан хабар олмади. Яна ўша маҳалла, йўқсил ўқитувчилар кўнгил сўраб далда бериб турдилар. Мудир айтганидай, мактабдан кетмаганимга суюндим. Битта нонга зор қолган кунларимизда ўқитувчиликнинг арзимаган пули оғзимизга томизиқ бўлди, мактаб зимистон кечадагинажот чироғига айланди. Ҳамкасбларимнинг умид уйғотувчи далдалари қирғоққа сузаётган қайиқнинг эшкакларидан афзал  туюлди. Қутулиш илинжида ҳар томонга чанг солаётган панжаларимга шу эшкаклардан бошқа бирор-бир нарса илинмасди. Бу азоб ва уқубатлар мени мустақил фикрлашга, ор ва номус туйишга мажбурларди. Бироқ озод тафаккур қилишга ҳали ҳам менда журъат етишмасди. Оиладаги бутун масъулиятни қўлимга олиб, хотинимга, “Ўзингнинг аввалги ишингга чиқ”, дейиш учун уч ой ўйландим. Шу гапни айтганимда у, “Нима қилишни менга ўргатманг, ўзим сиздан яхшироқ биламан”, деди. У илгариги юмшоқ, хушмуомала аёл эмас, отдан тушса ҳам,эгардан тушмайдиган ўжар бир кимсага айланганди. Унинг “Жулдурвақи ўқувчиларингизнинг сассиғини ҳидлаб топиб келган тўрт сўм пулингиз билан кун кўриб бўлармиди”, деган гапи менга қаттиқ ботди. Индамасдан орқамга қайрилибчиқиб кетдим. Аммо ундан хафа бўлмадим. Барча кўргуликларнинг сабабчиси ўзим эканимни тушуниб етган эдим. Вақтида ақлимни ишлатиб, қатъият кўрсатганимда,оиламни сақлаб қолган бўлардим. Оз еб, оз ичсак ҳам, ор-номус деган ноёб туйғулар ҳеч қачон бизларни тарк этмаган бўларди. Ҳар жойда бошимни тик кўтариб юра олардим. Менда Қоруннинг моли, Сулаймоннинг давлати бўлганда ҳам, устига тиллоортилган эшакдан афзал жиҳатим қолмаганди. Мол-дунё инсонга ҳақиқий бахт бўлолмаслигини кечроқ тушундим.

Бироқ менинг ҳолимга тушган одамлар сони кун-кундан кўпайса кўпаярдики, камаймас, бу иллат оддий ҳолга айланиб бораётган эди. Одамлар ўзларинингнуқсонларини фазилатга йўйишни ёқтирадиган замонлар бошланганди. Бутун бир жамиятнинг фозил кишиларга нафрати ортиб, ўғри ва каззоблардан фахрланадиган даврлари етганди. Ҳукумат бошида турган раҳнамолар фуқароларни азоб-уқубатлардан чалғитиш учун манфур йўлни танлаган эдилар. Миллат ўзлигини таниб қолса, раҳбарлар ҳокимият жиловини ушлаб туриш учун ўзларида куч ҳам, сабот ҳам етишмаслигини яхши билардилар. Шу каби хаёллар исканжасида юрган кунларимнинг бирида институтда дарс берган устозим Ғолиб Тиловни учратиб қолдим. Ғолиб ака Жиззах вилоятининг қайсидир бир қишлоғидан пойтахтга келиб, ўқиб қолиб кетган қалби гўзал, соддадил, ҳақиқий ўзбек зиёлиси эди. Паст бўйли,ушоқ киши бўлса ҳам, унда бургутнинг шижоати ва етти от қуввати бор эди. У ёлғонни жинидан ёмон кўрарди. Ўз манфаатини ўйлаб, халқни йўлдан оздирмоқчи бўлган сиёсатчиларни кўришга кўзи, отишга ўқи йўқ эди. Қаршисида Чингизхон қилич яланғочлаб турганда ҳам, тўғрисини тўғри деб айтарди. Сиёсий давралардаги баъзи мишмишларга қараганда, президент шу хислатлари учун ҳам уни ёмон кўриб қолиб, йўқ қилишнинг пайига тушган эди.

У республикадаги таниқли мустақил ҳуқуқ ҳимоячилардан бири эди. У инсон ҳуқуларини ҳимоя қилиш мустақил ташкилотини тузиб, ўзи шу ташкилотгайўлбошчилик қиларди. Унинг фаолиятидан кўпдан буён хабардор бўлсам ҳам,дастурамали ва ишлари билан аниқ таниш эмасдим. Устоз билан орамизда бўлиб ўтган ярим соатлик суҳбат ўзимни ўзим танишимга имконият туғдирди. Шунда ҳаётдаги ўрним қаерда эканлигини яққол ҳис этдим. Илгарилари ўзбек жамиятининг тез чириётганлигининг сабабчилари – ўзимга ўхшаган қатъиятсиз одамлар бўлса керак, деб ўйлардим. Бош айбдорларни кўришга назарим хиралик қилган экан.Жамият кўзига қум сочаётган “кўринмас қўл” – бу амалдаги ҳокимият тизимини ҳаракатга келтириб турганлар эканлигини англадим. Барчаси ой билан кундекравшан бўлди. Ғолиб ака менга ўшанда, “Тузум тўғри йўлга қўйилмаса, мамлакатда демократик ва адолатли қонунлар ҳукмрон бўлмаса, бир кун келиб ҳамма сенинг ҳолингга тушади. Мазкур ҳукумат ўзбек жамиятини ич-ичидан емиряпти. Одамлар ишсизликдан, очлик ва ночорликдан жон сақлаш учун ҳар қандай разилликлардан қайтмайдиган бўлиб қолганлар”, деди.

Ўша дақиқалардан ташкилотнинг фаол иштирокчисига айландим. Пикетларда, кичик-кичик намойишларда қатнашиб, ташкилот аъзолари билан биргаликда фуқораларнинг бузилган ҳуқуқларини тиклаш йўлида жонбозлик кўрсата бошладим. Ҳамкасабаларимдан ҳам тўрт-бештаси менга қўшилди.

Бир куни мактаб мудири мени чақириб, “Бу ишингизни йиғиштиринг, охири вой бўлади”, деди. Дардимни тўкиб-солган эдим, у, “Бу нарсаларни ўзингиздан бошқа билмайди деб ўйлайсизми? Сиёсий лўттибозликлар бошланганига яқинда йигирма йил тўлади. Бу иш юз йил давом этишини ҳамма яхши билади, сиз билмайсан, холос.Юқорида ўтирган “гижжа” ўз ҳийласидан ўзи заҳарланиб ўлмас экан, мамлакатда ҳеч бир нарса ўзгармайди, деди кўрсаткич бармоғини шифтга ўқталиб. Олий маълумотли ўқитувчи бўла туриб, халқнинг шу кунни кутишидан ўзга чораси йўқлигини наҳотки тушунмайсиз?” “Қомусимиз-чи, демократик йўллар билан адолатсизликка қарши адолатли кураш-чи”, дедим мен. “Барчасининг жавоби битта – ўлим” деди у қисқа ва лўнда қилиб.

Ортиқ гаплашадиган гап қолмаган эди. Мудирнинг хонасидан дилим хира бўлибчиқиб кетдим. Аммо танлаган йўлимдан бир қадам ҳам чекинмадим. Сиқувлардан безор бўлган мудир, ахири, ишдан бўшашим тўғрисида ариза ёзишимни сўради. Мени вақтида ишдан бўшатмаганидан афсусланиб, “Сизни олиб қолиб бошимга бало орттирган эканман”, деди. Энди мен ўзимни ишдан бўшатишлари учун ариза ёзишни хоҳламас эдим.

Бу пайтга келиб хотинимнинг саъй-ҳаракатлари, маслакдош дўстларнинг озроқ кўмаги билан икки хонали уй сотиб олиб, оилам билан яшай бошлагандим. Хотинимнинг ишлари тағин юришиб кетди. Унга, “Тинчгина, борига шукр қилиб яшайлик. Ўзингни ўтга-чўққа уриб нима қиласан”, десам, “Сиз анави бўлмағур ташкилотингиз билан намозингизни йиғиштиринг, кейин ўйлаб кўраман”, дер эди. У эмас, бу эмас, гапимиз бири-биримизга тўғри келмайдиган бўлиб қолди. Хотиним менинг қаршилигимга қарамасдан Дубай, Истанбул шаҳарларига тез-тез қатнайдиган одат чиқарди. Савдо-сотиқдан бошқа ҳам нима биландир шуғулланишини мендан сир тутарди. Бир куни унинг қўшмачилик билан шуғулланаётганини сезиб қолдим. У ўзбек қизларини ўша томонларга олиб бориб, фоҳишафурушларга сотиб келаркан.Ҳар қадамини муттасил назорат остига олганимдан кейин у миршабларга менингустимдан ариза ёзиб ташлади. Ҳукуматга ва хавфсизлик ташкилотларига худди шу нарса зарур эди.

Хотинимнинг аризаси билан мактабдаги мажлис кун тартибига менинг масаламни қўйишди. Маҳалла фаолларидан тортиб ҳамкасбларимгача барча менга қарши овоз берди. Қўйингки, мени мактабдан ҳайдадилар. Ташкилотнинг тўрт аъзоси ҳуқуқ ҳимоячилари сафидан чиққанини эълон қилиб, шартли равишда ўз ишларида қолдилар. Устимдан ғалаба қозонган хотиним ошкора равишда шу кундан бошлабуйдан чиқмаслигимни талаб қилди. У мажлисда қатнашган жамоа олдида мени қайта тарбиялашни ўз зиммасига олган эди. Унинг қўшмачилик билан шуғулланадиган сирини ҳеч қачон фош қилмаслигимни  яхши биларди. Шундай маълумот берганимда ҳам менинг айтганларим инобатга олинмасди. Хотиним бу фаолият билан шуғулланиш учун ҳеч бўлмаганда участка нозири билан келишмаса мақсадини амалга ошира олмаслигини мен ҳам очиқ англардим. Бунақанги қалтис ишларни хуфиялар мамлакатида енг ичида бажариш – қоронғи кечада хирмонга ўт қўйишдай бир гап эди.

Хотинимнинг яна битта аризаси билан менинг қамалишим ҳеч гап эмасди. Аввалроқ ҳукуматнинг қаттиқ сиқуви остида қолган Ғолиб Тилов ўз фаолиятини асраб қолиш мақсадида хорижга чиқиб кетишга мажбур бўлган эди. У билан бир фаолни тумшуғи тагидан қочириб юборган хавфсизлик ходимлари кимдан алам олишни билолмай юрардилар. Хотиним қизимни ҳам пулдор бир чол билан қўшиб қўйганини билганимдан кейин ҳаётда мен учун бирор-бир чегара қолмади. Онасининг қилмишини қизим йиғлаб айтиб бергач, ўзимни тутиб туролмадим. Уни чарчагунимча калтакладим. Ўлганига ишонгач, олиб кетиб кўминглар деб туғишганларига қўнғироқ қилдим. Палакатнинг жони итнинг жонидан ҳам қаттиқ экан. Ўн беш кун кўмада ётиб,ахири ўзига келипди. Бу пайтда мен ертўладаги ҳибсхонада эдим. У шикоят аризасида “Эрим менга мажбурлаб намоз ўқитмоқчи бўлди. Ваҳҳобийликни қабул қилмаганим учун қийноққа солди” деб ёлғонларни ёзиб берган эди. Хотин ўз эри устидан ҳам шунақа қалтис туҳмат қиладими? Сира ишонолмасдим. Бўлган ишни бўлгандай айтса, алам қилмасди. Отиб ташласалар ҳам майли эди. Иккимизни юзлаштирганларида у кўзларимга бақрайиб туриб аризасидаги сўзларни такрорлади. Бу фикрлар унинг ўзидан чиққанми ёки хавфсизлик ходимлари ўргатиб ёздирганми,Тангрининг ўзига аён. Мен учун бу ёғи қиёматгача қоронғи бўлиб қолади…

Давоми бор