Руҳ эҳтиёжи недир?

Руҳ эҳтиёжи недир?
80 views
31 May 2017 - 11:16

(“Муборак кунлардаги мулоҳазалар” рукнидан)

Маълумки, инсон руҳ ва вужуддан иборатдир. Вужуд озуқ истаб сизни қанчалик ҳаракатга келтираётганини, ошқозон ғамини чекишга мажбур қилаётганини сезиб, билиб турасиз. Аммо, ишонинг, руҳнинг ҳам озуқ олишга шу қадар кучли эҳтиёжи бор.

Вужуд эҳтиёжи – моддият, руҳ эҳтиёжи – маънавиятдир. Маънавият илм орқали ҳосил бўлади, бу сир эмас. Аммо руҳга озиқ берувчи илмнинг ҳам “руҳи”, “жони” бўлмоғи жоиз. Ҳақнинг ҳақиқатига асосланмаган жонсиз, ўлимтик билим руҳни, маънавиятни аввал фалаж қилади, бора-бора  ўлдиради, ҳалок қилади. Худди вужудингизга мажбурлаб ўлимтик  этни, яроқсиз, заҳарли маҳсулотни едирганингизда фалокат рўй бериши муқаррар бўлгани каби…

Бугун ён-атрофимизда рўй бераётган уруш-талошлар, авжига чиққан шафқатсизлик, ҳаёсизлик ва энг ёмони, кўпчилик одамларнинг бу фожеаларга лоқайдлик билан панжа орасидан қараётганлиги асрлар бўйи руҳимизга мажбуран “едирилган”, “одамнинг маймундан пайдо бўлганлиги” хусусидаги сафсаталарни сингдириш учун мактаб дарсликларимиз орасидан ёқимсиз қўл узатиб, шууримизга чангал солган ўша “машҳур таълимот”нинг меваси бўлса ажаб эмас… 

Инсон вужуди асл, тоза, фойдали моддаларга бой бўлган маҳсулотларни истеъмол қилишга қанчалик кучли эҳтиёж сезса, инсон руҳи ҳам соф, амин, “тўйимли” ва суюмли бўлган озуқага –  мантиқли илмга шу қадар кучли эҳтиёжманддир. Ярарсиз, эскирган, сифати йўқолган озуқалардан хасталаниб, витамин етишмовчилигидан ёки вируслар  “хуружи”дан  вужудда бир хасталик пайдо бўлиши муқаррар бўлгани каби қабул қилинаётган маънавий озуқа, илмдаги номукаммаллик, етишмовчилик туфайли руҳда ҳам бир хасталик – иллат пайдо бўлиши аниқ.

Инсон Буюк Зот – Оллоҳнинг мукаммал яратиғидир. Аллоҳнинг илм ва муҳаббатидан яратилган бир мавжудотдир. Қодир Зотнинг биргина “Бўл!” буйруғи – биргина ишорати, иродаси бирла инсон аталмиш мукаррам бир вужуд пайдо бўлди. Тангрининг чексиз илмидан бир сачратқи, бир зарра, бир ҳосила ўлароқ туғилган инсон умр бўйи ўзи билиб-билмай ана шу чексизлик илмининг Соҳиби – Яратувчиси, Ўзи томон интилади. Ҳар бир инсон ўз организмини ташкил этган энг кичик ҳужайраларидан тортиб, тери тўқималари, йирик сўнгакларигача бўлган анатомияни, бир етук олим ёки моҳир доктор қадар англаб етмагани сингари, зоҳирий шакл-вужуд  ичидаги руҳининг ҳам тузилишини диннинг  маҳобатли олимлари, ҳакимлари, авлиёлари қадар англаши мушкул.  

Аксар одамлар бу фоний ҳаётда ўзларининг “мен”ликлари-кимликларини ташиётган, эрта бир кун ҳаётдан кўз юмганида тупроқ остида чириб кетадиган вужудларининг тирик қолишлари учун ”жиҳод”га – курашга чақирадиган ошқозонларининг  “фарёд”ларини эшитадилар-у, тезда ҳаракатга кечадилар. Ҳатто меъдалари тўқ бўлгани ҳолда, озуқ сўрамай турган бўлса ҳам…

Энг камида ҳафталик, ойлик ва ҳатто йиллик озуқаларини “запас” учун ҳозирлаб қўядилар, тунда ё эртага ёхуд бир киприк қоққунчалик сония ичида нималар юз беришини билмаганлари ҳолда… Аммо… нафақат фано гумбазида ярарли, ҳатто муқаррар ўлим ҳодисасидан сўнг абадий қоладиган боқий ҳаётларида ҳам шахси-кимликларини ташийдиган руҳнинг “тирик” қолиши, “оёқда қолиши”, саломат бўлиши учун курашмайдилар. Маънавий, илмий озуқ ахтармайдилар, қалб уйини саломат сақлай олмайдилар. Ҳатто фоний ҳаётнинг ичкарисидаёқ руҳларини қаровсиз қолдириб, “ўлдириб” қўядилар. Шу тариқа тирик вужуд ичра “ўлик” руҳлар, ўлик қалблар ташиб юрган, тириклик моҳиятини фақат дуруст еб-ичмак, фаровон ҳаёт кечирмак ва кайфу сафодан иборат деб ўйлайдиган одамларнинг жамоаларига, гуруҳларига тўлиб бораётир атрофларимиз…

Соф диний илм инсонга ўзлигини, Ўзини англатади, Ҳақни танитади. Уни ўн саккиз минг оламда севикли ва шарафли қилиб яратган Зотга севги ва поклик билан интилади. Муборак Пайғамбаримиз Муҳаммад (саллоллоҳу алайҳи вассаллам)га нозил этилган кундан бошлаб то бугунимизгача, асрлар давомида инсонлар қўли билан ўз манфаатларига мослаб ҳатто бирор ҳарфига ўзгартириш киритилмаган Қуръони Карим аввалу охир, ботину зоҳир илмининг, энг асл ҳикматлар денгизининг шаффоф ва амин мажмуаси, ишқ муждаси, адаб йўриқномаси, руҳ эҳтиёжидир! Руҳни эса жиловлаб бўлмайди. Чунки, Руҳ абадият мулкидир!

Инсонни қасддан оч қолдиришганда вужуд исёнга келгани каби, руҳ эҳтиёжи, коинот зарраси ҳисобланмиш инсоннинг мукаррам ва азим БИРу БОР, ҲАҚқа, ЎЗИга қараб интилиши йўлида тўсиқ қўйилса, у исёнга келиши аниқ. Кимдир ўз нафсини озгина емакка қаноат қилишга ўргатганидай, руҳининг эҳтиёжини ҳам озроқ илоҳий илм олса-да, ихлос ва тафаккур билан қаноатлантириши мумкин. Аммо кимдир сабрсизлиги ва етрлича билимга эга эмаслиги сабаб радикаллашиши ҳам эҳтимолдан ҳоли эмас. Буни ҳаётнинг ўзи курсатиб турибди бугун…

Шу боис дунёвий билимлар билан бирга диний билимларнинг ҳам мактаб партасиданоқ ўргатилиши фойдадан ҳоли бўлмайди. Шундагина ҳам жисмонан соғлом, ҳам руҳи тўлғин, баркамол авлодлар етиштириш ҳақида  гапирсак бўлади. Зотан, ҳар бир жон илм олиш, ЎЗИни, ўзлигини танишга ҳақлидир.

ШАМСИЯ  ХУДОЙНАЗАРОВА