Саволларинг бериб ол, болам!

Саволларинг бериб ол, болам!
110 views
01 June 2017 - 10:00

Болам,
ҳамма саволларингни бериб ол ҳозир,
кейин кеч бўлиши мумкин.
Истамам
жажжи юрагингга солмоқ хавотир,
Аммо…
Ёзуқ, бордир ёзилмаган ғам:
Улғайганинг сайин кичрайиб борар
саволлар ёғдириш имконияти.
Бунга йўл бермайди сира Катталар.
Улар…
ўйинчоқ деб билар инсониятни…
Тангрим юракларга солган чўғ, ҳайрат,
катта саволларнинг жавобларини
майда-майда манфаатларга қўшиб
едилар…
ичдилар…
шаробларини
оппоқ дастурхонлар устига тўкиб,
кирлатдилар дунёни, дилни…
Кекираркан,
зўрға емакдан бўкиб,
Муқаддас ҳисларга силташди қўлни…
Болам!
Кичик ёшнинг катта имкони боркан,
Болаликни зое этгандан кўра,
улғайиш азоби эшик қоқмасдан,
беғубор севгингнинг ҳаққини сўра!
Саволлар ёмғирин ёғдир, болажон,
шаффоф ёмғирлардай ёғсин сўзларинг.
ивисин тош қотган юракларда қон,
очилсин Дунёнинг кўзлари!…

                         13. 03. 2015 йил.
ШАМСИЯ