Қуддус Аъзам узр сўради…

Қуддус Аъзам узр сўради…
146 views
07 June 2017 - 9:00

Нарзулло Охунжонов 

МАМЛАКАТНИ КИМ БОШҚАРАЯПТИ?
(эллик тўртинчи мақола)

ҚУДДУС АЪЗАМ УЗР СЎРАДИ…

Буюртма мажлис бўлиб ўтган куннинг эртаси анча илгаридан кўзим ва оёғимнинг саломатлиги билан боғлиқ муаммо борлиги боис ўзимизнинг маҳалладаги оилавий поликлиникага келгандим. Чунки, йигирма йилга яқин шу даргоҳда ишлаган бўлсам бирон марта таътилда бемалол оёқ узатиб дам олиш хаёлимга ҳам келмган экан. Иш-иш деб ишга шўнғиб кетган эканмиз. УЗИ аппаратига тушиш учун навбат кутиб турган пайтимда мобиль телефоним жиринглаб қолди. Ким экан, десам бу ўша артист-журналист Қуддус Аъзам экан.

Салом-аликдан сўнг билдимки, у тулкиларча муомаласини мутлақо бошқа томонга-бир юз саксон градусга ўзгартирганди. Маддоҳбозликда танилган, пахта қўйишда учига чиққан бу одам нега ҳали фитна мажлис ўтганига бир кун ҳам ўтмасдан бу қадар тез ўзгарганига тўғриси, аввалига ҳеч ҳам ақлим етмади. Чунки, у ўзини кечагина бўлиб ўтган йиғинда қанчалик бутун вужудига зўр бериб қизишиб, ёниб-куйиб, бақириб-чақириб менга ташланган бўлса, шунчалик тезлик билан орқага қайтиб ўз гапларидан пушаймон бўлган кишидек тутаётган эди.

Энг қизиғи, Қуддус Аъзам сўрашишимиздан сўнг у бехосдан сўзини бирданига мендан кечирим сўрашдан бошларкан, шундай деди: “Нарзулло, аввало мен сиздан кечаги мажлисда қилган номаъқулчиликларим учун кечирим сўрайман. Бу каби чиқишимдан жуда ҳам афсусдаман. Сизга нисбатан ҳеч-ҳеч шунақанги тарздаги бир маъруза қилиш хаёлимга ҳам келмаганди. Яна бир бор узр тилайман. Кўрдингиз-ку, бутун бошли мажлисда чиқиш қилганларнинг барчаси сизга нисбатан фақат салбий маънода сўзладилар. Умумий вазият қандай бўлаётганлиги ва қайси томонга кетаётганлигини ўзингиз гувоҳи бўлдингиз-ку. Шунинг учун мен ҳам қизишиб кетиб нималар деб юборганимни ўзим ҳам билмай қолибман-да. Шу боисдан ҳам мана, ўзим-ўзимни уришиб, койиб, айтган гапларимдан пушаймон бўлиб ич-этимни еб ўтирибман. Мен сизни унақа, яъни улар айтганидек одам эмаслигингизни жуда яхши биламан. Шунинг учун мендан хафа бўлмаслигингизни истардим.”

У бунақанги гаплари билан бир томондан барибир шу вазиятга қараб иш тутиши унинг характерида бор нарса эканлигини яширолмасдан айтиб, фош этиб ҳам қўйди. Иккинчи томондан, нима бўлганда ҳам ҳар ҳолда қайта-қайта узр сўради.

Унинг бу гапларини тингларканман; “Наҳотки бу инсон бирданига ўзгариб қолган бўлса? Ҳақиқатдан ҳам ўз қилмишидан пушаймон бўлдими ёки бу орқага қайтиши билан яна қанақадир бошқачароқ ўйин бошлашмоқчими?” деган хаёлга ҳам бордим, тўғриси.

Телефонда Қуддус Аъзамнинг сўзларини эшитишда давом этарканман, у: “Нарзуллобек, кечанинг ўзида мажлис тугаб уйга қайтиб борганимдан кейин Аҳмад акам мени роса уришди. “Сен нималарга аралашиб, қанақанги ахмоқгарчиликларга қўл уриб юрибсан? Сенга шунақа фитна-ғавғоларга аралашиш нимага керак бўлиб қолди? Бировнинг айби бор-йўқлигини билмай туриб ёқасига ёпишишнинг қандай зарурати бор эди? Бунақанги номаъқулчиликларни йиғиштир”, дея қаттиқ гапириб ташладилар. Мени бу қилмишимдан минг пушаймон қилдирдилар. Тўғриси, шунинг учун ўзимни ҳам кечиролмай ўтирибман” деб қолди.

Аҳмад аканинг охиратлари обод бўлсин! Қабрлари нурга тўлсин! Нима бўлганда ҳам барибир шу инсон бир ака сифатида ўз укасининг виждонини уйғота олганининг ўзи катта гап. Балки-да, агар у ўз укасини шунақанги дашном билан “сийла”маганида узр сўраш унинг хаёлига ҳам келмасмиди.

Шу ўринда кўпчиликнинг ва ҳаттоки, Қуддус Аъзамнинг ўзи-да балки хабари бўлмаган бир маълумотни келтириб ўтмоқчиман: Худди менга уюштирилгани каби бир пайтлар Аҳмад Аъзамга ЎзМТРК раиси фитна уюштирган эди. Фақат сал бошқачароқ шаклда туҳмат қилиш “операция”си амалга оширилган. Менга нисбатан туҳматчилар тўдаси ташқаридан ёлланган бўлса, Аҳмад акага нисбатан эса барчаси ичкаридан танланган ва бу борадаги амалиёт ЎзМТРК ҳудудида олиб борилган. Яъни бу ишларнинг ҳаммаси шахсан Алишер Ходжаевнинг ташаббуси билан ЎзМТРК режим ва хавфсизлик хизматига берилган махсус топшириқ асосида бўлган. Буни менга худди шу “операция”нинг айнан қанақанги тарзда ташкиллаштирилганлигига доир тафсилотларнинг  ипидан-игнасигача хабари бор киши айтиб берганди.

Аҳмад Аъзам “Ўзбектелефильм” студиясининг раҳбари бўлиб турган вақтида унинг ўз кабинетидаги сейфига беш юз доллар миқдорида маблағни ташлаб қўйишган. Бу иш албатта ўша ерда қабулхонада ўтирадиган котибанинг кўмагида қилинган. “Сейфга қанақа қилиб пулни қўйибди?” деб ҳайрон бўлманг. Чунки, Ўзбекистон миллий телерадиокмпаниясидаги деярли барча сейфларнинг ҳеч бўлмаганда биттадан калити режим ва хавфсизлик хизматида мавжуд. Шунинг учун бунақа ишларни “ташкиллаштириш”да уларга муаммо ҳам тўсиқ ҳам йўқ. Ҳаттоки, ҳар бир ходим ўз чўнтаги ҳисобига иш кабинети эшигининг қулфига қўшимча калити ясаб келтирилишига мажбурланганлиги ва бу калит режим-хизматига берилиши очиқчасига айтилганлиги ҳақида мақолаларимизнинг бирида тўхталгандик.

Шундай қилиб, Аҳмад Аъзам эрталаб иш кабинетига кириб ўтирганидан бирпас ўтар-ўтмасдан телевидение режим ва хавфсизлик хизмати ходимлари гуруҳи унинг хонасига кириб келишади. Бироз салом-аликдан сўнг режимчи-шоввозлар унинг кимдандир 500 доллар пора олганлиги ҳақидаги маълумот борлигини айтишади. Аҳмад ака бу мумкин бўлмаган иш ва мутлақо туҳмат эканлигини таъкидлайди. Адиб ўзидан кўнгли тўқ бўлганлиги учундир, эҳтимол, шу сўзида қатъий туриб олади.  Шу пайт улар сейфни очишни талаб қилишади. У бунақанги ҳолатдан ҳайрон бўлиб, “Нега менга ишончсизлик билан қараяпсизлар? Нега бунақа йўл тутаяпсизлар? Тушунтириб беринглар, ахир”, дея қайта-қайта сўрайди. Лекин ҳеч қандай жавоб ололмайди. Улар эса сурбетлик билан: “Агар олмаган бўлсангиз, стол ғаладони ва сейфингизни кўрсатишингиз шарт”, дея туриб олишади. Табиийки, ҳеч нарсадан хабари йўқ ва бу борада ўзига ишонган Аҳмад Аъзам бўлса, “Марҳамат, кўрсаларинг кўринглар!” деб ғаладон ва сейфни очиб ташлайди. Не кўз билан кўрсинки, сейфдаги ҳужжатлар орасидан айнан ЎзМТРК режим ва хавфсизлик ходимлари томонидан бир кун олдин кечаси қўйиб кетилган беш юз доллар чиқиб қолади…

Худди шу жойда, шу ондагина у кишининг онггига бу каби пасткашликнинг ким томонидан буюртма қилинганлиги-ю ва нимага амалга оширилаётганлиги ҳақидаги фикр-хулоса зарб билан урилади. Миясида чақмоқ чаққандек бўлади. Худди шу лаҳзада ҳамма-ҳаммасини жуда яхши тушуниб, англаб етади. Аммо энди кеч бўлган эди. Сабаби, улар мана шундай қабиҳлигу манфурликлари билан ўзларининг маълум даражадаги мақсадларига эришганди…

Хўш, Аҳмад Аъзамга бундай фитна уюштиришнинг кимга ва нимага кераги бор эди? Сабаб: аслида “Ўзбектелефильм” студиясига Ходжаев текин даромад эгаси бўлиши учун ҳам олди-бердисини бемалол амалга ошириши мумкин бўлган ўз одамини қўйиш режаси бўлганлиги ўз-ўзидан маълум эди. Чунки, ушбу студияга фильм учун буюртма берган жуда кўп ташкилот, идоралардан  миллиардлаган маблағлар келиб тушади. Худди шу пулларни нақдлаштириш орқали ўзлаштириш учун ЎзМТРК раҳбарига албатта шахсан ўзининг ишонган кишиси бўлиш керак бўлган.

Пихини ёрган муттаҳам Алишер Ходжаевнинг ижодкорларга қўллайдиган заҳарли фитна найзаларидан “татиб” кўрганлиги, бўҳтон оғусини ўз танасида синаб кўрганлиги учун ҳам Аҳмад ака ўз укаси Қуддус Аъзамни қаттиқ койиган, учига чиққан найрангбозларнинг ноғорасига ўйнашнинг охири яхшилик билан тугамаслиги, ўзини билган инсонга обрў келтирмаслигидан огоҳ этган бўлса ажаб эмас…   

Айнан шу “Ўзбектелефильм” студиясининг бош бухгалтерларидан бири худди шундай “нақдлаштириш операция”сининг қурбони бўлиб оламдан кўз юмишгача етиб боргани, фожиали ҳолатлар юз бергани фактдир. Биз бу ҳақда аввалги мақолаларимизнинг бирида ҳам қисқача тўхталиб ўтганмиз.

Аҳмад Аъзам ҳали анча бардам ва тетик эди. Масалан, мен шахсан у  кишининг ўз соғлиғидан бирон марта шикоят қилганлигини эшитмаганман. Бироқ, ўша фитна Аҳмад Аъзамнинг соғлигини “еди”. Чунки ижодкор халқи нозиктаъб келади. Уларнинг ҳалол меҳнатлари эвазига биргина бўҳтон билан жавоб бериш, руҳий зарба беришнинг ўзиёқ саломатликларини ишдан чиқариш учун кифоя қилади баъзан. Буни ижодкорларни қийратишнинг ҳадисини олган МХХ зобити Ходжаевга ўхшаганлар жуда пухта биладилар, албатта. Аҳмад Аъзам ҳам ўша фитна сабаб ичи-ичидан чатнади, саломатлигига дарз кетди, узоқ вақт хасталаниб ётиб, ахийри вафот этди.

Коррупция илдиз отгандан отиб бораяпти. Алишер Хаджаев ва унинг ҳамтовоқлари давлатнинг миллиардлаб доллар маблағларини чўнтакка уриб, халқнинг ризқини “туя” қилиб ҳам бемалол даврини суриб, “қандини уриб” яшайвериши мумкин. Буларни қонун ҳимоячилари “кўрмайди”. Аммо, бундайин  бедодликларга бефарқ бўлолмаган бирор журналистми ёки шоир ёки ёзувчими, халққа қайишиб, ҳақиқатни гапириб қўйса тамом, дарров ўзини “порахўр”га чиқариб, корчалонларнинг тушлигига ярамайдиган “500 долларми, нари борса 4.000-5.000 доллар олдинг” деган бўҳтонлар билан ишидан ҳайдашади. Бола-чақасининг ризқини қийиб, тақиб-тазйиқ остига олиб, шўрига шўрва қайнатишади. Бир умр қамоқдан чиқмайдиган қилиб қўйишади ё ими-жимида киши билмас усулларни қўллаб ўлдириб юборишади ёки Ватанни тарк этишга мажбур қилишади.

Хақ сўзни гапирган зиёлиларни хор тутиб, муттасил қатағон қилиб туриш, муттаҳам-порахўрларнинг жирканч ишларини кўра била туриб, уларни қайта-қайта мансаб билан сийлайвериш орқали халқнинг ишончини қозониб бўладими? Бундай жамият охири қаергача боради бунақа ғирром “ўйин”лари билан? Буни ўйлаб кўриш, оқилона ва адолатли бир хулоса чиқариш вақти наҳот ҳалиям келмаган бўлса?…

Хуллас, истеъдодли адиб Аҳмад Аъзам ҳам Ўзбекистон миллий телерадиокомпаниясининг собиқ раиси Алишер Ходжаев томонидан ташкил этилган ва уюштирилган махсус амалиётнинг навбатдаги қурбонларидан бириси бўлди, десак асло муболаға эмас. Қурбонлар сони эса тобора ортиб борар эди…

15.01.2016 йил

(давоми бор)