Кўҳна оҳангларда

Кўҳна оҳангларда
25 views
08 June 2017 - 10:00

КЎҲНА ОҲАНГЛАРДА -1

Кўзимнинг шўрвасига
Юрагимдан туз қуйдим.
 Оҳима, оҳ, им…
Ёнаётган аламга
Овунчимдан муз қўйдим.
Оҳима, оҳ, им…

Сўзларимга сирғалиб
Йиғлаб турар бувагим.
Оҳима, оҳ, им…
Тарихларнинг ипини
Келар қайта чувагим.
Оҳима, оҳ, им…

Қайси ёлғон, қайси чин,
Ажратолмай  анграйдим…
Оҳима, оҳ, им…
Нега қип-қизил очун,
Юрак нега синграйди?
Оҳима, оҳ, им…

Қўнғизнинг боласи оқ,
Ғўрага шира кирди.
Оҳима, оҳ, им…
Ҳамма валломат бўлса,
Одамзотни ким қирди?
Оҳима, оҳ, им…

Йўлим бўлди аламзор,
Шарқирар икки кўзим.
Оҳима, оҳ, им…
Қуюқ экан қаламзор,
Ёриб чиқарми сўзим?!
Оҳима, оҳ, им…

“Ватан, Ватан!” – деюрлар,
Ватан сўзин кечинмай.
Оҳима, оҳ, им…
“Ватан – обод!” – деюрлар,
Вайронаси ичимда…
Оҳима, оҳ, им…

Эл деганим эмраниб
Эзилганим биларми?
Оҳима, оҳ, им…
Руҳим узаниб Ҳаққа
Чўзилганим биларми?…
Оҳима, оҳ, им…

Топганим азизми  ё
Бой берганим азизроқ?
Оҳима, оҳ, им…
Билганим:  Ҳақиқатни
Туймоқ тотли, лазизроқ…
Оҳима, оҳ, им…

Сирингни айт, ситамдош,
Кўнглим менинг сирхона.
Оҳима, оҳ, им…
Пурқайғуми, қайғулим,
Ватан деган пирхона?
Оҳима, оҳ, им…

Ичимиздан ичкари
Киролмадик дил ютиб,
Оҳима, оҳ, им…
Шаҳидларнинг руҳини
Қўйдикми чирқиратиб?
Оҳима, оҳ, им…

Талончи тўраларнинг
Этагини эл ёпди.
Оҳима, оҳ, им…
Бор будидан айрилиб,
Энди ўзи не топди?
Оҳима, оҳ, им…
Оҳим-м-ма,
Оҳ-ҳ-ҳ, им-м-м!…
                           14. 09. 2015 йил. 

ШАМСИЯ