Ҳайрон бўлар қон-қардошинг…

Ҳайрон бўлар қон-қардошинг…
56 views
09 June 2017 - 8:00

МАХДУМҚУЛИ

Биринчи китоб

 

Эй, носкаш

Гўё бу дунёга келдинг, келмадинг,
Кул йиғмоқдир сенинг ишинг, эй, носкаш,
Шариат йўлидан хабар олмадинг,
Қолар Дўзах ичра лошинг, эй, носкаш.

Чаким нос деб ҳар эшикка йўртарсан,
Кўзингдан ёш оқиб, бурнинг тортарсан,
Носни отиб, ёнбошга кафт суртарсан,
Ифлос бўлар устинг-бошинг, эй, носкаш.

Номозга турганда устингга оқар,
Анинг учун минг йил Дўзахда ёқар,
“Вайил” деган жойда тутининг чиқар,
Қабул бўлмас кўзда ёшинг, эй, носкаш.

Яхши-ёмон этган ишинг хок этар,
Жигарингни тилка-тилка чок этар,
Уст-бошингдан тозаликни йўқ этар,
Сендан қочар, тенгу тўшинг, эй, носкаш.

Кўзингни ёшартиб, меҳринг қондирар,
Тутса хумор – имонингни ёндирар,
Таом есанг, тобоқингни тўлдирар,
Мурдор бўлар ичган ошинг, эй, носкаш.

Ҳар кимсани кўрсанг, пусиб, қочарсан,
Бурнингдан дам келмас, оғзинг очарсан,
Кайф келганда, ўғил-қиздан кечарсан,
Ҳайрон бўлар қон-қардошинг, эй, носкаш.

Қирқингга борганда, бўйнингга чиқар,
Бу ширин жонингни Дўзахда ёқар,
Танингга ўт қўйиб, бурнингни тикар,
Захмидан тўкилар, тишинг, эй, носкаш.

Махдумқули, ўлгандан сўнг биларлар,
Жаноза ўқимай, бурнинг тиларлар,
Сақар деган жоя сени соларлар,
Норга дўнар, ичинг-дошинг, эй, носкаш.

*****

(давоми бор)

Туркманчадан Ислом Холбой ўзбекчалаштирди