Балолар айланиб бошима келдилар

Балолар айланиб бошима келдилар
51 views
09 June 2017 - 8:30

КЎҲНА ОҲАНГЛАРДА-2

Балолар айланиб бошима келдилар,
Тўфонлар айланиб тўшима келдилар.
Бўғриқдим, бўғзимда бир фарёд чинқирди,
Ичимга изтироб ин қурди, ин қурди.
Найлайин?…

Ўшаклар айланиб ўчима келдилар,
Кучуклар вовуллаб кўчима келдилар.
Кўчмайман десам ҳам кўчама келдилар,
Кўчамга кўчкилар кўчирди, кўчирди.
Найлайин?…

Додладим, додимга етмади бирови,
Чеҳрамга чанг солди жонимнинг бурови.
Кексайдим, кўринмай сочимнинг қирови,
Ичим–сир, билмамки, ким нима ичирди?…
Найлайин?…

Тирноғим титдилар, хатолар кутдилар,
Хатодан келдилар, хатога кетдилар.
Умрининг шаъмини  шамолга тутдилар,
Шаънини билмаслар ичига жин кирди.
Найлайин?…

Жилмайсам, уларни тутди бир жазава,
Жим турсам, устимдан тўкдилар мағзава.
Оқава сувлар-ай, оқава, оқава –
Тартибсиз таркибга ҳасаду  кин кирди.
Найлайин?…

Хушхулқлик айласам, хушомад дедилар,
Жосуснинг сўзини каромат дедилар.
Хуллас, миллат деганларни едилар….
Бу лойқа каналлар бунча пишқирди?
Найлайин?…

Балолар айланиб бошима келдилар,
Тўфонлар айланиб тўшима келдилар.
Бўғриқдим, бўғзимда бир фарёд чинқирди,
Ичимга изтироб ин қурди, ин қурди.
Найлайин?…
Найлайин?….
Найлайин?…

                           17. 09. 2015 йил. 

ШАМСИЯ