Ёшларга бағишлов

Ёшларга бағишлов
36 views
14 June 2017 - 6:00

Муҳтарам дўстларим, озодлик хаёлларнинг энг гўзалидир, орзуларнинг энг юксагидир. Бу хаёл ва бу орзу сиз учун яратилгандир.

Сизларни ватан учун ўлишга чақираётганим йўқ, ватан учун яшашга даъват қиляпман. Ватан учун яшамоқ ― унинг учун ўлмоқдан қўрқмасликдир.

Қўрқувдан қутулишнинг йўли битта: яратганга инонмоқ, ватанни севмак ва ҳар иккисига хизмат этмоқ. Бу хизмат билан машғул инсоннинг қўрқувга фурсати қолмайди.

Бу китобни сизларга бағишламоқдаман, чунки уни ҳадиксирамай ўқиши мумкин бўлган муҳтамал кишилар сиз бўлажаксиз. Ёши улуғларга бу китоб телба романтизм маҳсулоти бўлиб кўриниши мумкин, аммо сизга бундай кўринмаяжак, чунки сизлар хаёлпарастсизлар. Бунга сизнинг ёшингиз мусоид ва албатта, ақлингиз мусоиддир.

Ҳурриятни хаёл қилинг, иншооллоҳ, хаёлингиз ҳақиқатга айланажакдир. Ёшлигингизни, кучингизни ва ақлингизни моддий дунёга таслим этмангиз, уларни иймон, ватан ва миллат ҳуррияти учун харжлангиз.

Бу китобдаги мақолаларнинг баъзилари қувғинда ёзилди ва улардаги ғализликлар учун узр сўрайман. Бу ёзувларда муқим бир адабий стил йўқ, чунки каминанинг ҳаётида муқимлик бўлмади. Бу ёзувлар нотекис, чунки юрилган йўл шундай эди. Бу ёзувлардан гўзаллик кутманг, чунки булар ўз қаламини синдириб қўйган бир қаламкашнинг ёзувларидир. Зотан, бундан роппа­роса йигирма йил аввал камина шундай орзу қилар эди:

Гоҳо қувонч кирар юракка:

Менда ахир имкон бор ҳали
“Шеър ― севги”, деб алдамасликка
Озодликни севган инсонни!
Бисотимда имкон бор, ахир ―
Қаламни синдириш имкони!
1975. (“Бешинчи фасл” китоби. Тошкент, 1977)

Оллоҳ буюк, нимани ният қилсанг, беради. Биз етмишинчи йилларда шоир Рауф Парфи билан: “Бир куни уйғонсанг­да, бутун Тошкент аҳолиси ўзбекча гаплашаётганини кўрсанг! Ҳамма ҳар ерда ўзбекча гаплашаётган бўлса!”, дея орзу қилардик. Бугун Оллоҳ тилагимизни берди, Тошкентда ҳамма, ҳатто раҳбаримиз ҳам ўзбекча гаплашаяпти.

Аммо ўзбекча гапириши таъқиқланган яна биз қолдик. Бугун куйдирилаётган китобларимиз, газеталаримизнинг ҳаммаси ўзбекча ёзилгандир. Биз энди яна орзу қилаяпмиз: “Бир куни уйғонсак­да…”

Дарвоқе, бир куни уйғонсак, Оллоҳ бизга ёрдам этажакдир.

Муҳими ― УЙҒОНИШ!

Муҳаммад СОЛИҲ
1995 йил, ноябр

(1)
Муҳаммад Солиҳнинг 2013 йилда Истанбулда чоп этилган “Иқрор” китобидан. (3-4-саҳифалар.)

(давоми бор)