Текинтамоқларнинг жазосини берадиган кунлар ҳам келармикан

Текинтамоқларнинг жазосини берадиган кунлар ҳам келармикан
99 views
14 June 2017 - 11:08

Ислом Холбой

Т А Н А З З У Л
(Тўрт юз тўқсон саккизинчи камерадаги маҳбус хотиралари)

ХаЗиНА КаБи
                             ҚўРиҚлАйДиЛАр
ЧўЧқА КаБи
                         БоҚаДиЛАр
ИТ КаБи
                 таҲқирлАйДиЛаР 

Т  У З О Қ
Биринчи китоб

уаллиф бевосита бошидан кечирган воқеа-ҳодисаларга асосланади)

Қўрқоқлик хорликка, мардлик олдинга бошлайди.
Иккиланиш (ҳафсаласизлик) тақдир  ҳукмидан олиб 
қололмайди.
Муҳаммад пайғамбарнинг қиличига ўйиб ёзилган ҳикмат 

(19)

…Хуллас, қутловда табрик олганлар аёлга мақтовлар ёғдиргач, расмий нутқ сўзлаганлар ўзларининг буюк миллат фарзандлари эканликларини эслаб, кетиданбоболарининг дунё сивилизатсиясига қўшган улкан ҳиссаларини бармоқ букиб санаганлар. Қизиғи, айтилган гапларни уларнинг ўзларидан бошқа биров шу пайтгача эшитмаган. Мамлакатни қолоқлик ботқоғига ботирган Русиядан ғазабланганлари туфайли, қалбларида мустақилликка меҳр-муҳаббат уйғониб, “буюк келажак” ҳаққи, мадҳияни жўрликда чала-чулпа куйлаб, бир-бирларини бағирларига босганлар.

Жасур ва доно йўлбошчининг халқни мустақиллик сарҳадларига қандай олиб чиққанлиги, дунё қайси йўлдан юришни билолмасдан аросатда қолганда, унинг ўзбекларга қўшиб дунё халқларини ҳам бало-қазолар гирдобидан талафотларсиз доруломон манзилларга олиб ўтганлиги қайта ва қайта таъкидланган. Руҳланган жамоанинг чўғдек иссиқ туйғулари ичларига сиғмасдан, қўлларида қадаҳ,ваҳҳобийчилар, ҳизбут таҳрирчилар, бирликчи-эркчилар хуллас, жамики ватан хоинлари – террорчиларга лаънатлар ўқиганлар. Уларнинг илдизларини таг-томиридан қўпориб ташлаб, бошларини мажақлашга бел боғлаганлар. Отасини танимайдиган “ота” шарафига қадаҳ кўтарилириб, нишондор барчани кечки базмга таклиф этган.

…Нишондор шомда рестораннинг кираверишида меҳмонларни қучоқ очиб кутиб олади. Аёлнинг ажойиб қилиб турмакланган сочини, охирги модада кийган кўйлагини кўрган жамоадошлар, уни биринчи бор кўраётган кимсадай, жозибасига маҳлиё бўладилар. Совға топшираётиб, ҳар бир кимса унинг икки сийнасини қоқ ўртасига пуркалган духи ифоридан маст бўлиб, белидан қучиб, лабларидан ўпмоқликни истайди. Бўса олишга улгурмаёқ, димоққа гуп этиб ургувчи саримсоқпиёз билан ароқ ҳиди ошиқлар ҳафсаласини пир қилади. Ёввойи эҳтиросларга эргашиб чув тушганлар ўқчиш азобидан қанча қийналмасинлар, сурилган курсига ўтиришдан бошқа илож тополмайдилар.

Бу манзарани хилватдан кузатиб ўтирган ресторан хўжайини, “текинтамоқларнинг жазосини берадиган кунлар ҳам келармикан”, деяТангрига умид боғлайди. Уларнинг ҳаром пуллар ва разилликлар ҳисобиданўзларини киборлардай тутиб, ўйин-кулги қилаётганларига ҳайрон қолади. Ярим кечага довур ўйин-кулги давом этади. Ҳўкиздай бўкиб еб, филдай ичганларидан сўнгра димоқлари ҳид ажратолмасдан қолади. Шунда бир-бирларининг оғизларидан жирканмасдан сўриб-сўриб ўпа бошлайдилар. Ким кимнинг хотини билан ўпишиб,ким кимнинг эри билан қучоқлашаётганининг тафовути қолмайди. Эркаклар бир-бирларига садоқат билдириш учун бир-бирларини ялаб-юлқийдилар…

Ярим кечада шаҳар бошқармасига қайтган шоввозлар ресторанда еб-ичганларини ҳазм этиш учун маҳбусларни таҳқирлаб, қийноқларга солиб кўнгил ёзадилар…

…Базмдан масиққан шердай пишқириб қайтган Мусурмон бўғзига пичоқ тиралган ҳўкиздай бўкиргач, ҳайқириқ бошқа қаватларда ҳам акс садо берди, шекилли, ходимлар бирин-сирин эшикдан мўралаб:

– Мусурмон, шу одатинг қолмади-да! – деб орқага қайтиб кета бошладилар.

Қилғилигидан завқланган Мусурмоннинг юзига заҳарханда кулгу югурди. Шоғолнинг кўзларига менгзаш бузуқ боқадиган кўзлари Баҳром билан ёнма-ён кишанлаган Ғуломга қадалди.

– Фарҳод! – деди у.

– Лаббай, жаноб генерал! – дея ғоз туриб чест берди Фарҳод.

У Мусурмоннинг хаёлга келмайдиган хурмача қилиқларини кўравериб, ичини англаб қолган шекилли, унинг бир балони бошлаётганидан ўзида йўқ шодмон эди.

– Нариги қанжиқнинг кишанини еч!

 Фарҳод ҳамтовоғи муддаосини англаб, кўзлари ўйнаб турган йигирма ёшлардаги йигитга кишаннинг калитини узатди. У Ғуломнинг қўлларидан кишанни ечиб, Мусурмоннинг олдига олиб келди.

– Икки қўлингни юқорига кўтар, қанжиқ! – дея унга бўкирди Мусурмон.

Ғулом қанча тиришса ҳам, қўлларини юқорига кўтара олмади. Уюшиб қолган қўллари мурданики сингари совуқ ва карахт эди. Ҳийла ишлатяпти, деб ўйлаганМусурмон, унинг қорнига мушт туширди. Ғулом гуручи тўкилган қопдай полга шалпайиб тушди. Дами қайтиб, рангги бўздай оқарди. Бироздан сўнгра чуқур-чуқур энтикти-да:

– Онажо-он! – деб йиғлаб юборди.

У сувга пишитилгандек, тугилиб-тугилиб нафас оларди.

Курсида оёқларини чўзиб, билакларини қовуштириб ўтирган Мусурмон,панжасидаги ўлжасининг жони узилишини томоша қилаётган сиртлондай, унинг тортаётган азобидан ҳузур туймоқда эди. Текин томошага ўрганмаган йигирма ёшлардаги талаба йигит эса қўрққанидан Фарҳодга қараб-қараб қўярди.

Унинг безовта бўлаётганини кўрган Фарҳод:

– Бало ҳам урмайди бу ифлосларни! – деди пинагини бузмай. – Буларга раҳм-шафқат этадиган бўлсанг, ўзингни гўрга тиқадилар.

Мусурмоннинг “тур” дейишига қарамасдан, Ғулом ўрнидан тура олмаётганди. Ахири Мусурмон курсида ўтирган жойида уни икки елкасидан ушлаб тиклаб қўйди. Ҳиқиллаб йиғлаётган болапақир яна қулаб тушди. Бу ҳолат уч марта такрорлангач,жаҳли чиққан Мусурмон тағин уни тиклаб:

– Сени букилиб кетмайдиган қиламан! – дея унинг белидан қучоқлаб сиққан эди,у:

– Онажо-он, онажо-он, ўлама-ан! – деди-ю, сўнгра товуши чиқмасдан, ҳаприқиб қолди, орқасидан  варанглатиб ел қўйворди.

Бунақа бўлишини кутмаган Мусурмон уни ташлаб юбориб, хона ичида ари талаган айиқдек лапанглаб қочар, икки бармоғи билан бурнининг учини қисиб, икки лунжини дўмбирадай шишириб олганди. Фарҳод ҳам шайтонлаб кулавериб, ахири полга ётиб олганча кетини узмай ел чиқаза бошлади. Лапанглаётган Мусурмон кафти билан оғзи-бурнини беркитганча хонадан қочиб чиқиб кетди. Хона ичи сасиб кетгач, ўрнидан зўрға турган Фарҳод қорнини ушлаб, кула-кула унинг кетидан чиқди. Орадан икки дақиқа ўтмасдан улар бир-бирларини турткилаб, хонага хурсанд кириб келдилар.

Ичган ароқлари уларнинг шундай ҳам кўр кўзларини баттар кўр қилганди.

Мусурмон Ғуломнинг устида тўхтаб:

– Тур ўрнингдан, ел чиққан жойингни текшириб кўраман! – деди.

Хохолашни бошлаган Фарҳод унга:

– Мусурмон, сен газларнинг заҳарлилик миқдорини текширадиган экалўгмисан? – деди.

– Газ чиққан ҳудудни сварка аппаратимда таъмирламоқчиман! – деди утиржайиб. – Йўқса бошқармадагилар чернўбилликларнинг аҳволига тушиб қоладилар.

У Ғуломни ётган жойидан тиклаб, курсига кўксини қопқоқ қилгач, шимини  туширишга киришди. Қорнини ушлаб ётган Ғулом жон ҳолатда икки қўллаб шимига ёпишди. Мусурмон бир зарб билан унинг қўлларини ситиб олиб, шимини пастга тортганда, шим тариллаб йиртилиб, тугмаси учиб кетди. Ярим бели очилган Ғуломқўрққанидан тентакларча бақираркан, оёқларига йиртиқ шимни илаштириб,Мусурмоннинг қўлидан қочиб чиқишга муваффақ бўлди. Фарҳод уни ушламоқчи бўлганда, Ғулом унга чап бериб, даҳлизга қараб отилди. Шўрлик бўри қувлаган бўтолоқ каби жонини асраш илинжида овози борича чинқирарди. Ғазаб отига минганМусурмон билан Фарҳод унинг орқасидан чопиб чиқди. Тажриба ўтаётган талаба йигит хонада пойлоқчи бўлиб қолди. У етти ухлаб тушида кўрмаган нарсалардан қаттиқ хавотирда эди.

Қайлардандир келаётган Ғуломнинг зорли чинқириғи Баҳромнинг қонга бўялган кўксига тиғдай санчилди. Кўп ўтмасдан чинқириқнинг тобора кучаяётгани унингушланганидан дарак берди. Ғуломни қўлтиғига қисиб келган Мусурмон эшикдан кириши билан уни ёстиқни ирғитгандек ирғитиб юборди. Бир қоп қовундек полга “пўт” этиб тушган Ғулом ўрнидан даст туриб, тағин эшикка отилди. Мусурмон унинг бўйнидан ушлаб, яна отиб юборди.

Бу шовқинни эшитиб етиб келган миршаблардан бири Мусурмонга:

– Энди қарибсан, билакларингда куч қолмабди, оғайни! – деди.

Ғазабдан икки кўзи қонга тўлган Мусурмон тағин эшикка отилган Ғуломнинг кўкрагига мушт қўйиб, икки-уч қадам нарига учириб юборди. Орқаси билан полга тушган бечора, гўё ўлгандек, қимирламасдан ётиб қолди.

Кимнингдир:

– Ўлдириб қўйма тағин! – деган товушидан сергак тортган Фарҳод бакалашкадаги газли сувни Ғуломнинг устидан қуйди. У қимирламади.

Шунда тепаги лабининг тугайверишида мошдек қора холи бор миршаб чўнтагидан шишачада аллақандай суюқлик чиқариб Фарҳодга узатди. У шишачанинг қопқоғини очиб, ҳидлатганда, Ғулом ўзига келиб:

– Онажо-он, мени бу ердан олиб кетинглар! – дея зўрға минғирлаб,  сўнг йиғлаб юборди.

Бу манзарани индамасдан кузатиб турган Мусурмон:

– Буларни жин ҳам чалмайди! – деди.

Унинг овозини эшитган бола бечора яшин тезлигида ўрнидан ирғиб туриб:

– Онажо-он, олиб кетинг, ўлдириб қўяди! – дея яна қочишга шайланганди, Мусурмон қўзичоқни бўри олгандай уни илиб олиб қўлтиғига қисди.

У борҳо “онажон”лаб, юлқиниб қочишга уринарди.

Ғазаби баттар жўшган Мусурмон уни илондай чирмаб сиққан эди, боланинг дами ичига тушиб кетди. Шўрлик типирчиламай қолгач, Мусурмон уни озроқ бўшатди,шекилли, нафасини ростлаган Ғулом:

– Энди бақирмайман, айтганларингизни барини қиламан, жон окажон! – дедикўзларидан ёш тўкиб.

– Бу бошқа гап! – деди уни қайириб ўз измига солганидан хурсанд бўлганМусурмон.

Унинг қўлтиғидаги ярим яланғоч боланинг ювош тортганини кўрган лаби холли миршаб:

– Мусурмон, эркатойингга духоба иштон олиб бермайсанми? – дедимасхараомуз оҳангда.

Мусурмон Ғуломга бир қаради-ю, унинг ярим яланғочлигини пайқаб:

– Бор-э, падаринга лаънат! – дея полга ташлаб юборди.

Буни кузатиб турган миршаблар қаҳ-қаҳ отиб кулиб юбордилар. Фарҳод тажриба ўтаётган талабани кўзлари билан қидириб топгач:

– Бор, шимини олиб кел! – деди унга.

Ишлар жойига тушгач, лаби холли миршабнинг қонига бўялган Баҳромга кўзи тушиб:

– Қурбонов деган фирибгар шу эмасми? – деб сўради.

– Ўзлари, – деди Фарҳод.

– Ақлини киритиб қўйинглар. Ёзавериб одамларни безовта қилмасин!

– Тушундим, Жаҳонгир ака! – деди Фарҳод.

Жаҳонгир хонадан чиқаётганда йиртиқ шимни кўтарган талаба кириб келди. Талаба шимни  ирғитганда, панжалари билан олдини тўсиб, букчайиб турган Ғулом шимни илолмасдан, тушириб юборди. Унинг шимдан сирғалиб тушган туриси ҳам пора-пора бўлганди. У кийимларини йиғиб кияркан, бурнидан билинар-билинмас қонсизарди. Қонга кўзи тушган Баҳром, “ишқилиб, бунинг ҳам бошига Исмоилнинг куни тушмасин-да”, дея ичидан зил кетди. Бўлакланган шимни Ғуломнинг шунчаки белига ўраб олишдан ўзга чораси қолмади.

Жаҳонгир билан чиқиб кетган Фарҳод, бир замон ўтиб, пакетда бир нималаркўтариб кирди. Столга пешонасини тиркаб ўтирган Мусурмон шуни кутиб тургандек, бошини кўтариб:

– Бунча ҳаялладинг? – деди тўнглик билан.

Фарҳод индамай стол устига газета ёзиб, пакетдан битта ароқ билан колбаса чиқарди. Тортмадан қарийиб кичик косадек келадиган иккита пиёла олиб, бир шишаароқни тенг иккига бўлиб қуйди-да, бирини Мусурмонга узатди, иккинчи пиёладаги ароқни ўзи бир кўтаришда охиригача сипқорди. Фарҳоднинг пиёлани бўшатишини кутиб турган Мусурмон ўз улушидан озроғини қуйиб, пиёлани талабага тутди. Талаба:

– Ичмайман, раҳмат! – деб ийманган эди, Мусурмон:

– Мелисада ишламоқчимисан? – деб сўради ундан.

 – Ишламоқчиман! – деди талаба.

– Ундай бўлса ичасан! – деди Мусурмон қовоғини уйиб.

Талаба тихирлик қилиб ўтирмай, Мусурмонни кутмасдан ароқни бир кўтаришда ичиб юборди.

– Сендан яхши миршаб чиқади! – деди колбаса кавшаётган Мусурмон.

– Ишончингиз учун раҳмат! – деди ароқнинг аччиғидан кўзлари ёшланган талабаҳам.

Ароқни ичиб бўлиб кавшанаётган Мусурмон икки қўли билан белини ушлаб,қалтираб ўтирган Ғуломни сўроқ қила бошлади. Бу пайт Фарҳод столга бошини қўйиб пинакка кетганди. Уйқусизликка кўникмаган талаба юмилиб кетаётган кўзларини зўрға очиб, сўроқни кузатарди. Ароқ табиатидаги ийманишни анча аритиб, уни ўктамроқ қилиб қўйган, Мусурмоннинг мақтовидан кейин у ўзини жиддий тутишга ҳаракат қилмоқда эди.

Давоми бор