Диний таълим шундай ҳам фалаж ҳолатда

Диний таълим шундай ҳам фалаж ҳолатда
39 views
14 June 2017 - 16:24

Айтмоқчи бўлганим футбол ҳақида эмас! Гапни Шимолий қутбдан бошлаганим учун узр сўрайман. Бизни миллатга таъсир қилиши учун гапни қўшҳотинлик ёки футболдан бошлаш керак.

2006 – йилги жаҳон чемпионати саралаш босқичи ёдингиздами? Ўшанда Ўзбекистон терма жамоаси Баҳрайн билан ўз майдонида бахс олиб борганди. Агар Ўзбекистон ғолиб бўлса «плей офф» босқичига йўл олар ва жаҳон чемпионатига чиқиш имкониятини сақлаб қоларди. Ўша бахсни кўрганман.

Ўзбекистоннинг учрашувдаги ягона голини Миржалол Қосимов киритган эди. Ўйиннинг кулиминацион, ҳеч ҳам ёддан чиқмайдиган жойи эса Баҳрайн дарвозасига белгиланган пеналти бўлди. Жамоа 1:0 ҳисобида олдинда борар, агар пеналти ҳам голга айлантирилса жуда ҳам яхши имкониятга эга бўларди. Шу паллада бирдан ҳакам пеналтини бекор қилди. Вазиятга ҳеч ким тушунмасди. Аммо қарор қабул қилиниб бўлганди. Япониялик ҳакамни бутун Ўзбекистон қарғагани эсимда.

Ҳакам тажрибасизлик қилдими… ёки Арабаларнинг «салобати» босдими… хуллас арава кетиб бўлганди. Бу ҳали ҳаммаси эмас.

Ўша ўйин юзасидан Ўзбекистон футбол федерацияси Фифага ариза ёзганди. Мазмунан «Ўйинни пеналти белгиланган вазиятдан қайта ўйнаш» дўппини ечиб ўйлаб кўрилса футбол тарихида бўлмаган аҳмоқона ариза эди. Фифа ҳам устимиздан кулгандек ўйинни бутунлай қайта ўйнашга қарор чиқариб, вазиятни унданда чигал ҳолатга айлантирганди. Якунда икки ўйин натижасига кўра Арабларга имконият бой берилганди. Ҳа, ўшанда жуда кўпчиликка алам қилгани бор гап. Бу қарор жамоатчиликнинг кескин танқидига сабаб бўлганди. Охир оқибат федерация президенти Алишер Никимбаевнинг истефоси билан бу иш якунига етганди.

Хуллас, «кун.уз» даги http://kun.uz/12431773 мана бу хабарни ўқиб, хозирги холатни юқоридаги вазиятга ўхшатдим.

Диний таълим ҳуддики реанимация хонасида суний кислород найчаси орқали ҳаёт кечираётган беморга ўхшайди. Бу қарор эса ўша кислород найчасини узиб ташлашга бўлган ҳаракатдир.

Жаҳон чемпионатини орзу қилиб 25 йил кутган мухлислар сингари мусулмонлар ҳам бу кунларни йигирма беш йил кутишди. Ва ниҳоят дардларини эшитадиган раҳбар келди. Ўша ўйинда бўлгани каби барчада умид уйғонди. Аммо ҳакам аталмиш ўртакашлик қилаётган «масъуллар» эса хиёнатга қўл уришяпти. Япон ҳаками Арабларга сотилса унчалик алам қилмайди. Аммо шу ватан нонини еган, сувини ичган, отаси ўлганда жаноза ўқитган, туғилганида қулоғига азон айтилганлар хиёнат қилса алам қилар экан. Осмон мусаффолигига масъул бўлган юртбоши ўлгандан кейин вазият юмшаб, халқ дардини эшитаман деган раҳбар келди. Диндорлар фифага ёзилган ариза каби аризалар ёзишди. Юқоридан адолат кутиб турилганда эса хиёнат содир бўлишга яқин турилибди. Халқнинг дардини тўғри етқизмаган диний идора ўша пайтда футбол федерацияси айбдор бўлгани каби айбдордир. Биргина нотўғри қадами билан халққа, мусулмонларга ҳиёнат қилишади. Бугун аризани тўғри ёзиб, вазиятни тўғри баҳолаб юқорига етқизишмаса эртага фифадан келгадек «бекор қилинсин», деган хат оламиз. Ана унда хоинларни ватан ҳам халқ ҳам кечирмайди.

Диний таълим шундай ҳам фалаж ҳолатда. Агар мадрасаларга кириш ёши кечиктирилса аҳвол янада оғирлашади. Шундоқ ҳам муаллима аёллар етишмаслигидан «олий маҳад» каби ўқув даргоҳида ҳам аёлларга эркак домлалар дарс ўтаётган бир вақтда, миллатни динини ўлдириш учун ташланган қадам деб хисоблайман ва бу ишда бевосита диний идорани айблайман. Диний идоранинг масъуллари истефога чиқишини талаб қиламан! Бу менинг ижтимоий ташаббусим ва фуқаролик позициям!

Sayyid Islom

facebook.com