Тутун

Тутун
33 views
15 June 2017 - 8:00

МАХДУМҚУЛИ

Биринчи китоб

Тутун

Дўстларим, душман билинг, оламда бир бордир тутун,
Асло маҳбуб айламанг, бир балойи жондир, тутун.
Ҳоли-жоннинг эгови, бир заҳарли мордир, тутун,
Тортар қўймас домига, бир қурум, зангордир тутун,
Қайда бўлса дўзахилар, базмида ҳозир тутун.

Тушгач у мажлис аро, ҳар ким чекар, бемор этар,
Авраб сўнг алдаб сени, ҳар дам ўзига зор этар,
Соғу саломат қўймагай, кўйида хумор этар,
Қўл-оёқни шол этиб, ҳар бошда бир бозор этар,
Бу сифатлар бирла, ул, чекмангиз, мурдордир тутун.

Каҳ-каҳ отиб, ҳар замон, ул кўрсатар бад хўйини,
Бурнингизга тортмангиз, олманг, анинг бад бўйини,
Эй, мусулмонлар, ҳалол деб, қила кўрманг ўйинни,
Охиратнинг ўйин этган, ҳеч ўйнамас бу ўйинни,
Охиратнинг ўйин этмасларга даркордир тутун.

Ҳар киши хушҳол ўлибдир, жиму, лам, мим ўтига,[1]
Нега фикр этмас, ўшалким, бу палитнинг зотига,
Миндирар гўё ани ҳар дам шодликнинг отига,
Сеҳрлаб ҳар дам ани, тортар ўзининг қатига,
Нафс қулларининг кўзига доимо бордир тутун.

Гул-гул айлаб ҳар саҳар, ул оғзиндан ўтлар сочар,
Ҳар киши бўлса оқил, бундоқ ёмон бўйдан қочар,
Ким ани қўлга олар, кўксидан бир мўри очар,
Эътиқод этса ҳалол деб, дину исломдан кечар,
Дину исломдан кечарга сабабкордир тутун.

Шундоқ бир душмандир-ки, ҳар бир сирингиз фош этар,
Вақти етмай сўлдириб, гулдек жисмингиз лош этар,
Қайғу ҳасрат йўқ чоғда ҳам кўзларингиз ёш этар,
Ҳар замон қон юттириб, у уйқудан кўп дош этар,
Кўпам ғофил ўлмангизлар, чексиз бадкирдордир тутун.

Эй ёронлар, эрк берибдир, бизга ҳар ишда Аҳад,
Фикр этиб, зикр айланг, чорасин берди беадад,
Тадбиқ этмоқ кўп қийиндир, нафсимиз золим беҳад,
Кимки бунга бўлса мункир, олдида бордир лаҳат,
Айтадир Махдумқули, бу бандага нордир тутун.

[1] Жим, лам, мим – ҳарфлари қўшилиб ўқилганда, “чилим” сўзи ҳосил бўлади.

*****

(давоми бор)

Туркманчадан Ислом Холбой ўзбекчалаштирди