Кўзи тийран дард

Кўзи тийран дард
54 views
16 June 2017 - 6:00

КЎЗИ ТИЙРАН ДАРД

1. АДАШГАН ОДАМ

Дарахтлар тепангда залворли чайқалади. Баҳайбат эман тишларини дев каби ғичирлатади. Бойқушнинг қорачиқлари совуқ ялтирайди. Қандайдир юлдуз япроқлар орасидан мўралаб, қулоқни кар қилгудек чинқиради…

Ўрмонда адашиб қолдингми, дарахтга суяниб ўтирган одам? Йўлга чиқаётиб, озиқ-овқат билан жасоратни ҳам етарли олиб чиққанмидинг ўзи? Кўксингни кавлаб кўр, бир бурда қолгандир, балки.

Адашган одам ўрнидан туради. Ўша суяниб ўтирган дарахтига йўлни белгиловчи чизиқ тортмоқчи бўлиб энгашади. Лекин ҳайрон бўлади. Кимдир ундан аввал дарахтга белги қўйиб кетибди-ку! Белги эски эмас, ундан ҳали ҳам шира томиб турибди. У бор-йўғи, ўн аср муқаддам ўйилган…

У изтиробнинг ягона кўзи, у тажрибанинг қолиб кетган яраси. У энди сенинг ҳам яранг, ҳозиргина дарахтга суяниб ўтирган одам!

Афоризмлар ― тажрибанинг сурьатларидир. Шунинг учун ҳам уларни ёдлаб ақлли бўлиш қийин. Бир жумлани ўйиб қолдириш учун инсон бутун умр яшаши мумкин. Сен эса, адашиб қолаёзган одам, шу билан бахтлисанки, бу жумлани ЯШАДИНГ!

Афоризмлар шафқатсиз билимнинг сурьатларидир: шоир эртак қаҳрамонига ўхшаб кулади ― кулгиси гулдастага айланиб, қўйнимизни тўлдиради. Шоир эртак қаҳрамонига ўхшаб йиғлайди ― кўз ёши гавҳарга айланиб кафтимизга томади.

Афоризмлар ― изтиробнинг ҳар хил ҳолатдаги сурьатларидир. Ҳатто қувонч ҳам изтироб.

Бирорта ёзувчи, бирорта шоир шу кунгача изтиробни тўқиб чиқаролмади. Ўйлаб чиқишга уринганлари ҳам яшин тезлигида фош бўлди, шармисор бўлди; уларнинг изтироб деб чекаётгани оддий тамаки эканлигини дунё кўрди.

Бирорта ёзувчи, бирорта шоир изтиробни ўйлаб чиқармади. Аксинча, изтироб уларни ўйлаб чиқарди. Ҳақиқий шоирларнинг барчаси ― миллионлаб одамлар ичидан ИЗТИРОБ танлаб олган 7 буюк қуллардир. Кўзи тийран бу дард – шафқатсиз ижод – энг соғлом юракларни танлайди, ўзига бўйсундиради.

Ҳар қандай адабиёт ўша соғлом юракларни кутиб яшайди. Бу юрак эгаси тоғлар пинжига яширинган узоқ овулдан келиши мумкин, у водийдан – салқин шамоллар, тилла ўриклар маконидан келиб қолса, ажабмас. У тупроғи қўпчиган, шўр воҳадан келиши мумкин.

У … сиз кутмаган жойдан келади. Шунда сиз уни туғилган қишлоғидан шаҳарга “қочиб” келгани учун худбинликда айбласангиз, бу шаккоклик бўлади – у шаҳарга қишлоғини соғиниш учун келади, меҳнатдан қочиб эмас, меҳнат имкониятини ахтариб келади, ёзиш учун: қишлоқ ва қишлоқ одамлари, шаҳар ва шаҳар одамлари ҳақида тўғри, самимий ёзиш учун келади.

Жамоа тугул, ўз дўстларига ҳам яхши таниш бўлмаган, яширин шеър ёзиб юрган бу йигит ўттизинчи, қирқинчи, эллигинчи йилларда очилмай қолган барча чечакларнинг бугун очилишига тақводорларча ишонади.

Бир пайтлар эркак одам ўзининг қадоқ кафтларидан, дағал бармоқларидан уялмас, ҳатто зимдан фахрланар эди. Бугун далада суяги қотган ёш ёзувчи “зиёлилар” даврасида ўз қўлларини яшириб ўтиради – ўз шеърларининг дағаллигидан андиша қилади.

Бу шеърларни қандайдир нозиктаъб танқидчига узатар экан, шеърлар унинг қўлини тирнаб қўймасмикан, деб хавотир олади. Йўқ, бу қўрқоқлик эмас.

Бу “қусур” ўша йигитнинг юраги соғлом эканлигидан яна бир мужда.

Шеър дардида бир-икки кўйлак йиртган дўстим! Бир куни сиз ўқиган шеърга аталган қарсаклар тиниб улгурмасдан, ўша йигит ҳали минбарга чиқиб: “Пахта ҳақида бунақа ёзиш керак эмас!” – дея хитоб қилади, сизни қишлоқ ҳаётини билмасликда, “академикликда” айблайди ва ўзининг шеърини ўқиб беради. Сиз шунда, олижаноб қалбингиз кўмагида унга тан берасиз, қарсак чаласиз.

Шеър йўлида бир-икки кўйлак йиртган дўстим! Агар бу шаҳарнинг қадимги қалъаларникига ўхшаган дарвозаси бўлса эди, сиз ўша йигит билан дарвоза олдида, шубҳасиз, учрашар эдингиз: учрашув сиз шаҳардан чиқиб кетаётганда, у эса, кираётганда юз берган бўлади. Чунки сизни “шаҳардан бош олиб кетиш керак”, деган даҳрий хаёл анчадан бери безовта қилади.

Сиз кенгроқ бўлмоқчисиз… Ёзганларингиз ўзингизга ёқмайди. “Бошни олиб кетиш керак!”

Лекин у шунчалик чўян, шунчалар зил-замбил, таъсири яхшидан кўра, ёмон фикрлар – ёлғизлик ва сукунат изидан қувиш каби туманли, яхши англанмаган фикрлар билан тўла бош. Бунақа бошни олиб кетиш қийин.

Шаҳардан бутунлай кетиш мумкин. Бундан осони йўқ. Лекин бошни олиб кетиб бўлмайди. Санъатга, адабиётга яқин бўлган ҳар бир одамнинг боши шаҳарда муқаррар қолиб кетаверади. Аммо гап бунда эмас. Гап ўша йигитни шаҳарга бошлаб келган, сизга эса, шаҳарни тор қилиб қўйган дард – ижод изтиробидадир. Барча зиддиятларга сабаб – ўша дард.

1977

(3)
Муҳаммад Солиҳнинг 2013 йилда Истанбулда чоп этилган “Иқрор” китобидан. (6-8-саҳифалар.)

(давоми бор)