Икки қутб

Икки қутб
83 views
17 June 2017 - 6:00

КЎЗИ ТИЙРАН ДАРД

2. ИККИ ҚУТБ

… Мен ўнг ёнимга ўгирилиб, ҳайрон қарайман: шеъриятнинг темир қонуни йўқ, йигирманчи аср барча булбулларни қовуриб еди, гулларни эса, чопиб ташлади, деб ким айтди. Ким у, осмонни нейлонга ўхшатган даҳрий?

Юлдузларни куйлаш эскирди, деб бақираётган ким ўзи?

Чироқлар ўзгадир. Парвоналар йўқ,
Дарахтларнинг шохи – оддий бир илмоқ.
Баъзан қорин очдир, лекин кўнгил тўқ –
Ҳали ҳам бахт эрур, ахир севилмоқ…

деб ўзига далда бераётган тушкун оптимист сенми?

Чироқ ўзга. Лекин парвона яшар,
Дарахтнинг шохлари эмасдир илмоқ,
Севилмоқ бахт бўлган доим, ҳамиша,
Бугун ондин кўпроқ бахтдир севилмоқ!

Агар шунга ишонмасанг, қаламни беҳуда қийнама. Агар шунга ишонмасанг, сўзларга буйруқ беришга ҳаққинг йўқ. Сен оқшомлар ўтириб, учбурчак нокларни чизган буюк рассомдан ҳайратланасан, завқланасан. Ўрнингдан туриб кетасан. Бўёқлар мусиқасини тинглашга қодирлигингдан қувонасан. Лекин, ўша рассомнинг санъатга олиб кирган янгилиги фақат учбурчак эмас, нок ҳам эканлигини ўйламайсан.

Бу машҳур нок учбурчак шаклига кирмасдан олдин ҳам мавжуд эди, бор эди…

Фақат шакл… Ажойиб шакл…

Агар шунга ишонмасанг, йигирманчи аср кўчасига чиқма, уни тан олмай қўяқол. Агар шундай бўлса, телевизор дарчасидан бақрайиб: “Бизнинг авлод шеъриятга янгилик олиб келди”, деганларинг ғирт ёлғон!..

Ўрнимдан тураман. Кўчага чиқаман. Дунё ғала-ғовурига хайрихоҳлик билан қулоқ солиб турган ҳайкал ёнига бораман. Унинг бошидаги шарқона назокат билан ўралган салла мени довдиратиб қўяди. Унинг кўзидаги асрлар теранлиги мени ўз гирдобига тортади. Бу улуғвор соқолнинг ҳали бир туки ҳам тушмаган.

Йўқ, сиз ҳайкал эмассиз. Ҳайкал. Сиз бу элда оғизма-оғиз, қалбма-қалб юрибсиз. Ҳайкални куйлаб бўлмайди, сиз эса қўшиқсиз. Битта ҳофизнинг бўғзига сиғмайдиган улкан қўшиқсиз. Шунинг учун ҳам сизни бутун халқ айтади. Мен сизнинг олдингизга уялиш учун келдим, ҳаяжонга тушмоқ учун келдим, ниҳоят, сиз билан фахрланиш учун шу ердаман: мен сизга таъзим қиламан, улуғ Муйсафид.

Мен фақат таъзим қилишга иложим борлиги, тириклигим билан бахтиёрман, холос.

Сиз эса, буюксиз. Ҳеч кимга таъзим этмаслик – сизнинг бахтингиз. Менинг омадим шундаки, мен Сиздан кейин туғилдим. Сизнинг саодатингиз мазмуни – мендан кейин ҳам яшайверасиз.

… Улуғ муйсафиднинг пойини манглайимга теккизаман, ортимга қайтаман. Юзимга ўз тарсакимнинг зарби, манглайимда илоҳий либоснинг гарди – изимга қайтаман. Лекин ҳозирги ўйлаган нарсаларимга деярли ёт бўлган хаёллар мени безовта қила бошлайди.

Энди мен ўгирилиб, чап томонга қарайман: ким у, шеъриятнинг қонуни темир, деб айтган? Коинот ўлчови фақат мана шунда, деб туриб олган қайсар – ким? Шеър қофиялар билан қулфланган тўрт бурчак қаср, деб ким айтди?

Бугунги шеърият нима ўзи? “… Бугунги шеърият ҳижжалаб ўқиладиган, тишга ёнғоқдай қаттиқ тегадиган мураккаб бўлиши керак”, деган фикрга мутлақо қўшилмайман. Лекин шеър уни ҳижжалаб ўқийдиган ўқувчи олдида кечирим ҳам сўрамасин.

Шеърият диди ўртача китобхонга ҳам, диди юксак китобхонга ҳам мўлжаллаб ёзилмайди. Ҳақиқий шеър тушунарли бўлиши учун ўз чўққисидан тушиб юрмайди. Ўқувчининг ўзи чиқсин.

Бугунги шеърият мушоҳада экспрессивлигини талаб қилади. Экспрессия тушунчаси оддий “ҳатлаб ўтиш” деган гап эмас, балки, ўша ҳатлаб ўтилган масофани йўл-йўлакай тасвирлаб кетишга улгуришдир.

Бугунги шеърнинг сўзлари бир-бирининг эркига раҳна солмасин, ҳар бири мустақил жарангласин. Шундагина улар шоир қурган уйда ҳамжиҳат яшайди, бир-бирини севади, демак, уларни ҳеч ким ажрата олмайди. Шундагина шоир “кулди” сўзини ёзмай кулгини, “йиғлади” сўзини ёзмай кўзёшни тасвирлаши мумкин…

Мен нутқимни давом эттирмоқчи эдим-у, бир андиша тилимни боғлаб қўйди: “Ахир сен санаган хислатлар Навоий даврида ҳам, ундан олдин ҳам, шеъриятнинг мезони эди-ку? Фақат ҳозир бу фазилатлар ҳар бир халқ тилида ҳар хил ифодаланади, ҳатто оқимларга бўлиниб, биров реализм деса, иккинчиси экспрессионизм ёки сюрреализм дейди.

Аслида ўша “изм”лардан тирик чиққан ҳақиқий шеърлар яшаб қолаверади. Сен бўлса, кашфиёт қилиб ўтирибсан”. Ҳар ҳолда, юқоридаги узуқ-юлуқ гаплардан “шеърият тарихида янгилик бўлмаган экан-да”, деган хулоса чиқаришдан қўрқиб, ўзимни оқлайман. “Ҳақиқий шеърлар ҳамиша янги”, деган ҳикмат бор. Қолаверса, юқорида айтилган шеъриятдаги тарихий консерватизм – энг олижаноб фазилатдир. Олижанобликнинг эса янги-эскиси бўлмайди.

Кенг маънодаги янги шеърлар “эскилар” даврасига бир неча бор тушиб, нотаниш меҳмон сингари анчагача жим ўтиради, одоб сақлайди, лекин, мулоқот муқаррардир.

Дейлик, бундан ўн беш йил олдин ёзилган янги шеър яқинда тилга кирди, ўқувчи билангина эмас, “эски” шеърлар билан суҳбатлаша бошлади. Бу шеърни танқидчимиз (Иброхим Гафуров назарда тутиляпти.Ред) газета саҳифасида моҳирона таҳлил қилиб берди. Мен ўқувчи сифатида унинг истеъдодига таҳсин айтсам, бошқа томондан, унинг шеърият учун самимий куйинишига шубҳа қиламан: “Нега бу тақриз ўн беш йил аввал ёзилмади, шеър босилган эди-ку?”

Шеър танқидчисиз тушунилмайди, демоқчи эмасман, аммо танқидчи янги шеър билан эскисининг ўртасида ўн беш йил лом-лим демай ўтириб, тўсатдан: “Танишинглар!” – деб қолса, унинг самимийлигига шубҳа пайдо бўлади. Тўғри, шеър адабиётда ҳодиса бўлолмайди, лекин ҳодисани шундай шеърларнинг маълум ва номаълум лашкари содир қилади.

1977

(4)
Муҳаммад Солиҳнинг 2013 йилда Истанбулда чоп этилган “Иқрор” китобидан. (8-11-саҳифалар.)

(давоми бор)