Улуғбекнинг бармоғи

Улуғбекнинг бармоғи
34 views
20 June 2017 - 6:00

Балки, чиндан ҳам файласуфлар айтгандек, инсон дунёни билиб борар. Балки, эрталаб тонгда “фалон юлдузда ҳаёт бор”, деган эълон бизни қувонч ларзасига солар.

Биз мўъжизалар кутиб яшаймиз. Фақат бизни “ёқа ушлатган ” бугунги воқеалар эртага оддий нарсага, кундалик воқеага айланиб қолиши шубҳасиз.

Биз бўлак ҳайратга тушмаймиз.

Нега?

Инсон дунёни бора-бора билиб боради, уни олдида мўъжизалар кутади, ортида оддий нарсалар қолади… ва у бўлак ҳайратга тушмайди.

Бу фикрни айтган оддий нигилистми ёки ашаддий агностикми, буни билмаймиз.

Ҳар ҳолда, у тез ўлиб кетди. У ўз таълимотини тутиб турган устунлар қулаётганини кўрмаслик учун кетиб қолди. У ўзини рад қилган олимнинг тантанали зиёфатида ўтирмаслик учун кетиб қолди.

Айтгандай, кетиб яхши қилибди. Негаки, раддия ёзганнинг ўзи ҳам бир куни зиёфатдан кетиб қолган меҳмон сўзларини айнан такрорлайди: “Инсон дунёни била бориб, мўъжиза оддий нарсага айланади ва … ва у бўлак ҳайратланмайди». Аммо Лев Толстой ҳайратланаверади.

У бир куни йўлда қариқиз бутасидаги синган шохчани кўриб таажжубланди, синиқ шохчанинг ҳаёт учун мардона курашини кўриб, шоҳ асарларидан бири – “Ҳожимурод”ни ёзди. Сиз “Ҳожимурод” қаршисида ҳайрон қолинг, Толстой қандайдир ўсимликнинг синган шохини кўриб, иккинчи Ҳожимуродни тасвирласин.

Чунки, у нотаниш қизалоқнинг қинғир-қийшиқ ёзилган мактубини ўқир экан, кўзига ёш оладиган одам, чунки, у куз япроғини кўриб, ҳикоя ёзадиган киши. Чунки, у одамнинг мавжудотлар ичида энг мукаммали эканини билса ҳам, ундан ҳайратланаверади. Ўз дўстига хат ёза туриб: “Одамлар осиладиган ўша иншоот дор қайси ёғочдан қурилади”, деб ҳайратланади, инсон ўз оғайниси – инсон бўйнига бемалол сиртмоқ ташлаши мумкинлигидан таажжубланади у.

Лекин шоирларимиз бизга: “Қаранг, турна келаяпти – ҳайратланинг!” – деб буюришади, ўзлари эса ҳайратланмайди. “Кулинг!” – деб ундайди оптимистлар, лабида эса, заҳарханда сузади.

Чунки, турнадан таажжубланиб бўлмайди.

унки, куладиган нарсанинг ўзи йўқ, кулдирадиган ҳеч нарса қолмади. Икки карра икки – тўртга бошқалар ҳайрон қолсин. Оддий нарсаларда табассумига арзигулик гап топган одам жилмаяверсин. Биз жиддиймиз. Мўъжизалардан бўлак ҳеч нарса бизни лол қолдиролмайди.

Биз, зарурат юзасидан, космик кемалар парвозига қараб, донг қотамиз, аммо асалари ҳаётидаги ажабтовур тартибни кўриб, таажжубланиш учун…

Бир куни рассом дўстим менга ўз расмини тақдим қилаётиб расмга нуқиди:

– Ванг-Гогнинг “Автопортрет”ига ўхшаб қоптими? Мен эсанкираб қолдим. Фақат саволдан эмас, суратнинг машҳур “Автопортрет”га ўхшаганлигидан ҳам. Оғайни, сенга фақат рассом Ванг-гог эмас, шоир Машраб ҳам, Верлен ва Нервал ҳам ўхшайди, буни билмайсан. Сураткаш сал асбобини бурса, сен Наполеонга ҳам ўхшаб қолишинг мумкин. Албатта, сен Ванг-Гогга ўхшаш учун қулоғингни кесиб беришга тайёрсан, мен эса пакана жаҳонгирга ўхшаш орзусида оёғимни кесиб бераман, аммо биз Ванг-Гогнинг натюмортидаги картошка гулини ўз томорқамизда кўрсак, ажабланмаймиз ёки мен оқ чодирда ётиб, “Вертер изтироблари”ни етти марта ўқишдан эринаман.

Ошпазга менгзайдиган Суқрот табиатнинг олдида тиз чўкади, ундан ҳайратланади, суқротпешона ошпаз эса, табиатга
қараб эснайди. Айтдим-ку, одамлар ўхшаш, деб.

Навоийга ўхшаган йигитлар, Нодирага ўхшаган қизлар кўп.

Фақат навоийлар ва нодиралар йўқ.

Бари-бир, бешигимизда умид ётибди. У бизнинг ягона фарзандимиз. Уни мудҳиш лоқайдликдан сақлай олсак, бас.

Унга айтган алламизда ёлғон бўлмаса, бўлди.

Шоир Нозим Ҳикмат: “Ерни бир кунга бўлса ҳам, болаларга берайлик!”, – деб ҳайқирган эди. Бу ташбеҳ. Шоир болаларнинг фақат соддалигини эмас, биз кўролмайдиган нарсаларни кўриш қобилиятини ҳам айтмоқчи… Лекин…

– “Фалончининг ҳўкизи туғибди”, деган миш-мишга ишонган одамни ким дейдилар? – деб савол беради ўқитувчи.

– Лақма! – дея жавоб беради ўқувчилар.

Ваҳоланки, лақманинг кимлигини яшин тезлигида аниқлаган ўша бола яқиндагина эмизак сўриб, юз юваётган мушукка ҳайрат билан қараб ўтирган эди. Мушук бола учун мўъжизалар шоҳи, мислсиз бир махлуқ эди. Унинг ёлғиз билими, тўғрироғи, онасига нисбатан ягона билими – инстинкти бор. Қолган нарсалар – мўъжиза.

У чалқанча ётади-да, ўз бармоқларини томоша қилади, бармоқ бўғинларининг ажиб ҳаракатига ҳайрат билан қарайди. Мирзо Улуғбек ўз расадхонасидан юлдузни қандай ҳаяжонда кузатган бўлса, бола ҳам бешикда ётиб, ўз бармоқларини шундай ҳайратда кузатади.

Бармоқлари-чи, Улуғбек учун мўъжиза эмасми улар?

Мўъжиза. Юлдузлардан ками йўқ ажойибот.

Улуғбек ва бешикда ётган бола биз учун илоҳий зотлар.

Чунки, улар бизга оддий ва тушунарли кўринган нарсалар олдида таажжубланади, ҳайрон бўладилар. Бизда сўниб бораётган имконият – ҳайрат бор уларда.

Лекин биз бешга кирар-кирмас, уч ёшлигимизда кўрган мўъжизамизни деразадан ирғитиб юборамиз, ўн ёшимизда барча ҳайвонларнинг номи ва нега тўрт оёқли эканини имтиҳон қилганга тушунтириб берамиз, ўн ёшда эса, “Фалончининг ҳўкизи туғибди”, деган алдоққа ўқитувчи раҳбарлигида куламиз.

Айнан ўқитувчи раҳбарлигида.

Чунки, биз учун юлдузларнинг номини Улуғбек топиб қўйган. Бу юлдузларни ўқитувчи ҳам, биз – ўқувчилар ҳам қайта излаб ўтирмаймиз.

Чунки, Беруний ер диаметрини, ўн аср аввал аниқлаб берди бизга, энди ернинг юмалоқлиги-ю, унинг қуёш теварагида айланишига таажжубланадиган меров йўқ.

“Борди-ю ер ҳўкиз шохида, хўкиз баҳайбат балиқ устида турган бўлса-чи?”

— Лақма! – дейди бешинчи синфнинг билимдон ўқувчиси.

— Болаларни алдаб бўпсан! – деб кулади унинг отаси.

Хуллас, оддий нарсалардан биз юз ўгирдик. Тўғри, кеча улар мўъжиза эди, лекин бугун нимадир уларнинг моҳиятини бизга очиб берди ва биз юз ўгирдик.

Қайси томонга ўгирдингиз? Мураккабликками?

Йўқ. “Қайси томонга”, деб, саволни нотўғри қўйманг. “Қайси томондан?”, – деб сўранг, яхшиси. Биз шунда жавоб беришимиз мумкин: оддий моҳияти “очилган” нарсалардан юз ўгирдик, холос.

Бизнинг вазифамиз – мўъжизанинг оддий воқеага айланиш жараёнини кузатиш, гувоҳ бўлишдир. Нарсаларнинг ниҳоятда содда ва тушунарли тузилганини сизга ўхшаган соддаларга тушунтиришдир. Ҳеч қачон таажжубланмаслик – бизнинг бурчимиз. Етар, бешикда ётиб ҳайратга тушганларимиз.

Қарабсизки, буюк Улуғбек билан тенг қўйилган ўша гўдак сутдан чиққан куни ўз бармоқларидан таажжубланмай қўйди. Отаси ва онаси, мактаби ва ўқитувчиси, бутун жамоат тайёрлаган билим, хабарлардан ясалган нақшинкор, қулай чанага минди-да, воқеалар узра музда учгандай енгил учади. У муз дафъатан ёрилиб кетмаслигини яхши билади, чунки, бугун эрталаб радиодан об-ҳаво совуқлиги фалон даражага етади, деган ахборот берилди. Бари бир бешигимизда умид ётибди.

Кунлардан бир кун туриб, ота-онаси тайёрлаб қўйган нақшинкор чанани рад қилса, не тонг!

У воқеалар музи узра чанада эмас, ялангоёқ йўлга чиқар. Товонини ялаётган музнинг, китобда ёзилгандай, совуқ эмаслигини, музнинг мутлақо муз эмаслигини кашф этар, балки. Балки Амударёни қулай кемада эмас, Байрон Ла-Манш бўғозини кечиб ўтгандай, ўзи кечиб ўтар ва ўз таассуротини бизга айтиб берар. Ҳар ҳолда, бешигимиздаги янги фарзандимиз – умид.

У ҳозир юлдузлардан чарчаб, ўз бармоқларини кузатаяпти. Бизнинг тепамизда, юксак-юксакларда чордона қуриб, бармоқларидан ва шунга ўхшаш бизни қизиқтирмай қўйган мўъжизалардан хайратга тушиб ўтирибди.

Улуғбек тирик. Фақат ўз кашфиётларидагина эмас, балки, қоғозга туширолмай ўтирган ғалати-ғалати хаёлларида ҳам тирик.

1979

(7)
Муҳаммад Солиҳнинг 2013 йилда Истанбулда чоп этилган “Иқрор” китобидан. (14-18-саҳифалар.)

(давоми бор)