Иккинчи даражали қаҳрамоннинг узуқ-юлуқ хаёллари

Иккинчи даражали қаҳрамоннинг узуқ-юлуқ хаёллари
25 views
22 June 2017 - 6:00

Бу кундаликни ёзган одам иродасиз шахс эди. Унинг бирор сифатини бўрттириб кўрсатиш лозим бўлса, ўзига хос томонини шарҳлаш зарур бўлса, биз ҳамиша унинг иродасизлигини биринчи навбатда айтгимиз келади.

Буни ўша одамнинг бошқаларга нисбатан руҳан ожиз, жисмонан заиф бўлгани учун эмас, ҳаёт лаззатларини бизга қараганда камроқ севгани учун ҳам эмас, балки, у ўз қобилиятига яраша яшай олмаганини кўзда тутиб, қўлидан келган ишларнинг бирортасини охирига етказмай ўлиб кетганига ачиниб айтяпмиз.

Албатта, “қобилиятига қараб яшай олмаслик” деган гап ниҳоятда нисбий. Шахс ўз ҳаётини шундай яшаган эган, демак, у фақат ШУНДАЙ ЯШАШГА ЛОЙИҚ. Аммо бу қоидани сиз билан бизнинг турмушимизга қўллаш мумкин, кундаликни ёзган одам ҳаётига эмас. Бу билан мен сизни ҳам, ўзимни ҳам камситмоқчи эмасман. Аксинча, сиз-у менга ўхшаганлар ўз истаклари доирасида, ўз қобилиятларидан иложи борича тўла фойдаланишга қодир, кичик бўлса-да, аниқ мақсади бор ва ўша мақсадга доим интиладиган мақтовга сазовор одамлардир.

Кундалик муаллифи эса, ҳатто ўз кундалигини ҳам тартибга келтиролмай оламдан ўтди.

* * *

Шундай қилиб, бу уй совуқ бўлса, мен дарров бошқасига кўчиб ўтишим мумкин. Бу фикр мени ҳамиша мувозанатда ушлаб туради, мендаги махфий бахтиёрлик туйғусини озиқлантириб туради.

Бу фикр дуога, мен художўйга ўхшайман: у ётишдан олдин ҳам, уйғонганимдан кейин ҳам ичимда беихтиёр такрорланади: “Совуқ бўлса, кўчиб ўтаман!”

Лекин бу уй совуқ эмас. Устимда иккита кўрпа, тагимда шунга яраша тўшак бор. Булар менинг ягона суянадиганларим, ёнбошлайдиган, кўмиладиганим, мени ўз қаноти остига оладиган нарсаларим. Қисқаси — менинг истеҳкомим шулар.

Совуққа бўлган муносабатим эса, жуда оддий. Мен совуқни ёқтирмайман, балки, уни севаман. Агар совуқ бўлмаса, иссиқ кўрпа остидаги роҳат тотини билмай дунёдан ўтиб кетган бўлардим, деб ўйлайман.

Бу фикр мени доим қўрқувга солади. Гўё мен ҳозир ўрнимдан тураман. Яланғоч ҳолда тўппа-тўғри қорга сакрайман. Оёқларим остида қор кўпира бошлайди, вижиллайди — унга чўғланиб турган касовни ботирганда қандай вижилласа, шундай вижиллайди. Сесканиб кетаман. Совуқ нималигини билмайдиган, ундан қўрқиш, уни севиш нималигини билмайдиган афсонавий одамлар келади. Қор улар учун жимирлаб турадиган оқ нарса эмас, балки, оддий сочиқдир, улар ағанайдиган чойшабдир.

Йўқ, мен совуқни ёқтирмасам ҳам, ундан нолимайман, унинг борлигига шукр қиламан. Иссиқни ёмон кўрадиган одам саратон кунларидан нолимайди-ку… У сояда ўтириб чой хўплар экан, ичида хурсанд бўлади: “Қайси мамлакатда, бошқа қайси масканда шундай иссиқ бор, яна қаерда соя дегани шунчалик оромбахш бўлиши мумкин!..” деб ўйлайди.

Шунингдек, совуққа бўлган мендаги муносабат ҳам оддий. У нариги дунё рутубатига, қабр совуқлигига қарама-қарши бўлган, ғоятда оддий фалсафа. Нариги дунё дегани фақат танҳолик эмас( у ерда ҳурилар бор, Дўзах ва жаннат бор.Лекин мен ҳозирча, тасаввур қилганимни ёзаман).

Мен кўрпа оқлигини, тўшак тафтини ва фикрларимни, ўзимдан бўлак ҳеч кимга керак бўлмаган шу фикрларимни севаман. Оппоқ сукунат ичида уларнинг шивир-шивирини тинглаб ётаман. Агар эринмасам, баъзиларини дафтарга ёзиб қўйишим мумкин. Ўрнимдан қўзғалмай, ёстиқ тагидаги қизил жилдли дафтарни олиб, ёза бошлайман. Лекин ёзилган фикрлар кўпинча суратга тушаётган одамларга ўхшаб қолади: ҳаммаси ясаниб-тусанган, ҳатти-ҳаракатлари нотабиий. Шуни сезган заҳотим, ёзишдан тўхтайман. Умрида суратга тушмай ўтган одамлар ҳам бор-ку.

Агар ёзма фикрга нисбатан менда бу ғайирлик бўлмаганда эди, балки мен ҳам романлар ёзардим ёки шеърлар ёзиб, ўртамиёна шоирлар қаторидан ўрин топган бўлардим. Лекин, ёзма фикр нима? Ўзининг шеърларини қайта-қайта ўқиётган шоир шундай ўйлайди: “Ой у ёқда турсин, ҳадя этилмаган бирор юлдуз йўқ, осмондаги барча сайёраларни бобонгнинг боболари бувингнинг бувиларига совға қилиб юборишган. Аммо кўкда бирорта юлдуз ўзининг “ҳадя” эканини, уни ҳадя қилган шоир ва у яшаб турган заминни ҳам билмайди”.

Сўз тафтишидан бошланган бу ўй — шоирнинг даҳрийлик сари қўйган биринчи қадами бўлади. У ўзи сезмаган ҳолда, ўз қуроли — сўз устидан кула бошлайди. Умр бўйи бошқаларни ўзи тўқиган сўзларга ишонтиришга интилган одам сўзга шубҳа билан қарайди: битта иборани танла, ундаги ҳар бир сўзга эътибор қил, кейин диққатингни тўплаб, бутун иборани қамраб ол ва унинг устида узоқ тур… шунда ўша ибора аста-секин ўз моҳиятини йўқота бошлайди, диққат нури остида эрий бошлайди…

“Сўзга айланган фикр — хатодир”.

Бу фикр сўзга айланган фикрлар ичида энг тўғрисидир, балким. Лекин бу инсон қодир бўлган самимиятнинг ярми, холос. Сўзга айланмаган фикр-чи ростми? Одам хато сўзлашдан тўхтаб, хато ўйлашдан ҳам тўхтайдими? Йўқ. Сўзлаётган одам хато гапиришга маҳкум. Жим турган одам эса ундан беш баттар.

Ҳақиқий фикр — сўзга айланган фикр эмас.

Сўзга айланмаган фикр ҳам ҳақиқатдан узоқ.

Ҳақиқат — ҳамма жойда, яъни у ҳаммамизга тенг тақсимланган. Биз фақат ҳақиқатнинг биздаги қисми ҳақида гапиришга мажбурмиз. (Унинг ашаддий душмани биздаги мантиқ — ҳақиқатнинг бир қисми ўйлаб чиқарган мантиқдир): одам қанча кичик бўлса, унинг хатоси (ёлғони) ҳам шунга ярашадир ёки у қанча йирик бўлса, хатоси (ёлғони) ҳам шунча йирикдир. Юлий Сезар, Амир Темур, Наполеон — ҳаммаси “дунё менга бўйсунса, мен уни бахтли қиламан” деб лоф урганлар.

Атрофга қара: нотаниш гиёҳлар, нотаниш чумолилар, юз йилда бир қимирлаб қўядиган ва яна юз йил ўша ҳаракатини кутиб ётадиган баҳайбат харсанглар, бир лаҳза ичида қанотини минг бор силкитадиган ҳашаротлар.

Ҳажмлар, солиштирма оғирликлар дунёси. Қанча сон бўлса, шунча сифат дунёси. Бирорта сон ўз сифати ҳақида, бирорта сифат ўз сони ҳақида ўйламайдиганлар дунёси.

Ўлчанган ва ўлчанадиганлар олами: сен мана шу қоянинг зирҳига суяниб туриб, унинг неча тонна эканлигини тахминан айтиб беришинг мумкин, дунё ҳисобчилари йиғилса, Ер куррасининг оғирлигина ҳам аниқлайдилар. Лекин бунинг фойдаси борми? Ер шарининг ўзи поёнсиз фазода учиб юрган бир зарра-ку!..

Аммо сен ҳозир қўқрмайсан. Кўрпага қаттиқроқ ўралиб оласан-да, Паскалга ўхшаб, борлиқни нақадар кенглиги-ю, ўзингнинг аянчли даражада кичиклигингни кўриб, даҳшатга тушмайсан. Бу ҳамма нарсани тушунганингдан эмас, балки, барча тушунганларингни унутганингдан.

Йўқ, унутмадинг… Фақат, мантиқ, сийқаси чиқиб кетган мантиқдан қутулишга уриняпсан, холос. Ўйлайсанки, бирорта ғояни рад қилиш сенга шарт эмас. Ёки тан олишга ҳам зарурат йўқ. Анави қоя мана шу замин бўшлиғи ичра қандай муаллақ сузаётган бўлса, сен ҳам шундай қалқиб турибсан. Лекин бу ҳол узоқ давом этмайди — фикр сени дарров ерга торта бошлайди.

Токи фикр сени кўкка кўтариб, пастга тортар экан, идрок эгаси — сен эмассан!

Агар менда ёзма фикрга нисбатан мана шу ғайирлик бўлмаганда эди, мен ёзувчи бўлардим. Лекин шунга қарамай, мен айрим фикрларимни ёзиб бораман. Бу одат ёки эътиқод эмас. Бу — қизиқувчанлик, ҳалигача сўнмаган қизиқувчанликнинг бир кўриниши.

Одамлар денгиз тубига тушиб, текширишлар олиб боради ёки ҳайвонларнинг бўйнига радиоузатгичлар боғлаб, қўйиб юборишади, тажрибалар ўтказишади, агар ташқарига чиқишдан эринса, бир даста қоғоз олиб, тун бўйи ҳар хил қаҳрамонларни ўйлаб чиқишади, романлар ёзишади. Буларнинг ҳаммаси қизиқувчанлик оқибати.

Мен эса, ўз ялқовлигимни текшираман. Маълумки, ялқовликда воқеалар ривожи бўлмайди. Унда тугун ва ечим йўқ. Фақат сукунатнинг мовий кўзгуси ва унда ғалати-ғалати шаклларга кириб олган ва бу шаклларни тинимсиз ўзгартириб турадиган фикрлар бор, холос. Шунинг учун ҳам ялқовликни нуқсон деб билмайман. Мен учун ялқовликни оқлаш, уни ҳақорат қилиш билан баравар туюлади. Аммо бошқалар олдида уни оқлашга мажбур бўламан: “Ялқов одам фикрламаслиги мумкин, аммо фикрлаган одам ҳамиша ялқовдир”.

Фикрларим фаолияти, уларнинг ҳаёти ва ўлими ҳақида ҳеч ким билмайди. Фақат мен биламан. Мен учун ўзим туғилган ой ва йилнинг заррача аҳамияти йўқ. Фикр туғилган лаҳза, йил ва асрнинг қиммати бор. Мен ўлган лаҳзанинг, йилнинг, асрнинг устига ўрнатилган совуқ мармарга ёнаётган юзимни қайта-қайта босаман — яна яшамоқ учун…

Қайси шаҳарга кетма, қайси меҳмонхонада турма, бари бир сени топиб олишади. Янги иқлимга кўникиб улгурмай, янги одамлар билан танишмай, сенинг ўтмишинг бугун алоқа жабҳаси бўйлаб сенга қарши ҳужумга ўтади: қисқа ёзилган соғинч мактублари, ундан ҳам қисқароқ телеграммалар, эшикка урилаётган морзе алифбосини эслатувчи товушлар — ҳаммаси сени ахтара бошлайди.

Мана, эшик тақиллаяпти. Лекин мен очмайман. Деразани чертиб кўрадилар. Лекин мен пардани туширишга улгураман.

Кўрпага ўраниб, воқеанинг давомини кутаман.

Қор бетоқат қирсиллайди.

Гоҳ эшикнинг олдидада, гоҳ деразанинг олдида қирсиллайди. Уёқ-буёққа юраётган, мени кўрмоқчи бўлаётган қорнинг ўзи. Гўё эшикни тақиллатган, деразани чертган ҳам қор.

Аммо эшикни очмайман. Чунки, қор эмас у. Пардани кўтармайман. Чунки, бу ҳам қор эмас. Биламан унинг кимлигини. Дўстим, танишим деб айтолмайман, лекин кимлигини жуда яхши биламан: у юрган — кундалик воқеа. Ҳар куни, ҳар жойда такрорланадиган, бири иккинчисига эгизакдай ўхшаш воқеалардан бири. Ҳозирнинг ўзида, худди шу лаҳзада шаҳардаги минглаб уйларнинг эшиклари тақилламоқда, деразалари чертилмоқда ва минглаб одамларнинг дўст-у қариндошлари қорни қирсиллатиб, уёқ-буёққа юришиб туришибди.

Уларнинг бирортасига сиз ёки, дейлик, мен эшик очсам, у ўша эшик қоқаётган, дераза чертаётган минглаб ҳамдардларнинг бор нафратини ўз табассумига жойлаб, менга илжаяди: “Уйда экансан-ку, нега очмайсан?”

Мендан садо чиқмагач, у бир зум парокандаликда туради, кейин юзимга синчиклаб қарайди ва бирдан ортига тисланади: “Кечирасиз, мен адашибман!”

Мен нимадир деб ғўлдирайман. У кўздан ғойиб бўлади.

У менинг фақат юзимни эмас, овозимни ҳам танимайди. Чунки, менинг овозим йўқ. Бир ҳафтадан бери ҳеч ким билан гаплашмаган одам ўз овозини йўқотиб қўяди. У ўз фикрларига қулоқ солган заҳоти, улар билан шивирлаша бошлаган замон, унинг овози йўқолади.

Вақт ўтган сайин мен ўз овозимнинг шакл ва тусини унута бораман ва кун сайин у мендан узоқлашиб боради. Башарти, ҳозиргидай овоз чиқариб гапириш зарур бўлиб қолса, наинки ўзгалар, мен ўзим ҳам унга ҳайрон қоламан. Мен ўз овозимни танимайман. Ўша эшикни очиб, мени танимаган одамдай, сесканиб кетаман.

Тўғри, мен йўқотган овознинг ўз таржимаи ҳоли бор. У мени танийдиганларнинг ҳаммасига таниш. Шу қадар танишки, мен ўлсам, улар бу овозга тақлид қилиб гапиришлари мумкин. Аммо ҳозир мен чиқарган овоз уларга ҳам, менга ҳам бегона, юзимни ҳам танимайди. Менинг дўстим, қариндошим ёки ўн йил ва ўн беш йиллик танишим мени танимайди. Гап ҳавонинг тундлигида-ю, даҳлизнинг қоронғилигада эмас. Менинг қиёфам, танишлар кўниккан башарам ҳозир ёдимда йўқ. Негаки, одам ўйга чўмса, унинг юзи йўқолади, одам фикрга шўнғиса, унинг юзи қирғоқда қолиб кетади.

Бу юз менга ҳозир фикрларимни бузган меҳмондай бегона ва ёқимсиздир.

Шунинг учун ҳам мен кўзгулардан қўрқаман. Қўрқаман, чунки, кўзгунинг ёнидан бемалол ўтиб бўлмайди. Фалокат юз бериб ўтгудай бўлсанг, кимдир дарров қўлингдан ушлайди, енгингдан тортади ва ноилож ўгирилиб қарайсан: кўзгудаги одам сенга яқинлашади, нигоҳини ботириб-ботириб тикилади. Унинг кўзидаги муаллақликни кўриб ҳаяжонга тушасан, боя эшикни очгандаги меҳмондай, ортга тисланасан.

Бир ҳафтадан бери инсон зоти билан гаплашмаган одамнинг уйида кўзгу бўлмагани маъқул. Кўзгу сен унутган, бир илож қилиб қутулган башарани эсга солади. Танҳоликдан зерикувчи, зиёфатларни, мақтовларни яхши кўрадиган, ўйин-кулгининг пири, имкон борича ўйламасликка тиришадиган бир нусхани сенга дуч қилади.

Бу нусха одамларга ёқишни яхши кўради. Ўз фикри учун эмас, одамлар фикри учун яшайди. Одамлар менсиз яшолмайди, деб ўйлашни ёқтиради. Кимдир уни соғинаётганини тасаввур қилиб лаззатланади, уларга қўшилиб ўзини соғинади. Кўзгу ҳам ўша нусханинг моли.

Лекин унинг тагида иккинчи қиёфа бор. У ҳаёт лаззатларини севадиган, ўйлашдан қочадиган биринчи башарадан нафратланади. Унинг мижози изтиробга мойил. У келажакдан ич-ичидан қўрқади. У ўтмиш билан яшайди. Унинг учун ўтмиш — қиёмига етган расм. Бу расмнинг бир чизиғини ҳам ўзгартириб бўлмайди. Келажак тахминлардан иборат бўлса, ўтмишда тахминга ўрин йўқ. Ўтмиш энг мавжуд нарсалардан мавжудроқ. Уни унутишга уринган кимса беҳуда уринажак, ўтмиш менга ҳалал бермайди деган ҳар ким ўзини тўхтовсиз алдашга маҳкумдир. Агар одам хотирасидан жудо бўлса, у вақт оқиб ўтадиган тарновга айланиб қолади. Лекин унинг хотираси бор: у океанга ўхшаб барча ирмоқлардан сув олади, аммо бир томчи ҳам қайтариб бермайди.

(Унинг фикрлари ўша расм — ўтмиш узра чарх уради. Фикр ўтмишни эмас, ўтмиш фикрни тинмай ўзгартириб туради).

Сен уйланар экансан, 20 ёшли қизга эмас, унинг 20 йиллик ўтмишига ҳам уйланмоғинг керак. Бу тўй шартларидан биридир. Сен фақат муҳаббатга эмас, рашкка ҳам уйланишинг керак. Сенга яқин бўлган ҳамманинг, сен мансуб бўлган халқнинг ўтмиши — бугунги кундан ҳам, эртанги кундан ҳам аниқроқ, равшанроқ кундир. У сен билан ёнма-ён юриб, сенга мунтазам шароб узатади ёки узлуксиз заҳарлаб туради.

У ўз ўтмишини севади ва шунинг учун ҳам ёлғизликни танлайди. Унинг тушунчалари водийсида мангу туман ётади. У бахт нима деган саволдан ўтдан қўрққандай қўрқади. Ўзини ўраган туман бир куни тарқалишига умид боғлайди, аммо ойдинлик ҳақидаги дастлабки фикрниинг ўзиёқ уни даҳшатга солади.

Изтиробга ошно бу одам ҳар қандай қувончни эҳтиёткорлик билан қабул қилади. Негаки, бир зумлик бу бахт унинг бир текис кетаётган изтироблар оқимини бузади-да, хоинларча ташлаб кетиб қолади, кейин эски оқимга кўникиш нақадар оғирлигини бу одам яхши билади.

1979

(9)
Муҳаммад Солиҳнинг 2013 йилда Истанбулда чоп этилган “Иқрор” китобидан. (23-30-саҳифалар.)

(давоми бор)