Хемингуэй ҳақида

Хемингуэй ҳақида
29 views
23 June 2017 - 6:00

I. Мутолаа

(Эрнест Хемингуэйнинг туғилганига 80 йил тўлиши муносабати билан)

Америкалик ёзувчи Синклер Люис 1930 йил Нобел мукофотига сазовор бўлганида, Шветсия академияси минбаридан ўз халқи адабиётининг келажаги ҳақида умид билан сўзлаган, ёш ёзувчилар қаторида Эрнест Миллер Хемингуэй номини ҳам фахр билан тилга олган эди.

Ўша пайтда Хемингуэй ўттиз бир ёшда бўлиб, атиги ҳикоялар тўплами ва “Қуёш чиқар…” романини нашр эттирган, лекин Канада газетасининг мухбири сифатида Оврупо бўйлаб кўп сафар қилган, сиёсий воқеаларни теран таҳлил эта оладиган киши, Италия фронтининг ёш ветерани, 1922 йилги Туркия-Гретсия урушининг гувоҳи эди.

“Қуёш чиқар …” романи муаллифининг ноширга ёзган хати мазмунида, биз ҳаётнинг аччиқ-чучугини татиган одамни кўрамиз: “Мен шу заминни севаман, унинг мафтуниман, аммо ўз авлодимни ҳам, унинг майда мақсадларини ҳам бир чақага олмайман… Бу китоб қуруқ ва аччиқ сатира бўлиб қолмаслиги керак, у шундай бир фожиа бўлсинки, токи асар ниҳоясида Замин мангу қаҳрамонга айлансин”.

Роман урушнинг тирик қурбонлари — фронтдан қайтиб, ҳаётини ичкилик, айш-ишратга сарф қилишга маҳкум одамлар — “маҳв бўлган авлод” вакиллари ҳақида. Улар ажойиб одамлар эди. Уларни уруш маҳв этди. Тасаввурга муҳрланган даҳшатли манзараларни улар шароб билан ювмоқчи, ишрат билан сидириб ташламоқчи бўладилар. Лекин ёзувчи бу урунишларнинг беҳудалигини, урушни унга қарши фаол курашиш билангина енгиш кераклиги таъкидлайди.

Уруш мавзуи Хемингуэй ижодининг барча босқичларида муҳим ўрин тутади. Унинг 1929 йилда нашр қилинган “Алвидо, қурол!”, испан республикачиларига бағишланган “Бонг кимни йўқлайди?”, вафотидан кейин эълон қилинган “Океандаги ороллар” китобларида ҳам уруш мавзуи қаламга олинган.

Ўз умри давомида у кўп урушларни кўрди ва ана шу ҳаётни тасвирлади.

Бир вақтлар Хемингуэй ўзи ҳақида ёзилган китобдан норози бўлиб, унинг муаллифи — адабиётшунос Филипп Янг ва асарни қабул қилган нашриётни судга бермоқчи бўлган, улардан “шахси ҳаётига аралашмаслик”ни талаб этган эди. Лекин муаллифнинг тинимсиз илтимослари тинкасига теккани учун, талабидан воз кечди.

Ваҳоланки, “шахси ҳаётига аралашмаслик”ни ёзувчи фақат ўзгалардан талаб қиларди, ўзидан эмас. Ўз ҳаётига эса, унинг ўзидан кўпроқ аралашган, тафтиш қилган, тинимсиз тафтиш қилган бошқа бир кимса бўлмаган.

У дунё ишларига ўз ҳаёти орқали аралашади, дунёни ўзига хос буюк бир инсоний муҳаббат билан севди. У олтмиш икки йил умрини “кун-бакун тўқиди”, бу ажойиб кашта ниҳоясига етмай, воқеаларнинг дафъатанлиги ва тақдирнинг фавқулодда маккорлиги туфайли узилиб қолиши ҳеч гап эмас эди.

Ҳақиқий ёзувчининг ўнг-сўлга қараб, эҳтиёт бўлиб қадам босишига фурсати бўлмайди. У ўз вазифасини адо этади-ю, дунёдан ўтади. Агар сиз оддий истеъдод эгаси бўлсангиз, узоқроқ яшашингиз керак, нега-ки, тузукроқ бирор нарса ёзиш учун вақт даркор. Қобилиятсиз ёзувчилар эса, абадий яшамаса бўлмайди.

Бу кинояли сўзлар 1918 йил Италия-Австрия фронти қирғинларидан омон чиққан, 1937 йилги Мадрид жангларидан кейин, 1954 йилда юз берган ҳаво ҳалокатида ҳам тирик қолган ва 1961 йил июл ойининг сокин тонгларидан бирида ўзини отиб қўйган ёзувчининг фикрларидир.

Хемингуэйнинг ҳаёти унинг романларида акс этгани ҳақида жуда кўп гапирадилар. Ёзувчини шахсан билганлар у ҳақда ўнлаб эсдалик китоблар нашр эттирадилар, билмаганлар эса, ундан ҳам кўп ёздилар. Хемингуэй ҳикояларини ўқиган китобхон унинг янги романини ахтарадиган бўлди, ўқимаганлар ёзувчининг Африками ёки бирор оролда тушган суратини уйларига осиб қўйишга одатландилар.

Хемингуэй — машҳур. Хемингуэй — идеал.

Бу — китобхонлар орасидагина эмас, ёзувчилар муҳитида ҳам такрорланди.

Намунага ўч ёшлар “Алвидо қурол!” ва “Климанжаро қорлари”нинг ҳар бир сатрини ютоқиб ўқидилар, янги наср нафасини сезиб, ўзлари билган ва билмаган ҳолда, тақлид қила бошладилар. Лекин Хемингуэйга ўхшашдан кўра, ўхшашга интилиш ҳисси кучли бўлганиданми, уларнинг кўпчилиги йўқолиб кетди, аксарияти эса, ўз вақтида бундан воз кечиб, тўғри қилдилар.

“Хемингуэй тирик бўлганида, танқидчиларига мана бундай маслаҳат берар эди”, деб фол очиб ўтирмайлик.Чунки, у маслаҳат беришни ёмон кўрарди.

Ниҳоят, Хемингуэй мухлислари ва танқидчилари ўртасидаги шов-шувлар анча босилгандек бўлди. Энди ашаддий китобхон ҳам ўзи бир пайтлар сиғинган бу ёзувчининг “янги” асарини ўқиб, дўстиникига суюнчилаб бормайди. Ҳамон китоб ўқишга вақт тополмай юрган, улуғ шахслар портретининг мухлиси, ўз навбатида , бошқа бир ёзувчининг суратини топиб олади. Чунончи, колумбиялик адиб Габриэл Гарсиа Маркеснинг журналистлар билан тушган суратини.

Бу ҳол машҳур франсуз шоири Апполинернинг маъюс бир шеърини эсга солади:

Қирғоқда
Сокин чайқалади бўм-бўш қайиқлар.
Энди
На бозор кунлари, на душанбада
На бирорта рассом
Ва на Мопассан
Кўкракдор бефаҳм хонимчаларни
Айлантириб юрар бу қайиқларда…
О, бўм-бўш қайиқлар,
Юрагим орзиқиб кетади менинг
Сокин чайқалсангиз агар
Қирғоқда.

Бизнинг ҳам юрагимиз орзиқади, Эрнест! Лекин ҳувиллаб қолган қайиқларни кўриб эмас, китобхонларингиз камайиб қолгани учун, сизга ачинганимиздан ҳам эмас — кўз олдимизда ажойиб ёзувчининг янги тақдири қайта туғилаётганидан. Номига “кўз югуртиришлар”, номига ўқишлар тугаб, чинакам Мутолаа бошланаётганидан.

Бу урушнинг дастлабки ва кейинги кунларига ўхшамайдими? Бир неча ҳужум ва мудофаалардан сўнг жангчиларнинг сараси саракка, пучаги пучакка ажралади. Сизнинг таъбирингиз билан айтсак, “ботирлар ботирлигича қолади, романтиклар ҳушёр тортади, қўрқоқлар эса, ярадорлар билан уйга қайтадилар”.

 “Алвидо, қурол!” сингари асарлар, ақалли ўз отангизни таниб олишга ёрдам беради. Ахир, оталаримизнинг жуда кўпчилиги урушда қатнашганлар-ку…

— Мен ёшлигимда театрни жуда сеевардим, аммо урушдан қайтганимдан сўнг узоқ вақт саҳнани кўришга юрагим бетламади, — деб қолди ўша “маҳв бўлган авлод” вакилларидан бири.

У ёғини айтмади.

Мен ҳам бу суҳбатга муносиб тингловчи бўлиш истагиданми, сабабини суриштирмадим.

Суҳбатдошнинг, ақалли, уруш иштирокчиси ёки испан республикачиларининг мададкори — интербригада аъзоси бўлса, сен унга ортиқча савол бериб ўтирмайсан.

Сўзларини охиригача етказмай, кутилмаганда тўхтаб қолади. Узилган жумлани сўз билан эмас — мулойим, ҳомий табассум билан хотималайди.

“Сўрaма, — дейди улар гўё, — суриштирма. Бари бир тушунмайсан. Тушунганингда ҳам айтмасдим. Ҳеч қачон. Фақат шу ҳаётни қадрлай олсанг, бас. Бунинг учун урушга бориб, ўн марта ярадор бўлиш шарт эмас. Бунинг учун инсонга меҳр бўлса, бас. Тасаввуримда эса, жаҳондаги кучлар аллақачон иккига бўлинган. Бу — уруш ва тинчлик. Қолганлари шунинг атрофидаги мулоҳазалар…

— Сени тушунаман. Албатта, фронтда олинган суратларга қараш завқли. Аммо белидаги камар тўқасини ялтиратиб, автоматни бўйнига осганча объективга боқиш, боққанда ҳам тик боқиш учун бу ёш аскар жуда кўп қуролдош дўстларидан жудо бўлган, ўзи эса, ажалга минг бор чап берган.

Ажал таҳдид солиб турганда олинган суратда акс этган ҳаёт икки бор гўзалроқ кўринади.

Шу сабабдан ҳам бундай суратларга қараш завқли.

Лекин оналаримизга сурат эмас, ўзимиз керакмиз. Ҳайкал эмас, мангу оловлар эмас, тириклигимиз ардоқли.
Бу орден, медаллар қайси хизматлар учун берилганини сўрамоқчисан, шекилли? Яхшиси, сўрама. Жангчига қайси хизмати учун орден берадилар? Ўлгани учунми? Ўлдиргани учунми? Билиб қўй, ҳеч ким, ҳеч қачон “фалончи одамни йўқ қилдим ”, деб мақтанолмайди.

Бурч — бошқа гап. Бурч — бизнинг кичик бебахтлигимиздан улуғроқдир.

Биз урушга қаҳрамон бўлиш учун борган эмасмиз. Биз душманни яксон қилишимиз кераклигини, ўзимиз ҳалок бўлишимиз мумкинлигини билардик…Балки уруш дегани баъзиларга ғоя шаклида кўринар. Уруш — биологик ҳодиса, деб жар солаётганлар озми? Лекин одам қуруқ ғоя эмас.Фронт саҳна эмас, унда ёғоч пичоқлар бўлмайди… ”

Мен бу маънони китобдан эмас, қаршимда ўтирган камгап одам табассумидан, нигоҳидан уқдим. Хемингуэй қаҳрамонларининг айтмаган сўзлари менга яна шундай эшитилади.

Қирқ бешинчи йил Элбада учрашган ўзбек ва америкалик жангчининг бир-биридан ҳеч фарқи йўқ. Улар бир-бирига эгизакдек ўхшаш, улардан бири Шарқдан, иккинчиси Ғарбдан шу дарё бўйигача оғир, узоқ йўлни босиб ўтди. Бу масофа уларнинг қиёфасига шиддатвор сайқал беради.Мабодо, улар бугун учрашгудек бўлсалар, бир-бирларини сўзсиз, имо-ишорасиз тушунадилар. Бир-бирларига меҳр билан, аммо ғоят вазмин тикилардилар.

“Алвидо, қурол!”

Бу китобни ўқиётиб, нимадир ҳалал бераётганини сезасан. Уни бемалол ўқиш қийин. Ундан олган лаззат ҳам қандайдир аччиқ, одамни маст қилувчи бир гиёҳ хуруж бўлгандек… Ўқиётиб, руҳингда тонг шафағи янглиғ сирли ранглар пайдо бўлаётганини сезасан…

Шунга қарамай, ўша мутолаа давомида ўша “нимадир” сенга ҳалал бериб тураверади. Буни дастлаб, романнинг услубига йўясан, яна бир неча варақни шу тариқа паришонликда ўқийсан, кейин — фавқулодда сатрлар замирида яшириниб, сени кузатаётган вазмин нигоҳга дуч келасан. Шундан сўнг китобни ўқиб тугаллагунча, ўша таъқибдан қочиб қутула олмайсан.

Ҳатто турмуш икир-чикирларига ўралашиб қолган пайтингда ҳам бу нигоҳ сени ҳоли қўймайди, ишга шунғиб кетиб, унутганингда ҳам шуурингда милтиллаб тураверади.

Энди қутулдим, деб юрганингда, бир куни кўчадами, трамвайдами, яна дуч келасан.Бу нигоҳ эгалари кўкракларига нишон тақиб юрмайдилар.Уларни қарашларидан танийсан. Бу қараш қанчалик вазмин бўлмасин, бу меҳр қанчалик шафқатсиз бўмасин, унга дош бериш керак.

Улар қурол билан аллақачон видолашган бўлсалар-да, милтиқ қайишининг ўрни ҳамон елкаларини ачиштириб туради.

1937 йили Америка ёзувчиларининг Иккинчи Конгрессида Эрнест Хемингуэй минбардан шундай деган эди:

“… Мен яхши ва ҳаққоний асарлар ёзиш нақадар қийинлигини, мабодо, улар ёзилгудек бўлса, муаллифни, шубҳасиз, шунга лойиқ мукофот кутиб турганини айтган эдим. Лекин уруш даврида — биз уруш даврида яшамоқдамиз — истасак-истамасак, мукофотлар муддати сал чўзилади… Уруш ҳақида бор гапни ёзиш қалтис… Ҳақиқат излаб Испанияга жўнаган бирорта ҳам америкалик ёзувчини билмайман. Бироқ, Линколн номидаги баталён жангчиларнинг кўпини биламан. Аммо улар ёзувчи эмас. Улар мактуб ёзардилар, холос..

Испанияга жуда кўп инглиз, жуда кўп немис ва голландлар бордилар. Одам ҳақиқат излаб фронтга бораркан, ҳақиқат ўрнида ўлимга дуч келиши эҳтимоли бор. Лекин фронтга ўн киши кетиб, иккитаси омон қайтса, улар олиб келган ҳақиқат — биз тарих деб юрган сохта нарсалардан йироқ — чинакам ҳақиқат бўлади. Бунақа ҳақиқатни , излаб ҳаётни хавф остига қўйиш лозиммикан — бу ёзувчиларнинг ўзига ҳавола”.

Бу нутқ фашизм авжига чиққан замонда, Испанияда — Франко, Олмонияда — Гитлер, Италияда — Муссолини каби шахсларнинг ғайриинсоний ғоялари вабодек тарқаётган пайтда янгради.

Бу нутқ жабрдийда заминимизда ўз бахтини, ўз омадини яна бир карра чиғириқдан ўтказаётган пайтда, ўша замин истиқболи учун муқаррар ўлимга кетаётиб: “Мен қайтаман, кут!” — дея хотинига жилмайган камтарин, жасур одамлар ҳарбий эшелонга чиқаётган ғулғула кунларда янгради.

Бу нутқ баъзи ёзувчилар: “Илҳом парисига дубулға ярашмайди”, деб қўрқоқ қалбларига таскин бераётган пайтда, баъзилари худди бугунгидай ўзини “халқ отаси” эълон қилиб(Ғ. Ғулом нашриёти директори Хамид Ғулом «халк оталаридан бириман» деганди.Ред), шеърият мажлисларида “шон-шуҳрат минбари”дан сўзлаётганида, эллик ёки олтмиш ёшларини бехатар бурчакларда нишонлаётган бир пайтда янгради.

Бу нутқ ҳозир ҳам янграмоқда.

1979

(10)
Муҳаммад Солиҳнинг 2013 йилда Истанбулда чоп этилган “Иқрор” китобидан. (30-36-саҳифалар.)

(давоми бор)