Чўкиш

Чўкиш
45 views
23 June 2017 - 8:00

Ислом Холбой

Йиллар азоби
Тўқсонинчи йиллар шеърияти

Чўкиш

Ёш умрлар хорликдан хазон,
Ёноқларда ситамлардан ёш.
Узангида қолган ботирдай,
Судралади эрлар – тирик лош.

Фақирликдан занглаган тишлар,
Ханжар каби қинидан чиққан.
Улар яна тутқинлик кўзлар –
Қуллар аксар қулларни туққан.

Дерлар; “Мустақиллик” ўлкага
Камбағаллик келтирибдимиш.
Мамлакатда очлик, таҳлика
Энди ҳеч ҳам туганмас, эмиш…

Қани, коммунистнинг қамчиси?
Увол, қонсиз тикланган Байроқ.
Бундай азобларнинг томчиси,
Асрлардан эди буюкроқ.

Қўлидан иш келмай, оламон,
Мустабидга берди, жиловин.
Келажакни топтади, ёмон,
Ололмади, қўлига довин.

Энди эса зурёдлар бахти,
Озодликка бермоқчи, барҳам.
Текин келган Мустақилликни,
Шўро билан кўрмоқчи баҳам.

Ўз-ўзига душман яна бир
Халқ бормикан, ёруғ жаҳонда.
Мустақиллик, бўйнида занжир,
Эрк тополмай, ҳайрон маконда.

Арз қилмоққа бўлса маҳкама,
У дод солса, бу халқ дастидан.
Халқ етказган жабрни, дема,
Тирик қолса, суъиқасдидан.

Ҳурлик элда тополмай шавкат,
Итдан баттар бўлди беқадр.
У қидирган уйғоқ бир сарват –
Бу жойларда унмас баҳодир.

Қўлидан иш келмай, оламон,
Мустабидга берди, жиловин.
Энди кўп вақт ўзгармас, замон,
Тиколмасмиз, ҳурлик яловин!

* * *

(давоми бор)