Ёмон сўз айирар яхши дўстингдан…

Ёмон сўз айирар яхши дўстингдан…
87 views
24 June 2017 - 8:00

МАХДУМҚУЛИ

Биринчи китоб

Ғийбаткаш

Маҳшар бир кун арз этади тилингдан,
Расволигинг будир сенинг, ғийбаткаш!
Умринг елга берма, озма йўлингдан,
Инжитмагил элинг-кунинг, ғийбаткаш!

Булутдек гумпирлаб, чақмоқдек гурлар,
Муздан бўлган тахтлар, оташдан ерлар,
Хачирдек чаёнлар, буғродек[1] морлар,
Баданингдан сўрар, қонинг, ғийбаткаш!

Ҳолинг кўриб ширин жонлар йиғларлар,
Сижжинг[2] отли жойда сени боғларлар,
Тилинг тортиб, темир билан доғларлар,
Қора бўлар ул кун кунинг, ғийбаткаш!

Ёмон сўз айирар яхши дўстингдан,
Гуноҳларнинг юки босар устингдан,
Жаҳаннам ичида тамуғ остиндан,
Фалакларга чиқар додинг, ғийбаткаш!

Малаклар кўтариб, гурзи урарлар,
Андомингдан сувдек оқар заҳарлар,
Хашшиллаб, атрофинг олар илонлар,
Андомингдан сўрар, қонинг, ғийбаткаш!

Бир дам қутулмассан, тамуғ норидан,
Танингга илашган илон хоридан,
Азобларнинг ҳасратидан, зоридан,
Кўкларни тутади, мунгинг, ғийбаткаш!

Ғийбат билан солим қозонган жойда,
Кунинг ўтар кеча-кундуз, ҳой-войда,
Азобинг ортади ҳар кун, ҳар ойда,
Тутункаш ҳамсоянг, ёнинг, ғийбаткаш!

Юзқорасан маҳшар куни Каримга,
Тангри савобингдан олар жарима,
Имонсиз тан судраклайди жаҳимга[3]
Кина этар сендан жонинг, ғийбаткаш!

Махдумқули айтар элнинг кўзидан –
Тушубон, хор бўлсанг, кўргил ўзингдан,
Тилингни тиймасанг ҳаром сўзингдан,
Аниқ бебод бўлар дининг, ғийбаткаш!

[1] Туя.
[2] Етти дўзахнинг бири.
[3] Жаҳаннам, дўзах, тамуғ.

*****

(давоми бор)

Туркманчадан Ислом Холбой ўзбекчалаштирди