Адашган ҳайкаллар

Адашган ҳайкаллар
77 views
25 June 2017 - 6:00

1

Улар навбатда туришибди. Нон дўкони олдида турган одамлардай, қаторлашиб туришибди улар. Ҳар бирининг қўлида ўз юраги. Ойлаб, йиллаб тураверади. Ёмғир, қор остиди тураверади.

Мен шу ерликман, ўтказиб юборинг, — демайди ҳеч ким.

Мен пенсионерман, ўтказиб юборинг, — деб бирортаси айтмайди.

Мен фалон урушда қатнашдим, деб ҳеч ким миқ этмайди.

Уларнинг ичида имтиёзлар йўқ. Салла ўраган ҳам, фрак кийган ҳам индамай тураверади.

Бу ҳолат бир қарашда лоқайдлик бўлиб кўриниши мумкин, аммо уларнинг қиёфасига диққат қилган киши бир нарсани пайқайди: ҳайкаллар бири иккинчисини таниш учун қаттиқ тиришаяпти — саллали шоир пешонасини тириштириб, “буни қаерда кўрувдим-а”, дегандай фрак кийган шоирга, фракли шоир эса, унга тикилади.

Ҳайкаллар навбатда туришибди, аммо нима учун турганини ҳаммаси ёдидан чиқарган: ҳаммасининг диққати бир нарсага — бир-бирини таниб олишга қаратилган…

Чиндан ҳам, жуда кўп ҳайкалларимиз қаерга ва нима учун келиб қолганлигини билишмайди. Кимдир уларни боладай етаклаб келади-да, “мана шу ерда туринг, мен ҳозир қайтиб келаман”, деганича ғойиб бўлади… ва ҳеч қачон қайтиб келмайди. Ҳайкал бўлса, бу ерда мусофир — ёнидаги одамни таний олмай сарсон — тураверади.

Кези келганда шуни айтиш керак-ки, омадли ҳайкаллар хиёбонда ёлғиз ўзи туради. Ҳа турмушдаги ажиб фалсафа ҳайкаллар ўртасида ҳам расм: буюк одам — доим танҳодир.

Ҳатто ҳайкалларнинг навбатда турганларидан фарқли, у ўзининг қаерда — ватанидами ё хориждами эканлиги билан қизиқмай, бемалол хаёлга шунғий олади, бунинг устига, танҳо ҳайкалнинг қўлида бирорта китоб бўлиши муқаррар — шуни ўқиб вақт ўтказади, ҳеч бўлмаганда.

2. ТАНҲОЛАР

Байроннинг мухлиси бу хиёбондан ўтса, доим хафа бўлади: нега бу ерда Байрон эмас, Пушкин турибди?

– Негак-ки… – деб жавоб бермоқчи бўласиз-у, ўзингиз ҳам билмайсиз, негалигини. Узоқ билмай турасиз.

– Мен Пушкин мухлиси бўлганим учун! – деб фахр аралаш ҳазил қиласиз, лекин дўстингизнинг бошқа шоирга муҳаббатини ҳақорат қилишдан қўрқиб, алдашда давом этасиз: “Пушкин Ўзбекистонни севгани учун. Пушкин Дантес дуэлининг сабабини биласизми? Сабаби бир – Ўзбекистон”.

Байроннинг мухлиси сизга телба одамга қарагандай қарайди, юзингиздаги жиддийликни кўриб, эсанкирай бошлайди.

Эсанкирайверсин.

Сизга бунинг алоқаси йўқ. Сиз Пушкинни севасиз ва унинг нега айнан шу ерда турганлигини оқлаш учун ҳар қандай ёлғонга тайёрсиз.

Буюк шоирни қуршаган тошкентлик канизак дарахтлар эса, оҳиста қўшиқ айтадилар. Одатда, Шарқ одамлари қўшиқ тинглаётиб, беихтиёр оҳангга мос бош тебрата бошлайдилар. Афсуски, бу иш ҳайкалларнинг қўлидан келмайди. Айниқса, Пушкиннинг.

Чунки, Оврупода бош тебратишмайди. Овруполиклар ҳар қандай оҳангга оёғи билан жўр бўлишади. Пушкин хиёбонидан ўтаётган ҳар бир йўловчи шоирнинг жим депсиниб, нотаниш халқ музикасини бутун бронза вужуди билан тинглаётганига гувоҳ бўлади …

Мана бу хиёбонда эса, иккинчи бир буюк сиймо турибди. Бу ёзувчига қўйилган ҳайкаллар дунёнинг ҳамма бурчагида бўлса керак. Лондоннинг қайси кўчасига қўйилган экан унинг ҳайкали? Парижнинг қайси булварига?

Ҳар ҳолда, у Тошкентнинг энг гўзал чорраҳасида турибди. Унинг ёнидан ўтсангиз, сизга меҳри ийиб кетади, буюк пролетар ёзувчисининг сизга ўхшаган оддий одамларни қанчалик севганини яхши билганингиз учун, унга биродарларча таъзим қиласиз, салом берасиз:

– Қайси шамол учирди бу ёқларга, Алексей Максимович?!

Албатта, у ҳайкал сизга қайрилиб ҳам қарамайди. Биринчидан, ҳайкалларнинг бўйни жуда қаттиқ – қайрилиш учун уларга камида юз йил вақт керак. Иккинчидан, саволингиз ниҳоятда бачкана: сиз ва бизни учирган оддий шамол ҳайкалларни учиролмайди. Уларни жуда катта ижтимоий воқеалар, лоақал, инқилоб бўрони учириши мумкин.

Айниқса, Тошкентдай узоқ шаҳарга.

3. МАЖЛИС

Агар ҳайкалтарош узоқни кўра оладиган санъаткор бўлса, унинг яратган ҳайкаллари ҳам узоқ-узоқларга қараб туради. Борди-ю, ҳайкалтарош ҳаракатчан, курашчан бўлса, у асарини ўзи севган таҳайюлда – ҳаракат жараёнида тасвирлайди. “Бўрон қуши ҳақида қўшиқ” муаллифи буюк Горкий ҳайкали худди шундай ҳаракат қуюнида кўрсатилган.

Агар ҳайкалдаги бу шиддат самимий бўлса, бизнинг кўзимизни алдамаган бўлса, Алексей Максимович бир куни ўзининг қироллик супасидан шарт тушади-да, чорраҳани кесиб ўтади ва телефон буткасига боради.

Баҳайбат Горкий бу катакка сиғармиди. У қўлини жаҳл билан силтаб, изига қайтади ва катта йўлга тушади, йўловчилар, ҳайдовчилар, ойнабанд дўкондаги сотувчилар-у, сартарошхонадаги мижозларни ҳайратга солиб, тўғри Пушкиннинг ёнига келади.

Бир ерда туравериб чарчаган одамнинг ортиқча илтифотга унча хуши бўлмайди, шунинг учун ҳам Горкий хаёлга чўмган Александр Сергеевичга имилламай қўл чўзади:

– Танишайлик, пролетар ёзувчиси Горкий.

Пушкин “пролетар”, “Горкий” сўзларини унча тушунмаганиданми, ёки ҳали ҳам хаёл сураётганиданми, бир зум паришон туради, кейин ҳаракатга келиб, тагкурсидан сакраб ерга тушади:

– Танишганимдан ғоят хурсандман. Лекин кечирасиз, айтинг-чи, мен ўзи қаердаман?

– Бунинг аҳамияти йўқ, азизим Александ Сергеевич, – дейди Горкий бироз вазмин, бироз асабий, – ҳар ҳолда, биз Русияда эмасмиз, аниқроқ айтганда, сиз мен турган мамлакатдасиз.

Буюк Пушкин киноясимон ҳазилни тез тушунади ва шунга мос жумла тузади:

– Биласизми, мен оқ қайинларни жуда соғиндим. Ҳозир бирдан соғиниб кетдим. Кетмаймизми, а?

Горкий фақат қайинларни эмас, азим дарё Волгани, Нижний Новгородни, қадрдони Владимир Илични соғинганини тўкиб солмоқчи бўлади-ю, аммо реалистнинг вазминлиги бунга йўл қўймайди.

– Мен боя Московга қўнғироқ қилмоқчи эдим, бўлмади. Энди ўзимиз бир илож қилиб жўнашимиз керак. Фақат, азизим Александр Сергеевич, сиз атрофингизга қараб, жуда ҳайрон бўлаверманг – мен йўл-йўлакай тушунтириб бераман, сизга. Ҳозир муҳими – Русияга жўнашимиз керак. Қарабсиз-ки, бу икки сиймо эрталабки учоққа чипта олишади.

Икковлон учоқда суҳбатлашиб борар экан, Алексей Максимович кутилмаганда ўрнидан туриб кетди.

– Шўрим қурсин, Александр Сергеевич, таёғимни унутиб қолдирибман!

– Ҳечқиси йўқ, жаноб Горкий, Московдан хабар қилиб олдирамиз таёғингизни.

Алексей Максимович “жаноб” сўзининг ҳақорат эканлигини йўлдошига тушунтирмоқчи бўлади-ю, аммо унинг хаёлини севимли таёғи банд қилганидан, қўлларини ёзганча туриб қолади. – Азизим, хабар қиламиз, лекин қаерга хабар қиламиз – биз учган шаҳарнинг номини билмаймиз-ку…

Шундай қилиб, агар ҳайкаллардаги шиддат ёлғон бўлмаса, бизнинг кўзимизни алдамаган бўлса, улар ўзлари турган супадан бир куни, шубҳасиз, тушади ва хоҳлаган томонга равона бўлади.

Биз – улуғ сиймоларнинг мухлислари – улар унутиб қолдирган машҳур таёқ учун янги музей очамиз.

1979

(12)
Муҳаммад Солиҳнинг 2013 йилда Истанбулда чоп этилган “Иқрор” китобидан. (41-45-саҳифалар.)

(давоми бор)