Бугун прокурорга бориб, айбсизлигимни исбот қил…

Бугун прокурорга бориб, айбсизлигимни исбот қил…
24 views
25 June 2017 - 9:00

Ислом Холбой

Т А Н А З З У Л
(Тўрт юз тўқсон саккизинчи камерадаги маҳбус хотиралари)

ХаЗиНА КаБи
                             ҚўРиҚлАйДиЛАр
ЧўЧқА КаБи
                         БоҚаДиЛАр
ИТ КаБи
                 таҲқирлАйДиЛаР 

Т  У З О Қ
Биринчи китоб

уаллиф бевосита бошидан кечирган воқеа-ҳодисаларга асосланади)

Қўрқоқлик хорликка, мардлик олдинга бошлайди.
Иккиланиш (ҳафсаласизлик) тақдир  ҳукмидан олиб 
қололмайди.
Муҳаммад пайғамбарнинг қиличига ўйиб ёзилган ҳикмат 

(23)

Бу орада хонага адвокат кирди. Эгасига дум ликиллатган итдай жилпанглаб келиб терговчи билан қуюқ саломлашди.

Хаёлларга ғарқ бўлиб ўтирган Баҳром уни кўрмай, сезмай қолди. Адвокат ҳам Баҳром борлигини энди сезгандай, ниҳоят у томон ўгирилди. Шишиб кетган бурнига кўзи тушиб анграйиб қолди. Курсига бориб ўтираркан, гўё ҳеч нарсадан хабарсиздай:

– Сизни ким урди? – деб сўради.

Адвокатнинг сўрови ҳам, оҳанги ҳам Баҳромга эриш эшитилди.

У гўё кўзи очиқ туш кўриб ўтирган одамга ўхшарди. Қаршисида ўтирган адвокатни боятдан буён ўз хаёлида айланаётган тасвир деб ўйлади. Икки қўлини олдинга чўзиб, уни бармоқлари учлари билан пайпаслашга тушди. Бармоқлари ёғли бир нарсага текканда, тасвир телевизор экрани каби липиллаб ҳар томонга бошини олиб қоча бошлади. Чиқаётган саслар тушунарсиз эди. Бармоқлар аввал қандайдир ёғлиқ нарсага, кейин жунга теккандек бўлди. У ўзига ёқмаётган тасвирни йиртиб ташлаш учун ўтирган ўрнидан ирғиб турди. Сўнгра адвокатнинг:

– Ҳов инсон, жинни-пинни бўлмаганмисиз! – деган бақириғи янгради. – Одамнинг ҳар бало бўлгани яхши. Шунақа ҳам ҳазил бўладими?

Шунда тажрибали қўриқчи қўлидаги бакалашканинг сувини Баҳромнинг бошидан қуйиб юборди. У ёмон туш кўрган одамдай бир сесканиб тушди.

Кечадан буён бир кўришга зор бўлиб кутиб турган одами қора дипломат тутганча унинг қаршисида ўтирарди. Баҳром унинг қаердан пайдо бўлиб қолганини тушунмай алангларкан, ўзига ғазабнок боқиб турган терговчи билан қўриқчини кўрди. У ўзини жуда ёмон ҳис қилаётганди. Аммо  тезда ўзини қўлга олди ва:

– Сиз билан жиддий гаплашиб олишимиз зарур, Шамшод ака! – деди ҳалиям анқайиб ўтирган адвокатга.

Унинг эндиликда ўта ҳушёр бўлиб қолганлиги боисини тушунмаган терговчи, фирибгарлар билан эҳтиёт муамола қилиш фойдадан холи эмас дегандай, қўриқчига назар солди. Қўриқчи елка қисиб қўйди. Ҳалигача бирон-бир хулоса чиқара олмаётган адвокат кўзларини пирпиратиб, “мен нима айб иш қилдим”, дегандектерговчига боқарди.

– Тезроқ! Қурбонов прокурорга бориши керак! – деди терговчи ва стол устидаги қоғозларни бир даста қилиб тахлаб, хонадан чиқди. Қўриқчи унинг ўрнига ўтириб Баҳромни кузата бошлади. Унинг феъли айнишидан чўчиётган адвокат эҳтиёткорлик билан қайтиб курсига ўтирди. Уч дақиқача илгариги воқеа унинг юрагини олиб қўйганди. У терговчининг гумонларига зид ўлароқ, Баҳромнинг жинни бўлиб қолганига ишонарди. Шундай бўлмаганда ҳам, тезроқ жинни бўлишини жуда-жуда хоҳларди. Вазият шунчалар чигал эдики, у бошини йўқотиб қўймаганда, адвакотнинг жинни бўлиб қолиши ҳеч гапмасди. Ишни ёпиш учун берилган ўн беш минг доллар вақти келиб кимларнидир сафдан чиқариши мумкин эди. Воқеалар оқими бу ишлар яхшилик билан тугамаслигидан дарак бераётгандек эди. Бош терговчи билан Ғиёснинг ўйинлари туфайли “ёмон мижоз”га дуч бўлган адвокатнинг ҳалқадан бошини чиқариб олиши осон кечмаслиги ўзига ҳам аён эди. Хавфсизлик идоралари ишни силлиқ олиб бориш учун хўжакўрсинга ёлланадиган ҳар бир адвокат каби, Шамшод ҳам бу гал сезмай қолиб бошини ғалвага тиққанди.

У аслида бош терговчининг бошқарма бошлиқлиги курсисига ўтиришини кутаётганди. Гулмурод бугун туманга бош бўлса, эртага шаҳарни бошқаради, деб ўйларди. Адвокат унинг орқасидан мўмайгина ақча ишлаб бой бўлмоқчи эди. У ичиб олиб Баҳромга валақлаган бу гаплари ўз бошига бало бўлишидан қўрқарди.

       Адвокат ўзининг “Гулмурод яқинда бошлиқ бўлади. Бошлиқ бўлгач, яна ҳам кўп пул ишлагиси келади. Унга ҳамиша ишончли одамлар зарур” деган сўзларини эсларкан, ўзига гўр қазиб қўйганини тушуниб вазиятни юмшатиш мақсадида:

– Қайси ҳайвон сизни бу аҳволга солиб қўйди? – деди.

Унинг терговчи каби бўлиб ўтган ишлардан тўлиқ хабари борлигига заррача гумони йўқ Баҳром:

– Сиз ўйлаётганингиздек, мени ҳеч ким калтаклагани йўқ, машинадан тушаётибтуртиниб кеттим! – дея хотиржам жавоб қайтарди.

Гапнинг асосий мавзуга тақалишини истамаган адвокат уни чалғитиш учун овозини янада юқори кўтариб:

– Яширманг, сизни калтаклашган! – деди. – Қўрқмасдан, тўғрисини айтишингиз лозим. Мен улар устидан прокурорга арз қиламан. Улар мамлакат қонунларини менсимайдиган бўлиб қолганларми ҳали?

У фойдасиз гаплар билан авраб турса, Баҳромни исталган вақтда прокурор олдига олиб чиқиб кетишларини яхши биларди. Унинг жонсараклиги сабабини англабтурган Баҳром вақтни бой бермаслик учун тиришарди.

– Мени бугуннинг ўзидаёқ бу ердан олиб чиқинг. Қўлингиздан келмаса, кечгача ўн беш минг долларни уйимга олиб бориб, ўғилларимга санаб топширинг! – деди у кескинлик билан.

Баҳромнинг шунга ўхшаш гап қилишини адвокат кутган бўлса ҳам, қулоқ-чаккасига тарсаки еган одамдай, жойида бир замон қотиб қолди. Бақанинг кўзларисингари бўртиқ кўзлари кўзойнак остидан бақрайиб, оғзи ўз-ўзидан очилди-да, томоғига тиқилган тили зўрға айланиб:

– Масала ҳал бўлган! – деди талмовсираб, кал бошини қашларкан. – Кеча сизни шаҳар бошқармасига олиб кетганларидан бир оз ўтиб Гулмуроднинг хонасида йиғилдик. Гулмурод туман прокурори Баҳром Эрмаматов билан гаплашадиган бўлди. Миллий хавфсизлик ходими Шерзод деган йигит билан Ғиёс бугун прокурорга кириб ишингизни битиради. Чиқиб кетадиган бўлиб турипсиз-у, гапираётган гапингизга қаранг. Атторнинг қутисида йўқ нарсаларни тинтиб топасиз-ей!

Ўзини чалғитиш учун айтилаётган бу гапларнинг таги пучлигини тушуниб турган Баҳром:

– Мен сизга ҳам, Ғиёс билан Гулмуродингизга ҳам, прокурорингизга ҳам ортиқ ишонмайман. Авровларингизга лаққа тушиб ёш бола сингари алданганим етади! – деди.

– Яхши ният қилинг! – деди адвокат. – Одамзотнинг оғзидан чиққан ҳар бир сўзга фаришталар омин дер эканлар. Ниятингиз ёмон бўлганидан сўнг, Тангри сизга яхшиликни раво кўрмайди-да.

Унинг гапларидан ғазаби қўзиган Баҳром ўзига мутлақо ярашмаган тарзда қаҳ-қаҳ отиб кулиб юборди. Яра-чақа босган башараси баттар хунуклашди. Адвокат унинг ақлдан озганига энди чиндан ҳам ишониб, дипломатини кўтарганча қўриқчига яқин борди.

Ўрнидан ирғиб турган қўриқчи:

– Ўзингизни босинг, ака! – деди Баҳромга. – Бу жой ҳайвонот боғи эмас.

Кулгидан тўхтаган Баҳром кишанли қўлларини пешонасидан тушириб:

– Ҳа, бу жой ҳайвонот боғи эмас, лекин мен ҳайвонман! – деди. – Мени маймун каби ўйнатяптилар. Булар мени қаматмасдан қутқариб оламиз деб ҳалол меҳнатимгаолган уйимни туя қилдилар. Тагимдаги машинамни соттирдилар. Ота-онам, хотиним, болаларим олдида, қариндошлар ва қўни-қўшнилар олдида субутсиз қилдилар, бебурд этдилар. Яна жанобларининг Тангри ва фаришталар ҳақида оғзини кўпиртириб гапиришига ўласизми? Одамзот шунча ҳам безбет бўладими? Нимадейишни ҳам билмасдан қолар экансан…

Унинг ҳали ақлдан озмаганидан ичида хафа бўлган адвокат:

– Бугун чиқариб оламиз деб айтдим-ку! – деди унга. – Сизга тағин нима ёқмаяпти, тушунмаяпман.

– Барча нарса… тушундингизми, ҳаммаси ёқмаяпти! – деди Баҳром. – Чунки бу ваъдаларнинг чўпчаклигига кеча тунда тўлиқ иқрор бўлдим. Очиғини айтганда, мен қамалишни хоҳлаяпман, ҳа-а, қамалишни хоҳлаяпман! Қулоқларингиз тўғри эшитяпти, қамалишни хоҳлаяпман!

Соғлом ақлга сиғмайдиган сўзларни эшитган адвокатнинг кўзлари катта-катта бўлиб очилди. Ҳали унинг ақлдан озмаслигини ўйлаб хато этганини англагач, чиндан-да Баҳромнинг руҳиятида касалик аломатлари бошланганига гумони қолмади.

– Қамалишга ҳамиша улгурасиз! – деди у. – Биз берган ваъдамиз устидан чиқиб,сизни бу жойлардан қутқариб, бола-чақангиз қўлига соғ-омон топширайлик. Жуда қамалгингиз келаётган бўлса, кейин қамалаверасиз, қўлингизни ушлаб турган одам йўқ.

 Баҳром ўзининг аҳволига тушган ҳар бир кимса сингари қамалишга маҳкум эди. Буни ўзи ҳам идрок этарди. Мудҳиш йўлдаги машаққатларни англаш, сабаб-оқибатларни ўрганиш аслида унинг кўп йиллик орзуси бўлиб, уни амалга оширадиган кун келганди. У энди Мустақиллик йиллари қатоғонлари ва қийноқлар ҳақида китоб ёзади. Кўз билан кўриб ёзилган асар таъсирли ва ҳаётбахш бўлади, ўзликни топишдавосита бўлиб хизмат қилади. Машаққатли ва шарафли ишни уддалай олса, кўҳна Турон ҳудудларида ҳеч кимга насиб этмаган вазифани амалга оширади. Битилажак китоб “тўрт юз йиллик истибдод”, “жаҳолат” ва “маърифат”га бағишланади. У“жаҳолат водийси”да содир этилаётган разилликларни бор бўй-басти билан тасвирлайди…

– Жуда олиб чиққингиз келаётган экан, сизга нима халақит бераяпти? – деди у адвокатнинг башарасини янаям яқинроқдан кўргиси келиб.

У бир нима дейишга андиша қилаётган оқил одамдай, кўзларини қисиб, мўйловини ликиллатди-да, мийиғида кулди. Сўнгра кўзойнаги устидан тикилиб:

– Сиз, сиз халақит беряпсиз, Баҳромжон! – деди.

– Мен қандай қилиб халақит беришим мумкин? – деди Баҳром. – Тутқун бўлсам, қўлларим кишанда бўлса?! Бирор кимсани кўролмасам, бирор кимса билан гаплаша олмасам?!

– Пулни қайтар, дейсиз, қамалгим келиб қолди, дейсиз! Ўйланмасдан айтилган ҳар сўз эркин ҳаракатга руҳий зарба бўлишини тушунасизми ўзи? Қудратжоннинг олдида оғзингизга келганини қайтармаяпсиз. Адвокат “Қудратжон” деганидақўриқчига қайрилиб, қўлларини кўксига қўйди. Бу билан Баҳромнинг бемаъни қилиқлари учун ундан узр сўраган бўлди. Тағин Баҳромга ўгирилиб, гапида давом этди: – Қудратжон яхши укамиз. Ундан бошқа одам бўлганда, барчасини оқизмай-томизмай Гулмуродга етказарди. Шундай бўлса борми, озод бўлиш нари турсин, тириклигингиз савол остида қоларди. Кечаги азоб-уқубатлар буниси олдида ҳолвабўларди…

Адвокатнинг билиб-билмай оғзидан гуллаб қўйган сўзлари Баҳромнинг кўзларинимошдай очди. У тунги воқеалардан хабардорилигини ўзи фош этиб қўйди. Бояги анойиликларининг бариси, атайлаб қилинганлиги билиниб қолди. Баҳром бунисезаётган бўлса ҳам, барчаси шу чоққача гумон эди. Демак, бош терговчи Гулмурод Гулматов, бошқарма бошлиғи ўринбосари Болдирбой Усербаев, Ғиёс, прокурор, адвокат ва терговчининг бу ишда сиртдан бўлса ҳам ўзаро ҳамкорлиги бор эди.Мақсад риёкорлик йўли билан  бойлик орттириш эди. Баҳром навбатдаги қурбон эди, холос!

“Йўқотилган нарсадан воз кеч. Қамоқ сен учун нажот йўли, талашсанг, ажал чангалига тушасан”, деган фикрни адвокат шама билан бўлса-да Баҳромга етказди. У буни тушунди. Энди у адвокат йўриғига юриб, қамалиб чиқади. Бу танлаган йўлига деярли мос тушади. Йўқотадиганларидан топадиганлари, эҳтимолки, кўпроқ бўлар…

Шунда ўзини қуёшли кунда дор остигача судраб келган Ғиёс ва унинг шериклари қиёфаси унинг кўзлари олдидан ўта бошлади. Ўзининг қанчалар галварс бўлганини англаб, юрагига тикан санчилгандай, кўкраги зирқираб кетди.

У қўрқаётганлигини билдирмаслик учун кўзларини қўлидаги кишанга тикиб:

– Шамшод ака, мен қизишиб кетипман, узр! – деди. – Гулмурод билан Ғиёснингмени ташлаб қўймасликларига ишонаман.

Унинг чекинганини кўрган адвокат:

– Бу бошқа гап. Сиз фаросатли йигитсиз, бу гапни Гулмуродга етказсам,ярашади! – деди.

Чорасиз Баҳром денгизда адашган кема каби ҳимоясиз ва ночор эди. Уни дўст деб юрган кимсалари пайдо этган шамоллар қайси томонга ҳайдаса, у ўша томонга сузарди. Уни осуда оқим кутадими ёки тўфонлар, ҳеч ким билмасди.

Қамалиши аниқ бўлгач, бошида туриб, ўзини мақтаётган адвокатнинг гаплари бу қулоғидан кириб, у қулоғидан чиқиб кетди. У адвокатга, “кеча нега ортимдан етиб бормадинг ёки бугун прокурорга бориб, айбсизлигимни исбот қил”, дегандан наф чиқмаслигини энди яхши биларди…

Давоми бор