Эшитилмас ҳеч-да доди йигитнинг

Эшитилмас ҳеч-да доди йигитнинг
19 views
26 June 2017 - 8:00

МАХДУМҚУЛИ

Биринчи китоб

Йигитнинг

Оға-беклар, олам узра қирғин, дод –
Мудом кишнаб турсин оти йигитнинг,
Елкасида қурол-аслаҳа шамшод,
Рўзғори – давлати, ёди йигитнинг.

Мард йигит учраса ганжи-ниҳона,
Тошни зийнат билмас, боқмас макона,
Моли сероб бўлса, оқилу доно,
Уйилар Қуръона боди йигитнинг.

Мард йигитга кенг йўл, тўғри сўз керак,
Комил бўлса, билим – кўрар кўз керак,
Бекамолнинг хайри йўқдир – ноз керак,
Нокас бўлса, йитар оти йигитнинг.

Жўмардларга мадад берса фаришта,
Тўрт тарафда молу мулки саришта,
Обрўсинда омад боқса ҳар ишда,
Ўчмасин сийнасин ўти йигитнинг.

Қизил гулнинг тани бўлмас тиконсиз,
Эркак бўлса, йигит бўлмасин орсиз,
Элсиз, қариндошсиз, қолса ғамхорсиз,
Эшитилмас ҳеч-да доди йигитнинг.

Ичи тўла дарддир, келтирмас тилга,
Ишқи отдир, иши олмос тиғ била,
Жаннат ичра ўхшаш қирмизи гулга,
Даркор сулув паризоти йигитнинг.

Махдумқули, бўлса йигит хуружи,
Адолат устинда девон сўргучи,
Қўли очиқ, ҳар фақирнинг таянчи,
Доно бўлсин, чин устоди йигитнинг.

*****

(давоми бор)

Туркманчадан Ислом Холбой ўзбекчалаштирди