Тиниш белгилари

Тиниш белгилари
74 views
28 June 2017 - 6:00

Дейлик, менинг хотиним вергулга ўхшайди.

Адабий ходим — ундовнинг ўзгинаси.

Журнал муҳаррири — нуқта.

Бу, албатта, хаёлпарастлик оқибати. Бунинг асосий гапга ҳеч бир дахли йўқ.

Асосий гап шундаки, мен унчалик камтар эмасман.

Ёзган шеърларимни ҳатто хотинимга ҳам ўқиб беришим мумкин. “Хотининг ким бўпти?” — дейсизми? Тухум қовураётган мана шу аёл менинг хотиним бўлади. Ёки ким менинг уйимда кир ювса, шубҳасиз, у киши каминанинг жуфти ҳалоли бўлади. Уйни супураётган ҳам, ахлатни чиқариб ташлаётган ҳам менинг хотинимдир. Шунинг учун бўлса керак, мен унга шеър ўқисам, у доим тухум қовураётган ёки кир юваётган бўлади.

— Бу ёзганларингни шеър қилиб бўлмасмикин? — дейди у менга ачиниб, — на қофия бор, на оҳанг…

— Савия борми ўзи сенда? Ҳамма шеър ҳам қофияни кўтаролмайди… Оҳанг эса, фикрнинг ўзида. Фикр эмас, туйғунинг ўзида.

— Мен сенга “ёзма” деётганим йўқ, ёзавер, лекин оҳангсиз шеър шеър эмас-да, — жавоб беради ўжар хотиним.

“Мен бастакор эмасман-ку!” — деб бақиргим келади-ю, тилимни тияман. Фақат тилимни, ўзимни эмас… Кейин, чопиб адабий ходимнинг ёнига кетаман. Йўл-йўлакай хотинимга ўқиган шеърлардаги тиниш белгиларини олиб, йўлда сепаман — керак одам териб олаверсин.

Мана, ўтирибди адабий ходим.

Журналхонлардан келган бир уюм хатга жавоб ёзаётган бу йигит менинг дўстим бўлади. Ўзи ёмон кўрган сохта шоир юбилейига мақола ёзишга мажбурлигини айтиб, тинмай нолийдиган шу йигит билан бирга ўқиганмиз. Хуллас, мана шу кичик хонада энг асабий, энг ишчан, энг фидоий бирон инсон бўлса — у менинг дўстимдир. Шунинг учунми, мен шеърларимни ўқиб берай десам, у қўлимдан тортиб олади ва ўзи ўқий бошлайди.

— Нега тиниш белгиларини олиб ташладинг?! — деб бақирди у бир зум ўтмай. — Оригиналлик қилмоқчи бўпсан-да! Бу асар эмас!

— Мен асар деётганим йўқ.

— Бўлмаса нега олиб келдинг?

— Журнал фақат асарларни босадими?

Дўстим ўзини йўқотиб қўяди. Мен ҳам уни йўқотиб қўйишдан қўрқиб, ўзимни оқлай бошлайман:

— Ахир тиниш белгиларини фақат мен эмас, жуда кўпчилик аллақачон обташлаган. Бунинг сабаби оригиналликка интилиш эмас, балки, ёзган кишининг ички эҳтиёжидир: тиниш белгиларсиз ёзилган шеър (агар чинакам шеър бўлса) ўқувчини диққат билан ўқишга мажбур этади, паузани ўзи топишга, демак, фикрнинг ичига киришга ёрдам беради. Бунинг устига, шеър деган нарса, айниқса, бугунги шеър монолог эмас, ички монологга яқин — одам ичида гапирганда “Эшмат келди: вергул, Тошмат келди : вергул” ёки “мен севаман: ундов”, деб гапирмайди-ку? Тиниш белгилари умуман керакмас, деб айтмоқчи эмасман. Фақат манави шеърларга қўймаса ҳам бўлади. Демоқчиман…

Сўнгги сўзларни ямлаб қўйганимни сезган адабий ходим яна хужумга ўтади ва бу сафар ўзининг (фақат ўзининг эмас) энг қадимий қуролини ўқталади:

— Сен анъана деган нарсани биласанми?

— Қайсинисини айтаяпсан, шаклдами ёки мазмундаги анъананими?

— Иккови бир нарса.

— Раҳмат сенга, — дейман дўстимнинг ҳамиятини аллалаб. — Энди айт-чи, шеърда — майли, у тиниш белгиларисиз бўлсин, — самимийлик анъана эмасми? Сўздаги маълум имкониятларни ахтариш-чи? Ниҳоят, шу ахтаришга ҳуқуқнинг ўзи анъана эмасми?

— Гапни олиб қочма. Ҳаммангни биламан, “оригинал” бўлмоқчисанлар, олифталик қиласанлар. Ҳо, бола, Ғарбнинг қозонига яқин юрма!..

Унинг сўнгги жумлани шивирлаброқ айтгани яна асабимга тегади, бақириб бергим келади-ю, лекин тилимни тияман. Лекин, ҳамон тилимни, ўзимни эмас.

— Биринчидан “оригинал” бўлишга интилиш гуноҳ деб хато қилаяпсан, қолаверса, шеър ёзаётган одам ўзининг қандай бўлиши кераклиги ҳақида кам ўйлайди, “Ғарбнинг қозони”га келсак, унинг фақат қораси эмас, таоми ҳам бор. Биз Шарқдан ҳам, Ғарбдан ҳам юз ўгирмаслигимиз керак.

— Биздан бир-икки кўйлак олдин йиртишга улгурганларнинг йикри бу, ҳурмат қил.

— Ҳурмат қиламан, аммо кўйлак йиртишдан осони йўқ. Бундан кўра фикримиз йиртган кўйлакларни санаган маъқул.

— Ҳозир кўрамиз ўша фикрингни, — дейди менинг дўстим ва адабий ходим, сўнг яна кўзларимни яна менинг қоғозимга тикади. Мен эса, “тиниш белгилари”дан эсон-омон ўтганимга шукр қилиб тураман.

— Бу насрми, назмми? — дейди бошини кўтариб адабий ходим.

— Бу назм

— Бу ёзганларингни шеър қилиб бўлмасмикан? — дейди у мени эшитмагандай. Мен қулоғимга ишонмайман: “Ҳозиргина шу гапни хотиним айтган эди-я!”. Мен зудлик билан хотинимнинг савиясига қойил қоламан, “журналда ишласа ҳам бўларкан-ку”, деб завқланаман.

— Ахир, — дейди адабий ходим хаёлимни бўлиб, — ҳатто насрий шеърларда ҳам маълум қаҳрамон бўлиши керак. Олтмишинчи йиллар шеъриятининг қаҳрамони ким, биласанми? У ижтимоий ишларга фаол аралашувчи фуқаро… проблемалар қўядиган, завод ва фабрикаларни, қурилишларни куйлаган шоирдир унинг қаҳрамони!

Гап олганда, мен адабий ходим олдида бутун такаббурлигимни ишга солсам ҳам ўз қаҳрамонларимни “у мана бундай ” деб айтолмас эдим. Иложсиз бир йўлни танлайман:

— Унинг ким эканлигини тушунтириб ўтиришдан кўра, ким эмаслигини айтиш қулайроқ: у носамимий эмас, насиҳатгўй эмас, қасидабоз эмас, характерсиз эмас…

— Бас қил, — дейди у гапимни бўлиб. — Сен масхарабоздан бўлак ҳеч ким эмассан. Шунга қарамай, мен шеърларингни ҳозир муҳаррирга олиб кираман, лекин ўтмаса — Ўзингдан кўр!

У эшикни қарсиллатиб ёпиб, чиқиб кетади.

Албатта, ўзимдан кўраман, дўстим, чунки камтар эмаслигимни боя тан олдим. Камтар одам индамайди. Жимлик камтарликдир. Гапирдингми, нимани гапирсанг ҳам, камтар эмассан! Камтар одам, аввало, шеър ёзмайди, агарда ёзса, бировга ўқишдан уялади, бостиришга истиҳола қилади. Нима бўлса ҳам, ўзимдан кўраман, дўстим.

Ярим соат ўтар-ўтмас, ходим қайтиб киради. Менинг шўрлик шеърларимни столга улоқтиради:

— Айтдим-ку, ўтмайди деб!.. Сени деб роса қизардим. “Буларинг бизнинг адабиётни йўқ қилишга тайёр!” — деб бақирди менга! Тиниш белгиларини қўйсанг ўлармидинг!

— Кечирасан, янаги сафар тиниш белгилари билан келаман. Аммо муҳаррирингга айтиб қўй, унинг адабиётини битта ўзим йўқ қилолмайман — қўрқмасин. Бу нарса менинг қўлимдан келмайди.

Ходим стулга чарчаб ўтираркан, менга ачиниш билан, гоҳо меҳр билан, узун-узун тикиларди. Бу қарашидан ўзимга-ўзим раҳмим келиб кетарди. Шошилиб қоғозларни йиғиштираман, ҳаялламай эшикка отиламан.

Журнал биносидан чиқаётиб, қўлимдаги шеърлар остига муҳаррир қалами билан битилган чиройли ёзувни ўқийман: “Буларни шеър қилиб ёзса бўлмасмикан?”

Бу ёзув мени эсанкиратиб қўяди. Олтин топган қулдай, қадимий битикларни кашф қилган тарихчи олимдай, қувониб кетаман. Бирдан хотинимни кўргим, уни қучиб олгим келди.

1980

(15)
Муҳаммад Солиҳнинг 2013 йилда Истанбулда чоп этилган “Иқрор” китобидан. (54-57-саҳифалар.)

(давоми бор)