Покланаётган умид

Покланаётган умид
27 views
30 June 2017 - 6:00

(суҳбат)

Иброҳим ҲАҚҚУЛ: Шеър давр овози. Унда замон одамлари қалбидан чуқур ўрин олган ҳақиқатлар акс этади. Давримиз нафаси кун сайин ўзгариб, янгиланаётир. Вақт — адолатли ҳакам — дунёдаги собит орзу-армонлар истиқболи учун ҳаракатда. Одамлар руҳини қақшатиб, эртасини абгор қилаётган катта-катта ёлғон ва алдовлар ер юзида қанчалик кўп ва хилма-хил бўлмасин, улар шеъриятнинг зийрак нигоҳидан яширин қолаётгани йўқ. Ҳаётдаги кўп нарса ва ҳодисаларга бошқача, ҳушёр руҳ билан қараладиган, уларнинг моҳияти теран чегараларда идрок этиладиган бўлиб қолди. Шундай бўлиши керак ҳам эди. Акс ҳолда, инсоният маънавиятида инқилобий бир кўтарилиш бўлмаган, ёвузлик, адолатсизликнинг ниқобли кўринишларига нисбатан интиқом кучаймаган бўларди. Она сайёрамизга ишонмоқ керак. Унинг дардлари беҳад улуғ. Қайси халқ, қайси ватан қисматида қандай ҳодисалар содир бўлаётир — у булардан хабардор. Шунинг учун ҳам унинг тўлғонишлари ғоятда қайғули. Тараққиёт билан боғлиқ мана шунга ўхшаш долзарб муаммолар устида мулоҳаза қилганда, беихтиёр шеърият, унинг ижтимоий вазифаси тўғрисида ўйланиб қоламан. Келинг гапни шеъриятнинг ижтимоий қиммати, унинг дунё олдидаги масъул хизматларидан бошлайлик.

Муҳаммад СОЛИҲ: Менимча, дунёни ўзгартиришга “бел боғлаган” санъат турларининг ичида энг камсуқуми — шеърият. У деярли бу ишга дахлдор эмас. Аммо, шеъриятдаги бу скептитсизм — мангу умидбахшдир. Чунки, шеър бизнинг ташқи фаолиятимиз асоси бўлмиш ҳиссиётимизни тарбиялайди. Шеърият таъсирининг қамрови кенг, лекин у таажжубланарли даражада ботинийдир. Синчиклаб кузатсак, эзгуликка хизмат қилган ҳар бир шахс ўз ватанини севган, дунё тақдири учун қайғурган ҳар бир одам шеъриятни ҳам севганига ва унга суянганига гувоҳ бўламиз. Эрнесто Че Геваранинг инқилобий ҳаёти тилларда достон, аммо у ёшлигида қайси шеърлардан илҳомланганини унинг ўзи ёки биографларидан бошқа ҳеч ким билмаса керак. Демак, шеърият ўз ишини шов-шувсиз бажарадиган қаҳрамон — номаълум қаҳрамондир.

И.Ҳ.: Шеърият зиммасидаги биринчи вазифа — Ватанга хизматкор бўлиш. Қалбда ватани бўлмаган шоир — шоир эмас. Менимча, шоирлик ватан тўғрисидаги юзаки ва сохта, яъни, тил “безаги”га айланиб қолган тушунча ҳамда тасаввурларни ажратиб ташлашдан бошланади. Мен Робиндранат Тагор қаҳрамонларини жуда севаман. Улар ватанларининг асл қиёфасини қалб нигоҳи билан кўришга, унинг юрагига яқинлашишга интилишади. Бу эса, энг муҳими. Биз талант ҳақида шавқ билан гапирамиз, лекин унинг шижоат даражаси қандай — баъзан буни мутлақо эсдан чиқарамиз. Натижада, ватанпарварликдай муқаддас туйғу ниқобга айланаётганини сезмай ҳам қоламиз. Шундай шоирлар бор: сўзни ялтиратишга моҳир, вазну қофияни ўрнига қўйишади, ҳатто самимийлигига ҳам унча шубҳаланиб бўлмайди. Лекин, шеърларини ўқиб, чуқурроқ мулоҳаза қилинса, уларнинг ватани — оиласи, халқи — бола-чақаси эканлиги равшан назарга ташланади. “Агар ёзувчининг ахлоқ кодекси тузиладиган бўлса, мен ҳалоллик билан шижоатни биринчи модда қилиб қўяр эдим, чунки ёзувчининг бошқа ҳамма хислатлари унинг қай даражада ҳалол, нақадар шижоатли зеҳнига боғлиқ”, — деганида, Абдулла Қаҳҳор ҳақ бўлган. Ватан ҳақидаги сўз ижодкордан шу даражада ҳалол бўлишни талаб қилади-ки, буни таъкидлашга ҳожат йўқ. Биз Абдулла Ориповнинг биринчи шеърларини мактабда ўқий бошлаган эдик. Кундан-кунга унга қаттиқ боғландик — она Ўзбекистонимиз сувратини бошқача кўриб, унинг юрак асарларига кенгроқ қарайдиган бўлдик. Шу маънода Абдулла Ориповнинг бугунги ёшлар шеъриятига кўрсатган таъсири ҳам шубҳасиз, албатта. Йўқ, бошқа шоирлар ижодини камситиб, Абдулла Орипов шеъриятини ягона мезон қилиб кўрсатмоқчи, деб ўйламанг. Ғафур Ҳулом, Ҳамид Олимжон, Миртемир каби улкан санъаткорларнинг анъаналарини давом эттириб, ватан мавзуида ўз гапларини айтаётган, шу туфайли ўқувчиларнинг меҳр-муҳаббатини қозонган шоирларимиз кўп.

Шеърият — бутун моҳияти билан бедорликка даъват. Шоирлик руҳан бедорлик, жамият, давр, халқ, энг аввало ватан олдидаги бедорлик. Шоир одам мудроқ ҳиссиётларга таяниб яшаши, маълум бир тоифа кишиларга ўхшаб ватан ва унинг қисмати билан боғлиқ воқеа-ҳодисаларнинг шарпаларинигина кўриб-кўрмасдан қаноат қилиши мумкин эмас. Унинг мангу беором руҳи, ҳаловат билмас юраги қайси бир даражаларда бўлмасин, аниқлик маркази. Унда ватан тўғрисидаги муқаддас ҳақиқатлар акс этади. Унда чин эрк ва истиқбол тимсоли — ҳур ватан яшайди. Мана шунинг учун шоир қалбини биз олам ичидаги нурли ва таянч — олам — ростлик олами ўрнида қабул қиламиз. Лекин кўпгина ёш шоирларнинг шеърларида ватандан кўра унга “доир” асоси суст ҳис-туйғулар акс этаётганга ўхшайди. Ёки менга шундай туюлаётирми?

М.С.: Ватан — мен учун мутлақо шахсий, ички тушунчадир. Бу ҳақда кўп гапириш, очиқ-яланғоч сўзлаш ахлоқсизликнинг бир кўринишига ўхшайди. Сиз ёшларни айтаяпсиз. Аслида, бу насдан-наслга ўтиб келаётган касаллик: баъзи ёш эмас шоирларимизнинг ижоди ўша касаллик “шарофати” билан яшаб келяпти. Бугунги кунда декларативликнинг ёмон эканлигини гапириб ўтиришнинг ўзи уят. Аммо, гапиришга тўғри келади. Балким, ўн йилдан кейин бу уят янада кучаяр, бироқ ўшанда ҳам гапиришга тўғри келмаса, деб қўрқади одам. Менимча, ўқувчини ҳаяжонга соладиган ҳар қандай яхши шеър ватан ҳақидаги шеър бўлиб қолаверади. Яъни, майсага бағишлаб “асоси суст” шеър ёзган одам Сиз айтган “мавзу”да ҳам дуруст нарса ёзиши гумон. Нимага шундай? Билмайман. Бир нарса дейиш қийин.

… Барглар орасига тинмасдан сира
Ошно юлдузлардан тўкилади нур.
Билмайман, қийнайди қайси хотира,
Титроқ юлдуз каби музлаган шуур.
Мағлуб баҳодирнинг найзаси мисол,
Маъюс эгилади терак учлари.
Барглар соясида ўйнайди беҳол
Уйқудаги қизнинг бедор тушлари…

Бу Абдулла Ориповнинг “Баҳор кунларида кузнинг ҳавоси” шеъридан бир парча. Назаримда, уни ватан ҳақидаги юксак шеърият намуналари қаторига қўйса арзийди. Лекин афсуслар билан шуни тан олишга мажбурмиз-ки, ҳатто Абдулла Ориповдай катта шоир ижодидa ҳам гоҳо ўз иқтидори ва аввалги шижоатига номуносиб ҳолатлар кўриниб қоляпти: шоирнинг кейинги китобларидаги айрим мадҳия шеърлар унинг энг содиқ мухлислари даврасида ҳам парокандалик уйғотди.

И.Ҳ.: Ҳар бир миллий шеъриятнинг келажаги — ёшлар, ўспирин авлод ижоди. Кейинги йилларда ўзбек шеъриятига кўпгина ёшлар кириб келди. Уларнинг ижодий тажриба ва изланишларини кузатиш жуда мароқли. Бу ўринда бир жиҳатга диққатни тортмоқчиман.

Шарқ — дунё шеъриятининг асосий бешикларидан бўлганлиги маълум. Шарқ шеърияти — инсоният бадиий тафаккури эришган энг юксак чўққи. Унинг Жалолиддин Румий, Ҳофиз Шерозий, Абдураҳмон Жомий, Алишер Навоий, Заҳириддин Муҳаммад Бобур, Мирзо Бедил каби ўнлаб даҳо вакиллари бор. Ва бу шоирларнинг ижодиётга хос руҳий теранлик, дард, инсон қалбига фавқулодда чуқур кириб, унинг қайғу-ҳасратларини тирик оҳангларда акс эттириш санъати ижод аҳли учун ибрат намунаси бўлиб қолавериши гумонсиз. Балки, маълум ҳақиқатларни айтаётгандирман. Аммо аниқ ҳақиқатлардан узоқлашишлар ҳам баъзи муаммоларни туғдирар экан-да! Гап нима ҳақида бораётганлигини сезгандирсиз. Ёш шоирларимиз нега Шарқ анъаналарига бепарво бўлиб боришаётир. Бу “узоқлашиш” жараёни ёмон оқибатларга олиб келмасмикан?

М.С.: Менимча, бу масалада она тилимиз — ягона таянчдир.

Тил кўп нарсани ҳал қилади: тил — табиат, тил — ўзлик, тил — томиримизда оқаётган қондир. Мен тилга, она тилимизга ишонаман. Тил стихияси ўзига бўйсундиради ва ҳар қандай тақлид чангалидан — ғарбгами, шимолгами — қутқариб қолади. Лекин “Ғарб таъсири”деган гап кўнглингизда кечган бўлса, у биз ўйлаганчалик ёмон эмас, Ғарб шеърияти ўзининг илғор қирраларини Шарқ адабиётида чархлагани ҳаммага маълум. Демак, айлантириб келганда, бу таъсир ҳам “ўзимизники” чиқиб қолди.

Иккинчидан, миллий шоир дегани, менинг тушунишимча, ўзидан олдинги шоирларни такрорлаган шахс эмас, балки, адабиётга биринчи галда ўз характерини олиб кирган одамдир. Вақти келиб, она тилимизда ёзадиган бирорта янги шоир пайдо бўлиб қолса, биз уни “энг миллий шоир” деб тан олишга тайёрмиз. Америкалик шоир, Нобел мукофоти совриндори Т.С.Элиот шундай деган эди: “Биз қуйидаги саволлардан иложи борича қочишимиз керак: “Бу янги ёзувчини ҳақиқий америкалик ёзувчи деб айтиш мумкинми? Унинг ижоди адабиётда Америка руҳини ифодалайдими?”

Равшан кўриниб турибди-ки, бу танқидий мезон ижоддаги оригиналликни ўлдиради. Янги номлар пайдо бўлар экан, жуда кўп ҳолларда “Бу ёзучида инглиз руҳидан асар ҳам йўқ!”, “Анавинисида франсуз руҳи йўқ”, деган таъналар эшитилади… Аслида, тирик адабиёт доим ўзгариш жараёнида мавжуддир. Бир замонда яшаётган адабиётлар бири иккинчисига ҳамиша таъсир қилиб туради, бири иккинчисини ўзгартириб боради.

И.Ҳ.: Солиҳ, “Ғарб таъсири”ни ёмон дейишни мен хаёлимга ҳам келтирганим йўқ. Бундан ташқари, “ўзидан олдинги шоирларни такрорлаган шахс”ни ким ҳам миллий шоир деб билади? Менимча, ҳеч ким. Шоир адабиётга характерини олиб кириши — аксиома. Тил — она тилга суянишни яхши айтдингиз. Лекин асосий кўпчилик ёш шоирларнинг худди шу тил жабҳасида оқсоқланаётганликларини ҳам биласизми? Ғарб шеърияти хусусиятларини сингдириш, Шарқ адабиёти, яъни миллий заминдан узоқлашиш ҳисобига бўлмаслиги керак, шакл излаб шаклбозликка бориб қолиш ёмон — менинг гапларим мана шулар ҳақида эди. Ф.М.Достоевский: “Рус бўлатуриб, Пушкинни англамаган рус аталишга нолойиқдир”, деб Пушкинни бутун халқ тимсоли сифатида таърифлаган эди. Худди шундай гап Алишер Навоийга тегишли. Навоий — бу ўзбек шеъриятининг Ватани. Навоий — бу халқ руҳининг мангу осмони. Навоий шеърияти — уйғоқ сўзлар, тирик образлар ўлкаси. Жозиба ва сеҳр диёри. Хўш, айтинг-чи, сизга тенгдош шоирлардан қайси бири Навоий ижодиётидан жиддийроқ хабардор? Ёки шунга интилаётир? Энг аввало, бутун борлиғи билан Навоийга — шеъриятимиз ватанига боғланиш, шу ватан ҳаволари билан нафас олиб яшаш шарт. Бироқ, шунчаки ҳаракат, шунчаки ишқ, тахминий тасаввурлар билан эмас.

М.С.: Лекин Сиз юқорида келтирган Достоевскийнинг фикрлари шундай тугалланган: “Пушкин халқни қандай севиш кераклигини башорат қилмади, бунга тайёрланмади, махсус ўрганмади ва бир куни ўзи халқ эканлиги маълум бўлди”. Албатта, ёш шоирларимизнинг ҳаммаси ҳам, бир кун келиб, ўзида халқни тўла мужассамлаштиради, деган хулоса чиқмаслиги керак бундан. Бугунги адабиётимизда кечаётган жараённи бироз вақт ўтгандан кейин равшанроқ кўриш иложи бўлар, балким. Ҳар ҳолда, менинг тасаввуримдаги бугунги ёш ёзувчиларнинг маълум бир қисми изланаётган, воқеалар тумани орасидан ўзлигини танишга интилаётган, олий мақсадларни юзаки тушунчалардан ажратиб олишга интилаётган кишидир. Қувонарлиси шунда-ки, бизда шеърий шакллар устида чинакамига меҳнат қилаётган, уларни ИЧДАН ўзгартиришга уриниб кўраётган бир гуруҳ ёшлар бор. Буни “шаклбозлик” деб аташ адолатсизлик бўларди. Муҳаммад Раҳмон ва Усмон Азимнинг бармоқда битилган публицистик руҳдаги лирик асарлари, Тилак Жўранинг маъюс табассум билан қорилган эркин шеърлари, Йўлдош Эшбекнинг халқ қўшиқлари йўлида ёзилган жозибадор туркумлари — ҳаммасида ўзига хос куч, сеҳр бор. Уларни бирлаштириб турадиган фазилат битта — самимиятдир. Шакл улар учун ўйин эмас. Яна такрорлаш мумкин: шакл иқтидорли одам учун эрмак эмас ва бу йил ўтган сайин шоирларимиз ижодида ўз исботини топиб беришига имонимиз комил. Сарбаст шаклнинг бугунги кўринишлари ҳақида гапирсак, бу қадимий усулда ўз кучини синаб кўраётган қаламкашлар кўп, аммо сарбаст ҳали ўз мустақиллигига эришганича йўқ. Унинг на байроғи, на пойтахти бор. Ҳар ҳолда, амалга оширилаётган тажрибалар адабиётимизнинг ички эҳтиёжидан келиб чиқаётганлиги аниқ. Бизда сарбаст муаммоси деган муаммо йўқ. Ва бу мутлақо табиийдир. Анъана хусусидаги саволингиз эса, ёши қирққа яқинлашиб, ўзини ёзувчиликда сал бўлса-да, алоқадор деб санаган ҳар бир киши учун азобли саволдир. Менинг тенгқурларим — адабиётда бобоси бор, бироқ балоғатга етгунча бобоси билан юзма-юз келмаган, отаси бўла туриб, отасидан узоқда тарбияланган авлодга мансубдир: ўқиган мактаб хрестоматияларида Навоийнинг шеърларидан кўра, унинг “қисқача таржимаи ҳоли” кўп эди. Улар ўз келажагини китобларни адабиёт ва тил йўналишига маълум таъсир қилган алфавит ислоҳидан кейин, қолаверса, “конфликтсиз даври”да ўқиб чиқдилар. Шунингдек, биз йигирманчи ва ўттизинчи йиллар ўзбек адабиётининг бир қатор йирик намоёндаларини узоқ вақт билмай юрдик. (Афсуски, бу ёзувчиларнинг ўрни мактаб дарсликларида ҳануз бўм-бўш ҳувиллаб ётибди). Буларнинг фақат бизни эмас, эртанги ёшларни ҳам классик адабиётдан йироқлаштириш хавфи бор, бу ҳақда ҳозир ўйлаб кўрилмаса, эртага ўртадаги жар янада чуқурлашиши мумкин. Бизнинг орзуимиз: чиқаётган мактаб дарсликларини тузишда адабиёт учун жон куйдирадиган устоз шоир ва ёзувчилар ҳам иштирок этишса.

И.Ҳ.: Сиз боя сарбаст ҳақида гапирдингиз. Унинг мустақиллигини қандай изоҳлайсиз?

М.С.: Бизга “сарбаст” деб тақдим қилинаётган шеърий машқлар жуда кўп, бироқ уларнинг тўқсон фоизида мазкур шаклга бўлган эҳтиёж маҳсулини эмас, балки бошқа шакл, дейлик, бармоқдан қочиш учун қилинган ҳаракатларни кўрамиз. Ваҳоланки, бирорта шаклнинг имкониятларини тўла ҳис қилиб, унинг бадиий чегаралирини аниқ англаган одамгина бошқа шаклга эҳтиёж сезиши мумкин.

“Золим” шаклдан қутулган, қатъий қонун-қоидалар исканжасидан озод бўлган шоирнинг борадиган жойи бўлса — бу манзил яхши. Яъни у маълум система топиб, унга ўз эркини бўйсундирмагунча, шаклий мустақилликка эришолмайди.

И.Ҳ.: Ҳозирги замон Ғарб шеъриятида айрим ҳолларда шаклий чегараланиш, ҳақиқий санъат асарларини яратиш ўрнига, шаклбозлик ҳукм сураётганлигидан хабардорсиз. Бугина эмас, Ғарб адабиётида шундай ғоявий йўналишлар ҳам мавжуд-ки, ҳар ҳолда уларга эҳтиётлик билан муносабатда бўлиш керак. Айтайлик, ўшалардан бири “Санъат — санъат учун” оқими. Унинг моҳиятини ўз вақтида Г.В.Плеханов яхши характерлаб берган эди. “Санъат — санъат учун” оқимидаги фикрлар ҳанузгача ҳаракатда. Уларнинг аксарияти билан Сиз ҳам танишгансиз. Шеъриятимизнинг вакили сифатида, умуман, бу оқимга қандай қарайсиз?

М.С.: Хусусан, “Санъат — санъат учун” ғояси йигирманчи асрда пайдо бўлгани йўқ. Ҳамма даврларда, ҳамма адабиётларда бу ғояга турли ёзувчилар турлича ёндошган — гоҳ унга амал қилишса, гоҳ ундан кечишган. Яъни, бу “босқич”ни адабиётни англашга интилган ҳар бир киши у ёки бу даражада бошидан кечирган. Сўз жозибаси одамни ақл бовар қилмас юксакликка тортади. Мабодо, у боши берк кўчага кириб қолса ҳам, бунга ўша мангу сеҳр — сўз жозибаси айбдор. “Санъат — санъат учун” шиори тарафдорлари устидан ҳукм чиқаришга ўша босқични ўтган одамларнинг тўла ҳаққи бор. Лекин шуни айтиш мумкин-ки, мазкур назария сўз устида ишлаб келаётган ҳар хил авлод вакилларининг мукаммаллик ҳақидаги орзуларини ўзида акс эттиролмайди. Шунинг учун бу шиор “гул — гул учун” деган ғалати гапга ўхшаб кўринади. Чунки, бу ғоя тарафдорлари бўлмиш Ғарб шоирларини ўқиган одам санъат мутлақо санъат учун эмаслигини сезади. Демак, бу ерда қандайдир “ҳийла” бор: бу ғоя — жўнлик, фикрбозлик ботиб қолишдан қўрққан Санъатнинг ўзини асраш учун атрофга тортган четани — ҳимоя рефлекси эмсмикан?

И.Ҳ.: Фикрбозлик деганингизни тушунмадим. Шеъриятда фикр асосий нарса эмас, демоқчимисиз?

М.С.: Йўқ. Фақат фикр айтиш учун шеърдан бошқа шакллар кўп демоқчиман. Шеър, менинг ўйлашимча, ҳикмат эмас. Шоир атайлаб афоризмлар битмайди. У шеър ёзади. Афоризмлар одамнинг идрокини юксак мувозанатга чорлайди, уларнинг ягона қонуни мувозанат. Шеър эса, аксинча, бизни мувозанатдан чиқаради, жунбушга солади. Руҳимизни тинимсиз ҳаракатга келтириб туради.

И.Ҳ.: Шеърга нисбатан сюжет термини ниҳоятда кам қўлланилади. Балки бу тўғридир. Аммо сюжетлилик шеъриятга хос сифат. Бизнинг адабиётимизда буни биринчи бўлиб Алишер Навоий эътироф этган эди. Энг интим лирик кайфиятларни ифода этадиган шеърларда ҳам қандайдир сюжет чизиқлари бўлади. Айрим шоирлар ижодида сюжетлилик асосий хусусиятлардан бири бўлиб кўзга ташланади. Масалан, Усмон Азимнинг шеърлари ҳақида шундай дейиш мумкин. Унинг энг яхши шеърларида ҳис, фикр, ранг ва оҳанг гўё сюжет ҳаракатларига мувофиқ жозиба билан оқади. Лирик сюжетга риоя қилиш — бу ҳам бадиий мезон эмасмикан.

М.С.: Сюжет эҳтирос қуюни аро кўринса, агар фикрлар тадрижи танаффуссиз давом этса, бунақа шеърларни ҳамма ўқийди. Акс ҳолда, сюжет шеър учун ҳалокатдир, яъни, асарнинг бўш жойлари китобхон ухлаши учун қулай тўшакка айланади.

И.Ҳ.: Сиз мудроқ ҳиссиётлар билан ёзилган чўзинчоқ шеърларни, қолверса, исми бор-у жисми нотайин айрим достонларни назарда тутаётганга ўхшайсиз. Бунда сюжетда нима айб? Энг зўр қурол ҳам ландовур кимсанинг қўлида ҳеч нарсага хизмат қилмаслиги мумкин-ку! Шунга ўхшаб, гап қоловини топа билишда. Сиз асосий саволдан қочаяпсиз. Ёки тажрибаларингиз бу хусусда гапиришга йўл бермайдими?

М.С.: Мен доим орзу қилган, доим етолмаган шеър — яхлит туйғу оҳангида қурилган шеърдир. Унда — узунми, қисқами — бир вақтлилик бўлиши керак. Ўн байтли шеър бўлса, унинг ҳар бир сатри бир вақтда жаранглаши шарт.

Фалсафада “нарса ўзида” деган тушунча бор. Шеърни — шартли равишда — “рақс ўзида” дейиш мумкин. Шеър ўз ичига қарайди, ўзи айтади, ўзи тинглайди. Китобхон — томошабин, у рақс ёки мусиқадан қандай таъсирланса, шеърдан ҳам шундай завқланади. Лекин бу жуда субъектив фикрдир. Буни асло бировларга ўтказиш учун айтаётганим йўқ. Дунё шеърияти дурдоналари ичида воқеага қурилган асарлар жуда кўп. Менимча, сюжетдан фойдаланиш, ривоятни шеърга солиш — ижобий маънодаги истеъмол усулидир.

И.Ҳ.: Мен бундай деб биламан: Сизнинг юқорида айтган фикрларингизни бадиий ижод тажрибалари кўп томонлама инкор этади. Агар адашмасам, Сиз лирик шеър табиати, унинг бош белгиси ҳақида гапирмоқчисиз.

М.С.: Қандай тушунтирсам экан… дейлик, ҳар хил текисликларда ётган нур зарралари қабариқ ойнадан ўтар экан, улар бир нуқтада тўпланади ва маълум иссиқлик ҳосил қилади. Мен шеърдаги бирвақтлилик деганда, тахминан шунга ўхшаш ҳолатни айтмоқчи эдим.

И.Ҳ.: Бир пайтлар илмда шоирнинг “Мен”и ҳақида турли-туман тортишувлар бўлган. Шу қабилидаги гаплар ҳозир ҳам эшитилиб турибди. Шеърият — ўзинг учун, фақат ўз руҳий эҳтиёжларингни қондириш учун ижод қилиш эмаслигини биласиз. Унинг вазифаси “шахсий нарсани ижтимоий нарсага, бугунгини абадийга айлантиришдир”. Ижтимоий омилларни аниқ англай билиш — шоирнинг кучи. Лекин кўп шоирларимизнинг шахсият қашшоқлиги туфайли “Мен” фақат “Мен” чегарасида қолади. Яъни, унга муҳим туюлган гап бошқаларни деярли қизиқтирмайди. Натижада эса, бундай шоирларнинг илҳоми тор, ниҳоятда шахсийлашиб қолади. Ва уларни ўз овозига ўзи мафтун, бемақсад қушчадан фарқлолмай қоласан.

М.С.: “Мен” тушунчасини шоирнинг таржимаи ҳоли ёки унинг бошидан кечирганлари, деб қараш тўғри… лекин бир томонлама қарашдир. Тўғрилиги шундаки, шоир чиндан умр бўйи ўз қисмати — таржимаи ҳолини ёзади, кўнглидан ўтганларини шеърга солади. Аммо у сўз одами. У сўзни ҳар хил мақомга солиши мумкин, бироқ сўз ҳам уни ўз ҳукмига бўйсундиради: шоирнинг “Мен”и ва сўз қонуниятлари тўқнаш келар экан, шеърдаги “таржимаи ҳол” бутунлай ўзгаради. Яъни, шу тўқнашув натижасида биз шеърда умуминсоний фикрларни кўрамиз. Лекин бу масаланинг ташқи томони. Биз кўпинча шоирнинг “Мен”и билан лирик қаҳрамонни аралаштириб юборамиз. Ваҳоланки, шоирнинг “Мен”и чуқурроқда яшайди. У сўз қурилишида, ҳар бир нутқда, ҳар бир ундовнинг жойлашувида, оҳангда, услубда, шаклдадир.

И.Ҳ.: Баъзи мунаққидларимизнинг тилида “талант” сўзи аллақандай ёрлиққа ўхшаб эшитилади. Улар талант кимнингдир кўкрагига саҳоват қилиб ёпиштириб қўйиладиган нарса эмаслигини негадир ўйлаб кўргилари келмайди. Бир улуғ санъаткор: “Талант — бу дил” деган экан. Истеъдод — севги, деган гап ҳам бор. Уни ҳақиқатни айтиш, ҳақиқат шаклида кўрсата билиш санъати деб ҳам изоҳлашган. Аслида, талант шуларнинг бир бутун ҳолда таркиб топишидир?

М.С.: Менимча, талант дегани ўзликдир. Ҳатто уни (талатни) бошқалардаги фазилат қизиқтирса ҳам ўша хислат аввало унинг ўзида бўлгани учун қизиқади.

И.Ҳ.: Масаланинг яна бир жиҳати бор. Гёте шундай деган: “Шекспир ижоди ҳаддан ташқари бой ва терандир. У табиатан маҳсулдор, унинг бир йилда биттадан ортиқ асарини ўқимаслик керак. Акс ҳолда, у ҳалокатга маҳкум қилади… Қанчадан-қанча ажойиб немис ёзувчилари Шекспир ва Калдерон таъсирида ҳароб бўлишди”.

М.С.: Агар талант бор бўлса, ҳар қандай таъсир унга фақат ёрдам бериши мумкин: талант, биринчи навбатда, ўзини ўзи “ўғирлайди” (агар ўғирлайдиган нарсаси бўлса) ва шу йўл билан бойиб боради. Яна очиқроқ айтганда, ўзига қарашли ерларнигина “босиб” олади.

И.Ҳ.: Шеърият тўғрисида “догма”га айлантириб олган тушунчангиз борми?

М.С.: Бор. Яхшилик билан Ёмонлик доим олишади ва бу олишувда унинг энг кучли қуролларидан бири, шубҳасиз, шеъриятдир. Яхшиликнинг тили — Шеъриятдир.

И.Ҳ.: Юқорида ёш шоирларимизнинг самимияти тўғрисида гапирдингиз. Бу тушунчанинг моҳиятини қандай тушунасиз?

М.С.: Албатта, “ҳақгўй” бўлиб кўринишдан ёмони йўқ. Ҳақ гап айтдим, деб ҳеч ким мақтанолмайди. Лекин самимият хусусида шоир интиладиган бир идеал бор ва уни шундай шарҳлаш мумкин: шоирнинг ҳаётлигида айтган тўғри гапи бошқаларнинг ўлими олдида айтган ҳақиқати қадар бўлмаса, шеърият ўз бурчини тўла адо этолмайди.

И.Ҳ.: Адабий танқид — шеъриятнинг руҳий онаси. Унда поэзиянинг қалб олами бутун мураккабликлари билан акс этиши шарт. Акс ҳолда, адабий танқид совуқ муҳокама ва мулоҳазалар воситасига айланиб қолади. Бу эса, шеърият учун азоб. Тўғри, кимдир эътироз билдирар: бундан шеърият ҳеч нарса ютқазмайди. Чиндан ҳам ютқазмас. Аммо оддий шеърхоннинг чалғиши-чи? Бу ёмон. Нима дедингиз?

М.С.: Адабий танқиднинг ўқувчиси сифатида айтсам, бирор асар тўғрисидаги ёзилган танқидий мақоладаги фикр, ҳаққоният, тил ром этса мақоланинг ўзи бадиий асардир. Унинг муаллифини ёзувчи деб аташ керак. Ҳақиқий ёзувчиларнинг эса, ўз услуби бўлади. Ўз услубига эга бўлган танқидчиларимиз, афсуски, бармоқ билан саналарли. Баъзи олимлик унвонлари паноҳида ёзилган мақолаларда сўз таҳлили эмас, сўзга таҳқир бор: уларда шалпайган жумлалар лоқайдлик ипига тизилади, фикр ўзининг соясидан қўрқади, мантиқ бачканалиги билан фахрланади. Танқидчилигимиз одати бўйича, бирор унвонли ёзувчи ҳақида ёзиш керак бўлса, унга муроса тўла қадаҳ узатилади, борди-ю мунаққид мақташдан чарчаса, қўлини ёзиш учун ҳеч ким танимайдиган “зумраша” қаламкашни топиб, бемалол “калтаклаши” мумкин. Энг қизиғи шундаки, бу мунаққид бир куни танилгудай бўлса, у ўша “зумраша”га ёзган мақоласи билан танилади. Чунки¸танқид муроса эмас, муросасизлик, замонсозлик эмас, замонавийлик.

И.Ҳ.: Мунаққидларнинг услуби ҳақидаги фикрларингизга қўшиламан. Ҳақиқатда ўзининг жозибадор ва жонли услубига эга танқидчиларимиз оз. Лекин бор. О.Шарофиддинов, М.Қўшжонов, И.Ғафуров каби олимларимизнинг мақола ва китоблари бадиий асарга ўхшаб ҳавас билан ўқилишининг сабаби, аввало, улардаги услубий хилма-хиллик ҳамда ўзига хосликда, деб ўйлайман. Агар Сиз олим учун катта унвонлар бирор бир даражада нафосатни ҳис этиш, гўзаллик сирларини очиш мезони бўла олади деб билсангиз, янглишган бўласиз. В.Г. Белинскийнинг бир таърифига диққатингизни тортмоқчиман: “Санъат идрокка мансуб ҳодисалар турига киради ва шу сабабли шеър ёзишни ўрганиб бўлмаганидек, поэзияни тушунишни ҳам ўрганиб бўлмайди. Гўзалликдан яхши таассурот ола билиш ўзига хос талантдир. У илм билан ҳам, таҳсил билан ҳам, машқ билан ҳам қўлга киритилмайди, балки, табиат томонидан берилади. Поэзияни тушуниш руҳнинг кашфиётидир, кашфиёт сири эса, инсон табиатида яширинган бўлади”. Мана шунинг учун Сиз айтгандек, “ёзувчи деб аташ керак” бўлган танқидчилар фақат ҳозир эмас, азал-азалдан ҳам саноқли бўлган. Кейин “Муроса тўла қадаҳ” тутиш танқидчилигимизнинг эмас, айрим танқидчиларимизнинг одати. Истеъдодли мунаққидларимиз “танқид ёмон асар билан китобхон орасида даллол, ширинкомага виждонни сотадиган юраксиз даллол бўлмаслиги керак”лигини (Абдулла Қаҳҳор) эсдан чиқаришмаса, бўлгани.

М.С.: Сиз айтган ҳақиқатни рад қилмоқчи эмасдим. Мен максималист эмасман. Фақат кўриб турганимни, танқидни мунтазам ўқиб борадиган бир ўқувчи тарзида — ўзи эришган муваффақият билан, ўзи йўл қўйган муросанинг таъсир кучи теппа-тенг эканлигини эсидан чиқармайдиган танқидчи бизда кам: яхши асарлар қаторида тўйнома шаклида узундан-узоқ мақолалар ҳар бир танқидчи ижодининг, кечирасиз, қарийб ярмини ташкил қилади. “Бу табиий, яхши мақолалар қаторада муросасиз нарсалар ҳам ёзилади. Бу табиий”, дейдилар. Нега бу табиий, нега нотабиий эмас, одам тушунмайди.

Адабий танқидда проблематик мақолалар деярли йўқ. Агар бирор танқидчи “проблема” қўйса ҳам, бу проблема қошида танқидчининг ўзи тураверади. Унинг ёнига бирорта ёзувчи ёки шоир яқинлашмайди. Сабаб нимада? Сабаб шундаки, проблемани танқидчи эмас, ҳаёт қўяди: дейлик танқидчи “шеъриятда гражданлик мотивлари бўлмоғи шарт!”, деб ҳайқиришдан аввал, нега бу фазилатнинг кўринмаётганлигини ўрганса, оқибатда олдин сабабни бизга тушунтириб берса, шунинг ўзи проблематик мақола бўлади.

И.Ҳ.: Солиҳ, сир тутишнинг ҳожати йўқ: ёшлар поэзиясида гоҳида кишининг таъбини хира қиладиган ясама оҳ-воҳлар эшитилаётир-ки, бу бедардликнинг айни бир шаклидир. Аммо, адабий танқид ёруғ дард билан, ўткинчи ғам-қайғуларнинг моҳиятини фарқлаб ҳукм юритиши лозим.

М.С.: Сиз айтганчалик “оҳ-воҳ” қилаётган ҳеч ким йўқ. Ёлғондан кўзёш тўкаётган шоирлар бўлса, бу жуда бу жуда ёмон ирим. Менимча, ҳар қандай санъатнинг кушандаси қувонч ёки қайғу эмас, балки, ўша қувонч ёки қайғудаги сохталик бўлади. Аммо изтироб ифодаси — шеъриятдаги тушкунлик эмас, азобланаётган умид тасвириидир. Азобланаётган, демак, покланаётган умид. Шу жиҳатдан ўлим тўғрисида шеърлар ҳам, аслида, ҳаёт ҳақидадир. Буни рад қилиш реализмни рад қилиш билан баробар. Одам руҳида икки кайфият — қувонч ва қайғу абадий бирга. “Бизнинг адабиётда қайғу бўлиши мумкин эмас”, дейиш менимча, нотўғри. Чунки, қувонч каби қайғунинг ҳам сиймоси ҳамма жойда бир хил ва таассуфлар бўлсинки, шаклан миллий, мазмунан сотсиалистик қайғу йўқ. Буни тан олмаслик адабиёт ривожи учун зарарлидир.

И.Ҳ.: Бугунги ўзбек шеърияти — турли услуб, хилма-хил ижодий йўналишларда тараққий этаётган шеърият. Унинг истиқболини нималарда кўрасиз?

М.С.: “Шеъриятда тараққий бўлмайди” деган эски гап бор. Бу шунчаки айтилган гап эмас. Чунки тараққиёт деганда, биз ўсишнинг узлуксиз занжирини тушунамиз. Бу тушунчани фанга қўллаш жоиздир. Шеърият тарихида эса, Уйғониш даври билан Бўҳрон асри галма-гал такрорланиб келган. Агар шеърият ўсганда эди, биз Навоийнинг шеърларини фақат тарихий нуқтаи-назардан ўқиб, улардан завқланмаган бўлардик. Демак, шеърият фақат бойиб, ўзгариб боради. Бугунги ўзбек шеъриятида кечаётган жараён одамда умид уйғотади ва фахр билан айтиш мумкин: йўналишларнинг кўплиги, шаклларнинг ранг-баранглиги ҳақиқий адабиётга хос белгидир.

1981

(17)
Муҳаммад Солиҳнинг 2013 йилда Истанбулда чоп этилган “Иқрор” китобидан. (61-74-саҳифалар.)

(давоми бор)