…Айбини бўйнига қўйиб олиб келасан, демаганмидим?

…Айбини бўйнига қўйиб олиб келасан, демаганмидим?
37 views
01 July 2017 - 9:00

Ислом Холбой

Т А Н А З З У Л
(Тўрт юз тўқсон саккизинчи камерадаги маҳбус хотиралари)

ХаЗиНА КаБи
                             ҚўРиҚлАйДиЛАр
ЧўЧқА КаБи
                         БоҚаДиЛАр
ИТ КаБи
                 таҲқирлАйДиЛаР 

Т  У З О Қ
Биринчи китоб

уаллиф бевосита бошидан кечирган воқеа-ҳодисаларга асосланади)

Қўрқоқлик хорликка, мардлик олдинга бошлайди.
Иккиланиш (ҳафсаласизлик) тақдир  ҳукмидан олиб 
қололмайди.
Муҳаммад пайғамбарнинг қиличига ўйиб ёзилган ҳикмат 

(25)

Тутқун учун вақт, бир жиҳатдан, йиллар каби чўзилса, иккинчи жиҳатдан, шиддат билан ўтарди. Вақт ихтиёрига бор измини топшириб қўйган бечораларнинг вақт ҳукми билан яшашдан ўзга чоралари қолмасди. Поёнсиз уммонларда тўфонлар ҳамласига дош беролмаган кемалар писта пўчоғи каби тўлқинлар чангалида қандай ўйнаса, тутқунлик вақт дасти билан юракларни худди шу сингари ўйнатарди.

Қабулхонадан долонга чиққан терговчи қўриқчига:

– Қурбоновни олиб киринг! – деди-да, орқасига қайтиб кириб кетди.

Баҳром прокурор ҳузурига ҳозирланаётганда, Шерзод билан Ғиёс қандайсуръатларда кириб келган бўлсалар, шу суръатларда хонадан чиқиб кетдилар. Уларнинг ўзларини тутишлари ўтган асрнинг 30-йилларидаги НКВДнинг чарм камзул кийган комиссарларидан фарқланмасди. Мурдабашаралигидан фахр туядиган Шерзоднинг қутсиз нигоҳини бўкиб ўлган ҳўкизнинг кўзларидан ажаратиш амри маҳол бўлса, оқ-сариқдан келган Ғиёснинг масхарабозбашара турқи ҳамиша пишган калладай ишшайиб турарди. Унинг суюқоёқ хотинларнинг кўзларига монанд қўйкўзларидан жиддийлик қидириш беҳуда эди. Қалби шуни мудом ҳис этиб турадиган Баҳром нима учун унинг сўзларига лаққа тушганини ҳечам тушунмасди.

Баҳром хонага кирган заҳоти, адаши туман прокурори Баҳром Эрмаматовни дарров таниди. Унинг ҳам ўзини таниганига шубҳаси йўқ эди.

Икковларини илк учраштирган сабаб ғалатилиги билан эсда қолган…

…Ўшанда 1999 йил, қиш ўрталари эди. Ширин уйқуда ётган Баҳром босиб-босибчалинган қўнғироқ овозидан уйғониб кетди. Бемаҳалда келган меҳмонлар ўзининг қишлоқдошлари экан. Бошларига тушган бир кулфат юзасидан кўмак истаб келишипди. Оллоқули аканинг тиббиёт институти бешинчи босқичда ўқийдиган ўғли Ғуломқодир бир аёлнинг номусига тажовуз қилишда айбланиб қамалиб қолипди. Отасининг сўзларига кўра, у аёл билан рози-ризоликда қўшилган эмиш.

Оллоқули аканинг гапидан хулоса чиқаришга шошмаган Баҳром иш соатлари бошланиши билан миршабхонадан Ғуломқодирнинг ишини олган терговчини излаб топди. Терговчи билан гапи қовушиб, Ғуломқодирни чиқаришнинг йўл-йўриғинисўради. Терговчи ишни прокуратура ходими Баҳром Эрмаматов назорат остига олганини айтди.

Баҳром ўзини таништириб, Маҳмуд исмли терговчи юборганини айтганда, прокуратура ходими уни яхши қаршилаб, ҳадиксирамасдан, очиқчасига суҳбатлашди.

У столнинг тортмасидан елим пакет чиқариб:

– Мана бунинг ичидагилар экспертиза текширувлари тасдиқлаган ашё-далиллар! – деди. – Жиянингиз саккиз йилга қамалади.

Келишишнинг иложини қидирган Баҳром:

– Жияннинг қамалмаслиги учун нима қилиш керак? – деб сўраганда ходим:

– Бунинг ҳеч қандай чораси йўқ, – деб жавоб қайтарди.

Унинг гаплари жиддийдек туюлаётган бўлса-да, кўз қарашлариданкелишмоқчилиги кўриниб турарди.

“Ўлимдан бошқасининг иложи топилади” деган гап бекор айтилмаган, деб ўйлаган Баҳром, унинг қўйнига қўл солиб кўрмоқчи бўлди:

‒ Бола жувонмарг бўп кетмасин, илтимос. Иш ҳал бўлса, биз қараб турмаймиз.Мушук офтобга бекорга чиқмайди, ахир!

– Ўзингиз қаердан бўласиз? – деб Баҳром томонидан ташланган савол иккиўртадаги тўсиқни олиб ташлади.

Баҳром:

– Бухоронинг Қоракўлидан бўламан! – деганда, у:

– Э, ўзимизнинг дойилардан экансиз-ку. Мен ҳам Самарқанд, Қашқадарё томонлардан дегандай, ўша ёқларданман! – деб ўрнидан ирғиб туриб, қайта бошқадан қўл бериб сўрашди.

У “дойилардан экансиз-ку” деганда ўғизларни назарда тутган эди. “Дойи” ўғуз уруғларига нисбатан бошқа минтақаликлар томонидан кўп ишлатиладиган атама бўлиб, адабий тилда “тоға” деган маънони англатарди.

Ижтимоий тизим пора бериб, пора олишга мослаштирилгани билан, пора бериш ҳам, пора олиш ҳам осон битиб кетаверадиган иш эмасди. Энг қизиғи, прокурорБаҳромнинг марҳум устозига яқин таниш чиқиб қолди. Ва у қўлидан келган ёрдамни аямаслигини айтди.

Унинг:

– Қанча мўлжаллаяпсиз? – дейиши Баҳромни заррача ҳайрон қолдирмади.

– Йигитнинг отаси қарз-қавала қилиб, мол-ҳол сотиб, “кўк”идан битта топиб келипди! – деди у.

Пора олиш-бериши одатда Амриқо валютасида амалга оширилади. Оллоқули ака доллар нималигини билмаслигини Баҳром яхши билса-да, белига боғлаб келгантугундаги пулни долларга чақиб тахминан шунча маблағ бўлишини хомчўт қилган эди.

– Битта билан иш битмайди. Иш судгача судралса, ҳукмнинг ҳар бир йили ҳисобига биттадан бериб ҳам болани чиқаза олмайсизлар. Раҳматлик аканинг ҳаққи-ҳурмати, сиз ўшанинг яримини олиб келинг, иш битади.

Ҳар не бўлганда ҳам Оллоқули ака тўрт минг доллар бера олмаслиги аниқ эди.

– Отаси бор молини сотиб, йиққани шу! – деди Баҳром. – Мен ҳам у ёқ-бу ёқдан қарз кўтариб, битта топаман. Ғуломқодир қамалиб кетса ҳам, ортиқча бир тийин топишнинг иложи йўқ.

Тортишса, шундан ҳам қуруқ қолишини ўйлаган прокуратура ходими:

– Бўпти, “лой”ни Маҳмудга бугундан қолдирмасдан олиб бориб беринг! – деди.

Баҳром тушдан кейин икки минг долларни бериб, Ғуломқодирни чиқариб олди.

Ғуломқодир ўшанда уятдан бошини кўтаролмай:

– Ҳаммаси ёлғон, туҳмат қилдилар. Ҳеч кимни зўрлаганим йўқ! – деган тўрттасўзни тўтига ўхшаб қайта ва қайта такрорлашдан чарчамасди.

Бу ишнинг уюштирилганини терговчининг сўзсиз иқроридан англаб чиққан Баҳром унга ҳеч қандай эътироз билдирмади…

Ўша манзара Баҳромнинг кўзлари олдида худди бугунгидай турипди. Маҳмудга пулни олиб борган Баҳром, унинг хонасида сариқдан келган, ўттиз  ёшларда бўлса ҳам, шарти кетиб, парти қолган бир аёлни кўриб қолди. Терговчи унга ўзларини ёлғиз қолдиришни айтди, аёл ташқари чиққач:

– Жиянингиз номусига теккан аёл мана шу бўлади! – деди.

Терговчининг гапидан Баҳром беихтиёр пишқириб кулиб юборди. Терговчининг,куладиган гап бўлмади-ку, дегандай ҳайрон боқиб турганини кўриб:

– “Ҳурлиқо”ни чалпакка ўраб, бол суриб ташласа, ит емайди-ку! – деди.

Ўшанда Маҳмуднинг ўзи ҳам хохолашдан ўзини тия олмаган эди.

Бу нарса Оллоқул ака билан ўғлининг эътирозлари ҳақ эканига лўнда жавоб эди.

Ўғли қутқарилгандан сўнгра, Бухорога қайтиб кетган Оллоқули ака Баҳромнингқарзини қайтариш учун қозиқдаги охирги молини сотмоқчи бўлди. Тақдир экан, убилан хотини Ойгул янгани бозорда Қаҳрамон арманининг беш яшарлик буқаси сузиб ўлдириб қўйди. Ғуломқодир институтни ташлаб, бир этак сағир қолган укаларини боқиш учун қишлоққа қайтиб кетди. Оғайниларидан минг доллар қарз кўтарган Баҳром эса, тўрт томонга итдай югуриб, бир ярим йил деганда қарзидан зўрғақутулганди ўшанда…

Ҳозир ўша кунларни ёдга оларкан, Баҳром қисматнинг яна бир янги ўйинига дуч келиб турганини ҳис этди: келиб-келиб унинг тақдирини бугун жиноий йўллар билан мансаб курсисига эришган бир кимса ҳал этади! Адолат ва диёнат тарозисини уушлаб турипди. Эгри  узилган ўқ мўлжалга тўғри тегмаганидай, бу одамнинг қарори нечоғли аҳамиятли? Бу нарсани изоҳлашга ҳожат йўқ!

Баҳром хона ўртасига келиб тўхтади. Стол атрофини “г” шаклида ўраб савлат тўкиб ўтирганларга бир қур назар солиб чиқди. Тўғрида туман прокурори Баҳром Эрмаматов ўтирарди. Унинг ўнг томон пастида, биз ўзини таниб, исми-шарифини тополмаган “жаноб”имиз, туман миллий хавфсизлиги бошлиғи, “жаноб”имизданкейинда прокурор ўринбосари, унинг ёнида носқовоқдай кичкина бошини эгиб терговчи турарди.

Баҳромнинг кўзлари кўзларига тушиши билан ўзини таниганини ҳис этган прокурор:

– Нима учун буюк устоз шаънига нолойиқ ишлар билан ўралашиб юрипсиз? – деб сўради ундан.

Унинг таниганини тан олишдан бошқа чораси йўқ эди. Баҳром ўзини танитмоқчи бўлиб, “нодон”лиги орқасида “эски ишни” қўпол тарзда эслатганда, ҳамтовоқлари наздида кимсан, Эрмаматовдек пишиқ-писмиқ кимса таваккалчига ўхшаб қолиши ҳеч гапмасди. Унинг бу билан мансаб поғонаси бир зина пастга тушмаса ҳам, номиганолойиқ бўларди.

Икки кун ичида, бошидан кечирган кўргуликлар туфайли, гапирмасликни ўзига шиор қилган Баҳром, нима бўлса бўлди, деб ҳимояга ўтди. Модомики прокурорнинг ўзи бости-бости этган ишига шама қилаётган экан, тағин ёрдам бермоқчи, деган алдамчи туйғу унинг қалбини илондай авраб, хаёлини чирмовуқдай ўраб олди.

– Менга қўйилган айблар сохта, бу ишларнинг ҳеч бирини қилмаганман! – деди у.

Ўтирганлар барчаси, “сохта” сўзини эшитганда, томоғига суяк тиқилган итдек безовталаниб, бир-бирларига сирли қараб қўйдилар. Ўлкадаги энг ёмон сўз “сохта”сўзи эди. “Озодлик”, “Бибиси” радиостансиялари, инсон ҳуқуқларини ҳимоя қилувчи ташкилотлар, ҳар хил мақомга эга бўлган ўзга халқаро ташкилотлар – аксариятфуқароларнинг “сохта айбловлар” туфайли қамалишини бонг уриб, бутун жаҳонга жар солардилар.

Ислоҳотлар “сохта”лигини, президентнинг “сохталаштириш” йўли билан мансабини суистеъмол этаётганини, унинг айтган сўзлари, амалга ошираётган барча ишлари “сохталик”дан бошқа нарса эмаслигини йигирма йилдан буён тинмасдан таъкидлаб келардилар. Дунё бўйлаб тарқалган хабарлар ҳар тонгда мансабдорлар столси устида турарди. Ҳукумат бошидаги “қозиқ”лар, хулоса чиқариш ўрнига:“Муваффақиятларимизни кўролмаяптилар. Мафкураси бузуқ унсурлар тинчлик ва фаровон ҳаётни беқарорлаштиришга уриняптилар”, деб ошкора сохтакорлик билан ўзларини “сохта” иғволарга қарши курашгандай кўрсатиб, оммани чалғитмоқчи бўлардилар.

Президентнинг мазкур даъволарга қарши тор доирадаги маърузалари махсус видео кассеталарга ёзилиб, бутун тизимларга тарқатиларди. Қуйи қатламлардан энг юқори поғоналаргача, махсус кимсалар назорати остида ўрганиладиган букассеталарнинг ҳар биттаси рақамланган бўларди. Вақти етиб, уларни жойлардаги миллий хавфсизлик идораси ходимлари йиғиштириб, тушган жойига қайтариб юборарди. Бу видео кассетани кўчиришга уринган кимса ўша заҳоти йўқ қилинарди. Видеоёзувда, юқорида тилга олинганлардан ташқари, кўплаб ноқонуний кўрсатмаларва яширин фармойишлар бўларди.

Буқаламун вазиятларда шакллантирилган раҳбарларга ёмонотлиқ қилинган атамаларни кимдир қўққисдан айтиб қолса, улар чаённи чангаллаб олган чақалоқдай шайтонлаб қолмайдиларми, ахир?

– Айблар сохталаштирилган деганда нимани тушунасиз ўзи? – деди туманмиллий хавфсизлиги бошлиғи.

– Кечирасизлар, “сохта”, деб юборипман, “ёлғон” демоқчи, эдим! – деди Баҳром ўзини гўликка солиб.

Касбий ҳушёрлиги билан ташаббус кўрсатган туман миллий хавфсизлигибошлиғи мамлакат олдидаги бурчини қойилмақом қилиб дўндиргандай, бошқа эътироз билдирмади. Ўзини жиддий кўрсатиш учун қовоқларини янаям уйиб олди, холос. Унинг ўзини сохтакорона тутиши “сохта”ликнинг юксак намунаси эди.

Қўрқоқ олдин мушт кўтаради, деганларидай, тутқун билан танишлигини билдириб қўйган прокурор, ҳамтовоқлари олдида “сохта” сўзига урғу бериб барака топмаслигини англагач, гап нишабини бошқа томонга буришга уринди.

– Ўзингизга қўйилган айбларнинг ёлғонлигини қандай исбот қилиб берасиз? – деди у.

– Менга қарши кўрсатма берган Амира Кимё ва бошқа шахсларни терговчи мен билан юзлаштирсин! – деди Баҳром. – Бирор-биттаси бир сўм пул бердим деб айтса,мен айбимга иқрор бўламан. Терговчи ҳеч ким билан юзлаштирмасдан, мени айбламоқчи бўлади. Қолаверса, ўзимнинг ўн икки минг долларимни ундириш илинжида Нозима Мунисни шахсан ўзим миллий хавфсизликка етаклаб борганман. Иш обдан ўрганилганда, кимнинг ким эканлиги ўз-ўзидан ойдинлашади. Ўзим жабрланувчи бўлатуриб, қанақасига жиноятчига айланиб қолишим мумкин?

Тутқуннинг тиришиб ўзини ҳимоя қилишга бел боғлаганини кўрган прокурор ёрдамчиси, “…Айбини бўйнига қўйиб олиб келасан, демаганмидим?” дегандай, терговчига еб қўйгудек хўмрайди. Унинг бу қарашига дош беролмаган терговчи, янақўлтиғидан қовун тушириб қўйганини тан олиб, кўзларини ундан олиб қочди.

– Юзи-кўзингиз шишиб кетипти, бирор-биттаси калтакламадими, ишқилиб? – деди шунда прокурор.

Унинг бу саволи Баҳромга, боққа кирган ўғрига боғбон, “Нима учун узум ўғирладинг, деса, ўғри, боғбонга, нима учун хотинингга кавуш олиб бермадинг”, деган латифани эслатди.

– Ҳеч ким урмади! – деди у. – Машинадан тушаётганда қоқилиб, йиқилиб тушдим.

Жавобдан қониқмаган ўринбосар, “шу ростми”, дегандай терговчига боқди.Тутқуннинг ўзини тутиши таъзирини еб, тавбасига таянган кимсанинг ҳолигаўхшамасди. Аслида, қийноқларни ўйлаб, ичидан зил кетиб турган бечора тутқун эса, қутулиш учун бошини дорга тикканди.

Бу сафар ҳам гапни қовуштира олмаган прокурор терговчига қайрилиб:

– Нима учун гумондорни жабрланувчи билан юзлаштирмадингиз? – деб сўради.

Шу ишни дея икки марта ноқулай аҳволга тушаётган терговчи кўзларини пирпиратиб:

– Амира Кимёни тополмаяпмиз, қолганларнинг кўпчиликлари чет элларга ишлашга кетганлар. Топиш учун вақт керак, жаноб прокурор! – дея жавоб қайтарди.

Унинг гапига эътибор бермаган прокурор Баҳромга бошини буриб:

– Сизни вақтинча ушлаб туришга мажбурмиз! – деди. – Ишга аниқлик киритилгач, айбсизлигингиз исботланса, чиқариб юборамиз.

Ади-бади айтиб ўтиргандан фойда чиқмаслигини фаҳмлаган прокурор масалага шу тариқа нуқта қўйди. Унинг прокурорлик фаолиятидаги гумондор билан энг узун мулоқоти тўрт дақиқалик мазкур мулоқот бўлса, ажаб эмас.

 давоми бор