Манзара

Манзара
24 views
06 July 2017 - 12:09

Ишлаб ўтириб, оёқнинг чигилини ёзиш учун ўрнимдан турдим. Меҳмонхонага ўтдим. Ўғлим ким биландир тилпонда гаплашиб ўтирган экан. Дераза ёнига бордим. Бешинчи қават деразасидан пастга қараб, ажиб бир ҳолга гувоҳ бўлдим. Дарров ўғлимни ҳам чақирдим.

‒ Буни қара! Буни қара! ‒ дедим. ‒ Бунақасини энди кўришим!

Ерда иккита йирик-йирик олақарға қанотларини ҳам, думини ҳам бор бўйича ёйиб, бағрини ерга бериб ётар эди.

Чиндан ҳам қарғаларнинг бунақа ишини умримда кўрмаганман. 

Қимирламайди. Худди осмонда бирдан ўлиб ерга попиллаб тушгандай тек ётибди.

Ундай десам, агар ўлиб тушган бўлганида, қушлар бу тахлит бир текис ётмаган бўларди, албатта. Ажиб.

Анчагача томоша қилиб турдим. Пичадан кейин биттаси қанотларини йиғиштирди, лекин думини йиғиштирмади, оёққа ҳам турмади, бағрини ердан узмади. Иккинчиси ўша-ўша ҳолида ётишда давом этаверди. Буниси ҳам ёта-ёта секин ўнг қанотини қайтадан ёйди.

Шу ҳолда иккала қуш яна пича тек ётди.

Кўрганим манзарадан ҳайратланиб ушбуни ёзиб қўйиш учун ижодхонамга қайтдим. Яна бир бор деразадан пастга боқдим: ҳали ҳам оналарининг бағрида ётгандай ҳузурланиб ётишибди!

Ушбуни ёзишимга қанча вақт кетган бўлса, сўнг ўрнимдан туриб яна боқдим: йўқ, учиб кетишибди.

Бу не ҳол экан? Қушларнинг ҳам ерда, тупроқда ўзига яраша баҳра манбалари борми?

Қушлар асосан осмон махлуқоти, аммо ерга ҳам муҳтож экан. Ердан ўзларига қандайдир куч, ғайрат олса керак-да.

Нуруллоҳ Муҳаммад Рауфхон

facebook.com