Дашти Қипчоқ куйчиси

Дашти Қипчоқ куйчиси
87 views
07 July 2017 - 6:00

ҚАЙТА ҚУРИШ ЙИЛЛАРИДА ЁЗИЛГАН МАҚОЛАЛАР
(1985-1991)

ДАШТИ ҚИПЧОҚ КУЙЧИСИ

(“Айланайин” китобига сўз боши)

Ўз онам, ўз болам, ўз халқим, ўз ватаним…

Ўзак шундай турланади.

Халқнинг ўзлиги — унинг тарихи.

Ўлжас Сулаймонов шеъриятидаги тарих — Буюк Дашти Қипчоқ тарихидир.

Унинг қаҳрамонлари бўлмиш чўпонлар, жангчилар, аёллар, оқинлар, геологлар, ҳаммасида Дашт ифори бор.

Бу қаҳрамонлар такаббур эмас, ғурурли. Уларда ўзгадан қўрқинч эмас, ҳурмат бор. Уларнинг шиори “даштни олқишлаётиб, тоғларни ерга урмаслик”. Бу қаҳрамонлар сувратида уларни яратган шоир сулдорини кўрамиз. Қаттиққўл, сўзга ҳаддан ташқари хасис шоирни, гоҳо аксинча, юмшоқтабиат, сўзамол шоирни кўрамиз. Баъзан жангари, танти, ҳатто чапани шоирни кўрамиз. Бир сўз билан атйганда, 60-йиллар совет шеъриятининг илғор вакилларидан бирини кўрамиз.

Ўлжас Сулаймонов рус тилида ёзадиган ижодкор сифатида, Вознесенский, Соснора, Евтушенко, Аҳмадуллина каби шоирлар авлодига мансубдир. Олтмишинчи йиллар руҳини ифодаловчи бу авлод анча танаффусдан кейин (Маяковский, Северянинлардан сўнг) шеъриятни яна саҳнага олиб чиқди. Хонанишинлик даври бирдан тамом бўлди. Деразалар шарақлаб очилди. Ўша давр тили билан айтганда, тоза шабада эсди. Шеърият кенг омма истиқболига чиқди. Омма олдида йўқотаёзган обрўсини яна тиклаб олди. Энди шоирлик фақат шеър ёзиш эмас, балки, ёзилган шеърни ўқий билишни ҳам тақозо этарди… Шу маънода, шеърдан олинадиган таъсирнинг ярми саҳнада яратиларди. Овоз, қўл ҳаракати, ҳатто кийиниш ҳам саҳнадаги таъсир техникасининг ажралмас қисмларига айланди. Шоир фақат шеър билан эмас, шахси билан ҳам тингловчиларни ҳайратда қолдириши лозим эди. Бу жунунваш ҳайрат ошиқлари ўзларини тез танитди. Улар шуҳратга ҳақли равишда эришдилар. Уларнинг шиддати, бақироқлиги, самимияти одамларни мафтун этди. Ўлжас Сулаймоновнинг биринчи йирик асари “Инсонга таъзим эт, замин!” достони ҳам муаллифни бир кунда Иттифоққа машҳур қилди: бу асар аэропландан сочиб тарқатилди.

Бу олтмишинчи йиллар эди.

“Инсониятга таъзим эт, замин!” достонини мустасно этганда, Ўлжас Сулаймонов кейинги йилларда ўзининг тарихий мавзуда ёзган туркумлари билан эътибор қозона бошлади. У энг долзарб воқеаларни ҳам, маънавий-ахлоқий масалаларни ҳам тарих заррабинига солиб қўради. “Лой китоб”дан тортиб, 1985 йилда чоп этилган “Оловнинг кўчиши” тўпламигача, у, асосан, тарихчи шоир сифатида намоён бўлмоқда.

Бугунги кун — шаклланиб улгурмаган кеча, келажак — қиёмига етмаган бугун. Фақат ўтмишгина тугалланиб, ромга тушган суратдир. Фақат шу суратга қараб уни ўрганиб, ўзимизнинг бугун ва эртамиз ҳақида фикр юритмоғимиз мумкин. Бу — инсоният учун доимий дарслик, қўлланма, яъни тарих — ўзгармас қиймат, ҳеч ким раҳна сололмайдиган бойликдир. Ерни тортиб олиш мумкин, аммо тарихни тортиб олиб бўлмайди. Ўлжас Сулаймонов ана шу бойлик — тарих шарҳчиларидан бири.

Унинг “Аз и Я” китоби ҳам тил муаммолари орқали тарихга мурожаат шаклида тузилган. Бу асарнинг баҳсталаб жойлари кўп, албатта. Шоирлик эҳтирос баъзан тарихчи ва тилчи учун зарур бўлган собит таҳлилий мушоҳададан устун келади. Хаёл мантиққа тазйиқ ўтказади. Шунга қарамай, ёки, аксинча, шунинг учунми, бу китоб ўқувчи ва олимлар доирасида қизғин муҳокамаларга сабаб бўлди. Илмий қиммати қай даражада бўлишига қарамасдан, у ақидага айланган баъзи тушунчаларни йиқитмаса ҳам, қимирлатиб қўйди ва фикр демократизмини намойиш этди.

Лекин Ўлжас Сулаймонов ижодининг асл мағзи унинг шеъриятидадир. Ўлжас Сулаймонов иккита улкан маданият — туркий ва рус маданияти ўртасида туриб, икковидан тенг озиқ олаётган шоир. Кенгроқ айтганда, у рус тилида ёзадиган қозоқ шоири, шахс сифатида эса, Шарқ зиёлисидир. Рус шеърий санъатига ўзининг ўзига хос дунёқараши билан кирган бу ижодкор бугун совет адабиётининг илғор намояндалари қаторида турибди. Олтмишинчи йилларнинг илғор руҳи, ўша ғайрат унинг ижодида ҳамон тирик. Қофия, ташбеҳ, унинг ҳар бир шеърида янгича ҳолатларда кўринади. Шеърий туркумлар қурилмаси — калейдоскопдаги рангин парчалар каби ўқувчини ўзига жалб этади. Бу туркумларнинг ижтимоий вазнини, энг аввало, унинг бадииятидан ажратиб таҳлил этиш мумкин эмаслигига Ўлжас Сулаймонов шеърларини мутолаа қилган одам яна бир карра амин бўлади.

Шеър — медуза. Ундаги фикр, ёзувда ифодаланиб, қоғозга парчинланган бўлса ҳам. Доим ҳаракатда бўлади. Бизнинг идрокимизга қараб, санъатни англаш қобилиятмизга қараб шеърдаги фикр ҳам турли хилда товланади. Шеърдаги фикр имконияти уни тушуниш имкониятимиз билан баравар қадам ташлайди. Ўлжас Сулаймонов бадиияти худди шу фазилатларнии ўзида мужассам этади. Бу ҳақиқий шеъриятга хос бўлган хусусиятдир.

Бундай шеъриятни бир тилдан иккинчи тилга таржима этарак, унинг бор жозибасини бошқа тил дунёсига олиб ўтиш жуда нозик ва қийин иш. Бу қийинчилик ушбу китоб таржимонлари олдида ҳам кўндаланг турган эди. Аммо, биринчи галда, ўзбек тилининг бой имконияти, қолаверса, таржимонларнинг иқтидори ва холислиги бу қийинчиликни енгиб ўтади.

Бу китоб, қозоқ халқининг ажойиб шоири Ўлжас Сулаймоновнинг ўзбек тилида чоп қилинаётган иккинчи китоби биз учун қувончли ҳодисадир.

1987

(24)
Муҳаммад Солиҳнинг 2013 йилда Истанбулда чоп этилган “Иқрор” китобидан. (102-104-саҳифалар.)

(давоми бор)