Нима деганидир тўғри яшамоқ?

Нима деганидир тўғри яшамоқ?
69 views
08 July 2017 - 6:00

ҚАЙТА ҚУРИШ ЙИЛЛАРИДА ЁЗИЛГАН МАҚОЛАЛАР
(1985-1991)

НИМА ДЕГАНИДИР ТЎҒРИ ЯШАМОҚ?
(“Ёш ленинчи газетаси мухбири билан суҳбат)

МУХБИР: Хаёлимда бу суҳбат мавзуининг туғилганига беш йилдан ошди. Ўшанда Муҳаммад Солиҳ шеърлари ҳақида республикамиз матбуотида жуда қизғин баҳс кетаётган эди. Ҳамма ҳам у шеърларида айтмоқчи бўлган “гап”ни дарров англаб ололмади. Уларни “жумбоқ шеърлар” деб атаганлар бўлди. “Шеърингизни тушунтириб берсангиз”, деган хитоблар янгради. Ва шундай бўлиши табиий эди. негаки, шоир ўз асарларида кўҳна ва навқирон шеъриятимизга кўпчилик учун кутилмаган янгилик билан кириб келди. Янгилик эса, ҳамиша қаршиликка, баҳс-мунозаа, иккинланишларга дуч келади. Ҳаётга сингиб кетиши қийин кечади. Шеърият аҳли, айрим мунаққидлар бу янгилик қаршисида жиндек шошиб қолгандек бўлдилар. “Муҳаммад Солиҳ шеърлари нозиктаъб, зукко ва ўйчан ашъорсеварга мўлжалланган”.

Баҳс ана шундай хулоса билан якун топди. Шоир ижоди, шеърлари эътироф этилди. Мухлислар сони кескин ортди. Бугун эса, янги ўзбек шеъриятини Муҳаммад Солиҳ ижодисиз тасаввур қилиш қийин.

Бу суҳбатимиз бундан беш йил бурун газета юзини кўриши мумкин эди. Аммо, турли сабаблар ўлароқ, бугунгача сурилиб келди. Лекин, мана ошкоралик, ҳурлик шабадалари эсиб, партия ва ҳукуматимиз фаол фикрга кенг йўллар очаётган бир паллада, муқаддас мавзуларда дилдан мушоҳада юритиш янада яхши.

Мени Муҳаммад Солиҳ билан суҳбатдош қилишга ундаган нарса, унинг бир гапи бўлди: “Шоирнинг энг яхши шеърлари ватани ҳақида бўлади”. Ижодкор бундай фалсафий хулосага бир кунда ёки бир йилда келмайди. У бундай хулосага келмоғи учун нималарнидир бошдан кечириши, изланиши, қийналиши ва тинимсиз ўйланиши керак, менимча. Ватанни, халқни чиндан севган шоиргагина бундай кашфиётлар насиб бўлади.

Муҳаммад Солиҳ билан суҳбатимиз ҳам ватанимизнинг, халқимизнинг бугунги ва эртанги кунлари, мамлакатимизда кечаётган қайта қуриш муаммолари ҳақида боради. Шоир баъзан ўйчан, баъзан куюниб, баъзан кескин сўзлади.

Муҳаммад СОЛИҲ: Қайта қуришимиз туфайли ҳал этилажак муаммолар бир кунда пайдо бўлгани йўқ. Биз уларни йиллар мобайнида кўриб-кўрмасликка, билиб-билмасликка олиб яшаб келдик. Ярадек газаклатиб юбордик. Аммо турмушимиздаги бу хасталик нуқталари дафъатан деярли бир кунда яланғочланди ва бизни бироз довдиратиб қўйди. Гўё биз бу “нуқталар”ни биринчи марта кўраётгандай ҳайрон бўлдик. Ҳолбуки, улар бизга аввал ҳам амълум эди. Бугун унда-бунда қулоққа чалинувчи “Наҳотки, шунақа бўлса-я? У порахўр экан-да!” — қабилидаги саволларимизни самимий деб бўлмайди. Бу “ҳайрат” ўша турғунлик даврининг заҳарли меваси — ижтимоий иккюзламачиликдир.

Биз бугун ҳам ўша эски одат бўйича, долзарб муаммоларнинг қайсинисини кўтариш мумкин ва қайсинисига тегмаслик кераклигини кўпроқ ўйлаймиз. Ва, кўпинча, энг долзарби ва кескинини ҳали ҳам “гап тегиб қолмасин” қабилида айланиб ўтамиз, гапирмаймиз.

Биз порахўрликни давлат миқёсидаги порахўрликни фош этдик: жуда кўп раҳбарларни лавозимидан олиб ташладик, уларни ҳаётлигида ёки ўлимидан кейин жазоладик. “Қўшиб ёзганлар”нинг гуноҳкорини ҳам, баъзан бегуноҳларини ҳам қамадик. Уларнинг ўрнига янги одамларни — қобил ёки ноқобил кишиларни сайладик, устларидан назорат ўрнатдик. (Назорат “собиқ”лар устида ҳам бор эди) ва шу билан иш битгандай бўлди.

Энди қайта қуришнинг ҳосилини кутаяпмиз.

Чириган дарахт суғириб ташланган жойда кутаяпмиз.

Менимча, узоқ кутсак керак. Чунки, биз жаҳолатни, ўғрилик ва нопокликни суғуриб олсак-да, уларнинг илдизини унутиб қолдирдик.

Мен асло бўрттираётганим йўқ.

Одамларимизнинг бутун жисмоний ва маънавий кучларини сафарбар қилиб, шахсий ҳаётига ўрин қолдирмайдиган монокултура — пахта ҳукмдорлиги давом этар экан, қишлоқ ва шаҳар ўртасидаги чуқур ижтимоий тенгсизлик (ўзбекларнинг деярли 80 фойизи қишлоқда яшайди) бартараф қилинмас экан, жисман ва маънан соғлом инсонни тарбиялаб етиштириш жуда қийин.

Мўъжиза кутмай қўяқолайлик: бунақа одам осмондан тушмайди. У бизнинг еримиздан ўсиб чиқмоғи керак, пахта билан бирга! Фақат одамни пахтадан фарқ қилсак, бас.

МУХБИР: Пахтакорнинг обрўсини кўтариш зарурлиги ҳақида Ўзбекистон Компартияси Марказий Қўмитасининг сўнгги пленумида ҳам алоҳида таъкидлаб ўтилди.

Муҳаммад СОЛИҲ: Тўғри. Лекин унинг обрўсини қуруқ сўз билан кўтариб бўлмайди. Пахтакорнинг яшаш тарзига, меҳнат шароитига эътибор берилиши керак. Бунинг учун эса, биринчи навбатда, болаларимизни оғир меҳнатдан — дала ишларидан озод қилмоқ зарур. Биз бу борада жуда кўп гапирдик ва табиий, бу ваъдалар қуруқ сўз эканлигига ҳар йили амин бўлаяпмиз. Болалар ўқиш жараёнидан юлиб олинди.

Уларнинг оталари меҳнатига келсак, бу меҳнат ҳозир қишлоқ ҳўжалигидаги энг оғир ва таажжубланарли даражада арзон меҳнатдир. Мана, гувоҳ бўлинг: 100 кило буғдой етиштириш учун 1,6 соат ишчи кучи, 100 кило пахта ҳосили олиш учун 37 соат ишчи кучи сарф бўлади. Ғаллакор бир соатлик меҳнати учун 62,5 тийин, пахтакор эса, 16 тийин, ғаллакорга қараганда деярли тўрт баравар кам ҳақ олади. “Пахтакорнинг меҳнати енгил эмас” дея билдирилган ҳамдардлик унинг аҳволини яхшилай олмайди. Аниқ чоралар кўриш пайти келди. “Миллионер” хўжаликларни кўргазма қилиб, қишлоқнинг “бой хонадон”ларини ташвиқ этиш билан ҳам иш битмайди. Қишлоқ ҳаётини ўз кўзи билан кўрган киши биз етмиш йиллик янги тарихимиз давомида деҳқоннинг турмушини у қадар яхшилай олмаганимизга шоҳид бўлади. Деҳқонларнинг аксарияти камбағал яшайди. Уч ойлик пахта компаниясини мустасно қилганда, деҳқон ойига, нари борса, 40-50 сўм маош олади.

Тўғри, яқинда деҳқон ҳаётида ҳам ёруғлик пайдо бўлди: оилавий пудрат амалга оширилди. Аммо унинг меҳнати муносиб баҳоланмас экан, пахтанинг нархи кўтарилмас экан, пудрат дегани деҳқон бўйнига янги бўйинтуруқ бўлиб қолаверади. Чунки, деҳқон илгари ўзи ишлаган бўлса, энди бутун оиласини, болаларини ҳам далага ҳайдайди: зора, пландан ошириб пахта топширса-ю, кўпроқ пул олса, болаларни кийинтирса, ўқишга жойласа. Лекин юқоридан белгиланаётган планлар жаҳон чемпионларига қўйилган “планка” каби жуда баланд — уни ҳаммаям ошиб ўтолмайди.

Бундай беқадр меҳнат, бундай йўқсил турмуш ва яратувчилик имкониятларини очиш йўлида эмас, нон топиш йўлидаги доимий бандлик, халқда руҳсизлик ва ижтимоий ғафлат туғдиради. Бу эса, ҳар хил порахўр, ўғри, муттаҳамлар учун энг қулай вазият — ўша халқ мулкини талон-тарож қилиш учун энг ўнғай майдондир.

Хуллас, ҳал этилиши шарт бўлган муаммоларимиз оз эмас. Ҳозирча, ҳамма нарсага тўғри қарашга, одил муносабатда бўлишга ўрганаётганимизни, янги ҳаёт қўйган илк қадам десак бўлади. Шак-шубҳа йўқ-ки, одам боласи асрлар бўйи орзу қилган манзил — покиза ёғдулар тўшалган манзилга етажак.

МУХБИР: Инсон дунёга ҳалоллигича келади. Уни тарбия, муҳит бузади. Шундай бўлса-да, кўпчилик ҳалол, тўғри яшасам дейди. Аммо ҳаётда энг қийин иш — ҳалол яшаш ҳамманинг ҳам қўлидан келавермайди. Сиз бундан саккиз йил бурун ёзган эдингиз: “Тўғри бўлмоқ нима ўзи? Нима деганидир тўғри яшамоқ?”

Бу саволга бугун қандай жавоб берган бўлардингиз?

Муҳаммад СОЛИҲ: Ўтган йили бу саволга жавоб бўладиган бир фикр айтган эдим, агар такаббурликка йўймасангиз, ўзимдан “кўчирма” келтирардим…

МУХБИР: Керак гап такрорланса, менимча зарар қилмас…

Муҳаммад СОЛИҲ: “… Ёлғон айтиш тўғри сўзни айтишга қараганда хавфсизроқ. Зотан, инсоният тарихида ёлғон сўзи учун жабр тортганлар кўпроқдир. Аммо виждони бутун одам ёлғон гапириб қутулишдан кўра, тўғрисини айтиб тутилишни афзал кўради. Бу, албатта, телбалик эмас. Бу — унинг табиати. Ўша ўжар тоифага мансуб зотлар тарихда кўп учрайди. Уларнинг кўплигини кўриб, энг тушкун кимсанинг юрагида ҳам келажакка умид уйғонади: шундай одамлар яшаган экан, демак, бугун ҳам яшаяпти, бундан кейин ҳам яшайди, деб ўйлайди у. Уларни дорга осгандилар, ўтда ёққандилар, сувга чўктиргандилар, аммо бугун қарасак, ҳаммаси тирик экан. Улар маънавият қасрининг устунлари, улар ўз юртларининг ҳақиқий гражданларидир…”.

Мен ҳозир ҳам шу фикрдаман.

Лекин жавобимни кундалик ҳаётимизда бир мисол билан якунламоқчи эдим. Бундан иккин йил аввал Марказқўмнинг собиқ мафкура котиби Р.Абдуллаева олиб борган “сиёсат” оқибатида, тилимиз ва адабиётимизга ҳар хил тазйиқлар бўлди. Бунга қарши бир неча ноширлар Ёзувчилар уюшмаси съездига очиқ хат ёзган эди. Бу хат (шахсан Р.Абдуллаева кўрсатмаси билан съездда ўқилмади. Ўқилмадигина эмас. Очиқ ҳатни имзолаган ёзувчилар пленумида “муҳокама” қилинди. Танбеҳ олди ва кейинчалик уларнинг босмахонага тушиб кетган китоблари узоқ вақт тафтиш қилинди. Бу гап эски, лекин ўша пайтда ноҳақлик тарафида туриб, очиқ хатни ёзганлардан кулганларнинг, бугун: “сизлар ҳақ экансизлар, биз билмабмиз”, — деганига ҳайратланади киши. Демоқчиманки, тўғри одам “ҳайрат”га ҳам тайёр бўлиши лозим. Лекин, биринчи навбатда, тўғриликка тайёр бўлиш керак.

МУХБИР: Тўғрилик ҳақида гапирар экансиз, хаёлим бошқа томонларга кетди. Газета хабарида айтилишича, Ўзбекистонимиз аҳолисидан ноқонуний йўллар билан тўплаган 100 миллион сўм орган ходимлари томонидан мусодара қилинган. Эътибор беринг, Солиҳ ака, юз сўм эмас, юз минг сўм эмас — юз миллион сўм-а! Кичикроқ давлатнинг бир йиллик даромади. Бу рақам четдан қараган кишида Ўзбекистонда бирорта ҳам ҳалол одам қолмаган экан-да, деган фикр туғдириши табиий.

Муҳаммад СОЛИҲ: Ҳа, юз миллион сўм ўғирлангани рост. Эҳтимол, ундан ҳам кўп пул ўғирлангандир. Бу ҳам ҳали очилса керак. Чунки, қонун мутасаддилари Ўзбекистонда анча ғайрат кўрсатиб ишламоқдалар. Бу — яхши, лекин Ўзбекистонда ўғирланган пулларнинг қанчаси бошқа жойларга кетган? Бу пулни ўмарган юлғунчиларнинг юқорироқдаги ҳамтовоқлари ким?

Марказий газеталар Ўзбекистондаги ўғирликларни фош қилаётиб, шу масалага ҳам эътибор қилса, яхши бўларди. Афсус билан айтишим керак-ки, менинг назаримда, бу иш бир ёқлама кетяпти. Агар шундай кетаверса, хавфсирашингиз тўғри, Иттифоқимиз халқлари ўртасида “ўзбекларнинг ҳаммаси бир гўр — ўғри”, деган таассурот қолиши ҳеч гап эмас. Ўғрини фош қилиб унинг ҳамтовоғи ҳақида гапирмаслик, бугунги демократия ва адолат тушунчаларига мутлақо зиддир. Менинг бу борада фикрим — шу.

МУХБИР: Шу ўринда диққатингизни яна бир муҳим нарсага тормоқчи эдим. Охирги кунларда матбуотда, юксак минбарлардан айтиладиган бир гап тез-тез эътиборимизни тортадиган бўлиб қолди: Совет Армияси сафларига чақирилган ўзбек йигитлари орасида рус тилини билмайдиганлар, соғлиғи ҳозирги замон ҳарбий хизмати синовларига дош беролмайдиганлари ҳам бор. Сиз республикамизда ва марказий матбуотда бу мавзуларда мақолалар билан чиқдингиз. Наҳотки, баъзи йигитларимиз шу даражада ночорлашиб кетган бўлса?!

Муҳаммад СОЛИҲ: Йигитларимизнинг жисмонан заиф бўлиб етишаётгани, афсуски, аччиқ ҳақиқатдир. Бу ўзингизга маълум, экологик бузилишлар ва қишлоқ хўжалигини ёппасига химиялаштириш, қолаверса деҳқон ҳаётининг моддий ночорлиги оқибатидир.

Рус тилини билмагани сабабли, болаларимизнинг ҳарбий техникани эгаллашда қийналаётгани ҳақида ҳам гап кўп бўлди. Бу борада мен ҳам фикр билдирган эдим. Аммо яқинда 1979 йилги статистик маълумотни кўриб, мен сал шошиб хулоса чиқарганимни англадим. Ўзбекистон бу жабҳада олдинги қаторлардан бирида турган экан. Бу ҳақиқатни сал бўрттириброқ кўрсатаётган эканмиз.

Умуман, биз бирор тилнинг (хоҳ ўзбек, хоҳ рус тили бўлсин) ижтимоий роли ҳақида мулоҳаза юритар эканмиз, масалани кўпинча, бир ёқлама қарай бошлаймиз.

Бизда Конститутсияга ёзилган “тенглик” деган сўз бор. Бу сўзни таҳлил қилиб ўтиришнинг кераги йўқ. Биз рус тилини ўрганишга ташвиқ қилар эканмиз, Ўзбекистонда яшайдиган бошқа миллатлар ўзбек тилини биладими, йўқми деб ўйламаймиз.

Машҳур гуманист ёзувчи Эразм Роттердамский бирор бир мамлакатнинг бирор вилоятига бормоқчи бўлса, ўша вилоят лаҳжасини (тил эмас, лаҳжа!) ўрганиб, кейин йўлга чиқар экан.

Ҳақиқий зиёли, ўзини таниган одам ўзга маданият ва ўзга тилга шундай ҳурмат билан қарайди. Яқинда “Ўзбекфилм” кинохроникасида тилга бағишланган бир ҳужжатли филм муҳокамаси бўлди. Филм лавҳаларида рус мактабида таълим олаётган болалар ўзбек тилида “нон”, “бер” ёки “пул” каби сўзлардан бошқа сўз билмаслиги тасвирланади. Ижтимоий ҳаётимизда тил сиёсати ҳам тенгликка қурилиши лозим.

Кейинги пайтларда рус тилини роли хусусида кўп гапирдик. Рус тили ўқитувчиларини рағбатлантираяпмиз, рус тилига бағишлаб конференсия, мажлислар ўтказаяпмиз — бу жуда яхши.

Биз қанча кўп тил билсак, ўзимизга шунча дуруст бўлади. Аммо ҳали ҳеч қаерда, ҳеч ким — на тилчилар, на ўқитувчилар, на олимлар ўзбек тилининг бугунги аҳволи ҳақида мулоҳаза юритиш учун тўпланмадилар. Ҳар ҳолда, ижодкор сифатида менинг бундай тадбирлардан хабарим йўқ. Ўзбек тилининг аҳволи мақтанарли даражада эмас. Биринчидан, ўзбек тили анчадан бери идора тили бўлмай қолди: аризалар, ҳужжатлар, буйруқлар ва ҳоказолар фақат рус тилида ёзилади: барча эълонлар, кўча номлари, ҳатто қишлоқларда ҳам русча ёзилади. Ўзбек тилига менсимай қараш ҳоллари, айниқса, олий ва ўрта таълим мактабларида яққол кўринади. Ўрта мактабнинг ўзбек синфларида ўзбек тили 3 соатгача қисқартирилган. Ўзбек тили ўқитувчилари эса, мактабда энг “обрўсиз” одамлар-ки: уларнинг фани — она тили ўқиш жараёнида ҳарқандай бошқа дарс билан алмаштирилиши мумкин. ўқитувчи ва унинг ўқитадиган фанига бўлган ҳурматсизлик — тилга бўлган ҳурматсизликдир.

Техник ва тиббиёт олий ўқув юртларида маърузалар ўзбек тилида ўқилмайди. Бу қоидани ўйлаб топган ташаббускорлар ўзбек тилида техник атамалар йўқлигини рўкач қилишади. Бу бўлмаган гап. Агар биз ўз тилимизнинг нақадар бойлигини билсак эди, агар уни севсак эди, ўша атамалар китобини қисқа муддат ичида тузиб, чоп қилиш мумкин бўларди. Гуржистон ва Арманистонда, Эстония ва Литвада бу хил китобни ўз тилларида чиқарса-ю, нега биз чиқармас эканмиз? Ёки бизнинг тилимиз уларникидан ночорроқми? Ўзбек тилида ўқитишга қарши кишиларнинг яна бир баҳонаси шуки, рус тилини яхши билмай туриб, компютерлар “сири”ни англаш қийин ва бу Иттифоқдаги иқтисодий бирликка раҳна солармиш. Биринчидан, агар истак бўлса, компютерлар соҳасида ҳам худди ўша атамалар мажмуасини яратиш мумкин. Ахир эсланг, “Алгебра” — “Алжабр”ни ким яратган? Хоразмий-ку. Иккинчидан, нега бор-йўқ муаммони фақат рус тилига тақаб гапирадиган бўлиб қолдик? Наҳотки, биз ўз тилимизни билсак, унда ёзсак, мушоҳада қилсак бу интернатсионализмга зид бўлса?

Ўз тилимизни ўзимиз ҳурмат қилмасак, бошқалар ҳам ҳурмат қилмайди. Яқинда бир воқеанинг шоҳиди бўлдим: Украиналик бир ёш шоир (Олес Ткаченко) ўзбек тилини ўрганиб, шу тилдан таржималар қиламан деган ниятда Тошкентга келган экан. Уни Ёзувчилар союзида кўриб қолдим. Кутубхонадан шошиб чиқди. Саломлашдик. “Нима бўлди, ҳаяжонланиб юрибсан, Олес?” десам, аввал индамади кейин кутубхоначи аёлдан хафа бўлганини айтди. Олес “Ўзбекча-русча луғат” сўраган экан. Кутубхоначи эса: “Ўзбек тили ўлик тил-ку, нима қиласиз ўрганиб?” дебди.

Агар бу бизнинг турмушимизга шунчаки бир тасодиф бўлганда эди, агар ўзбек тилини менсимаслик фақат мактаб ёки кутубхоналардагина бўлганда эди, биз бунга урғу бериб ўтирмасдик. Афсуски, бу кенг тарқалган касал. Ҳатто кўпгина ўзбеклар ҳам ўз тилига кибр билан қарашади…

Пайти келди, ўзбек тилида чиқаётган китоблар ҳақида ҳам бир оғиз айтсам. Вақтингизни олмаслик учун фақат рақамларни келтираман. 1940 йилда Ўзбекистонда 600 китоб нашр қилинганда, аҳолимиз 4 миллион эди. Бугун ўзбеклар 14 миллилонга етай деб қолди, лекин ўзбек тилида нашр қилинаётган йиллик китоблар сони бор-йўғи 900 та.

Ёки бошқа бир мисол: ўша 1979 йили 4 миллион аҳолили Гуржистон 1549 та китоб нашр этган, 1975 йилда бу рақам 1715 тага етди. Ушбу рақамларни солиштириб кўрсангиз, биз нашр сиёсатида ғалати бир тарзда ортга чопаётганимизни кўрамиз. Ўзбек тилида ўқийдиган китобхонлар сони кўпаймоқда, ўзбекча китоблар сони эса, камаймоқда. Пахта плани, гўшт, сут, сабзавот планлари ошади, нашриёт планлари, негадир, қисқаради. Бу ҳам ўзбек адабиётига ва унинг китобхонига, демак, ўзбек тилига муносабатнинг бир кўриниши.

МУХБИР: Балким миллатнинг сифатини яхшилашга. Таклиф қилинаётгандек, “туғилишни тартибга солиш”, “оилани планлаштириш” туфайли эришармиз? Оилада ўн касалманд бола чор-ночор кечирганидан кўра, беш соғлом фарзанд ўйнаб-кулиб, тўқ-фаровон яшагани маъқул эмасми?

Муҳаммад СОЛИҲ: Болаларнинг ўнтаси касал бўлса, бештаси соғлом бўлишига ким кафолат беради. Менимча, масала бошқа ёқда. Ўтган йили “Известия” газетасида кичик бир суҳбат эълон қилинди. Унда ўзбек оилаларида туғилишни камайтириш ҳақида фикр билдирилди. Кейин туғилаётган болаларнинг аксарияти носоғлом эканлиги айтилди. Бу жуда тўғри фикр эди, ҳақиқатан ҳам Ўзбекистон болалар ўлими бўйича Иттифоқда биринчи ўринда туради. Лекин бунга туғилишнинг нима алоқаси бор. Шуни тушунмадик. Ахир болалар кам туғилгани билан касал камроқ бўлмайди-ку!

Биз шундай деб ўйладик, аммо суҳбатдаги бу фикр қанчалик зиддиятли бўлмасин, уни тасодиф сифатида қабул қилдик. Агар бу ғалати фикр бошқа жойларда, суҳбатларда кўтарилмаганда эди, уни бутунлай унутган бўлардик.

Биз фақат шундагина ҳушимизга келдик. Туғилишни камайтириш ғояси бир одамники эмаслигини сездик. Ва бу ғоянинг нотўғрилиги ҳақида мажлисларда, Ёзувчилар уюшмаси пленумларида гапирдик. Аммо шу кунгача бизнинг фикримиз инобатга олингани йўқ. Бугун туғилишни камайтириш учун ташвиқот нафақат қишлоқларда, ҳатто шаҳар туғриқхоналарида ҳам авжига чиққан. Қишлоқни тушуниш мумкин, аммо шаҳар-чи? Шаҳарлик оналалар ҳам майиб-мажруҳларни туғаяптими?

Хуллас, туғилишга қарши келтирилган далиллар бир-биридан кулгили, бир-биридан зиддиятли. Менимча ҳар бир миллатнинг кўпайиши ёки кўпаймаслигини идоралар эмас, ўша миллатнинг ТАБИАТИ белгилайди.

Агар шу табиий мувозанат сунъий равишда бузиладиган бўлса, биз бутун дунёга кулги бўлишимиз муқаррар ва ғоявий мухолифлар қўлига яна бир “миллий дастак” тутган бўламиз.

МУХБИР: Бундай шошма-шошарликлардан хориждаги мафкураси бузуқ ҳарифларимиз фойдаланишни жуда яхши билишади, уларнинг тегирмон тоши янада тез айлана бошлаганини биламиз.

Муҳаммад СОЛИҲ: Гапингиз жуда тўғри. Бунга бир мисол келтирай: Н.И.Журавлева ўзининг “Антисоветизм буржуазной демографии” катобида Ғарб демографи А.Шихи мақоласидан парча келтиради: “Ўрта Осиё республикаларида аҳолининг кўпайишига қарши бирор чора кўриладими-йўқми, ҳали маълум эмас. Ҳар ҳолда, туғилишга қарши расмий кампания — ирқий дискриминатсия, деб айбланиши мумкин, чунки, бир вақтнинг ўзида русларда туғилиш рағбатлантирилади” (124-бет).

Бу буржуа демографининг гапи. У худди шундай “кампания” бўлишини башорат қилгандай бўлди. Аммо у бир нарсадан қаттиқ адашган: биз ҳеч кимни ирқий дискриминатсияда айблай олмаймиз. Бу — аниқ.

Лекин биз ўзбек оилаларида болаларнинг касал туғилаётганига сабабчи ночор тиббиёт ва бу фожеага лоқайд қараб турган мутасадди ташкилотларни айблаймиз. Биз “болалар ўлимига сабаб кўп туғишдир” дея, ҳақиқатни яшираётганлар, дефолиантлар, гербитсидлар ва бошқа химиявий дорилар дастидан шундай фожеали аҳволга юз бурганлигимизни яшираётганларни айблаймиз.

МУХБИР: Суҳбатимиз ватанпарварлик, халқпарварлик ҳақида борар экан, шундай савол туғилади: бу муқаддас туйғулар адабиётимизда қай даражада ўз ифодасини топмоқда? Бу борада Сиз мансуб авлод ижодкорлари билан ёзувчиларимиз қаршисида қандай уйғунлик ва фарқлар кўрасиз?

Муҳаммад СОЛИҲ: Олтмишинчи йиллар ва етмишинчи йилларнинг бошларида Абдулла Орипов ижоди биз учун шижоат намунаси бўлди. Унинг ҳар бир шеърини зориқиб кутардик. Сал кейинроқ Рауф Парфи шеърлари кўпроқ диққатни торта бошлади. Етмишинчи йиллар охирида янги шеърий авлод дунёга келди. Усмон Азим, Шавкат Раҳмон, Тилак Жўра, Хуршид Даврон, Йўлдош Эшбек, Азим Суюн ва бошқалар. Улар менинг тенгдошларим ва дўстларим. Шунинг учун ҳам уларни мақташ менга ноқулай.

Саксонинчи йилларнинг бошида янги шоирлар Усмон Қўчқор, Муҳаммад Юсуф, Мирза Кенжабек, Сирожиддин Саидов каби бир қатор истеъдодли ёшлар кўзга кўрина бошлади. Мен бу ҳар хил ёшдаги шоирлар орасида бир фазилат уйғунлигини сезаман: юқорида айтганим — шижоатни сезаман. Ва бу билан фахрланаман.

Суҳбатни Қ.Очилов олиб борди
Суҳбат “Ёш ленинчи” газетасининг 1988 йил, 25 феврал сонида эълон қилинган.

(25)
Муҳаммад Солиҳнинг 2013 йилда Истанбулда чоп этилган “Иқрор” китобидан. (105-114-саҳифалар.)

(давоми бор)