Халқ амалдордан қаттиқ қўрқади

Халқ амалдордан қаттиқ қўрқади
17 views
11 July 2017 - 14:58

Яширмайман, бугун, 70 ёшга кирган пайтимда, ўзбек бўлиб туғилганимдан қаттиқ афсуслана бошлаган эдим. Буни тушунтириш учун…

Халқимизда шундай мақол бор: “Барча қизларимиз бир-биридан яхши. Ёмон келинлар қайдан пайдо бўлади?”

Шунга ўхшаб, мен ҳам охирги қирқ йил давомида “Ўзбекнинг оддий халқи жуда ҳам яхши, лекин ёмон ўзбек амалдори қаердан пайдо бўлади?” –деб бош қотириб келаман. Ўзбекистоннинг бугунги ҳолатига – яхшисига ҳам, ёмонига ҳам, бирдай – амалдорлар синфи сабабчи, деб биламан. Иқтисодий эркинлик бўлмаган, маъмурий-буйруқбозлик тизими ҳукмрон юртда бошқача бўлиши мумкин эмас-да! Яқинда ушбу саволимга хитой мутафаккири Конфуций 25 аср олдин жавоб бериб қўйганини билиб олдим: “Давлат амалдорига зиғирдай ҳуқуқ берсанг, у бу ҳуқуқни тезда филдай қилиб олади”.

Ўзбекистоннинг мансабда ўтирган бугунги давлат амалдорининг аксарияти Брежнев даврида шаклланишни бошлаган. Пахта планига қўшиб ёзиш иллатини дастлаб Абдулла Қаҳҳор “Синчалак” китобида кўтариб чиққан эди. У киши ўзининг 60 ёшини нишонлаганда:

– Мен партиянинг солдати эмасман, онгли аъзосиман. Ўтган ҳар бир генералга “чест” беравермайман, эл учун ҳалол ишлайдиган генералга эгиламан, холос, – деб айтгани ҳали-ҳануз қулоғим остида жаранглаб турибди.

Президент Шавкат Мирзиёев ўша Абдулла Қаҳҳор орзу қилган “ҳалол ишлайдиган” генерал бўлиб туюлади менга. У элим деб, халқим деб жон фидо қилаётганини кўриб турибман. Буни ҳатто қалби кўрлар ҳам кўриб турибди! Бироқ тан олиб айтишимиз лозим: Ана шу элимиз, халқимиз Президентга юракдан хайрихоҳ бўлса-да, лекин “Қани, нима бўларкин?” деб оддий томошабин бўлиб турибди. Бу аччиқ ҳақиқат. Бунинг сабаби “Ўйнашмагин арбоб билан, арбоб урар ҳар боб билан”, – деган мақолда айтилган. Халқ амалдордан қаттиқ қўрқади. Афсуски, нафақат оддий халқ, балки халқ виждони ҳисобланган журналистлар ҳам жим… Нега?

Рустам Усмонов

facebook.com