Шаклсиз жамиятдаги… шаклсиз одамларнинг… шаклсиз қилмишлари…

Шаклсиз жамиятдаги… шаклсиз одамларнинг… шаклсиз қилмишлари…
24 views
13 July 2017 - 8:00

Ислом Холбой

Т А Н А З З У Л
(Тўрт юз тўқсон саккизинчи камерадаги маҳбус хотиралари)

ХаЗиНА КаБи
                             ҚўРиҚлАйДиЛАр
ЧўЧқА КаБи
                         БоҚаДиЛАр
ИТ КаБи
                 таҲқирлАйДиЛаР 

Т  У З О Қ
Биринчи китоб

уаллиф бевосита бошидан кечирган воқеа-ҳодисаларга асосланади)

Қўрқоқлик хорликка, мардлик олдинга бошлайди.
Иккиланиш (ҳафсаласизлик) тақдир  ҳукмидан олиб 
қололмайди.
Муҳаммад пайғамбарнинг қиличига ўйиб ёзилган ҳикмат 

(29)

Йигирма биринчи боб

12 май. Одатдагидек, Азизни махсус каталакка тиқдилар. Баҳром икковичиқаётганда, бир-бирларини кўрган бўлсалар-да, яширин имо-ишоралардан нари ўтолмадилар. Йўлчи машина Тоштурма томон силжиди.

Узил-кесил қамоқни бўйнига олган Баҳром шаклсиз жамиятдаги… шаклсиз одамларнинг… шаклсиз қилмишларини… “мавҳумот” деб ўйлади. Миясига келган бу фикр кўзлари билан кўриб, қулоқлари билан эшитган воқе-ҳодисалар асосида туғилди. Жамиятдаги жаҳолат илдизлари, раҳнамолар феълидаги юҳолик сохталик ва ёлғонлардан ўсиб ривожланганди. Иллатлар ўзагини йўлбошчилар ўз юраклари остида кўз қорачуғларидек асрардилар. Хулоса ясаш лозим бўлганда, хулоса ясамаслик ҳам, аслида, хулоса эди. Бу шахснинг ёхуд жамиятнинг инқирозидан дарак берарди. Шу боис Баҳром ҳар бир нарса моҳиятини идрок этиш ва хулоса чиқаришдан, хатолари бошини изларди. Бироқ у қидирганини топа олмаётганди.Шаклланаётган онгнинг шаклсиз ҳодисалардан мазмун касб этишга тиришиши балки қалб исёнидир. Ёхуд ожизлигидир. Ўзгача бўлиши ҳам мумкин эди…

Машина Тоштурманинг баланд деворлари соясида моторини ўчирди. Тамаки тутунига тўла машина ичида ўн тўртта маҳбус бор эди. Темир дарвозанинг дамо-дам очилиб-ёпилишидан навбат кутиш зарурлиги англашинарди. Қуёшнинг куйдиргувчинурларидан машина ичи ёнай дер, қуюқ тутунда маҳбуслар бир-бирларини зўрға кўрардилар. Шунда Азизнинг Баҳромни чақираётган овози эшитилди. У жавоб қайтариш учун оғзини жуфтлаганда, кўринмас бир қўл томоғидан хиппа бўғгандай,нафаси ичига қайтди. Сўнгра Азиз ҳар қанча чақирмасин, сочиқ билан оғзини тўсгач, у “миқ” этмади. Мотор ҳар икки-уч дақиқада ўт олиб, олдинга беш-ўн қадам силжирди-да, тағин ўчарди. Бу ҳол қирқ беш дақиқага яқин давом этди. Бир пайт машина биринчи дарвозадан ичкарига кирди. Шу заҳоти дарвоза қайтиб ёпилди. Ичкарида ҳам ташқаридаги сингари баланд девор ва темир дарвоза бор эди. Маҳбусларнитопшириш учун ўнга яқин машина навбат пойларди. Қўриқчилар машина эшигини ланг очиб қўйдилар.

Олдда ўтирганларга кичкина ҳовлидаги нарсалар кўриниб қолди. Гупуриб кирган тоза ҳаводан ҳузурланиб нафас олган Баҳром бошини орқага ташлади. У кўзларини очишни ҳеч ҳам истамасди. Аждарҳодек олов пуркаётган қуёш ҳовуридан чўғга айланган машина девори, энсасини куйдирганда, кўзлари очилиб кетди. Ҳайвонот боғида болалар ғуж-ғуж бўлиб, маймунларни томоша қилиш учун панжарага қандайёпишсалар, маҳбуслар ҳам бир-бирлари устидан босиб, ҳовлига шундай боқардилар.Йигирма дақиқалар ўтиб, қўриқчилар панжара қулфларини еча бошладилар.

Биринчи Азизнинг номи ўқилди. Кишандан қўлларини бўшатган Азиз тушишга чоғланаётиб:

– Омадингизни берсин, Қурбонов, энди кўчада учрашамиз! – дея пастга сакради.

Инчунин, Баҳром қамоқдан қутулиб чиққунча ҳам уни қайтиб кўрмади.

Ўн учта маҳбус баланд айвон остида деворга қараб, чўнқайиб ўтирарди.Тоштурма миршаблари шаҳар бошқармаси миршабларидан ҳар бир маҳбуснинишона асосида, битта-битталаб, ёриқ-йиртиғини текшириб қабул этди.

Шаҳарликлар маҳбусларни топширганда, нишоналар жамланган китобларни қўлтиқлаб олган сарғимтил, кўзлари ғилай миршаб маҳбусларга:

– Ҳамаларингиз ўринларингиздан туриб, қўлларингизни орқангизга тутиб, бу ёққа ўгирилинглар! – деди.

Маҳбуслар ўгирилгач, у:

– Ҳеч ким касал эмасми, тутқаноғи йўқми? Кимнинг одам кўролмайдиган жойида юқадиган яра-чақаси бўлса, айтсин! – деди.

Ҳеч ким индамагач, у қийшиқ ёғду сочаётган фара сингари ғилай кўзларини ғалати пирпиратиб:

– Тушунарли! – деб қўйди. Сўнгра ҳаммага бир-бир назар ташлаб, секин юриб,Баҳромнинг олдига келди. – Таёқ еб, кўкарган жойлари борлар, жабр кўрганлар бўлса, бир қадам олдинга чиқсин!

Яна ҳеч кимдан садо чиқмагач, Баҳромга боқиб:

– Нима учун чиқмаяпсан, бу гап сенга тааллуқли эмасми? – деди.

Баҳром унинг кулгу қистатадиган қийшиқ боқаётган ғилай кўзларига қарамасликка ҳаракат қиларди. У:

– Мен ҳеч кимдан жабр кўрмадим, таёқ ҳам емадим! – деди. – Машинадан тушаётганда, қоқилиб йиқилдим. Бурним шунда шилинди.

Миршаб бир замон ёвқараш қилиб, қотиб турди-да:

– Ҳеч кимдан шикоятинг йўқлигига ишончинг комилми? – деди.

Ғилай миршаб огоҳлантирилганидан Баҳромнинг гумони йўқ эди. Тегишли жойдан буйруқ бўлмаганда, уни орқасига қайтариб юборардилар. Унинг яралари ўн иккита маҳбуснинг ички жароҳатлари олдида ҳолва эди. Қолганларнинг кўплариоёқларида базўр турардилар. Шундай бўлгач, унинг қанақанги шикояти бўлиши мумкин? Бўлса ҳам, оғзидан гуллаб қўйиб, бошқармага қайтиб борганда, калтаклар остида беажал ўлиб кетиш нияти йўқ эди. Шунинг учун ҳам ҳозиржавоблик билан:

– Ишончим комил! Биров мени урмаган бўлса, нима деб шикоят қиламан? – деди.

Жавобдан мамнун ғилай миршаб, кўкнор уруғидан тўйган хўроздек, кўкрак кериб,унинг бошидан оёғигача қараб чиқди. У Баҳромга нигоҳ солаётган бўлса ҳам, кўзлари тескари томонга боқаётгандек эди.

– Тузук! – деди у. – Жонинг бор, боқса одам бўласан. Қайси модда билан қамоққа олиндинг, жигар?

– 168-модда!

 Ғилай миршабнинг кўзлари алоқ-жалоқ бўлиб ўйнади.

– 168-модда? Вой, фирибгар-ҳей! Вой, муттаҳам-ҳей! Кимга девор ушлатдинг?Ўмарганларингни қаерга кўмдинг, аблаҳ? – деди у.

Баҳром индамасдан бошини хам қилди. Унинг бу туришини узр сўраш аломати деб тушунган миршаб, нишоналар жамланган китобни қаттиқроқ бағрига босиб:

– Уялмайди-ҳей, бети эшак терисидан ҳам қалин, ҳар балони егурнинг! – деянари кетди. – Ичларингизда “хафа”лар йўқми, ишқилиб?

Оқ аралаш қора сочлари ёнига силлиқ таралган, кастум-шимдаги ёши бир жойга чиққан зиёлинамо маҳбус:

– Мен хафаман! – деб олдинга бир қадам босди.

Буни кўрган маҳбуслар таажжубга тушдилар. Ғилай миршаб ошкора бурнини жийириб, ундан жирканди. Умрида бурнини жийирган ғилайни кўрмаган Баҳромнинг кўнгли ёришиб кетди. Миршабнинг ғижим, аммо беғубор башараси – булутлар ортидан қуёш балққандек, қизариб, бошқалар лабига ҳам кулгу инди. Унинг бу башарасини асримиз Афандиси – Ҳожибой Тожибой кўрганда, бу лавҳадан катта кансерт дастури тайёрларди.

– Сенинг “хафа”лигингни қўриқчилар билармидилар? – деб у маҳбусга ғалати боқди.

– Улар сўрамагандан кейин, мен ҳам индамадим! – деди у.

Боши қотган ғилай миршаб:

– Бу гапни айтишинг учун биров сендан сўраши шарт эмас-ку! – деди.  – Сен биринчи кун “хафа”лигингни билдириб қўйишинг керак эди.

– Менга имкон беришса, айтаманми? – деди жаҳли чиққан маҳбус.

– Менга нима учун тўнғиллаяпсан к..т! – деди энсаси қотган ғилай миршаб ҳам.

– Менга к..т деманг, оғзингизга қараб гапиринг, ука! – деди маҳбус.

– К..т бўлганингдан кейин, к..т дейманда, олифталик қиласан! – деди ғилай миршаб ғазаби қўзиб. – Шолтўқмоқни кетингга тиқиб, оғзингдан чиқараман, к..т…

– Мен к..т эмасман! – дея маҳбус ахири бўкириб юборди.

Миршаблар уни ўраб олдилар. Шунда ҳушёрроғи:

– Тўхтанглар, унга тегманглар! – деди.

Шериклари унга ҳайрон боқдилар. У маҳбусдан:

– Сен кимдан хафасан? – деб сўради.

– Шаҳар прокурори Баҳриддин Валиевдан хафаман! – деди у. – У қамаш “рухсатнома”сини менга ноҳақ берди.

Барча қаҳ-қаҳ отиб кулиб юборди. Бир-икки Баҳромга ўхшаш “хафа”нитушунмайдиганлар анграйиб қолдилар. Баҳром миршаблар ва маҳбусларнинг бирваракайига бунақанги кулганини қайтиб қамоқдан чиққунча ҳам кўрмади. Гапнинг тагини англаган ғилай миршаб, кўз ёшларини артиб, ҳайратга тушган маҳбусдан:

– Ким бўлиб ишлагансан? – деб сўради.

– Университетда дарс берардим. Шаҳар прокурори Баҳриддинжонни ўқишга ўзим жойлаганман, қўлимда таҳсил олган! – деди, у.

– Қайси модда билан айбладилар?

– 210-моддани қўйдилар! – деди у ниҳоят, ўзидан ҳол сўрайдиган одам топилганидан қувониб.

– Сенинг жойинг ертўлада экан! – деди ғилай миршаб. – У ерда сени ҳақиқатдан ҳам “хафа” қиладилар.

“Хафа” нималигини ҳалиям тушунмаётган маҳбус:

– Мен ҳеч кимга ёмонлик истамасам, нима учун хафа қиладилар? – деди.

– “Хафа” деб турмада к..тларни айтадилар! – деди ғилай миршаб. – Пора билан қўлга тушдингми, йиққанларингни қайтарасан энди. Бўлмаса, бутун танангни илма-тешик қиладилар, жигар.

Нима деётганини энди илғаган маҳбус, бехосдан пешонасини симёғочга урган одам сингари карахт бўлиб қолди.

Маҳбусларни айвоннинг ҳар икки томонидаги каталакларга тарқатиб ташладилар. Баҳром маҳбуслар лиқ тўла, исқирт бир каталакка тушди. Аслида, каталакларнинг ҳеч биттаси бир-биридан авло эмасди.

Бу ерда республиканинг барча қамоқхона ва ҳибсхоналаридан келтирилган маҳбуслар ва маҳкумларни учратиш мумкин эди. Қирқ квадрат қулоч каталакда юзга яқин маҳбус бор эди. Нина ташласа, ерга тушмасди. Каталак бурчагига ўрнатилган очиқ ҳожатхона атрофи ҳеч нима билан иҳоталанмаган эди. Ҳожатхонадан тарқаётган қўланса, носоз сувузатгич жўмрагидан шилдираётган сув ҳар бир маҳбусга қаердалигини эслатиб турарди.

Соат ўн иккида бу жойга кирган Баҳром ўн бешгача тик оёқда туравериб тинкаси қуриди. Соқчилар ҳар-ҳар замонда беш-олти кимса номини ўқиб, уларни ичкаридан олиб чиқардилар. Улар чиқмасларидан, янгилари кириб келарди. Ичкари бироз сийраклашгач, Баҳром деворга ўрнатилган скамейкада чўзилиб, оёқлари чигалини ёзди. Бир-бирига айқашиб-уйқашиб кетган маҳбуслар овози, арилар уясидан чиқаётгандай, ғув-ғув этиб, бир нафас тинмасди. Асаби қақшаган Баҳром, кўзларини юмганда, қовурғалари зирқираб оғриб, кўзлари олдига Мусурмоннинг қиёфаси келди. У муштларини тугиб, тишларини қисганида, шишиб кетган бурни ачишиб, кўзлари очилиб кетди.

У бирор маҳбус билан вақт ўтказиш мақсадида валақлашишни хоҳламасди.Тахминан улар нима хусусида суҳбатлашади, бариси аён эди. Қаердансан, фалончини танийсанми, қайси модда билан қамалдинг, қачон афв чиқаркан, деган саволлар асосий мавзу эди. Ўзлари ҳақида гапирганда, улар қинғир ишларинимақтаб, қаҳрамонга айланишни суярдилар. Юздан бешнинг беш фоизича одам рисоладагидай фикрлашни ва суҳбатлашишни қойиллатарди. Манзара катта бир мамлакатнинг кафтдаги кўриниши эди.  Уларнинг ҳолатидан  миллатнинг кимлигини фаҳмлаш унчалик ҳам қийин эмасди.

Эшик шақирлаб очилди. Соқчи ўқиётган рўйхатда унинг ҳам номи бор эди.

Маҳбусларни тор даҳлизда деворга қаратиб, чўнқайтириб ўтқаздилар. Бир замон, беш маҳбус чиққач, беш маҳбусни ичкарига олиб кирдилар. Бу хонада расмга тушириб, бармоқлардан из олардилар. Суратчи оқ-сариқ, қийиқ кўзли бир миршабэди. У маҳбусларни масхаралашни азбаройи суйгани боис, лаби-лабига тегмасди.

– Қаердан бўласан? – дея сўради у ёш бир маҳбусдан.

– Қашқадарёданман!

– Нима қилдинг?

– Қайнонамни уриб, ўлдириб қўйдим!

– Қайнонанг сенга нима қилди, кунта?

– Қайнонам ўрис. Қизиғар, гапга тушунмайди!

– “Темболи”, руслар тез суръатларда бу ерларни тарк этаётган бир замонда,сиёсатни нозик тушунган одам бу ишга қўл урмайди! – дея суратчининг зардаси қайнади. Унинг юз-кўзлари айниган помидор сингари кўпчиб, қизариб кетди. –Онангни фалон қилай сенларнинг, Қашқадарёнинг номини қора ерга булғадиларинг. Елкасида тоғни кўтарадиган полвонлари бисёр бир юртда қасдларинг борми, дейман?

Суратчи сўкишни тўхтатар-тўхтатмас, бармоқлар изини олаётган миршаб қолган жойидан давом этди.

– Қайнонангни ўлдургунингча, маза этиб лиқиллатмайсанми? У ёғидан кириб, бу ёғидан чиқиб, амаллаб, уйини номингга ўтказмайсанми?  Кучинг кўп бўлса, банкни ўмар, миршаблар бошлиғининг бошини кес, прокурорни гаровга олиб, ҳаромдан йиққан пулларини тортиб ол. Олой бозорига бозорком бўл, Отчопар бозори билан Ўрикзорни Қашқадарёга кўчириб, бориб, халққа ёрдам қўлини чўз. Салимбойваччани тиз чўктириб, Ғопирбойни тавбасига таянтир, мен сенга раҳмат айтайин! Қамал, сен билан бутун “сурқаш”лар фахрлансин. Шунда тоғдек бўлиб, орқангда тураман. Чунки тўрт-беш сўм йиққан пулинг бўлади. “Ота”нинг таги Қашқадарёданлигини биласанми? У чандир араблардан, кунта. Етимхонада ўсгани учун уни самарқанлик деб ўйлайдилар. Она – қоп, ота – соф. Хўжа-илғорнинг чашмасидан тўйиб ичмаган кампир, пари бўлса ҳам, қўчқор ўғил туғолмайди. Сенга ўхшаганлар Амир Темур номини расво қилиб бўлди. Қаердаги ишларни қилади булар?! Эшитиб, “сурқаш”ман дейишга уяласан, одам. Латтачайнар, кунталар. Умуман Шаҳрисабзга атрофдаги туманларни қўшиб, алоҳида вилоят қилмаса, бу чўлқуварлардан қутулиб бўлмайди. Шайбонийдан қолган бу ёввойилар бошга бўлди…

давоми бор