Очиқ хатга жавоб

Очиқ хатга жавоб
15 views
18 July 2017 - 6:00

ҚАЙТА ҚУРИШ ЙИЛЛАРИДА ЁЗИЛГАН МАҚОЛАЛАР
(1985-1991)

ОЧИҚ ХАТГА ЖАВОБ

Ҳурматли Озод Бобомирзаевич!

Сизнинг “очиқ” хатингизни ўқиб, “чумчуқ сўйса ҳам қассоб сўйсин”, деган ҳикмат маъносини яна бир бор ҳис этдим. Сиз қўйилган муаммонинг асосий нуқталарида ҳақсиз. Лекин Сизнинг мактубингиз баҳона, мен бу масалага оид баъзи фикрларимни, кечикиб бўлса ҳам, айтиб қўймоқчи эдим. Газетхонларимизга маълум, демография хусусида баҳс бундан икки йил аввал бошланган эди. Камина ҳам беихтиёр шу баҳсга қўшилиб, анча дакки еган. Ўша “дакки”ларнинг сўнггиси бултур “Правда Востока” газетасининг 25 март сонида босилган “Куда ведет поводырь зрячий?” мақоласи бўлди.

Мен туғилиш, болалар ўлими, аёлларимиз соғлиғи ҳақида гапирар эканман, масаланинг туб моҳиятини ўрганишга чақирган эдим. Мақолам ҳам иқтисодчилар, сотсиологларга савол тариқасида ёзилган эди. Жумҳуриятимиз иқтисодини кўтариш учун ва болалар ўлимини тўхтатиб, оналар соғлигини яхшилаш учун фақат туғилишни қисқартириш керакмикан, деб савол берган эдим. Бу фожеалардан қутулиш учун биринчи навбатда иқтисодни кўтариш керак, лекин унинг учун туғилишни камайтириш ҳеч шарт эмас, деган эди.

“Куда ведет поводырь зрячий?” мақоласи муаллифи бизга шундай савол берди: “Ҳар туғилган гўдак — ортиқча оғиздир… Тўғри кўп болали оилалар давлат ёрдамига ишонишлари мумкин. Аммо ота ва она бурчини тўла ўз зиммасига оладиган давлатнинг ўзи борми?”

Албатта, бундай давлатни топиш қийин. Ҳатто, бизникидай инсонпарвар давлат ҳам ота-она вазифасини ўз бўйнига ололмайди.

Лекин Ўзбекистон ота-оналари ўз оиласини “боқиш вазифасини давлат зиммасига юклаяпти” деган фикр қаердан чиқди? “Ортиқча оғиз” иборасини ким ўйлаб топди? Бизнинг кўп болали оналарга берилаётган имтиёз Иттифоқнинг марказий вилоятларида яшайдиган оналар олаётган ёрдамдан бир неча марта кам-ку! Ёки берилаётган бу “садақа”ни ҳам бекор қилиш керакми?

Ўзбекистон аҳли уруш даврида Русия, Белорусия ва Украинадан кўчиб келган минглаб болаларни, майиб-мажруҳ оналарни ўз бағрига олган эди, улар билан фақат нон эмас, дард изтиробни, қайғуни ҳам баҳам кўрган эди. Лекин ўшанда ҳеч ким “ортиқча оғизлар” ҳақида гапирмаган эди. Ёки ўша пайтда ўзимизнинг болаларимиз камроқмиди? Ёки биз уруш давридан бугунгидан тўкинроқ яшармидик? Йўқ. Бизда инсонга ҳамдардлик туйғуси бор эди. ҳақиқий байналмилалчилик туйғуси бор эди. Инсон боласини биз “ортиқча оғиз”, деб айтолмас эдик, бунга минг йиллик маданият, қонимизга сингиб кетган тарбия йўл қўймас эди.

Ҳурматли Озод Бобомирзаевич! Сиз, албатта, мутахассис сифатида бўлиб ўтган баҳсдан хабарингиз бор. Эсингизда бўлса, баҳс “оилани планлаштириш” иборасидан эмас, балки, “туғишни қисқартириш” деган очиқ кўрсатмадан бошланди. Фақат кейинроқ, жамоатчиилик норозилиги сезилганда, ташаббусчилар бу кўрсатмани “оилани планлаштириш” деб аташга мажбур бўлдилар. Лекин бу “ташаббус”нинг моҳияти ўзгармади.

Ташаббускорлар фикрича, туғилиш жараёни бугунгидай юксак суръатда борса, 2010 йилга бориб, биз бу халқнинг қорнини тўйдира олмас эмишмиз, экин экиладиган ерлар қисқариб, иқтисодий мувозанат бузилар эмиш.

Биринчидан, биз жуда ҳам “юксак суръатда” кўпайиб кетаётганимиз йўқ. Аксинча, бугун туғилиш кескин камайиб бормоқда. Буни мен бошқа мақолаларда рақамлар билан кўрсатган эдим. Иккинчидан, наҳотки, 2010 йилгача иқтисодий жулдурларни кийиб юрмоқчи бўлсак? Бу — янги минг йилликда ҳам Ўзбекистон иқтисоди бугунгидай паст, ишлаб чиқариш воситалари бугунгидай хор, техник ускуналар бугунгидай хароб бўлади, шунинг учун эҳтиёт бўлинг, кўпайманг, деган гап-ку!

Туғилиш кўпайса, экин экиладиган ерлар қисқаради, деган иддао янада кулгилироқ. Нидерландия ҳудуди Ўзбекистон еридан 10 баравар кам, лекин бу мамлакат озиқ-овқат маҳсулотлари билан ўзини тўла таъминлаб, ортганини четга чиқаради ва экспорт бўйича дунёда (АҚШдан кейин) иккинчи ўринда туради.

Нидерландия бу тўкинликка туғилишни 10 баравар қисқартириб эришгани йўқ. Улар оилани ҳам бошқача “планлаштирдилар”, одамларнинг турмуш даражаси баланд бўлса, туғилишни маъмурий йўл билан қисқартирига ҳожат қолмаслигини биладилар…

Ҳурматли Озод Бобомирзаевич! Бир фикр ҳадеб такрорланаверса, бу одамнинг ғашини келтиради. Ёзувчилар, олимлар, ҳатто ҳукумат арбоблари ҳам болалар ўлими, экологик бўҳрон хусусида ҳар хил минбарлардан туриб гапирадилар. Аммо халқ бу фикр ва таклифларининг ҳаётимизга реал таъсирини кўпроқ истайди. Бугун Орол тўғрисидаги гаплар худди дафн маросимидаги мунақашага ўхшайди. Бу жабҳада давлат комиссияси тузилиб, Оролнинг ҳеч бўлмса бугунги сатҳини сақлаб қолиш учун пул ажратилган. Бу яхши тадбир. Лекин яқинда қорақалпоғистонлик ёзувчи дўстим менга қўнғироқ қилиб, ўша пуллар яна ўз ўрнида ишлатилмаётгани ҳақида куюниб гапирди.

Шунингдек, оилани планлаштириш тарафдорлари ҳам диққатни болалар саноғига эмас, уларнинг соғлигига, оналар ва отлаларнинг соғлигига кўроқ қарамаяптилар. Тошкент шаҳар 1-касалхонаси бош врачи, фан номзоди Адҳам Расулевнинг бу соҳадаги ҳужжатларини кўрсангиз, одам даҳшатга тушади. Бу фидоий одам ташаббуси билан шифокорлар гуруҳи бир неча марта қишлоқларга чиқиб келди, қишлоқ аҳолисининг аҳволини ўрганди. Шифокорларнинг чиқарган хулосаси, албатта, баъзи мансабпарастларга маъқул келмади.

Чунки, Расулев ва унга ўхшаш жонкуяр шифокорлар касал одамлар сони яширилаётганини фош қилдилар. Бу ҳақда Адҳам Расулевнинг СССР Соғлиқни сақлаш вазирига ёзган хати қайтиб, жумҳуриятнинг бош давлат шифокори Ш.Шаҳобовга тушади.

Ўртоқ Шаҳобов “шикоятчи”ни ёнига чақириб суҳбат ўтказар экан (суҳбат 1987 йилнинг 15 декабрида бўлди), Ўзбекистонда юқумли касалликка чалинган биронта ҳам одам “яширилмаган” деб баёнот берди. Бу ҳол Расулев учун янгилик эмас эди. Чунки, худди шундай ёлғон ва ҳақоратни у 1983 йилда ҳам эшитган эди:

Расулевнинг хатини текширишга келган бригада бошлиғи СССР Соғлиқни сақлаш вазири ўринбосари П.Н.Бургасов:

“Ўзбекистонда ўтказилаётган тадбирлар аъло даражада. Бу тажрибани бутун Иттифоққа оммалаштириш керак. Юқумли гепатит ҳоллари яширилгани тасдиқланмади. Шикоят қилган одам руҳий касал одам”, деган эди. Шу воқеадан кейин Расулев туҳмат ва бўҳтонлар ёмғири остида ишдан олинган эди. Қайта қуриш шарофати билан “оқланиб”, ишга тикланди, аммо ўз ишига эмас. Шунга қарамай Адҳам Расулев курашни тўхтатгани йўқ. Унинг ёзилиб, ҳамон чоп этилмаган “шикоят”ларидан баъзи ҳужжатларни келтираман: “Медицина” газетасида босилган (1.03.1989 й.) “Преодолеть кризис” мақоласида “Жумҳурият болалар ўлими ва юқумли касалликлар сони узоқ йиллар яширилиб келинди” дейилади. Лекин бу сон бугун ҳам яширилаяпти.

Ишонмасангиз, ўша Шаҳобов қўл қўйган ҳужжат — республика санэпид кенгашининг 1988 йил 29 сентябр куни чиқарилган қарорида шу рақамлар бор: 1988 йилда етти ой давомида юқумли касалликларга чалинганлар сони Ховос туманида 68 фойиз, “Ворошилов” туманида — 74,9 фоийз, Сирдарё туманида 80,7 фойиз, “Оқ олтин” туманида эса, 83 фойизга яшириб келинган.

Бу жиноятга ким жавоб беради, деб хитоб этади шифокор Расулев. Юқумли касалликлар, хусусан, жигар касаллиги бўйича Ўзбекистон Соғлиқни сақлаш вазирлиги чиқарган хулосаси ниҳоятда қўрқинчлидир. Мана бу рақамга қаранг: 1975-1988 йилларда Ўзбекистон ССРда юқумли жигар касали билан оғриган кишилар сони 2 миллион 307 минг 708.

Икки миллион уз юз етти минг етти юз саккиз одам жигар касалига мубтало бўлган экан. Бу — миллатнинг тўртдан бири тўлақонли меҳнатга лаёқатсиз деган гап. Бу дегани, яна минглаб гўдаклар нимжон ва мажруҳ бўлиб туғилажак ва биз бу фожеа сабабини “кўп туғиш”дан ахтариб, баҳс юритажакмиз.

Яқинда ўтган суҳбатларнинг бирида, Ўзбекистон Вазирлар Кенгаши раиси Ғ.Х.Қодиров кейинги бир йил ичида болалар ўлими бир қадар қисқаргани ҳақида маълумот берди. Албатта, бу ўзгариш умид уйғотади, аммо ССВ(соғлиқни сақлаш вазирлиги)га ажратилаётган маблағ (нафақат жумҳуриятимизда, Иттифоқда ҳам), ниҳоятда кам, касаллик эса, фақат яхши ният билан тузалмайди.

Жигар касаллигидан ташқари, Ўзбекистонда яна бир дард бор, унинг номи — рак. Бу сўзнинг ўзбекчаси йўқ, чунки, ўзбеклар тарихида бундай касалликнинг ўзи йўқ эди. Тошкент онкология институтининг текширувлари бўйича Ўзбекистонда бу касаллик 1980 йилга нисбатан 16,5 фойиз ошган. Шу институт ходимлари яқинда далат органларига мурожаатнома ёздилар.

Ундан парчалар келтираман: “Қашқадарёнинг икки туманида яшовчи 760 нафар ёш аёлдан фақат 12,3 фойизи соғлом бўлиб чиқди, 87,7 фойизида кўкрак бези касаллиги ва унинг 1,2 фойизидан кўпроғидан рак топилди. Ичак ва ошқозон раки билан оғриган беморларнинг бир йил ичида 49, 3 фойизи, баъзи вилоятларда (Фарғона, Бухоро, Наманган, Андижон) эса, 59 дан 63 фойизгача ўлаяпти. Рак касалига чалинган 200 кишидан саксон бештасининг ёши 19 дан 40 ўртасидадир. Бу оралиқ одамнинг ҳам руҳий, ҳам жисмоний кучга тўлган пайти!

Шуни таъкидлаш керак-ки, ўша 200 одамниг 140 таси бевосита пахта далаларига яқин жойда яшаб келган… Қон ракидан ўлган ўсмирларнинг 38,3 фойизи 14 ёшгача умр кўрган. Бу рақам фақат аблаҳларнигина даҳшатга солмайди!”, дея хитоб қиладилар шифокорлар.

Улар бу фожеа сабабини, пахта монокултураси, деб кўрсатадилар ва жумҳуриятдаги аграр сиёсат инсонга хизмат қилмоғи керак, дейдилар.

Маълумки, пахта даларида асосан ўзбеклар меҳнат қилишади. Шунинг учун ҳам ўзбекларнинг рак касалига йўлиқиш эҳтимоли Ўзбекистонда яшовчи бошқа миллат вакилларига нисбатан 47 марта кўп экан. “Мурожаатнома”га имзо чеккан 21 киши мутасадди идораларни пахта плани ва пахта экиладиган ерларни икки баравар қисқартиришга даъват этдилар. Бу касалликни камайтириш, экологик фожеанинг олдини олиш, бутун миллат келажагини муҳофаза этишнинг ягона йўлидир, деб ёзади шифокорлар.

Бундай мунгли мурожаатномалар. Ҳар хил касбдаги юзлаб одамлар имзо чеккан чақириқлар кўп ёзиляпти. Одамлар ўзининг шахсий ғам-алмини эмас, халқ дардини айтиб, шикоят қилмоқдалар. Ҳатто баъзи шоирлар бу хат-шикоятлар устидан кулиб, “Имзо тўпла” қабилида юмористик шеърлар ёзишгача боришди. Лекин бизнинг ҳаётимиз юмор эмас. Буни фақат сўқир кўрмаслиги мумкин, фақат кар эшитмаслиги мумкин.

Бизнинг боболаримиз инсон умрини оқар сувга қиёслар эди. Афсуски, бугун оқар сувлар йўқ, бўлса ҳам, улар заҳарланган. Боболаримиз бизни “чинордек умр берсин” деб дуо қилардилар. Афсуски, бугун чинорлар ҳам қуриб бормоқда. Не тонг-ки, ўз тимсоллари каби, жумҳуриятимизда инсон умри қисқариб бормоқда. Эсланг, қишлоқларимизда келишган йигитлар, хушрўй ва дуркун қизлар юрар эдилар. Улар кулганида, ўттиз иккита тиши ярқираб, юзларидан нур таралар эди, кўриб кўзингиз қувонар ва шу ер учун, шу соғлом, бағри кенг миллат учун сизда фахр уйғонар эди. Қани ўша одамлар? Ёки пахтага қўшиб, уларни ҳам давалатга топшириб қўйдикми? Биз етмиш йил давомида меҳнатни улуғладик, лекин бу меҳнат бизга нима берди, биз эзгулик сари силжимадикми? Албатта, фаровонликни фақат ташқи неъматларда кўрадиган одамлар бунга тез жавоб беришади: “Биз колхозчилар пахтадан даромад қилмай қўйди, деб кўп гапирамиз. Фарғона сафаримда бу гапга жуда ҳам тўла ишонгим келмади. Ўша наврўз куни мабодо вертолёт билан тепага чиқиб қарасангиз, ҳайратдан ёқа ушлаб қолишинигиз аниқ. Еру кўкни “Жигули” босиб кетган. Янада баландроқ чиқиб карасангиз, назарингизда Қува адирларини тиллақўнғиз босиб кетибди, деб ўйлайсиз… ғуж-ҳуж “Жигули”лар орасидан чиқиб кетиш учун икки соат сарсон бўлдим. Катта даромад қилмаса, бу сарф харажатни улар қайдан олишди? “(Совет Ўзбекистони, 1989 й. 1 май сони, “Тиниқлик” мақоласида).

Тўғри, вертолётдан қаралса, машиналар тиллиқўнғизга, гўристон гулистон бўлиб кўриниши мумкин. Ҳа, “Тепа”дан қараганда, эшшаклар — одам, одамлар эса, қумурсқа бўлиб ҳам кўриниши мумкин. шунинг учунмикан, бизда гоҳо инсоннинг қумурсқачалик қадри билинмайди. Бошқа биров майли, аммо ёзувчи ҳам ўз халқига “тепадан қарашни”таклиф этса, ба халқнинг шўри қурисин! Оқсоқол ёзувчимиз Саид Аҳмад мени кечирсин, аммо унинг мақоласи халқимиз аҳволини кўра-билатуриб хас-пўшлаш, азада айтилган бачкана латифага ўхшайди.

Ҳурматли Озод Бобомирзаевич! Мен асосий мавзудан сал узоқлашган эсам, узр, аммо демография дегани менинг тушунчамда айнан ўша “узоқ” муаммолар билан чамбарчас боғлиқ кўринади. Бир сўз билан айтганда, биз “оилани планлаштиришдан” олдин ўз иқтисодимизни, еримиз сифатини, одамларимиз соғлигини ва ниҳоят, ўз қадр-қимматимизни кўтармоғимиз ва бунинг зарурлигини кенг жамоатчилик онгига етказмоғимиз керак. Токи, пахта монокултураси ҳукм сурар экан, токи, ўз еримиз учун ўзимиз жавоб бермас эканмиз, токи, тепамизда баҳайбат Госплан сояси турар экан, бу тадбирларни ҳаётга татбиқ этиш жараёни ниҳоятда оғир кечажак. Агар бугун кўп тилга олинаётган “иқтисодий мустақиллик” ғояси бизнинг жумҳуриятимизда ҳам амалга ошса, эҳтимол, биз орзу қилган кунлар унчалик кўп куттирмас.

Сўзим охирида Сизга бир эътирозим бор, Сиз: “аёлларимиз оналик ролидан улуғроқ мақсадга хизмат қилишга лойиқ” деган фикр билдирибсиз. Менимча, аёл учун оналик вазифасидан улуғ вазифа йўқдир.

1989

(33)
Муҳаммад Солиҳнинг 2013 йилда Истанбулда чоп этилган “Иқрор” китобидан. (155-161-саҳифалар.)

(давоми бор)