“У кун мен қайси гуруҳга ажралишимни билмайман”

“У кун мен қайси гуруҳга ажралишимни билмайман”
29 views
18 July 2017 - 8:00

ТАНБЕҲУЛ ҒОФИЛИЙН
АБУ-ЛАЙС САМАРҚАНДИЙ

(5)

Абуллайс Самарқандий ҳақида 

Муфассир, муҳаддис, фокиҳ ва мутасаввуф бўлган Абуллайс Самарқандий ҳазратлари инсон сифатида муттақий илмига амал қилган буюк зот эди.

Абуллайс Самарқандий ҳазратлари ҳижрий 373(милодий 983) йилида вафот этди. Туғилган йили номаълум.

Қўлингиздаги бу китоб минг йилдан бери ислом оламида ўз қийматини йўқотмаган, юзлаб олимларга илҳом қайноғи бўлган ва мусулмонлар учун маёқ ролини ўйнашда давом этаётган бир баракатли, қутлуғ асардир.

Абулайс Самарқандий “илми билан омил” бўлган буюк олимдир.

“Танбеҳул ғофилийн” асари ҳам ахлоқ, ҳам шариат, ҳам тасаввуф ҳақида теран билгилар беради.

Қўлингиздаги китобнинг оригинал матни ҳижрий 1306 йилда Қоҳирада “Матбом хайрия” нашриётида босилган. “Танбеҳул ғофилийн”нинг арабча нашрларидаги китобларнинг ҳошияларида Абуллайс Самарқандийнинг “Бўстон-ул орифийн” асари битилгандир. Оллоҳ насиб қилса, уни ҳам ўзбекчага таржима қилиб, сизларга тақдим этамиз.

Муҳаммад Солиҳ

* * *

(давоми)

 

Абдуллоҳ бин Амр Ибнил-Ас дейдики, “менга отам тез-тез “ақли бошида бўлиб, тили айланар экан, ўлим билан қаршилашган одамнинг ўлимни атрофидагиларга тушунтирмаганига ҳайратланаман”, дер эди.

Ниҳоят, отамнинг ўзи ҳам ўлим тўшагига ётди. Унинг ақли бошида эди, тили ҳам айланар эди. Унга “отажоним, сен бир пайтлар “ақли бошида бўлиб, тили айланган ҳолда, ўлимни кўрган кимсанинг бу ҳақда гапирмаганига ҳайратланаман”, дегандинг”, дедим.

Отам менга шундай деб жавоб берди:

Ўғлим, ўлим тушунтириш мумкин бўлмаган буюк ва мудҳиш воқеа. Мен сенга шунигина айтишим мумкин: валлоҳи, шу он гўё Ридво тоғи елкаларимга қўйилгандай. Гўё руҳим игна тешигидан ўтказилаётибди. Гўё қорнимда бир тиконли дарахт илдиз отди. Гўё кўклар ва ер юзи бирлашаяпти, мен эса иккисини орасида парчин бўлаяпман!

Қўзичоғим, менинг ҳаётим шу уч босқичга айрилди. Аввал Пайғамбаримиз (с.а.в.)ни ўлдиришни истаганлар ичида энг истаклиси эдим. Агар ўшанда ўлсам, ҳолимга вой эди. Кейин Оллоҳ мени Исломга ҳидоят этди. Бу босқичда Муҳаммад энг кўп севганим инсон бўлди. Кошки, ўша кунлари ўлиб, Пайғамбаримиз (с.а.в.)нинг хайир дуосига ноил бўлсайдим.

Кейинги босқичда, дунё ишларига чўмдим. Бу сабабли, Оллоҳ наздида ҳолим нима бўлади, билолмайман”, – деди у.

Бу сўзларини битириб, мен ёнидан айрилмасдан жон берди. Оллоҳ уни раҳмат айласин.

Шақиқ бин Иброҳим дейди:

Инсонлар шу тўрт сўзда мен билан айни кўришни баҳам кўрдилар, лекин, амалда, менга қарши чиқдилар:

1.“Оллоҳу Таолонинг қулларимиз”, дейишди, аммо худди ҳур кишилар каби ҳаракат этдилар.

2.“Оллоҳ бизнинг сирларимизга кофилдир”, дедилар, аммо дунё моли учун югурмай туриб, қалблари сокинлашмади.

3.“Охират дунёдан хайирлидир”, дейишди, аммо дунё моли тўплашдан воз кечмадилар.

4.“Ўлим биз учун муқаррар”, дедилар, аммо ҳеч ўлмайдиган кимсалар каби ҳаракат қилдилар.

Ривоят этилишига кўра, Абуд-Дардо (бир ривоятга кўра, Абу Зарр, бошқа бир ривоятга кўра, Салмон Форисий (Оллоҳ ҳаммасидан рози бўлсин!) шундай деган:

Шу уч нарса мени кулдиражак даражада ҳайратлантиради, шу уч нарса эса мени йиғлатажак қадар хафа қилди:

Мени кулдиражак қадар ҳайратлантирган уч нарса шулардир:

1.Ўлим тарафидан қуваланаётганини билган ҳолда узун амаллар билан дунёга боғланган кимса. Бу кимса ўлимни ҳеч ўйламайди.

2.Ўзининг бу дунёда қилганларига охиратда ғафлат билан муомала қилмасликлари аниқ бўлган ҳолда, ғофил яшаётган кимса.

3.Оллоҳнинг рози бўлиб-бўлмаганини билмасдан туриб, қаҳқаҳа билан кулган одам.

Мени йиғлатажак қадар хафа қилган уч нарса шулардир:

1.Яхши кўрганим инсонлардан, яъни ҳазрати Муҳаммад билан саҳобийларидан айрилмоқ.

2.Ўлим билан қаршилашув қўрқувси.

3.Оллоҳнинг ҳузурига чиқажагим он. Чунки мени Жаннатганми, Жаҳаннамганми йўллаяжагини билмаган ҳолда, унинг ҳузурида туражакман”.

Пайғамбаримиз (с.а.в.) шундай деган: “Агар ҳайвонлар ўлим ҳақида сиз билганларни билсалар эди, сизлар асло семиз гўшт ея олмасдингиз”.

Билдирилишига кўра, Абу Ҳамид Лифоф шундай деган:

Тез-тез ўлимни хотирлаган кимсага шу уч нарса бағишланади:

1.Вақтида тавба этишни.

2.Энг кичик ризқ билан кун кечиришни.

3.Шавқ билан ибодат этмоқни бағишлайди.

Бунинг акси ўлароқ, ўлимни унутган кимса шу уч нарса билан жазолантирилади:

1.Тавба этишни кечиктирмоқ билан.

2.Кичик ризққа рози бўлмаслик билан.

3.Ибодат қилишга истаксизлик билан жазолантирилади.

Билдирилишига кўра, ўлган ҳар мўминга такрор тирилтирилиб, дунёга қайтиш таклиф этиларкан. Аммо, шаҳидлардан бошқа ҳеч ким бу таклифни қабул этмасмиш. Чунки ўлим онида бошдан кечирганлари даҳшат уларни қўрқитармиш. Шаҳидлар эса, ўлим изтиробини чекмаганлари учун, такрор урушиб, шаҳид бўлишни истаб, янгидан дунёга келишни истар эканлар.

Айтилишига кўра, бир куни Иброҳим бин Адҳам ҳазратларидан “биз билан бир суҳбат қилсанг, сендан бир нарсалар ўргансак яхши бўларди”, деб илтимос қилишибди.

Иброҳим бин Адҳам уларга шундай деб жавоб берибди:

Менинг каллам тўрт нарса билан машғул:

1.Мисоқ кунини ўйлаяпман. Ўша Одам ўғилларидан сўз олинган кунни. Ўшанда Оллоҳ “Булар жаннатликлар, уларга тўхталмайман. Булар жаҳаннамликлар, уларга ҳам тўхталмайман” деган эди. Ўша куни мен қайси гуруҳда, буни билолмайман.

2.Ўйлайманки, Оллоҳ бир чақалоқни она қорнида яратиб, унга руҳ уфлайди. Унга кузатувчи қилиб тайинланган малак “Ё, Раббим, бу бола яхшиларданми ёки ёмонлардан бўлажак?”, деб сўраганда, Оллоҳ мен ҳақда нима деб жавоб берганини билмайман.

3.Ўлим малаги ёнимга келиб, жонимни олишни истаб, “Ё, Рабби, бу одам мусулмонлар орасидами ёки кофирлар орасидами қолажак”.

4.Ва Оллоҳнинг шу оятини ўйлаяпман: “Эй, мужримлар (гуноҳкорлар) бу КУН (бир тарафга) ажралинглар!”(“Ёсин” сураси, 59), у кун мен қайси гуруҳга ажралишимни билмайман”.

Оллоҳнинг ғафлат уйқусидан уйғонтирган, оқибатни ўйлайдиган инсонлар нақадар бахтлидир. Оллоҳ бизнинг ҳам оқибатимизни хайирли айласин!

(давоми бор)
Муҳаммад Солиҳ таржимаси