Қозининг адолати

Қозининг адолати
63 views
18 July 2017 - 13:00

Султон Меҳметнинг даврида, Султон билан бир мусулмон бўлмаган меъмор ўртасида низо чиқди. Меъмор Султон Меҳметни маҳкамага берди.

Қози Султон Меҳметга бу ҳақда маълумот бериб, маҳкамага боришлари кераклигини айтди.

Айтилган куни Қозининг хонасига даъвогар билан «айбланувчи» Султон кириб келдилар. Султон Меҳметнинг ёнида қилич таққан қўриқчилари бор эди. Хонанинг юқорисида қози жаноблари билан котиб ўтиришар эди. Рўбарўда эса, ғайримуслим меъмор ва ўз қўриқчилари билан салобатли Султон ҳозир бўлдилар. Шунда Султоннинг тик турганини кўрган қўриқчи:

– Султонимизнинг ўтиришлари учун бир нарса келтиринг деб, деб ўшқирди.

Қози эса совуққонлик билан:

– Бу ер маҳкама. Султон жаноблари ўтирмайдилар. Маҳкама қаршисида тик туриб жавоб берадилар. Бу ерда ҳеч кимнинг бошқалардан устунлиги йўқдир, – деди. Султон ҳам қўриқчини тинчланишга ишора қилди.

Қози сўз бошлади:

– Султоним. Аллоҳ таъоло «Нисо» сурасида, омонатларга риоя қилишингизни, одамлар орасида ҳукм чиқарар экансиз, адолат билан чиқаришингизни буюради.

Султон Меҳмет:

– Аманна ва соддақна, биз бунга иймон келтириб тасдиқлаймиз, деди.

Қози сўзида давом этди:

– Аллоҳнинг наздида энг мақбул амир, одил ва яхши хулқли бўлганидир. Энг мақбул бўлмаган амир эса, халқининг дардидан бехабар бўлганидир. Қўл остингизда бўлган инсонларнинг ҳаққини еманг. Ана шунда улар ҳам бошқаларнинг ҳаққини емайдилар. Уларни қийин аҳволда қолдирманг. Ана шунда улар ҳам тўғри йўлдан чиқмайдилар. Сиз меъмор Сантос жанобларига бир иморат қуришлик учун буйруқ берган экансиз. Шу тўғрими, Султоним?

– Тўғри, қози ҳазратлари.

– Лекин, кейинроқ бу ишни тўхтатгансиз. Тўғрими?

Султон Меҳмет:

– Гапингиз тўғри. Сантос жаноблари ваъда берган муддатда иморатни битиролмади. Битиролмас ҳам эди. Шундан кейин мен ишни тўхтаттириб, унинг ўрнига бошқа бир меъморни ёлладим, – дея ўзини оқлади.

Қози меъморга юзланди:

– Тўғрими, Сантос афанди?

– Тўғри. Аммо, мен бу ишдан кўп норозиман. Султондан шикоят қилмоқчиман, – деди меъмор.

Бу сўзни эшитиб дарғазаб бўлган қўриқчи, қўлини қиличига олиб бориб:

– Ўчир овозингни, кофир! Ҳозир сени каллангни оламан, деб бақирди.

Султон Меҳмет қўриқчисининг қўлидан тутиб:

– Нима қиляпсан? Маҳкамада эканимизни унутдингми, деб уни тўхтатди. Қўриқчи ҳам қаерда турганини эслаб, ғазабидан тушиб қозидан узр сўради.

Қози меъморга қараб деди:

– Сантос афанди бу ишдан норози бўлган. Ишлаган муддатига тегишли иш ҳақини ололмаган.

Султон Меҳмет норози оҳангда:

– Лекин, қози ҳазратлари, бу меъмор ишни ўз вақтида бажаролмади.

– Аллоҳнинг ҳукмини татбиқ этувчи бир қози ўлароқ, ўртангиздаги ихтилоф борасида мен ҳар икки тарафнинг сўзларини тингладим. Энди менинг вазифам, бу иш юзасидан одил бир қарор чиқармоқдир. Чиқарган қароримда адолат қилмасам, мен ҳам содир қилинган зулмга шерик бўлган ҳисобланаман.

– Шубҳасиз, қози ҳазратлари! – деди Султон Меҳмет. Шубҳасиз!

Шундан сўнг қози олдида турган китобларни варақлаб мутолаа қила бошлади. Бир муддат ўтгандан сўнг китобни ёпиб, бир чеккага қўйди. Деди:

– Мен масалани кўриб чиқдим. Меъмор Сантос билан Султон Меҳметнинг ўрталаридаги келишмовчиликда Сантосни ҳақ деб топдим.

Орага бир оз сукунат чўкди. Султон ерга қаради. Қўриқчи эса, қулоқларига ишонмагандек, кўзлари чақчайиб кетди. Қози сўзида давом этди:

– Султон Меҳмет, даъвогар талаб қилган иш ҳақи – олтинларни тўлашга мажбур!

Султон Меҳмет бир оз турдида, ёнида турган қўриқчисининг қиличига қўлини олиб борди. Шиддат билан қозига ўқталиб шундай деди:

– Аллоҳга қасамки, агар мени «султоним» деб аяб, менинг фойдамга ҳукм чиқарганингизда, адолатдан тойилганингизда эди, сизни мана шу қилич билан ўлдирган бўлардим.

Қўриқчи:

– «Аллоҳу Акбар», деб юборди.

Қози ҳам ўтирган кўрпачасининг тагидан бир ханжар чиқарди ва деди:

Сиз ўз мавқеингизни суиистеъмол қилиб, мени адолатдан буришга ҳаракат қилганингизда эди, мен ҳам мана шу ханжар билан Сизни ўлдирган бўлар эдим.

– Адолатдан четга чиқмадингиз! Аллоҳ Сиздан рози бўлсин, – деди Султон мамнун ҳолда.

facebook.com