“Соф санъат” хусусида

“Соф санъат” хусусида
41 views
19 July 2017 - 6:00

ҚАЙТА ҚУРИШ ЙИЛЛАРИДА ЁЗИЛГАН МАҚОЛАЛАР
(1985-1991)

“СОФ САНЪАТ” ХУСУСИДА

Шеърият санъат тури сифатида оммавий турга айланди. Бунга сабаб, ахборот воситаларининг кўпайгани, балки, шеъриятнинг санъат сифатида ниҳоятда жўнлашганидир. Яъни, шундай бир давр келди-ки, шеърий идрок омма идрокига бўйсунди. Энди шеъриятда табақаланиш йўқ. Бир замонлар шоир деган пайғамбарлар билан мусобақа этар эди.

Бугун шоир эстрада қўшиқчилари билан рақобатлашмоқда. Барча туркий халқларнинг буюк шоири Алишер Навoий мухлислари сони, дейлик, ўзбек совет шоири Абдулла Орипов ихлосмандлари сонидан, шубҳасиз, камдир. Шеърият бизнинг идрокимизга уруғ қўйиб, ортига учиб кетмоғи, ўзининг юксак чўққиларига қайтмоғи лозим эди. Бизга эргашмоғи эмас, бизни эргаштирмоғи керак эди.

Аммо у водийга тушди-ю, биз билан қолиб кетди. Энди шеърият замон узра эмас, замон ичра яшаяпти. Замон инжиқликларига бўйсуниб яшаяпти. Тўғри, у баъзан ҳушига келиб, ўзининг нақадар абгор ҳолда эканини кўради. Ўзининг юксак чўққиларини эслайди. Аммо у қайта парвоз қилиши учун журъат тополмайди. Айнан шу ҳолатда шеърият кула бошлайди. Аччиқ, ўзига қаратилган кулги билан кула бошлайди. Биз бу кулгини киноя деб атаймиз. Киноя — ўз тилсимини йўқотган ҳар қандай санъат турининг юпанчидир. Бугунги дунё шеърияти ўша тилсимдан жудо бўлган шеъриятдир.

Австриялик ёзувчи Франс Кафканинг “Очлик устаси” деган ҳикояси бор. Ҳикоя қаҳрамони ўз очлигини намойиш этиб, оломонни қойил қолдириши лозим — бу томошабинлар талаби. Уста учун эса, очлик ўйин ёки эрмак эмас, балки санъатдир. Яъни, у ўз санъатини оломон учун эмас, оломон ичида бир-икки нозиктаъб мухлислар учун кўрсатяпман, деб ўйлайди. Уста учун ўртамиёна “ихлосмандлар”нинг билдирган ҳамдардлиги — завқ-шавқи мукофот бўлолмайди. Навоий зикр этганидек:

Мени мен истаган суҳбатиға аржуманд этмас,
Мени истар кишининг суҳбатин кўнглим писанд этмас.

Айниқса, очлик жараёнини кузатиб турадиган назоратчилар Устага “имтиёз бераётгани”да у чидаб туролмайди. Назоратчилар Устани жўрттага ўз ҳолига қўйиб берадилар. Атайин кузатмайдилар, унинг ўз ваизфасини нақадар холис бажараётганини кўришга интилмайдилар.

Майли, деб ўйлайди Уста, назоратчилар кўрмаса кўрмас, мен уларсиз ҳам ўз санъатимни мукаммал анамойиш этавераман, аммо бу мўъжизани кўриб, уни холис баҳолашга қодир инсон ким?

Унинг туртиб чиққан қовурғаларини санаётган, очликнинг чинлигини текшириб кўраётган авом томошабин Устани қизиқтирмайди. Бу очлик ҳақида ёзилган мадҳу-санолар ҳам унга керакмас. Бу санъатни тушунтиргувчи фалсафий рисолалар ҳам Устани қувонтира олмайди. У териси суягига ёпишиб, кўзлари ботган, “пуф” деса учиб кетадиган рамақижон мавжудотга ҳайрат-ла боқувчи оломонни эмас, балки, шу мавжудот ичида милтиллаётган ёрқин бир фикр, худди рассомнинг тортган матоси каби топ-тоза, ўз нурибилан, фақат ўзидан чиқаётган нур билан ёришиб турган фикрни, турмуш хомашёларига булғанмаган фикрни кўришга қодир инсонни орзу этади.

Ниҳоят, бу орзу ҳам унга кулгили кўрина бошлайди. Ҳатто орзу ҳам таъмагирлик бўлиб туюлади. Уста сўнгги илинжидан ҳам воз кечиб, мутлақ мукаммалликка юз буради — ўлади. Унинг муштдай жасади ётган бир сиқим похол — олтин булутдир. Бу олтин булут узра ётган Уста оломон устида мангу кезиб юради.

Уста — соф санъатнинг арвоҳидир. У санъатнинг ўзидан бошқа ҳеч ким ва ҳеч нарсага хизмат қилмайди. Адабиёт дарвозаси олдида гоҳ пайдо бўлади, гоҳ ғойиб бўлади ва бу ғаройиб ҳаракат ила бизнинг тасаввуримизни доим безовта қилиб туради.

Буюк Мирзо Бедилнинг мураккаб шеърларидаги “қоронғилик” — ўша соф санъат арвоҳининг соясидир. Алишер Наовийнинг ғазаллари ҳам бир парда, холос, бу парда ортида яна ўша арвоҳ гизлангандир. Франсуз шоири Стефан Малларме ҳам ўша арвоҳ изидан қалтис қадам ташлаган бир ойкезар(лунатик) холос.

Саналган инсонлар мактаб яратганлар, аммо уларнинг ўқувчилари деярли йўқ. Уларнинг олтин булутга ёнбошлаб, бизга бераётган сабоқлари водийга етиб келиши тобора қийинлашмоқда.

Шеърият Мағрибда ҳам, Машриқда ҳам бўҳрон даврини кечяпти. Бу тушкунлик (декаданс)бизда оммавийлик орқали ифодаланмоқда. Ғарбда эса, аксинча, шеъриятни ўқийдиган одам ниҳоятда оз. Шоир — шеъриятни яратувчи шахс — жамоат арбобига айланиб бормоқда. У — таниқли, аммо машҳур эмас.

Немис файласуфи Фридрих Нитше бир пайтлар шундай деб ёзган эди: “Санъаткорни кучи фақат сонга асосланган оломонга бўйсунишига нима мажбур қилди? Агар санъаткор ўз иқтидори билан ўша оломон аъзоларининг ҳар биридан устун бўлар экан, бу аъзоларнинг йиғиндиси унда қандай тобелик уйғотиши мумкин?”. Бу савол бугун ҳам ўз аҳамиятини йўқотгани йўқ.

Гарчанд, дунёда ва бизнинг шўро ҳукуматимиз жумҳуриятлари шеъриятида кўринаётган янги учқундар умидлантирса ҳам. Гарчанд, пайдо бўлаётган оқимлар шеърий санъатни чин мақсадга — соф санъат мақомига кўтариш учун интилаётган бўлса ҳам.

1988
Бу матн 1988 йил июн ойида Московда Ёзувчилар уюшмасининг Адабиётчилар уйида ўтган анжуманда ўқилган.

(34)
Муҳаммад Солиҳнинг 2013 йилда Истанбулда чоп этилган “Иқрор” китобидан. (161-163-саҳифалар.)

(давоми бор)