Бу ишларга ақлу ҳушинг ҳайрондир

Бу ишларга ақлу ҳушинг ҳайрондир
14 views
19 July 2017 - 8:00

МАХДУМҚУЛИ

Биринчи китоб

Ёлғизнинг

Оғалар, дунёнинг вафоси бўлмас,
Бошга иш тушганда, туққани келмас,
Маъракада ўйнаб, кўнгли қувонмас –
Армон билан сузар соли[1] ёлғизнинг.

Йигит ёлғиз бўлса, унмайди иши,
Қўлида мол бўлмас, юракда хуши,
Ёстиққа қўйганда, оғриса боши,
Кўзидан оқади ёши ёлғизнинг.

Ёлғиз – етим, қайғу ғамдан қутулмас,
Мажлислар тузилса, оти тутилмас,
Унинг учун бўза, шароб сузилмас,
Қайғудир, кулфатдир ҳоли ёлғизнинг.

Бир бой ўлса, ёшу қари ҳамдамдир,
Ғариб ўлса, анинг изи вайрондир,
Бу ишларга ақлу ҳушинг ҳайрондир,
Кўмилибдир шундай йўли ёлғизнинг.

Махдумқули, ёлғон-яшриқ сўзлама,
Нуқсоннинг ичида хайр кўзлама,
Дардинг достон этма, аммо гизлама,
Эл-улусдир дўсту ёри ёлғизнинг.

[1] Кема.

*****

(давоми бор)

Туркманчадан Ислом Холбой ўзбекчалаштирди