Мен «келажаги буюк» юрт фарзандларини келажагидан даҳшатга тушаман

Мен «келажаги буюк» юрт фарзандларини келажагидан даҳшатга тушаман
74 views
20 July 2017 - 11:53

“Тарбия биз учун ё ҳаёт ё мамот, ё нажот – ё ҳалокат, ё саодат – ё фалокат масаласидир”, деган эди ўтган асрнинг бошларида миллатнинг буюк инсони, педагог, шу миллат учун жонини фидо қилган Абдулла Авлоний.

Ўзбекистон ёшларини тарбия, таълим масаласи бугунги кунда қай аҳволда? Қуйида бу масалани биргина Қўқон шаҳри мисолида кўриб чиқишга ҳаракат қиламиз.

Майли, бугун диний мавзуда гап очмайлик, оддий ёшларимизни бугунги дунёвий билими ва тарбияси ҳақида гаплашайлик.

Биз замон талабига мос мутаҳасис тайёрламоқчи эканмиз, биринчи навбатда ўқув даргоҳларимизни нафақат шакли, қиёфаси ва таркиби, балки моддий базаси ҳам замонавий бўлиши давр талаби.

Шаҳар ўқув юртларини моддий техник базасини янгиламасдан туриб, ҳозирги замон талабларига жавоб берадиган мутаҳасислар етиштира олмаслигимиз аниқ гап. “Тезкор ислоҳотларга” қарамасдан шаҳримиз ўқув юртларида ҳамон алмисоқдан қолган ўқув жиҳозлари асосида ўқитиш ишлари олиб борилмоқда.

Жаҳонда қанча саводли, илм ва маърифатли киши бўлса, уларнинг бари ўқитувчи таълим тарбиясидан баҳраманд бўлган. Ўқитувчилар улуғ ғояларни аҳоли орасига олиб кирувчи, комил инсонни тарбияловчи, илмпарвар ва маърифатпарвар кишилардир.

Мамлакатда бирор киши йўқки, у хоҳ ишчи бўлсин, хоҳ ҳоким, академик бўлсин, хоҳ тадбиркор ёки фермер, ҳарбий ёки доктор бўлсин, барча-барчаси ўқитувчидан сабоқ олган. Ҳақиқий ўқитувчи ҳақли равишда киши қалбининг инженерларидир. Эндигина ақлини таний бошлаган мурғак қалбдан, юксак маънавиятли инсонларни шакллантирадиганлар, инсонлар дилига ёруғлик ва зиё олиб борадиганлар ўқитувчилардир.

Кейинги 20-25 йил шаҳримизда замонавий, кўзни қамаштирадиган, ақлни лол қолдирадиган хашаматли тўйхоналар, қиморбозларнинг афсонавий пирлари орзу қилиб етиша олмаган чойхоналар, тижоратчию, бозорчиларга яратиб берилаётган қулайликлар, сарроф ва аллофларга қаратилган алоҳида эътибор, бир биридан «шинам» меҳмонхонаю ҳилватхоналарни кўриб, зиёли инсонларни ҳаваси эмас, ғазаби келмоқда.

“Фарзандларимизни бахту-иқболи, уларнинг ҳеч кимдан кам бўлмай вояга етишлари учун баркамол авлодни тарбиялаш масаласи давлат сиёсатининг устувор йўналишларидан бири этиб белгиланган”, “фарзандларимиз биздан кўра кучли, билимли, доно ва албатта бахтли бўлишлари шарт”, деган шаблон гапларни қайтаравермай, шаҳар раҳбарияти зиё масканларига ва зиёлиларга эътиборни қаратиши зарурдир.

Муҳтарам шаҳар раҳбариятидаги, жаноблар! Қўқон шаҳрида (Ўзбек миллатида) ҳамма замонларда ҳам зиёлиларга, ўқитувчи устозларга, миллатни тоғдай таянчи, орзу-армонларининг ифодачиси, фидойи инсонлар деб қаралган.

Ҳақиқий зиёли устоз, мураббий ҳатто ёлғон гапирганда ҳам одамлар унга ишонган, чунки зиёли, ўзини ўлим кутиб турганда ҳам ҳеч қачон халқни алдамаган, баъзи бир амалпараст, мансабдор раҳбарларга ўхшаб аҳолини хаққини еб-битирмаган.

Ўқитувчи устозларни қадрига етган, улар билан маслаҳатли иш қилинган юртда, ҳар доим осойишталик, тинчлик, барқарорлик ва юксалиш бўлган.

Тўғрисини тан олиб айтадиган бўлсак, бугунги кунда шаҳримизни маънавий, маърифий ва ижтимоий аҳволи нафратланадиган даражага тушган.

Шаҳарда маънавий муҳит, маориф соҳаси ниҳоятда танг аҳволда.

Дунё иморатларининг энг улуғи бўлган мактабларнинг аҳволи эътибор талаб бўлиб қолган, ўқув моддий базаси жуда ночор аҳволда.

Химия, физика, география фанларидан ўқув жиҳозлар тўғрисидаги аҳволни ёзишга қўл бормайди. Оддийгина дунё харитаси, глобус, компаслар ўқувчиларнинг орзуси, ўқувчилар бундай ўқув жиҳозлари борлигини телевизор орқали кўришади холос.

Мактабларда бир синфда 45 тадан 55 тагача бола сабоқ оляпти.

Қиш мавсумида аҳвол янада аянчли тус олмоқда. Синф хоналарини ўқувчилар уйидан ўтин олиб келиб иситишга мажбур, синф хоналар, коридорлар тутунга тўла….

Мактабни ота-оналар, ўқитувчиларнинг ўзлари ҳашар йўли билан таъмирлашади.

Мактаб устахонасида ускуналар «анқонинг уруғи», фан хоналари, кабинетлар жуда ғариб, камбағал, спорт заллари, кутубхоналар замон талабига умуман жавоб бермайди.

Энг шарафли касб эгалари ҳам борган сари раҳбарият меҳрига муҳтожлик сезмоқда. Шаҳар ўқитувчилари ва ўқувчилари кўпгина фан соҳалари бўйича янги дарсликлар ва дастурларни, ўқув жиҳозларини топиша олмайди. Республикамизни бошқа вилоятларида аҳвол қандай билмайман. Аммо бизни шаҳар болалари ҳам пойтахтдаги каби шароитлар ва керакли қурол-анжомлар билан таъминланиши керак, деб ўйлайман.

Уйим мактабни олдида бўлгани сабаб, ҳар куни мактабга келаётган болаларни кўраман. Мактабга келаётган қизларни оғзидан чиқаётган сўзларга чидаб бўлмайди, ўғил болалар қўлида сигарет билан келади. Ҳаттоки, синфхоналарда нос, сигарет чекадиган ўқувчилар бор. Ўқишни, билимни аҳволини гапирмаса ҳам бўлаверади. Оддий каррани аксарият ўқувчилар билмайди. «Алишер Навоий ким бўлган?» десангиз, анграйиб қараб туради.

Шуми буюк келажак? Шуми таълимга бўлган юксак эътибор? Очиғи, мен «келажаги буюк» юрт фарзандларини келажагидан даҳшатга тушаман.

Буларни ҳаммаси фалаж ҳолатидаги таълим тизимимизни нақадар аянчли эканлигидан далолат қилади.

Ўз соҳасининг билимдонлари мактабни тарк этмоқда, устига-устак дарсларни мутаҳасис бўлмаган, фундаментал билимга эга бўлмаган одамлар ўтишмоқда. Мактабларда аёл ўқитувчилар ҳаддан зиёд кўпайиб кетган, раҳбар лавозимларда аксарият аёллар, (мен бу билан аёлларни камситмоқчи эмасман, лекин фарзандларимизни таълим тарбиясида эркакларни ўрни нақадар муҳимлигини унутмаслигимиз керак).

Аксарият устоз-муаллимлар ўз билимини, маҳоратини оширишга интилмай қўйган, эркак ўқитувчилар сердаромад ишларга ўтиб кетган. Порахўрлик деган иллат мактабларда ҳам ўзга соҳалар каби чуқур илдиз отган. Афсуски, масъул лавозимда ишлаётганлар орасида лоқайдлик касалига йўлиққанлар талайгина.

Яширишни ҳожати йўқ, таниш-билишчилик, ўзаро манфаатдорлик, мансабдор шахсларни таъсир ўтказиши, адолатсизликлар, ноҳақликлар ҳам маориф соҳасига кириб келиб бўлган.

Шаҳар мулозимлари камчиликларни кўриб, кўрмасликка олади, йиғилишларда, мажлисларда ҳеч нарсани кўрмагандек, оғзига талқон солиб ўтиради. Гўёки, минбарга чиқиб ҳақиқатни айтадиган бўлса, амалидан ажраб қоладигандек.

Кўрган билган нуқсонларни яширсак, боз устига «ҳамма нарса яхши, ҳеч нарсадан камчилик жойимиз йўқ», деб ёлғон гапираверсак, ёзаверсак, бора-бора кемтик жойларимиз катталашиб, газак олиб кетадику?!

Президентни ўзи «камчиликни айт, муаммо бўлса биргалашиб ҳал қилайлик» деб турганда бу аҳвол туришларинг, миллатга, ватанга, президентга қилинаётган ҳиёнат деб ҳисоблайман.

Шаҳримиз аҳолиси қарийб уч юз минг кишини ташкил қилади.

Шаҳримизда маънавият ва маърифатга дахлдор бўлмаган масканлар кўпайгандан кўпайгани рост ва ҳақиқат.

Бугунги кунда шаҳримиздаги ҳашаматли тўйхоналар, гўзаллик ва келинлар салонлари, интернет кафелар, компютер ўйингоҳлари, чойхоналар, кафелар, дискотекалар, ва ҳоказоларни… баркамол шахсни «тарбиялашдаги» ҳиссасини шаҳримиздаги фожеалар, ёшлар ўртасидаги жиноятчиликлар, бузуқликлар кўрсатмоқда.

Китоб ўқимаган ёшлар ношуд ва нотавон, оддий бир ҳаётий муаммони ҳал эта олмайдиган, мутаассиб, жиноятга мойил, тақлидчи, «серка»ларни орқасидан эргашадиган, манқурт-зомби бўлиб қолиши мумкин.

Манавият ва маърифатдан бебахра, қаровсиз ёшлар келажакда ким бўлади?

Улардан нима кутамиз?

Тарбиясиз, қаровсиз ёшлар кўпаяверса, раҳбарлар ўз ҳузури ва жиғилдонини ўйлайверса, нафс балосига гирифтор бўлса, эртага миллат, давлат тақдири нима бўлади?

Энг ташвишланарлиси йигитлар бангихонадан, қиморхоналардан, бильярдхоналардан, қизлар гўзаллик салони ва дискотекалардан боши чиқмайдиган, қўлига китоб ушламайдиган ёшлар эртага ким бўлади?

Оммавий ммаданиятга қул бўлганлари қандай фуқаро бўлади?

Шу ва шунга ўхшаш саволлар жуда кўп.

Дунёнинг саккизинчи мўъжизаси деб эътироф этилган китобни ўзига дўст деб билган ёшларимиз келажагимизни чинакам пойдевори бўла олади.

Бунинг учун эса уларни аввало китоб билан таъминламоқ керак.

Ҳозирда республикамизда 100 дан ошиқ нашриёт йилига 40 миллион дан ошиқ китобни ўқувчиларга тақдим қилаётган экан.

Бу чоп этилаётган китоблар билан ёшларни, шаҳар аҳлини баҳраманд этиш сиз ва бизни бурчимиз.

Сўзим сўнгида бир мисол келтирмоқчиман.

Анча йиллар аввал Хитойлик олимлар «нима учун бизда оламшумул кашфиётлар қилинмаяпти? Нега »АППЛE, ГООГЛE” компаниялари каби фавқулодда янгиликларга қўл урилмаяпти?, дея ўйланиб қолдилар. Бу саволларга жавоб топиш мақсадида бир гуруҳ мутахассислар жаҳонни айланиб чиқдилар, кашфиётчилар билан суҳбатлашдилар, узоқ таҳлиллардан сўнг, дунёнинг буюк кашфиётчилари болалик чоғларида бадиий адабиётни кўп ўқиганликлари аниқланди.

Шундан сўнг Хитойликлар китобхонликка алохида эътибор қарата бошладилар.

Назаримда бундан албатта ибрат олиш зарур.

Sayyid Islom

facebook.com