Маҳбуслар ертўлага тушиб қолишдан дўзахдан қўрққан каби қаттиқ қўрқардилар

Маҳбуслар ертўлага тушиб қолишдан дўзахдан қўрққан каби қаттиқ қўрқардилар
204 views
22 July 2017 - 9:00

Ислом Холбой

Т А Н А З З У Л
(Тўрт юз тўқсон саккизинчи камерадаги маҳбус хотиралари)

ХаЗиНА КаБи
                             ҚўРиҚлАйДиЛАр
ЧўЧқА КаБи
                         БоҚаДиЛАр
ИТ КаБи
                 таҲқирлАйДиЛаР 

Т  У З О Қ
Биринчи китоб

уаллиф бевосита бошидан кечирган воқеа-ҳодисаларга асосланади)

Қўрқоқлик хорликка, мардлик олдинга бошлайди.
Иккиланиш (ҳафсаласизлик) тақдир  ҳукмидан олиб 
қололмайди.
Муҳаммад пайғамбарнинг қиличига ўйиб ёзилган ҳикмат 

(32)

Бино маъмури, сариқдан келган, ўрта бўйли, ёш бўлишига қарамасдан, қорни осилган Илҳом деган андижонлик зобит эди. Бу кимсанинг овқатни хуш кўриши уйқуси ўчмаган чақалоқники сингари кўпчиган юзларидан билиниб турарди. Эрталабтуриб, юз-қўлини ювишга улгурмагани ҳам кир илашган киприкларида ёзилганди.Танбал бўла туриб овқатни хуш кўриши ҳисобга олинса, унинг яқин йиллар ичида чўчқадай семириш эҳтимоли бор эди. Бошқа ёқдан, ҳаракатсизлик уни касалга чалинтириб, чўпдай оздириши ҳам мумкин эди. Турмуш тарзидаги нуқсонли одатларини ўзгартирмаса, ҳар икки ҳолатда ҳам унинг ҳаёти фожеали тугарди.

Аллан бу гал ҳам, русчалаб:

– 78-камера, камерада олти маҳбус бор. Ариза ва шикоятлар йўқ! – дея ҳисобот берди.

Тезкор вакил ҳисобатни эшитгач, жун босган муштини тугиб:

– Муштларим болғадан қаттиқ, камерадан “тиқ” этган товуш чиқса, бир уриб,миянгизнинг қатиғини чиқараман, киринглар! – деди.

Билакларини қалин жун босган йигирма беш ёшлардаги бу йигит Баҳромнинг кўзларига масхарабозга ўхшаб туюлди. Тузумнинг жиддий одамларни ёқтирмаслиги –шоғоллар армияси сафларида хизмат этиш учун масхарабозликка даъват этарди. Масхарабозлик қўлидан келмаган кимса жамоада масхара бўларди. Бу томонларини Баҳром ҳали англамасди.

Кеча тиббий кўрикдан ўтган маҳбуслар, зарур жиҳозларни қабул қилиб олганларидан сўнг долоннинг ўнг томонидаги кичкина хонага бир-бир кириб чиққандилар. Баҳром ҳам навбати етиб ўша хонага чақирилганда, Муродалига сўроқ берди.

– Бухороданмисан?

– Ҳа!

– “Камаз”га қора мол ортган ўғри сен эмасми?

Тезкор вакил ўзини важоҳатли кўрсатиш учун қовоқларини осиб олганди. Баҳром унинг серзардалигидан қаттиқ оғринса ҳам, дамини ичига ютишга мажбур эди.

– Йўқ, мен эмасман! – деса, тезкор вакил жаҳли чиқиб:

– Кўзимдан йўқотинглар бу ифлосни! – деб юборган эди бўкириб…

Маҳбуслар йўқламадан ўтгач, елкаларидан тоғ ағдарилгандек, шконкаларга тизилиб ўтириб олдилар. Улар ҳали йўқлама олдидан бўлиб ўтган кўнгилсиз суҳбат таъсирида эдилар.

– Қанча хунук воқеалар гувоҳи бўлибсан, ўзинг бир марта ҳам калтак емадингми?

Толибнинг музга болта солган каби дабдурустдан берган бу саволи Ташаннинг аччиғини келтирди.

– Жинни-пинни эмасмисан? Ақлинг жойидами? – дея бақириб юборди у. – Отасини аямайдиган бу махлуқлар нима учун бошқаларни ит каби калтаклаб, мени ажратиб қўйишлари керак?

У шундай деркан, шолворини кўтариб, оёқларини, кўйлагини кўтариб икки курагини кўрсатди. Кўрсатган жойлари қорайиб, таёқлар заҳмидан моматалоқ бўлиб кетганди.

Паша “бахтинг бор экан, у жойларни кўрмадинг” дегандек, Толибга бошини сараклатди. Чунки деярли ҳамма маҳбус ҳам ертўлага тушиб-чиқарди. Ертўла тузумга қарши жиноятда айбланганларнинг уйига айланарди. Улар бошидан кечирган қийноқларни айтиб адо этиб бўлмасди. Иқтисодий жиноятга қўл урган маҳбуслар хавфсизлик ташкилотларининг соғин сигирлари эдилар. Уларни қандай соғишни лахмачлар ўринлатарди.

Эшик қулфлари шақирлаб очилди. Маҳбуслар дамларини ичларига ютиб, соқчигатикилиб қолдилар. Эшик очилдими, кимнидир камерадан олиб чиқишади. Айниқса, якшанбада эшик сабабсиз очилмайди.

– Қурбонов!

Ўзини чақиришларини хаёлига келтирмаган Баҳром ўрнидан туриб:

– Мен! – деди.

– Чиқ бу ёққа!

У қўлларини орқасига ушлаб, камерадан чиқди. Ҳайрон бўлган маҳбуслар бир-бирларига сирли боқиб, унинг орқасидан қараб қолдилар.

Баҳром чиққач, ўнг томонга қайрилиб, даҳлизнинг охирига қараб юрди. Охирига етиб, чап томондаги эшикни тақиллатди. Соқчининг буйруғи шундай бўлганди.

Ичкаридан:

– Кир! – деган зардали товуш эшитилди.

У ичкарига кириб, тезкор вакилни кўрди. Эшикни тақиллатмасиданоқ “Тезкор вакил” деган ёзувни ўқиб у ўзини чақиртирган одамни ҳойнаҳой Муродали бўлса керак деб ўйлаган эди.

Тўрт девор ичига тушгач, дардингни ҳеч ким тингламаслигини биласан. Жоиз бўлса, ҳар бир ўринли-ўринсиз ҳаракатинг бошингда калтак бўлиши мумкин. Ҳамма нарса назоратчиларнинг кайфиятига боғлиқ. Ичингда яширинган катта душманинг – қурқув очиқдан-очиқ таҳдид солади. У энди яширинмайди, пистирмада туриб ҳужумга ўтмайди. Унинг даври-даврони етди, ҳокимият бошида энди у. Сен эркинг бой берилган кун – ҳокимиятдан мосуво бўлгансан…

– Ички ишлар вазирлигида ишлайдиган Жалол Холбўтаевни қаердан танийсиз? – деди у Баҳромни “сиз”лаб.

Устига осмон қўпгандек қўрқиб турган Баҳром Жалолнинг номини эшитганда ичи ёришиб кетди.

– Талабалик йилларимиздан бир-биримизни яхши таниймиз!

Агар у тўғрисини айтганда, тезкор вакилнинг капалаги учиб, уни отиб ташлашдан ҳам тоймасди.

– Нима камчилигингиз бор?

– Ҳеч қандай камчилигим йўқ, раҳмат!

– Ўтирган камерангиз ёқмаётган бўлса, бошқасига ўтказамиз!

– Шуниси тузукка ўхшайди!

Баҳромнинг жавобидан қониққан тезкор вакил тортмадан тўрт қути сигаретчиқариб, стол устига қўйди.

– Олинг! Нима керак бўлса, айтаверинг!

– Ҳозирча ҳамма нарса бор. Сигарет чекмайман, раҳмат!

– Нос чекасизми?

Маҳбуслар орасида камдан-кам одам сигарет ёки нос чекмаслиги мумкин эди.

 – Нос ҳам чекмайман!

– Демак, чинданам ҳамма нарсангиз бор экан! – деди тезкор вакил. – Ўзингизга қаранг. Бораверинг, бўшсиз. Муаммо туғилса, олдимга чиқинг!

Тезкор вакилнинг кечаги дўқ-пўписалари йўлига эканини англаган Баҳром Жалолсўзида туриб ўзини қўллаб-қувватлаганидан чексиз мамнун бўлди.

Эшик қулфи солингач, анчагача ҳеч ким миқ этмади. Камерада жимлик ҳукм сурарди. Одатда, янги келган маҳбуслар билан Ҳамид деган қозоқ тарбиячи шуғулланарди. Тезкор вакил, фавқулодда ҳолатларда чақиртирмаса, бировни чақиртирмасди. Ёинки унинг олдига кириб чиқиш учун лахмач ёхуд чақимчи бўлиш керак эди.

Ҳалитдан буён ичини итлар таталаётган Толиб ахири ёрилди.

– Сизда “маймун”нинг нима иши бор экан? – деди у яланғоч танидаги мушакларини ўйнатиб.

Тезкор вакил жундор бўлгани учун маҳбуслар уни “маймун” деб атардилар.

– Пулларни қаерга яширгансан, деб сўраяпти! – деди тезкор вакил олдига кириб чиққанини камерадошлари қаердан билганига ҳайрон қолган Баҳром.

– Нима деб жавоб бердингиз? – дея Иршод гапга аралашди.

– Ҳеч кимдан пул олмаганман дедим! Ертўлага тушганда барисини айтасан, дея сўкиб чиқазиб юборди.

Баҳром тўғрисини айтганда ёки жиддий баҳона келтирганда, унга ҳеч ким ишонмасди, аксинча, ундан шубҳаланардилар. Бу ёлғонига эса ҳамма чиппа-чин ишонди. Чунки ертўла маҳбусларни ваҳимага соладиган бир жой бўлиб, барчалариертўлага тушиб қолишдан дўзахдан қўрққан каби қаттиқ қўрқардилар. Юқоридаги жавобдан сўнгра камерадаги иқлим тезда илиқлашиб кетди.

Ёмон қараётган Иршод ийиб:

– Ўзим ҳам ўйловдим, қандай қилиб ертўлага олиб тушмасдан сизни бу ёққаолиб чиқдилар деб! – деди оғзидаги сигаретини бўшаган гугурт қутисига эзғилаб. – Сизни қийнаб, жонингизга қўшиб пулингизни ҳам оладилар энди. Лахмачларнинг сўроқларига аниқ-тиниқ жавоб беришни миянгизда пишитиб юринг.

– Нимани сўрасалар, биринчи сўроқда нима деган бўлсангиз, ҳар сафар ўшани ёзиб бераверинг! – деди Ташан. – Эллик марта ёздирганларида ҳам бир хил кўрсатма берсангиз, улардан осонроқ қутуласиз. Гапингиздан бир марта адашсангиз,бошингизга қора кунларни солишади.

Ертўлага тушмаслиги аниқ бўлган бўлса ҳам, ертўлага тушиб кетаётгандай,Баҳромни ваҳима босди.

– Нима бўлса бўлар! – деди у. – Пешонамдагини кўраман. Унгача жилла ёзилиб ўтирайлик, ёмон гапларни гапирманглар, илтимос!

Табиатан содда ва шўх Толиб:

– Ҳибсхонада шундан бошқа яна нима ҳақда гаплашиш мумкин! – деди Баҳромнинг қўрқаётганидан ошкора кулиб. Кейин, бир нима эсига тушгандай,кўзларини қисиб: – Тахтаканалар ва битлар хусусида суҳбатлашамизми ёки, ўртоқлар? – дея қўшиб қўйди.

Камерада тахтаканалар куппа-кундуз кунлари ҳам чумолилар сингари ўрмалаб юрарди. Бунинг нималигини уч кун ичида яхши англаган Баҳром шунинг учун шалвори почасини пайпоғига тиқиб, енгли кўйлак кийиб ётди бу кеча. Ярим яланғочларнинг тан-баданини тахтаканалар чақиб, яра-чақа қилганди. Йигирма тўрт соат чироқ ўчмайдиган камерада уйқуга кетиш қийинлиги ҳисобга олинса, тахтакана – дард устига чипқон эди.

Тахтаканадан ҳамма арз этиб дардини тўккач, Толиб Баҳромга:

– Нимага индамаяпсиз, сизни тахтакана чақмайди, шекилли? – деди.

– Тахтаканага ем бўлсам, майли эди, ундан бешбаттарига учрадим! – деди у.Тахтаканадан ёмонроқ яна нима бўлиши мумкинлигини тушунмаган камерадошлари анграйиб қолдилар. – Сизларга у нарса таъсир этмаяптими? – дея у қизиқтириш учун жумбоқни давом эттирди.

– Нима ўзи у? – дея Иршод ҳам қизиқсинди.

 Пастида ётган Аллан ҳар ел ҳайдаганда мияси ачишиб, Баҳром туни билан қийналиб чиққанди. Алланга эътироз билдириш фойдасиз эди. Чўчқага берса, чўчқаҳазар этадиган овқатларни егач, ортиқ нима бўларди?!

– Қўлансадан миянинг ачишиши куракда турмайдиган беъмани бир гап! – дедиБаҳромни эшитган Ташан.

Кулаверганидан кўзлари яшариб кетган Толиб:

– Бекорларни айтибсиз, Ташанбой, бу бор гап! – деди. – Жуда қадим замонда Абдибобо томонда битта аёл бўлган экан. Аёл, Алланбойга ўхшаб, елини ушлай олмайдиган бўлиб қолипти. Турмушга чиқса, эрлари ҳар сафар “резваси едирилипди” дея уни ҳайдаб юбораверарканлар. Ахири, эл бўлиб, кун бўлиб, уни бурни ҳид билмайдиган, қулоғи кар бир кимсага турмушга берипдилар. Ҳалиги кимса ярим кеча ўрнидан туриб, “Кўзларим ачишиб, кетяпти”, дея жаврашга тушипди. Аёл, “Бу ўлгур ҳам билиб қолди-ёв”, дея кўч-кўронини йиғиштириб, ярим тунда уйига қочиб кетипди.Ташанбой, ўзинг ўйла, ел куёв боланинг миясигача етмаганда, кўзи ачишармиди?Демак мия ҳам ачишади!

Латифадан маҳбсулар ичакалари узилгудек бўлиб кулдилар. Ўсал бўлган Ташанлабларини бўрсиллатиб, на кулишини, на йиғлашини биларди.

Хурсанд бўлган Аллан:

– Мендан ҳам расвоси бор экан-ку, мени тинч қўядиган бўлдиларинг! – деяҳазиллашиб, баттар кулдирди.

Унга дакки бериб чарчагандилар. Тунда сочиқни бурнига босиб ётган Баҳром бу тузоққа бошқалар ҳам тушиб таъзирини еганини энди сезаётганди. Алланнинг ўзини назорат этолмаслиги турмуш тарзи билан боғлиқ бўлиб, у беш яшарлигида уйидан қочиб, дайдилар орасида катта бўлганди. Барча озодликка чиқиш илинжида ёнса, у ўн йиллар шу жойларда қолишни орзуларди. Ётишга жой, ейиш-ичишга етарли емиш борлигини кўриб, ўзини жаннатга тушиб қолдим, деб ўйларди.

Баҳром, ҳар сафар қовурғалари лорсиллаб оғриганда, Мусурмонни эсларди. У Тоштурмага кирганидан буён Мусурмон маҳбусларнинг тилидан тушмасди. Унингтутқунларга берган жабр-зулмлари маҳбуслар орасида афсонага айланаёзганди. У туман ҳибсхонасида бир ёш йигитни уриб ўлдиргани сабаб уни ва Фарҳодниҳомийлари шаҳар бошқармасига тортгандилар. Ишлари бости-бости бўлгач, утуманига қайтарди. Мишмишларга кўра, у катта ҳалқа йўли атрофида жойлашган Лимонарияда турарди. Қинғир қилмишлари учун уни отаси оқ қилганди.

Саҳар соат тўртдан бошлаб кечки ўн саккиз-ўн тўққизгача бўтқабоқар тўрт марта даҳлизда аравасини суриб, камераларга бўтқа тарқатарди. Бўтқани ортиқча нарсалардан тозалаб, сувда ювмаса, оғизга олиб бўлмасди. Ювганда, лойқа ёғни кўрган одамнинг кўнгли айниб, қусгиси келарди. Бирпасдан сўнг эса, кўзини юмиб, кўнгли тусамаган нарсасини ейишга мажбур бўларди. Нон киши бошига биттадан тарқатиларди. Cаҳарда ош қошиқ билан ҳар кимга бир ош қошиқда бир марта шакарбериларди. Шакарни ва нонни тарқатадиган маҳбус бўтқабоқардан алоҳида эди.

Тушгача ўн-ўн беш дақиқага маҳбуслар сайрга чиқардилар. Маҳбуслар тилида “маймунхона” деб аталадиган “сайргоҳ” бино томида жойлашган бўлиб, сайр хоналари камералар сингари каталакларга бўлинганди.

Якшанба кун бўлгани учун миршаблар сийраклашиб қолганди. 4-бино маъмури Илҳом бугун масъул эди. Сайрга чиққан олти маҳбус икки қат панжарани кесиб ўтганда, чап томондаги соқчилар хонасида у соқчилар бошлиғи билан овқатланётганди.

Очиқ ҳавога чиқиб қайтганда, Баҳромнинг ўз-ўзидан баҳри дили очилиб кетди. Уч кунлик машаққатлардан сўнгра бу жойларда уззукун тик оёқда туриш ҳам роҳат эди. Одамзот феъли ўзи шунақа. У қанча қийинчилик тортса, азобларга шунчалик кўникади, шарт-шароит қанча енгиллашса, шунчалик нозиклашаверади. Шу боисмўътадил қонунлар ҳукумронлиги инсон учун нисбатан қулай муҳитни вужудга келтиради. Демократиянинг афзаллиги фуқароларнинг  хоҳиш-истаклари доирасида жамиятни идора эта билишда кўринади. Рисоладаги жамият учун рисоладаги қонунлар қанчалар зарурат бўлса, уларга амал қилиш шунчалар яхши яшамак деганидир.

Қонунлар қабул қилиш барча ҳукуматларнинг қўлидан келади. Чиқарган қонунларига амал қилиш камдан-кам ҳукуматларга насиб этади…

давоми бор