Ақл билан йўлни кўзланг

Ақл билан йўлни кўзланг
28 views
25 July 2017 - 8:00

МАХДУМҚУЛИ

Биринчи китоб

Яхши ёмонга дуч бўлса

Яхши ёмонга дуч бўлса,
Оғу ичгандай бўлар,
Қусолмасдан оғусини,
Ичидан ўчгандай бўлар.

Ваҳм этмаслар, ҳаром ишдан,
Қўрқарлар аммо бат тушдан,
Айёмга боқсам, ичиндан,
Кўнглимдан кечгандай бўлар.

Номард иши мудом йўймоқ,
Йўқдан борни уриб, йўнмоқ,
Ҳар аҳмоққа сир инонмоқ,
Ўз айбин очгандай бўлар.

Ўтди умрим, молга мойил,
Ҳақ йўлинда кўнглим, ойил,
Оғзи ола бўлган ҳар эл,
Эркин бой бергандай бўлар.

Ётиб ўйлаб, ҳикмат изланг,
Ақл билан йўлни кўзланг,
Гапни топиб, созин сўзланг,
Мисли дур сочгандай бўлар.

Эрдан кетмасин эътибор,
Қочар ундан дўстлар, ҳам ёр,
Ҳунарли, иқболли эрлар,
Молу пул сочгандай бўлар.

Махдумқули, иллатли кўз,
Хароб бўлмай, туздан кўз уз,
Маъракада ўринсиз сўз,
Чирпиниб, отгандай бўлар.

*****

(давоми бор)

Туркманчадан Ислом Холбой ўзбекчалаштирди