Миршаблардан қочишга ҳожат қолмади

Миршаблардан қочишга ҳожат қолмади
37 views
25 July 2017 - 9:00

Ислом Холбой

Т А Н А З З У Л
(Тўрт юз тўқсон саккизинчи камерадаги маҳбус хотиралари)

ХаЗиНА КаБи
                             ҚўРиҚлАйДиЛАр
ЧўЧқА КаБи
                         БоҚаДиЛАр
ИТ КаБи
                 таҲқирлАйДиЛаР 

Т  У З О Қ
Биринчи китоб

уаллиф бевосита бошидан кечирган воқеа-ҳодисаларга асосланади)

Қўрқоқлик хорликка, мардлик олдинга бошлайди.
Иккиланиш (ҳафсаласизлик) тақдир  ҳукмидан олиб 
қололмайди.
Муҳаммад пайғамбарнинг қиличига ўйиб ёзилган ҳикмат 

(33)

Йигирма учинчи боб

Баҳром Жалолнинг шарофати билан ғанимлар назаридан ўчирилиб, нисбатан тинч камерага жойлаштирилди. Дақиқалар ўтган сайин бунинг таъсири яққол намоён бўлаётганди. У хатоларини обдан ўйлаб, тушган тузоғидан қутулиш учун тафаккур қилишга имкон туғилди. Бунақанги истаб-исталмаган шароит инсон ҳаётида камдан-кам ҳолларда пайдо бўлади. Шу кунгача кўрган кўргуликлари ва амалга оширган ишлари хусусида у шу пайтгача ўйлаб кўришга ҳаракат этиб кўрмаган эди.

Миршаблар кўзидан яшириниш, бола-чақанинг ғам-ташвиши хоҳлаганида ҳам унга имкон бермасди. Авваллари эса миллатга хос майда-чуйдалар ва кераксиз нарсалар билан ўралашиш унинг ҳам умри мазмунига айланган эди. Мақсадсиз ва режасиз яшаш тўрт юз йиллик аросатдан унга ҳам мерос қолганди. Тўрт девор ичида ўтириб,бола-чақасини минг ўйласин, энди унинг қўлидан бир иш келмасди.

Миршаблардан қочишга ҳожат қолмади. Уларнинг ўзлари, шам атрофидаги парвоналардек, уни кеча-кундуз асраб-авайлайдилар. Ухлаганида ҳам, устидан қуш учиб ўтмасин дея наззорадан мўралайдилар. Уларнинг “меҳрибонлик”ларини суъистимол этиш ношукурлик бўлади. Миршаблар кўксида ураётган юраги сингари унга яқин бўлиб қолдилар. Энди унинг хотири жам, асаблари жойида.

Дарҳақиқат, хаёл кенгликларида – кечиб ўтилган йўллардан орқага қараб юрадиган лаҳзалар етди. Айни чоқда, у қирқ олти йиллик умрнинг чанг босган ва хотирадан тамоман ўчган саҳифаларини титкилаш билан келажак сари ташланадиган қадамларга пойдевор қўядиган йўллар бошида турипди. Ҳаётнинг ўзиазалда сабоқ учун дастурлангач, не учун қийноқлардан, таҳқирлар ва зулмларданҳикмат қидирмаслик керак? Нима учун инсон депсинган ҳар бир тошидан хатоси ёзилган саҳифаларни варақламаслиги керак?!

14 май, душанба. Тонг қушларнинг Яратганга ҳамд-санолар айтиб чуғурлашлари билан ҳамоҳанг оқарди. Одатдагидай, нонуштадан сўнг йўқлама бошланди. Йўқламадан ўтгач, маҳбуслар шконкаларга ўтириб, кечаги воқеаларни қайта-бошдан гапира бошладилар. Умуман олганда, камерадаги ҳаёт – битта кино филмни қайта-қайта сийқаси чиққунча томоша этишдай бир гап эди.

Баҳром учун янгилик бугун хотини ва ўғиллари орқасидан озиқ-овқат ва зарурий буюмларни киритгани бўлди.

Камерадошлари бузуқ пластинкага ўхшаб бир жойда айланаверсинлар, у энди режа бўйича ҳаракатланади. Мақсад сари йўлида собит қадамлайди. Улар билан давра қуриб, кўзларига боқиб турса ҳам, уларнинг сийқаси чиққан сўзларини қулоқлари эшитмайди, тутуриқсиз ҳаракатларини кўзлари кўрмайди, у улар учун жисман мавжуд эса-да, руҳан йўқ энди. Шундай қилмаса, у ўзини тафтиш қила олмайди, гуноҳлари ва хатоларини илғамайди. Пушаймон бўлмайди, тавба-таззару этмайди, дунёга қуруқ қўл билан келиб, қуруқ қўл билан кетади…

Унинг бу ҳолати 31 май, пайшанбагача давом этди. Адвокати Шамшод Ҳотамов уни йўқлаб, Тоштурмага келган кунгача у ўзи билан ўзи олишди, ўзи билан ўзи уришди. Гоҳ қўли баланд келса, гоҳ енгилди, гоҳ қоқилса, гоҳ чув тушди. Шундай қилмаса, камерадошлари каби берилган имкониятни кўкка совурарди. Яратган олдида, миллат олдида у ўзини ҳеч қачон кечира олмасди…

Биринчи китоб тугади.                                                                          

2009 йил. Тошкент.