“Алвидо, “Жаслиқ!” ёҳуд сиёсий маҳбуснинг кундаликлари

“Алвидо, “Жаслиқ!” ёҳуд сиёсий маҳбуснинг кундаликлари
108 views
26 July 2017 - 14:20

18 йил умрини Ўзбекистон қамоқхоналарида ўтказган собиқ сиёсий маҳбус Муҳаммад Бекжон тутқунликдаги ҳаётига бағишланган биринчи китобини ёзиб тугатган.Таниқли шоир ва марҳум Ислом Каримовнинг сиёсий рақиби Муҳаммад Солиҳнинг укаси бўлган Муҳаммад Бекжон шу йил февралида озодликка чиқарилганди.

У 1999 йилда Тошкент портлашларида айбланиб, Киевда ҳибсга олинган ва Ўзбекистонга экстрадиция қилинган. Ўша йилнинг кузида Тошкентда ўтган маҳкамада Бекжон ва бошқа айбланувчилар ўзларига қўйилган айбларни рад этишган ва қийноққа солинганликларини айтганлар. Ўзбекистон маҳкамалари Муҳаммад Бекжонга чиқарилган 11 йиллик дастлабки маҳкама ҳукмини узайтириб келганлар. Франциядаги “Чегара билмас мухбирлар” ташкилоти Муҳаммад Бекжонни “дунёда энг узоқ муддат қамоқда ўтирган журналист” деб атаган.

Ҳозирда Хоразмдаги уйида яшаётган 63 ёшли Бекжон ўзининг озодликка чиқарилишини Ўзбекистондаги ҳокимият ўзгариши билан боғлайди.”Каримов ҳаёт бўлганида ҳали ҳам қамоқда ўтирган бўлардим”, – дейди мухолифатдаги “Эрк” партиясининг фаоли.

Муҳаммад Бекжон билан суҳбатни тингланг.

Қуйида китобдан бобларни эътиборингизга ҳавола қиламиз.

* * *

Алвидо, “Жаслиқ!”
(1)

1999.18.03. Бориспол. Аэропорт.

Эрталаб соат саккизларда бизни зековозга чиқаришди ва тўрталамизни УАЗикнинг тўртта боксига[1] жойлаштиришди.

Ҳаммамизнинг қўлларимиз кишанланган.

Машина йўлга тушгач, мен бокс эшиги тирқишидан қўриқчиларга:

‒ Ребята, есть просьба, можно с вами договориться?! ‒ деб бақириб сўрадим.

Улардан бири:

‒ Говорите, что за просьба! ‒ дея бақириб жавоб берди.

‒ Здесь, в Киеве у нас родственники, они не знают, что нас арестовали! Можете позвонит и сообшить им, что нас арестовали и отправили в Узбекистан!

Қўриқчилардан бири розилик билдирди ва мен айтиб турдим, у телефон рақамларимизни ёзиб олди.

Юсуф ҳам хотини Шоиранинг телефон рақамини ёздирди.

Юсуфдан қаерда қўлга олишганини сўраганимда, у бозорга кетишдаги йўлда яёв кетаётганида ушлаганларини айтиб берди. Хотини Шоира бундан хабарсиз экан.

То Борисполга етиб боргунимизча ўзаро гаплашиб, ҳазиллашиб кетдик.

Ичимизда Қобулгина бошимизга тушган бу кутилмаган кулфатдан озгина довдираб қолган, бизнинг ҳазил-ҳузулимизга қўшилмай, сукут сақлаб борар эди.

Йўлда Юсуфга қўлга олинишимизгача бўлган “охирги истакан ароқ” воқеасини сўзлаб бердим.

Иш қилиб, аэропортгача яхши кайфиятда келдик.

1991.18.03. Тошкент – Киев йўналиши, “Боинг” учоғи.

Учоққа чиқиб олганимиздан кейин бошларимиздан қопларни чиқаришди. Бироқ қўларимиздаги кишанлар қулфлоғлигича қолди.

Қўлларимиз орқага қилиб кишанлангани учун, ўриндиқ суянчиғига суяниб ўтиришнинг иложи йўқ эди. Бу ҳам етмагандай, қўлингни озгина қимирлатсанг, кишан қисилиб суяккача ботиб кетарди.

Ёнимда мени қўриқлаб келган қўриқчи-кузатувчидан (кейинчалик бу қўриқчи ИИВ ертўласида бизни тергаган капитан Илҳом Турғунов бўлиб чиқади) кишанни бир оз бўшатиб қўйишини сўраб беш-олти марта илтимос қилдим. Ҳеч кўнмади. Ҳар гал:

‒ Чидаш керак, бирон соатларда манзилга етиб борамиз, ўша ёқда ечамиз, ‒ дея такрорлар эди.

Шу учоқда кишан қўлимда қолдирган излар кейин ҳам уч-тўрт йилгача ҳеч кетмади.

Ўзбекистон қамоқхоналарида чеккан даҳшатли қийноқларим қаторида, суякка ботган ўша кишанлар азобини ҳам ҳеч қачон унутолмасам керак.

1999.18.03. Тошкент. Аэропорт.

Тушдан кейин, соат тўртларда учоқ Тошкент аэропортига қўнди. Бошларимизга яна қайтадан қоплар кийдирилди.

Олдинги салондан икки кишини олиб чиқишади. Менимча, Қобул ва Неъматни бўлса керак. Чунки Юсуф менинг қаршимдаги ўриндиқда ўтирган эди.

Улардан кейин Юсуфни, сўнгида мени олиб чиқишди.

Мени алоҳида машинага ўтқазишди. Қолганларни қандай ва қаерга олиб кетишганини билмайман.

1999.18.03. ИИВ ертўласи.

Кечки соат бешларда бизни Ички Ишлар Вазирлиги ертўласига тушириб, бошимиздаги қопларни ечишди. Тинтувдан ўтказишди, сўнг боксга қамаб қўйишди.

Ертўлада фақат Юсуфни кўрдим. Нимагадир Қобул билан Неъмат кўринмас эди.

Уч соатларча боксда ушлаб ўтириб, ниҳоят терговга олиб чиқишди.

Тергов ҳақни юзага чиқариш учун эмаслиги биринчи қадамларданоқ маълум эди. Яъни, бошқа хонада “ўзбекчасига тергов” бошланди.

Ертўланинг узун даҳлизи ўрталарида чапда эшик бор экан. У ердан кирилса, бу даҳлизга параллел бошқа даҳлизга чиқилди. Ўша параллел даҳлизнинг охиригача юриб бордик. Ўнг тарафдаги эшик “тергов” хонасининг эшиги экан.

Ушбу лабиринт йўлакнинг ўнг томонидаги ҳамма хона “тергов” хоналари экан. Яъни, ўзбекча қилиб айтсак, қийноқ хоналари!

Мени шундай хоналардан бирига киритишди. Қўлларимга кишан солиб, стол қаршисидаги тўртбурча курсига ўтирғизиб, ёлғиз ташлаб чиқиб кетишди.

Хона деворларига назар солдим. Деворнинг ҳамма жойи қонга беланган; исканжа излари…

Хона ўртасида полга михлаб ташланган табуретка, бурчакда стол ва стул. Стол қаршисида мен ўтирган табуретка.

Менимча, сўроқ олдидан мени қўрқитиш учун атайин ёлғиз қолдириб кетишган эди. Мен улар киргунича девордаги қон, тепки изларини кўриб, ваҳимага тушиб туришим керак.

Ярим соатлар чамаси вақт ўтиб, хонага полковник кириб келди.

Мен уни танийман ‒ Ботир Турсунов эди.

У ҳам мени танийди.

Бу одамга шахсан Ички ишлар вазири Зокир Алматов “Эрк” партияси фаолиятини назорат остига олиш вазифасини юклаганидан хабарим бор эди.

Бундан ташқари, 1993 йили Акамни таъқиб қилиб юрган  айғоқчилари сўнгра менинг изимдан тушишган. Улар уйимиз олдида машина ичида ўтириб, кеча-кундуз пойлашар, ҳатто қизимиз Ойгулни ҳам мактабигача кузатиб (машинадаги тўрт кишидан бири аёл) қўйишар эди.

Ботир Турсунов ўша пайтда капитан лавозимида эди. ЭРК партиясига қарши курашда ўта жонбозлик кўрсатган шекилли, олти йил ичида демак полковник даражасигача кўтарилибди.

***

“ЎЗБЕКЧА ТЕРГОВ”

1999 йил март. ИИВ ертўласи.

“Тергов” хонасига полковник кетидан ўттиз-ўттиз беш ёшлар чамасидаги капитан кириб келди.

Мен ўтирган еримдан жилмай ўтиравердим. Полковник менга қараб:

‒ Офицер кирганда ўрнингдан турмайсанми?! ‒ деб дўқ урди.

Мен қимир этмадим.

– Мени танидингми?

– Танидим…

– Бир пайтлар анави қайноғанг билан дўст эдик. У сизларга сотилди, мараз. Ҳали у билан ҳисоб-китобмиз олдинда. Олдин сенларни бир ёқлик қилайлик. Ҳаммаларингни ушлаб келамиз. Солиҳинг борми, Тоҳиринг борми, ҳамма-ҳаммангни шу ерга олиб келамиз. Сенларга Ўзбекистон мелисасининг кучини би-и-ир кўрсатиб қўяйлик! Шундайми, капитан?

Капитан бошлиғининг бу даражада молсифатлигидан уялиб, пастга қараганча жим турар эди.

Полковник мавзуни ўзгартирди:

– Алфия эсингдами, Муҳаммад? Сен у билан юрардинг-а? Зўр, кетворган қиз эди-да, а?

– Қанақа Алфия? Ҳеч қанақа Алфияни танимайман.

– Менга қара, Муҳаммад! Мени алдашга ҳаракат қилма, тушундингми!? Мен аканг Солиҳни ТашДУда студентлигидан бери танийман. У ғирт пантуркист, миллатчи эди…

Менинг жаҳлим чиқа бошлади ва унинг сўзини бўлдим:

– Ўртоқ полковник, мени бу ерга сўроқ қилишга обкелдингларми ёки ким кетворган, ким қанақа одам бўлганлиги ҳақида гап сотганими? ‒ дедим.

– Ў-ҳў, менга нима қилиш керак, қандай гапириш кераклигини ҳам ўргатарсан балки? Ҳали сендан гапириш учун рухсат олишим ҳам керакдир, а?

Мен ўзимни зўрға тутиб ўтираман. Яна шунга ўхшаш асабтегар гап гапирса…

Полковник, мендаги ички туғённи сезди шекилли, чеккада муршайиб ўтирган капитанга “чиқиб кет” дегандек ишора қилди.

Капитан чиқиб кетгач, Ботир хона ичида у ёқ-бу ёққа юра бошлади. Менимча, сўроқни нимадан бошлашни билмай, боши қотган кўринар эди.

Ва ниҳоят биринчи берган саволи бундай бўлди:

 – Аканг қаерда?

Мен ичимда: “Аҳмоқ, томдан тараша тушгандай дабдурустдан сўраган саволингни қара, “Аканг қани?” эмиш”, деб қўйдим.

– Сендан сўраяпман, ҳўв! Қаерда у террорист?!

Мен қандай ўтирган бўлсам, шундай ўтиришда давом этдим. Мендан садо чиқавермагач, полковник ғазаб тўла кўзларини тикиб:

‒ Сен яхши гапни тушунмас экансан, ҳозир булбулдек сайратаман сени! ‒ деди. Бориб хона эшигини қия очди. Ташқарида турганларга: ‒ Киринглар, манави саволларимга жавоб беришни хоҳламаяпти, как следует жавоб беришни би-и-р ўргатиб қўйинглар! ‒ деди ва ўзи ертўла даҳлизига чиқиб кетди.

Хонага тўрт нафар барзанги кирди. Улардан бири камуфуляжда эди. Шуниси қаршимга келиб:

‒ Тур ўрнингдан! ‒ дея ўшқирди.

Ўтирган жойимдан туришга улгурмай, бошимга қаттиқ зарба келиб тушди. Бу зарбадан бир оз гангиб қолдим.

Бошимдан қон чиқибди, юзим узра оқиб полга томчилаётганини кўрдим. Ўзимни тутиб туролмадим:

‒ Ҳе онангни!.. ‒ дея бақириб олдинга бир-икки қадам ташладим.

Бу пайт хонага яна икки-уч нафар “спецназ”чилар кириб келди ва мени полга йиқитишди ва шаҳд билан тепа бошлашди.

Тепкилардан сўнг навбат резина тўқмоққа (дубинка) келди. Оёқ кийимимни ечиб, хона ўртасида полга миҳланган табуреткага ўтирғизишди. Қаршимга иккинчи табуреткани келтириб, оёқларимни унинг устига чиқариб қўйишди. Сўнг устига биттаси ўтириб олди.

Қўлларимга кишан солиб, иккитаси икки томонимдан маҳкам босиб ушлаб турди. Камуфуляждагиси қўлига резина тўқмоқни олиб, товонимга бор кучи билан ура бошлади.

Биринчи кунги “тергов” шу зайлда тонггача давом этди. Лекин полковник ҳеч нарсага эришолмади.

Терговнинг учинчи куни менга катта албом келтиришиб (тахминан 100 варақ), ичидаги расмларни кўрсатиб чиқди.

Албатта, албомнинг биринчи варағида Акам Муҳаммад Солиҳ, Тоҳир Йўлдошев, Жума Намангоний ва бошқалар расмлари акс этган бўлиб, шу варақдаги ҳар бир расм орқасига исм-фамилияси битилган эди. Ҳар варақда ўттизтадан расм қўйилган.

Улар қўлимга тутқазган бу албомни икки соатларча варақлаб, фақат тўрт кишини, яъни Акам, ўзим, укаларим Рашид ва Мақсудни танидим, холос.

Албомни олиб кетишганидан сўнг “тергов” яна давом этади.

Бундай “тергов” бир ҳафта давомида эрталабдан кечгача сурарди.

Орада менга имзо чектириш учун қандайдир қоғозларни келтиришар, мен эсам имзо чекишдан бош тортар эдим. Оқибатда мени шафқатсиз қийноққа солишар эди.

“Тергов”нинг учинчи куни юролмайдиган ҳолатга тушдим. Оёқларим шишиб кетганидан оёқ кийимимга сиғмай қолди. Қўлларим қошиқни ушлай олмас, ҳатто бошимни кўтаришга қурбим етмай қолган эди.

Ертўладаги навбатчи сержант (мендан тўрт-беш ёш катта) мени ҳар сафар коридорда унинг олдидан судраб олиб ўтишганида аҳволимга ачиниш билдириб бош чайқаб қўяр, кўзларини пастга тушириб, “Шундан бўлак бирон нарса қилишга ожизман”, деяётгандек, бошқа томонга қараб олар эди.

* * *

[1]    “Бокс” – бир одам аранг сиғадиган кичик камера.

(давоми бор)

Манба: Би-Би-Си Ўзбек