Мозор – Охират Қўноқларидан биринчисидир

Мозор – Охират Қўноқларидан биринчисидир
29 views
28 July 2017 - 9:00

ТАНБЕҲУЛ ҒОФИЛИЙН
АБУ-ЛАЙС САМАРҚАНДИЙ

(8)

(давоми)

Кофир қул эса, бу дунёдан айрилар экан, ёнига қора юзли бир нечта малак инади. Уларнинг қўлларида ўткир қилдан тўқилган тўрва бўлади. Малаклар кофирнинг қаршисига келиб, ўтиришади. Улардан кейин ўлим малаги келади ва шундай дейди: “Эй, чиркин руҳ! Оллоҳнинг нафрат ва ғазабига қараб йўлга чиқ!”.

Бу жумлалар айтиб бўлинмасданоқ, кофирнинг вужуд органлари парча-парча бўлиб, худди ҳўл юнгдан чўғ бўлган темир сих тортиб чиқарилган каби, руҳи чиқади. Бу онда кофирнинг томирлари ва сингирлари чўрт узилади. Ва ўлим малаги кофирнинг руҳини қўлига олади.

Қора юзли малаклар уни Азроилнинг қўлидан олиб, қил тўрвага солишади. Шу онда атрофга ўлакса ҳиди каби қўланса бир ҳид ёйилади. Кейин малаклар у руҳни кўкка олиб чиқаркан, йўлда учраган бир малак гуруҳи “бу чиркин руҳ кимники?”, деб сўрашади. Руҳни ташиган малаклар кофир қулни энг хунук номлар билан танитади ва “Бу фалон ўғли фалондир”, деб жавоб беришади.

Малаклар дунё самосига тушганида, кўк дарвозасининг очилишини сўрайдилар, аммо дарвоза очилмайди. Зотан, Оллоҳу Таоло шундай буюргандир: “Шубҳасиз, бизнинг оятларимизни ёлғон деб, улардан кибр ила юз ўгирган кимсаларга самонинг эшиклари очилмас. Туя игнанинг тешигидан ўтмагунча, улар жаннатга киролмайдилар. Биз мужримларни (осийларни) ана шундай жазолаймиз” (“Аъроф” сураси, 40).

Бу орада Оллоҳ малакларга “унинг ёзувини (дафтарини) Сижжинга қайд этинглар”, дея амр этади. Бу амрдан сўнгра малаклар кофирнинг руҳини пастга улоқтирадилар. Ҳолбуки, Оллоҳу Таоло шундай буюради:

Кимки Оллоҳга ширк келтирса, бас, у худди кўкдан қулаб тушгану, ваҳший қуш уни илиб олган каби ёки шамол йироқларга учириб кетган кабидир” (“Ҳаж” сураси, 31).

Малакларни улоқтиргани бу руҳ эски вужудига қайтиб киради. Шу пайт ёнига малаклар келиб, “Роббинг ким?”, деб сўрайдилар. Кофир қул “Оҳ, билмайман!”, дейди. Малаклар “Дининг нима?”, деб сўрайдилар. Кофир қул “Оҳ, билмайман!”, деб жавоб беради. “Сизларга элчи юборилган шу одам ҳақида нима дейсан”, деб сўрайдилар. Кофир қул эса яна “Оҳ, билмайман!”, деб жавоб беради.

Шунда бир сас келади. “Қулим ёлғон сўйлади. Унинг тагига бир жаҳаннам тўшаги тўшанг, қабрини эшигини ҳам жаҳаннам тарафга очингки, жаҳаннамнинг бўғувчи иссиғи ва заҳарли ҳавоси уни қамраб олсин”.

Шунда қабр кофирни сиқа бошлайди. Суяклари бир-бирининг ичига киради. Бу орада чиркин юзли, бад қилиқли, вужудидан қўланса ҳид тарқаётган бир одам келиб, ақлингга келган энг даҳшатли нарсаларнинг бошингга тушажагидан хабар  беришга келдим”, дейди.

Кофир ундан “Сен кимсан?”, деб сўрайди. Хунук юзли одам “Мен сен ишлаган қабиҳ амалман”, дейди. Буни кўрган кофир “Роббим, омон, Қиёмат қўпмасин, Қиёмат қўпмасин!дея фарёд этар”.

Билдирилишича, Абдуллоҳ бин Умар (Оллоҳ ундан рози бўлсин) шундай деган:

-Мўмин қул мозорга қўйилганда қабри етмиш тирсак узунлигида кенгаяди. Ва унинг устига райҳонлар сочилади, унга ипак либослар кийдирилади. Агар дунёда экан, бир оз Қуръон ўқиган бўлса, бунинг ойдинлиги унга етар. Агар ҳеч Қуръон ўқимаган бўлса, қуёш каби бир порлоқ нур билан қабри ойдинлатади.

Унинг қабрдаги ҳаёти янги келин ҳаёти каби бўлади. Ҳузурли уйқусидан уни фақат оила аъзолари ичидан энг суюкли бўлганлари уйғотади.

Уйқудан уйғонганда, худди уйқудан қонмаган каби махмур уйғонадилар.

Кофирларнинг қабри эса шу қадар тор бўладики, қовирға суяклари қорнига санчилади. Устига туянинг бўйни йўғонлигидаги илонлар тушади. Бу илонлар унинг этини суякларигача кемирадилар, еб битирадилар.

Кейин кофирнинг ёнига кўр, сағир ва тилсиз азоб малаклари келади. Улар қўлларидаги темир тўқмоқлар билан кофирни калтаклай бошлайдилар. Улар калтаклар экан, кофирнинг фарёдини эшитмайдилар – ачинмаслик учун, ўзларини кўрмайдилар – раҳм қилмаслик учун!

Яна устига ҳар тонгда оташ қўри сепилади”.

Қабр азобидан қутилишни истаган киши шу тўрт нарсага амал қилиб, шу тўрт нарсадан қочиши керак:

1.Оралиқсиз беш вақт намоз қилмоқ

2.Тез-тез садақа бермоқ

3.Кўп Қуръон ўқимоқ

4.Кўп зикр этмоқ

Булар инсоннинг қабри кенг ва ёруғ бўлишини таъминлайди.

Қочиши керак бўлган тўрт нарса шулар:

1.Ёлғончилик

2.Омонатга қарши хиёнат

3.Гап ташиш ва ғийбат

4.Устига сийдик теккизмоқ.

Ҳолбуки, Пайғамбаримиз (с.а.в.)нинг шундай дегани ривоят этилгандир:

Сийдикдан тозаланинг. Чунки қабр азобининг муҳим сабабларидан бири сийдикдан булғанишдир

Яна ривоятга кўра, Пайғамбаримиз (с.а.в.) шундай деган:

“Оллоҳ сиздаги шу тўрт нарсани ёмон кўради:

1.Намоз қилаётганда кераксиз ҳаракатлар қилганни

2.Паришонхотир ва жиддиятсизлик билан Қуръони Карим ўқиганни

3.Рўза тутган ҳолда рўза тутган кишига ярашмаган қилиқлар қилганни

4.Мозорда кулмоқни.

Айтилишига кўра, Муҳаммад бин Саммок бир кун мозористонга қараб шундай деди: Бу мозорларнинг сассизлиги сизни алдамасин. Уларнинг ичида жуда кўп дардлилар ётибди. Мозорларнинг бир хил баландликда бўлиши ҳам сизни алдамасин. Ичида ётганларнинг ҳоли шу қадар фарқлики!”.

Сўфиёний Саврий шундай дейди:

“Ким қабрни тез-тез эсласа, у ерга келганда қабрни бир жаннат боғчаси каби кўради. Кимки, қабрни эсламаса, у қабрни жаҳаннам чуқури сифатида кўражак”.

Айтилишига кўра, ҳазрати Али (Оллоҳ ундан рози бўлсин) бир хутбасида жамоатга шундай деган: “Эй, Оллоҳнинг қуллари! Ўлимни асло унутмангиз. Ундан қутилиш йўқ. Агар унинг қаршисига чиқмоқчи бўлсангиз, сизни ушлайди. Ундан қочсангиз, сизни қувиб етади. У сизнинг ёзувингиздир. Шошилинг ва ундан қутулинг. Чунки орқангиздан қувалаётган биттаси бор. Бу қувалаётган мозордир. Ҳей! Мозор ёки бир жаннат боғчаси ёки бир жаҳаннам қудуғидир. Ҳей! Мозор ҳар кун уч марта шундай нидо қилади: “Мен қоронғулик уясиман. Мен ваҳшат уясиман. Мен ўргимчак уясиман”, дейди у.

Ҳей! У куннинг эртасида янада машаққатлироқ бир КУН бор. У кун ёшлар кекса бўлар, кексалар – сархуш! Яна у КУН эмизикли оналар чақалоқларини эсдан чиқарарлар, ҳомила хотинлар эса қўрқувдан ҳомилаларини тушуражаклар! Инсонларни сархуш каби кўрасан, аммо улар сархуш эмаслар. Оллоҳнинг азоби шу қадар оғирдир!

Ҳей! У КУНнинг нариёғида жаҳаннам бор. Унинг ҳарорати жуда юксак, қудуғи жуда чуқур. Унинг зебу-зийнатлари темир ҳалқа, суви эса йирингдир. У ерда Оллоҳнинг раҳмати йўқдир!

Ҳазрати Алининг бу сўзларидан кейин жамоат ҳўнгир-ҳўнгир йиғлай бошлади.

Ҳазрати Али сўзларини шундай тугатди:

“У КУНнинг нариёғида Жаннат ҳам бор. Жаннат кўклар билан ер юзининг ўлчови каби кенгликдадир, тақво соҳиблари учун ҳозирлангандир. Оллоҳ бизни аччиқ азобдан қўрисин, бизларни ва сизларни неъмат юрти бўлган Жаннатга қўндирсин!”.

Билдирилишига кўра, Усайд бин Абдураҳмон шундай деган: “Менга айтдиларки, ўлган қул тобутини ташиётганларга “тезроқ мени мозоримга етказинг”, дейди. У мозорга қўйилганда эса, тупроқ тилга кириб, ўликка шундай дейди: “Сени устимда юрганингда севардим, энди янада кўп севаман!”.

Тобутга қўйилган кофир эса, тобутини ташиётганларга “Мени орқага қайтаринг!”, дея ёлворади. Мозорга қўйилганда эса, тупроқ тилга кириб, “Сен устимга кирганингда ҳам нафрат қилардим, энди баттар нафрат қиламан!” дейди.

Айтилишига кўра, Ҳазрати Усмон бин Аффон (Оллоҳ ундан рози бўлсин) бир мозор бошида тўхтаб, йиғлай бошлади. Ёнидагилар унга “Сен ҳатто жаннат ва жаҳаннамни эслаганингда ҳам йиғламасдинг, бу мозорни кўриб нега йиғладинг?”, деб сўрашди.

Пайғамбаримиз (с.а.в.) шундай деганди: “Мозор – Охират Қўноқларидан биринчисидир. Агар инсон бу қўноқдан муваффақиятли ўтса, ундан кейингиси осон бўлади. Борди-ю бу қўноқдан яхши ўтолмаса, давомли қийин бўлади”, – деди Усмон бин Аффон.

(давоми бор)
Муҳаммад Солиҳ таржимаси