Бевафолардан

Бевафолардан
34 views
31 July 2017 - 8:00

МАХДУМҚУЛИ

Биринчи китоб

Бевафолардан

Асло кўнгил берма, бевафоларга,
Боқ, ким вафо кўрмиш бевафолардан?
Умид этиб кириб юз жафоларга,
Ким баҳра топибдир, бу жафолардан?

Ишқнинг овозасин, тингла, сиртидан,
Жон жабриндан қўрқсанг, борма ортидан,
Сариштанг кам бўлса, ишқ синовидан,
Бор, хабар ол, кўрган мубталолардан!

Сўзим насиҳатдир, бир қулоқ солинг,
Бандасиман, сўзга харидор қулнинг,
Қирқ ўйнашли хотин яхшидир, билинг,
Шарафсиз кўп тилли кадхудолардан!

Тириклик бир шароб, мардга жом бордир,
Кўнгил кўзгу каби нуру анвардир,
Дунё етти бошли ялмоғиз мордир,
Қочганлар қутулмас, бу балолардан.

Ётма, Махдумқули, ишратинг суйиб,
Ҳали ётажаксан, кафанинг кийиб,
Ҳожатин топарми, хожасин қўйиб,
Тилак этган кимса, қул, гадолардан!?

*****

(давоми бор)

Туркманчадан Ислом Холбой ўзбекчалаштирди