Қиёматнинг қўрқинчли манзаралари

Қиёматнинг қўрқинчли манзаралари
69 views
03 August 2017 - 6:00

ТАНБЕҲУЛ ҒОФИЛИЙН
АБУ-ЛАЙС САМАРҚАНДИЙ

(10)
(давоми)

Қиёматнинг қўрқинчли манзаралари

Ҳазрати Ойша (ундан Оллоҳ рози бўлсин) шундай дейди: “Бир куни Пайғамбаримиз (с.а.в.)дан “Қиёмат куни бир инсон севгилисини эслайдими?”, деб сўрадим. У менга шу жавобни берди:

Шу учта босқичда эсламайди: биринчиси, амалларнинг тарозида тортилиб, яхшиликларнинг оғирми ёки енгил келиши маълум бўладиган онда. Иккинчиси, амал дафтарлари соғ тарафданми, сўл тарафданми берилишини маълум бўладиган пайтда. Учинчиси, жаҳаннамдан бир шоҳ чиқиб, “Мен шу уч хил кимсани олишга келдим – Оллоҳдан бошқа илоҳ йўқлигини иддао қилганлар, ўзини севган такаббур зўравонлар, ҳисоб кунига ишонмаганлар”, деярак, бу санаган кимсаларини жаҳаннам даҳлизларига отиш учун ҳаракатга кечган онда.

Жаҳаннамнинг устида қилдан ҳам ингичкароқ, қиличдан ҳам ўткир бир кўприк бор. Устида тиканли симлар, чангаллар бор. Бу кўприкни биров яшин каби, биров йилдирим каби кечади. Атрофга ҳеч боқмасдан ўтган қутилади. Атрофга аланглаган тузоққа тушар ва кейин жаҳаннамга юзтубан йиқилиб тушар”.

Абу Ҳурайрадан (ундан Оллоҳ рози бўлсин) ривоят этилишича, Пайғамбаримиз (с.а.в.) шундай деган:

“(Исрофил) сурнайнинг икки уфланиши орасида қирқ йиллик муддат бор. Ундан кейин осмондан инсон маниси каби бир сув ёғади ва бутун жонлилар худди майса каби ердан кўкариб чиқадилар.

Яна Абу Ҳурайра (ундан Оллоҳ рози бўлсин) бошқа бир ривоятга кўра, шундай деган: “Бир кун Пайғамбаримиз (с.а.в.): “Оллоҳ кўкларни ва ерни яратгандан сўнгра, Сур(най)ни яратди ва уни Исрофилга берди. Исрофил ҳам сурнайга лабларини қўйиб, кўзларини Аршга тикиб, қачон “Уфла!” деган буйруқ келар экан, деб кутиб турибди”, деди.

Мен ундан, “Ё, Расулуллоҳ, сурнай нимадир?” деб сўрадим. У менга “Нурдан яратилган бир қувурдир” деди. Мен яна, “У қандай бир нарса?”, деб сўрадим. Расулуллоҳ (с.а.в.): “Кенг қамровлидир. Мени ҳақ узра Пайғамбар этиб юборган Оллоҳга ямин этаманки, унинг миқёси ер ва кўкнинг кенглиги кабидир. Унга уч карра пуфланажак”, деди.

Баъзи ривоятларга кўра, бу қувурга – биринчиси жонзотларнинг ўлиши учун, иккинчиси уларнинг тирилиши учун – икки марта пуфланади.

Қаабнинг (ундан Оллоҳ рози бўлсин) ривоятига кўра, уч марта пуфланади: биринчиси, жонлиларни саросимага солиш учун, иккинчиси, уларни ўлдириш учун, учинчиси – жонлиларни тирилтирмак учун бўлади.

Биринчи пуфлаш ҳақда Оллоҳу Таоло шундай дейди: “Сурга уфланган КУН, Оллоҳ ўзи хоҳлаган зотлардан бошқа еру кўкдаги бутун жонлилар даҳшатга тушади” (“Намл”, 87).

Кейин ер зилзилага тутилади, эмизикли оналар болаларини унутади, ҳомилалар болаларини туширадилар. Одамлар худди сархуш каби юрадилар. Аммо улар сархуш эмас, Оллоҳнинг азоби оғирлигидан шундай юришади.

Яна у КУН ёш болалар бирдан кексаяди. Шайтонлар эса қочиб, яшириниш учун тешик ахтарадилар. Зотан, Оллоҳу Таоло бу хусусда шундай буюради:

“Эй, инсонлар Оллоҳдан қўрқингиз. Чунки Қиёмат зилзиласи даҳшатли бир нарсадир. Уни кўрар кунингизда, эмизаётган оналар эмизганидан воз кечиб, ҳомиладорлар ўз ҳомиласини туширадилар. Ва инсонларни маст кўрасан. Аммо улар маст эмаслар. Балки Оллоҳнинг азоби (шундай) қаттиқдир” (“Ҳаж” сураси, 1-2).

Кейин Оллоҳ истаганича муддатда жонлилар кутиб туришади, сўнгра Оллоҳнинг амри билан Исрофил сурга иккинчи марта пуфлайди. Ва Оллоҳнинг мустасно қилганларидан ташқари, бутун жонлилар ўлади. Бу хусусда Оллоҳу Таоло шундай буюради:

“Сур чалинганда осмонлар ва ердаги бутун ўлди, фақат Оллоҳ истисно қилинганларгина (тирик қолишди) (“Зумар” сураси, 68).

Бу ерда истисно қилинганлар шаҳидларнинг руҳларидир.

Бошқа бир ривоятга кўра, тирик қолганлар – Жаброил, Макоил, Исрофил ва Азроилдир.

Шундан кейин, Оллоҳу Таоло вазиятни билгани ҳолда, ўлим малагидан: “маҳлуқотимдан тирик қолган ким бор?”, деб сўрайди. Ўлим малаги:

-Ё, Рабби, Сен ўлимсиз жонлисан. Сендан ташқари – Жаброил, Микоил, Исрофил, Аршни ташиган малаклар ва мен қолдим, – деб жавоб беради.

Шунда Оллоҳу Таоло қолган жонлиларнинг ҳам руҳларини олишни буюради.

Калби билан Микотил бин Сулаймоннинг ривоятлари бу шаклда.

Аммо Муҳаммад бин Қаабнинг бир киши воситасида Абу Ҳурайрадан (Оллоҳ ундан рози бўлсин) ривоят этилишига кўра, воқеа шу тарзда кечади:

“Оллоҳу Таоло Жаброил, Микоил, Исрофил ва Аршни ташиган малаклар ўлсин, деб буйруқ беради. Кейин “Эй, ўлим малаги, жонзотларимдан яна ким тирик қолди?”, деб сўрайди.

Ўлим малаги:

-Ё, Рабби, Сен ўлимсиз жонлисан. Ва бир бечора қулинг, ўлим малаги тирик қолди, – дейди.

-Эй, ўлим малаги, сен менинг “ҳар бир жонли ўлимни тотажакдир?”, деган сўзимни эшитмадингми? Сен ҳам менинг жонли маҳлуқларимдан бирисан. Сени лозим бўлганинг учун яратгандим, энди сен ҳам ўл!, – дея буйруқ беради.

Бу мавзуда бошқа бир ривоятга кўра, Оллоҳу Таоло ўлим малагига ўз жонини ўзи олишни буюради. Шунда ўлим малаги жаннат ва жаҳаннам орасида бир ерда ўз жонини олади.

У ўз қўли билан ўз жонини олар экан, шундай бақирадики, агар жонзотлар тирик бўлсайди, Азроилнинг бу фарёдига чидай олмай, тил тортмай ўлган бўлишарди.

Ўлим малаги ўлар экан, шундай дейди:

-Агар жон беришнинг бу қадар қийин ва машаққатли бўлишини билсайдим, мўминларнинг жонини олганда, жуда шафқатли ҳаракат қилган бўлардим!

Шундай қилиб, ўлим малаги ҳам ўлгандан сўнгра, махлуқотдан бирортаси тирик қолмаган бўлади.

Ва Оллоҳу Таоло дунёга қараб:

-Қироллар ва шаҳзодалар қаерда? Зўравонлар ва уларнинг авлодлари қаерда? Неъматларимни еганлари ҳолда, Мендан бошқасига топинганлар қаерда? Бугун мулк кимники?

Бу саволга жавоб берадиган бирорта жонли бўлмагани учун Оллоҳу Таоло ўз саволига ўзи жавоб беради:

-Бугун мулк фақат ягона Қаҳҳор бўлган Оллоҳникидир.

(давоми бор)
Муҳаммад Солиҳ таржимаси