Нуруллоҳ Муҳаммад Рауфхон: “Қора рўйхат”дан номимни ўчиришди

Нуруллоҳ Муҳаммад Рауфхон: “Қора рўйхат”дан номимни ўчиришди
80 views
08 August 2017 - 22:11

Ҳозиргина уйдан тилпон қилишди.

Туманимиз ҳокимиятига чақиришибди.

Бу ёғи ҳамма биладиган гап: ўзлари тузган “қора рўйхат”дан менинг номимни ўчиришганини эълон қилишибди! Юртдан чеккадагилар қайтсин, билет олиб беришимиз ҳам мумкин дейишибди.

Тафсилотини ёзиб ўтирмайман. Мен айтадиган гап бошқа:

Мен сизларнинг “қора рўйхат”ларингга лойиқ иш қилганим йўқ! Мен Ислом Каримов ўрнатган тузумнинг камчиликларини таҳлил қилиб китоб ёздим, шу холос!

Афсус, Каримов сиёсати “Бу кунлар”да кўрсатилган камчиликлар бир ёқда қолиб, камчиликни кўрсатган одам билан шуғулланишга киришиб кетди. Уйимга десант ташлади, айрим қўлёзмаларим ва китобларимни мошинга босиб олиб кетди. Интернет тармоқларида номимни булғай бошлади.

Мен бу ишлар ҳақида халқимга шикоят қилмадим, индамадим. Фақат, фб. да бир гал: “Давлатимга ҳайронман, мен билан шуғуллангунча камчиликлар билан шуғулланса бўлмайдими?!” деб ишора қилдим, холос.

Мана, бўларкан-ку! Бугунги Президент салафидан қолган камчиликларни тузатишга киришди! Жиддий киришди шекилли, энг хунук мерослардан бирини – “қора рўйхат” деган балони ўртадан кўтарди! Менинг ва мен каби минглаган ватандошимизнинг юзини қора деганларнинг ўзларининг юзи қора бўлди! Энди, иншаоллоҳ, тез кунларда қамоқларда ҳақсиз ётганларга ҳам қутқарилиш онлари келади деб ўйлайман.

Ҳақиқат аста-секинлик билан бўлса-да қарор топиб боряпти. Оллоҳнинг қудратига қойил қолмасдан илож йўқ: ердаги бу рўйхатни тузган ва туздирган золим ўлди, у тузган “қора рўйхат” орқасидан зўрға бир йилга бориб-бормади – тарихдан ўчди, алҳамдулиллоҳ!

Аммо, золимлар унутмасин, Оллоҳнинг бир қора рўйхати борки, у ҳеч қачон ўчмайди! У рўйхатнинг энг бошларида…
Шуниси кўнгилларга таскин беради.

Оллоҳ буюкдир!

Нуруллоҳ Муҳаммад Рауфхон

facebook.com