Тафаккур этадиган жамиятни бошқаришнинг ўзи бўлмайди

Тафаккур этадиган жамиятни бошқаришнинг ўзи бўлмайди
82 views
15 August 2017 - 8:00

Ислом ХОЛБОЙ

Т А Н А З З У Л
(Тўрт юз тўқсон саккизинчи камерадаги маҳбуснинг хотиралари)

ХаЗиНА КаБи
                                        ҚўРиҚлАйДиЛАр
ЧўЧқА КаБи
                         БоҚаДиЛАр
ИТ КаБи
таҲқирлАйДиЛаР

БЕРК КЎЧАЛАР
Иккинчи китоб

уаллиф бевосита бошидан кечирган воқеа-ҳодисаларга асосланади)

Кўмилди дарёлар, йиқилди тоғлар,
Етимлар кўз ёшин тўка бошлади.
Фоҳишадан бўлган ҳаромхўр беклар
Юртни бир ёнидан йиқа бошлади.
Махтумқули Фироғий

4-қисм

Учинчи боб
 
Кунлардан бир кун киракашга иккита лўли аёл учрайди. Иккаласининг қўлида ҳам йўргаги бор эди. Ёши бир жойга борган киракашга:
 
– Ҳар кун саккиз соат ихтиёримизда бўлсангиз, хизмат ҳаққи учун йигирма мингдан тўлаймиз, – дейишади улар.
 
Киракаш лўлиларга ишонмаса-да, азбаройи уларнинг нима билан шуғулланишларига қизиқиши туфайли, таклифга рози бўлади.
 
Лўлилар шаҳар яқинидаги бир қишлоққа боргач, бир ғариб уйнинг эшигини қоқадилар. Уйдан иккиқат жувон чиқади.
 
– Русияга қовун ортиб кетаётгандик, йўлда машинамиз бузилиб қолди. Озроқ маблағ зарур, илтимос, ёрдам беринг. Йўлга отланмасак, қовунларимиз ириб, сарфлаган пулимизга куямиз! – дейишади улар.
Таажжубга тушган жувон:
 
– Бизда пул йўқ! – деб, эшикни ёпмоқчи бўлади.
Шунда лўлилардан бири эшикка ёпишиб:
 
– Биз пулни қарзга сўраётганимиз йўқ! – деб қўлларидаги олтин узукларни, қулоқларида жилолониб турган исирғаларни кўрсатади.
 
Тилловорларни кўрган жувоннинг кўзлари мошдек очилади.
 
– Ҳозир эримни чақираман, кутиб туринглар! – дейди у.
Эридан олдин қайтиб чиққан жувонга баландли-пешли бешта боласи ҳам эргашиб чиқади. Нафси боис, шижоат туйган феълида талмовсирашдан асар ҳам қолмаганди. У берк кўчага кирган лўлиларни чув туширишни режаларди.
Эр хотини қўлида товланиб турган тақинчоқларни яхшироқ кўриш учун уйқули кўзларини ишқалаб:
 
– Ясамалиги билиниб турипди-ку, фокус-мокусларингизни бошқа ёқда кўрсатасизлар! – дея лўлиларга дағдаға қилмоқчи бўлади.
 
Ғазаби жўшган лўлилар сўзга лаб жуфтлашга улгурмай, жувон эрига:
 
– Сиз тиллонинг тоза-тозамаслигини қайдан биласиз? Турмуш қурганимизга ўн беш йил бўлди, маҳирга айтилган тилло исирғани ҳалигача обермадингиз! – дейди.
Кутилмаган ҳужумдан довдираган эр, “нархини тушириш учун айтяпман, хумпар, нега тушунмайсан”, дегандек, хотинига лўлилардан ўғринча имо-ишоралар қилади. Кўриб турган бўлсалар ҳам, кўрмаслика олган лўлилар, мавриди келганини сезиб:
 
– Биз ҳалол иш қиламиз, ҳаром иш қилишга Худодан қўрқамиз! – дейишади, бирлари қўйса, бири олиб. – Тақинчоқлар соф тиллодан эканлигига Худонинг олдида ўртага қўлимиздаги болаларимизни қўйиб, қасам ичамиз. Сизларнинг ҳам туғилажаги билан олтида фарзандларингиз бор экан. Худодан қўрқинглар. Бизларда ҳам олтитадан фарзандларимиз бор, гапимиз ёлғон бўлса, болалармизнинг гўштини ейлик. Машинамиз бузилиб қолганини мана шу киракаш отахон ҳам кўрдилар, соч-соқоли оқида, ёлғон гапирмайдилар. Муҳтож бўлмасак, тилловорларимизни сотармидик!
 
Шовқин-суронни эшитиб, тўпланган қўни-қўшнилар, ҳаш-паш дегунча, лўлиларнинг тақинчоқларини талашиб-тортишиб, ярим нархида сотиб оладилар. Қуруқ қолган иккиқат жувон эри билан жанжал бошлайди. Жанжални кўравериб юрак олдирган болалар қўшниларникига қочиб чиқадилар.
 
Машинага ўтирган лўлилар, киракашга машинани тезроқ ҳайдашни буюриб, қўшни қишлоққа ўтадилар. Қўшни қишлоқда ҳам худди шунга ўхшаш воқеа содир бўлгач, улар машинага ўтириб қочадилар. Кечгача бир-биридан унча йироқ бўлмаган беш қишлоқда лўлилар бир неча муваффақиятли тадбирни амалга оширадилар.
Сотилган буюмлар ҳемирига арзимас, мис баҳосига тенг нарсалар эди. Устига-устак, улар нуқул камбағал-фақирларни чув туширардилар. Сирга ақли етмаган киракаш лўлилардан:
 
– Қанча бойлар туриб, камбағал-фақирларни эшигини қоқасизлар. Бир тийинга қиммат матоҳларингизни, олтин деб ишонтириб, уларга сотяпсизлар. Қишлоқма-қишлоқ кезиб, сарсон-саргардон бўлганча, битта бойни ишонтириб, барча буюмларигизни битта одамга сотсангизлар, хавфсизроқ бўлмайдими? – дея сўрайди.
Шунда, лўлилардан бири:
 
– Бойлар анойи эмаслар, тўғри келган нарсани сотиб олаверадиган, – дейди. – Муҳтожни алдашлик жуда осон. Қорни очнинг димоғига овқат ҳиди урса, дунёсини унутгандек, яланғочга кўзига ёққан нарсасини кўрсатсанг, жони-жаҳонига ўт кетади. Ё ўша нарсага етади, ёки жонидан кечади.
 
Киракаш лўлиларни манзилига етказганда, улар хизмат ҳаққини узатади. Киракаш, лўлилардан:
 
– Бу ерда қанча пул бор? – деб сўраганда, иккаласи бараварига:
 
– Йигирма минг сўм, – деб жавоб қайтаради.
Киракаш пулни санаса, икки минг кам чиқади. Шунда лўлилар икки минг узатиб:
 
– Эртага ҳам келасизми? – деб сўрайдилар. Киракаш:
– Йўқ, гуноҳларингизга шерик бўлишни хоҳламайман! – дейди.
 
Қиссадан ҳисса, ҳукуматнинг икки лўлидан тафовути йўқ эди. Фуқароларнинг эса лўлилар тунаган камбағал-ночор, оч-яланғочлардан. Қолган бир қисм фуқаро киракаш мақомида эди… Фақирни истаганча алдаш, мазлумни тўйгунча калтаклаш мумкин. Шу учун мустақиллик шарофати билан раҳбарлар ўзбекни “фуқаро” – фақир, ночор, оч, ялонғоч, дея очиқчасига камсита бошладилар, паспортларига ўзлари хоҳлаганларидек, “фуқаро” деб ёздилар. Фуқаро, яъни фақирнинг футувватга, жавонмардликка алоқадор жиҳатлари ҳам бор. Бу қирралар уларнинг етти ухлаб, тушларига ҳам кирмайди. Мустақиллик пешонасига “фақир” деб тамға босган халқ Саидмат Соттилар кабилардан қандай рўшнолик кўриши мумкин? Яна кўнгиллар мойиллиги, ош-нонга, мол-дунёга осмон қадар ташна бўлса! Бу ит қопганни бит қопади, дегандек бир гап. Андижон хунрезлиги сабаб, дамини ичига ютган раҳбарлар ақлларини чайиб ичганлари йўқ эди. Русия билан алоқалар қайта тиклангач, тизгинни илгаригидан ҳам таранг тортишни бошлайдилар. Ғарбдан эсган эркинлик шабадаларига халқ мослашмасдан олдин, уларни исканжага оладилар. Икки орада Саидмат Соттига ўхшаганлар ов овлайдилар, вазиятдан унумли фойдаланадилар…
 
Бир неча йиллардан буён Қозоғистон ва Русияга иш излаб кетаётган ишсизлар оқими ортида янгидан-янги муаммолар бош кўтарарди. Ота-она тарбиясини кўрмаган “мустақиллик болалари” жамиятда тўпори қатламлар пайдо этаётган эди. Боқувчисини йўқотган минглаган оилалар орасида фоҳишабозлик, гиёҳвандлик авж олганди. Меҳрдан мосуво ўсган ёшлар шарм-ҳаёни, ор-номус ва ҳамиятни унутгандилар. Бутун бир миллатнинг дарди ичида эди. Улар ўз уйларида мазлум эдилар, ҳақсиз эдилар… Ҳукумат ишсизлар оқимига расман рухсат бермаса-да, зимдан қўллаб-қувватларди. Улар жўнатаётган пуллар ҳисобига президент кам-кўстини бутларди…
 
Қозоғистон ва Русияга тўғри йўл борлиги муносабатларини қонунлаштиришни хоҳламайдиган маҳаллий ҳукуматга ва иш берувчиларга бирдек қўл келарди. Ҳукуматнинг ўз фуқаролари ҳуқуқларини ҳимояламаслиги қўшнилар учун қулайликлар яратарди, энг қора ишлар ўзбеклар зиммасида эди. Улар арзимаган чойчақа эвазига умргузаронлик этардилар. Қадри пастлик, ҳимоясизлик, миллий поракандалик ўзбекларни тубанлаштириб, бошсиз оломонга айлантирарди. Мамлакат ташқарисида ишлаётган ҳар бир ўзбек орқасида қуйидаги каби бирор воқеа содир бўлиб турарди:
 
…Икки ака-ука Русияга ишлагани кетади. Йил ўтиб, жўнатилган пуллардан рўзғор бут бўлади. Қайнона, икки овсин ва учта бола кўзига ёруғлик инади. Қорни тўйиб, усти битган икки овсиннинг бу билан кўнгли тўлиши даргумон эди. Айни ўйнаб-куладиган фаслларида эрлари ёнларида эмаслиги манглайларининг шўри эди. Эрларини қўмсаб, тунлари тўшакда тўлғонадилар, юраклари малҳам истаб, ҳар ёнларига ағдариладилар. Жўнатилаётган пуллар ҳисобидан яхши еб-ичиб, яхши кийинганлари томирларида шаҳват ўтини ёқади, қонга тўлган кўзлар, эркак кўрса, ўтли боқади. Бўлавермагач, улар тил бириктириб, жазман орттирадилар. Ширинкомага ўрганган жазманлар ҳар тунда девор ошиб, овсинларнинг қўйнига кирадилар. Қайнона бир куни барини пайқайди. Овсинлар уни йўқотиш пайига тушадилар. Бир кун тушда улар қайноналари олдига бир косада заҳарланган овқатни қўйгач, бирлари хамир ясашга тутинса, бирлари тандирга олов қалайди. Нима бўлиб, шу пайт, молхонадан молларнинг маъраган овозлари келади. Қайнона хабар олиш учун уйдан чиқади. Шунда кўчада ўйнаб юрган тўрт-беш яшарлик икки амаквачча уйга кириб, косадаги овқатни ейдилар. Ейдилару шу заҳоти заҳарланиб, қон қусиб ўладилар. Уйга кирган қайнонанинг кўзлари уларга тушганда, фиғони фалакка чиқади. Овсинлар қилмишларидан сочларини юлиб, юзларини тимдалайдилар. Жиноят изини пайқаган қайнона келинларга ёпишади. Овсинлар қилмишлари изини йўқотмоқ ниятида, уни ёниб турган тандирга урадилар. Мактабдан қайтган катта бола, “Момомни ёқяптилар” дея, чинқирганча қўшниларникига югуради. Қўшнилар нима гаплигини англагунларича, ўн-ўн беш дақиқа ўтиб кетади. Келганларида, икки овсин ўзларини айвон тўсинига осиб ўлган бўлади…
 
Бу, дунёга сочлиб кетган бир миллат рўзғорида ҳар кун содир бўлиши мумкин бўлган оддий воқеа. Миллат жипслигини, орасталигини истамайдиган ҳукуматнинг хиёнати Усмонхўжаев ёхуд Махмуд Ялавочникидан ўтса ўтади, кам эмас. Президентнинг мақсади жиловни қочирмаслик бўлгач, фуқароларнинг қайси йўл билан юртга пул топиб келганининг қизиқ жиҳати йўқ. Барчаси қонун йўли билан тизимга солинса, фуқаро онги ўсади. Тафаккур этадиган жамиятни бошқаришнинг ўзи бўлмайди.
Баҳром, кўча бошида туриб, Нозима Мунисга қўнғироқ қилди. Кўп ўтмасдан Нозима Мунис қора, тўла бир аёлни эргаштириб тушиб келди. Машина қўзғалгач, у билан Баҳромни бир-бирларига таништирди.
 
– Бу синглимизни исми Настя, яқин ҳамкорим. Энди учаламиз бирга ишлаймиз, деган умиддаман. Укамизнинг исми Баҳром, бугун бу кишини ширкатга расман ишга қабул этишади!
 
Баҳромнинг фикри-зикри ўтган кунги воқеларда эди. Кеча, Саидмат Сотти ҳузуридан чиққанда, ўзи билан Нозима Мунисни мажлисда индамай ўтирган, буғдой ранг, қиррабурин кимса хонасига чақиртирганди. Унинг хонасига долондан кириларди. Эшикдан ичкарига бир қадам босиб, ўнга бурилганда, “т” шаклида қўйилган қимматбаҳо стол пайдо бўларди. Стол атрофида бежирим тўртта курси бор эди. Кимса ўзи чарм ғилофли, айланма курсида ўтирарди. Ён деворда, акварумга ўхшатиб ишланиб, ичига Каъба шакли туширилган соат ишлаб турарди. Ҳаммасидан ҳам ажабтовури, девор юқорисига илинган оқ-қора рангли суратдаги кимса қиёфаси кўпроқ эътибор тортарди. Одатда, шу жойга расм осиш керак бўлса, президент сурати илинарди. Тўғри, мустақиллик эълон қилинмасдан илгари, Ленин, Брежнев, Маркс ва Энгелс каби инқилоб доҳийлари портретлари ҳам шу жойга илинарди. Аммо соқоли ўсган, оддий кийимдаги кимса на инқилоб доҳийларига, на мустақиллик улоқчиларига ўхшарди.
 
Кимса ўрнидан туриб, Нозима Мунис билан Баҳромни илиқ кутиб олди, ўтиришга жой кўрсатди.
 
– Соғликларингиз яхшими, Нозима опагинам? Камнамосиз, кўринмайсиз! – деб қуюқ сўрашди.
 
Курсига жойлашиб ўтирган Нозима Мунис мийиғида кулиб:
– Ҳар кун шу ердаман-ку! Ўзингиз кам кўринадиган бўлиб қолдингиз, Акбаржон! – деди унга.
 
– Келинингиз ва болаларни олиб, тоққа чиқиб келдим. Бир ерда ўтираверсанг ҳам зиқ бўлиб кетаркансан. Энди тоза ҳаво ва янги кучларга таяниб, қаттиқ ишлашга тўғри келади. Елкама-елка турмасак, фаолият кўламини битта ўзанга солишга қийналамиз. Биздан оро истаб, эшигимизга бош ураётганлар сони дақиқа сайин ортмоқда.
 
Унинг сўзларидан руҳланган Нозима Мунис Баҳромни назарда тутиб:
 
– Иш кўлами ортаётганини пайқаганимиз учун серғайрат укаларимизни ёрдамга чақирдик. Бу иш ҳашарга ўхшайди, қўлма-қўл этмасак, беш-ўн одамга бош бермайди, – деди.
 
– Қаторда норинг бўлса, юкинг ерда қолмайди, деб шуни айтадилар. Яшанг, кам бўлманг, умрингиздан баракат топинг, опа. Сиз каби суянадиган тоғларимиз бор экан, кўзлаган чўққиларимизга албатта етамиз! – деб Акбар суҳбатнинг мавзусини ўзгартирди. У тезроқ мақсадга ўтишни истарди, чоғи. – Нозима опа, адашмасам, бу дўстимизнинг исми Баҳром, шарифи Қурбонов бўлса керак.
 
– Худди шундай, Акбаржон! – Нозима Мунис ҳарбийларга хос бир оҳангда унинг сўзини тасдиқлади.
 
– Бизлар бу киши хусусида бафуржа гаплашиб, бир қарорга келдик. У “биз” деганда Саидмат Соттини назарда тутаётганди. (Бошқалар маслаҳатда қатнашгани билан уларнинг фикри унчалик муҳиммасди. Буни Баҳром кейинроқ англади, албатта.) – Саидмат Сотти ака ўзларингизга ҳам Баҳромнинг ҳужжатларини эртага расмийлаштириш лозимлиги тўғрисида айтган бўлиши керак!
 
– Ҳа, сизнинг олдингизга киришимиздан аввал шу масалани Саидмат Сотти Қўйтопарович билан кўриб чиқдик, – деди Нозима Мунис. – Баҳром хусусида у кишининг фикри ёмонмас.
 
– Ҳеч кимнинг ҳам фикри ёмонмас. Ширкатга ишга қабул қилиш масаласи узил-кесил ҳал бўлган, – деди Акбар. – Биз ҳозир ишни ташкил этиш масаласида келишиб олишимиз зарур. Ишни пухта ўйлаб режалаштирмасак, эртага шошиб қоламиз.
 
Унинг маслаҳат тариқасида баён этаётган ниятини чақириқ деб тушунган Нозима Мунис:
 
– Зарур деб топилган ҳар қандай ишни бажаришга тайёрмиз! – деди кўтаринки руҳда.
 
Қовоғини уйиб ўтирган Баҳром учун ҳам у жавоб бераётганди. Саидмат Соттининг бугун ва илгариги қурган кўприкларини беаёв ёндириши мантиқан тўғри бўлса ҳам, орқасига қараб чоптириши унга ёқмаганди. Буни ҳис этиб турган Нозима Мунис оғзидан беихтиёр чиқиб кетган ҳайқириқни назорат этолмасдан қолди.
 
– Сизнинг ҳар қандай вазифани қойилмақом қилиб дўндиришингизни яхши биламиз, Нозима опа, – деди Акбар. – Мен айтмоқчи, эрта-индин Бухорога иш сафари билан жўнайсизлар. Ширкат томонидан қанақа ҳужжатлар зарур бўлади? Етиб боргач, ишни нимадан бошламоқчисизлар? Шу хусусда бир тўхтамга келсак, чакки бўлмасди.
 
Акбарнинг мақсадини, энди англаган Нозима Мунис:
 
– Саидмат Соттининг бугунги кўрсатмаларига асосланиб, иш бошлаймиз, албатта! – деди. – «Паймона» ширкатининг Бухородаги “Ўқув маркази”ни очиш учун шаҳар ҳокимига хат билан чиқамиз. Ширкатнинг қонунийлигини билдириш учун ҳокимият талаб этган меъёрий ҳужжатларни хатга илова қиламиз. Ҳокимият танишиб чиққунча, қўл қовуштириб, ўтирмасдан, ўқув маркази учун ижарага жой топамиз. Иккита мутахассисни ишга ёллаймиз. Ҳаш-паш дегунча, иш бошланади. Ишимизда муаммо бўлмайди, деб ўйлайман. Муаммо чиққудек бўлса, телефон орқали маслаҳатлашиб оламиз.
 
Диққат билан тинглаётган Акбар:
 
– Энди, озмунча тушунарли бўлди, – деди қаддини тиклаб. – Ишни амалга ошириш учун ширкат томонидан қандай ҳужжатлар лозим бўлади?
 
“Ялт” этиб Баҳромга кўз ташлаган Нозима Мунис эътиборини Акбарга қаратди.
 
– Ширкат ходими эканлигимизни тасдиқлайдиган гувоҳнома, шуғулланишга ҳуқуқ берадиган ваколатнома, сафар қоғозлари ва ишизловчиларни ўқитиш учун ўқув дастури. Ариза намуналари ва ҳисоб-китоб дафтари, – деркан, у бир нафас ўйланиб турди. – Ҳозирча мана шулар!
 
Унинг айтганларини ёзаётган Акбар қайта-қайта сўраб-суриштирарди.
 
– Нозима опа, сиздан айнан мана шуларни сўраяпман-да! – дерди кейин у.
 
Унинг бунақа ишларга нўноқлиги одми ҳаракатларидан билиниб турарди. Юмшоқ курсида гоҳ у ёққа, гоҳ бу ёққа қийшайиши жойида мажбуран ўтирганидан дарак берарди.
Унинг хуш ниятли экани, жасурлиги кўз қарашлари ва айтаётган сўзлари оҳангидан қанчалик билиниб турмасин, иш битиш-битмаслиги ўзига боғлиқмаслиги ҳақида ўйламаётганди. У чин юракдан ишнинг амалга ошишига ишонарди. Ишонмаган тақдирида ҳам, ишнинг гуллаб-яшнаб кетишини жуда-жуда хоҳларди. Ширкатдаги Саидмат Сотти ҳисоблашишга мажбур бўладиган ягона шахс у бўлса ҳам, унинг ҳийла-найранглари олдида, вақт етганда, ожиз қолишини у англамасди.