Ислом Холбой
Турланишлар
1
Берк эшиклар ортида кимлар,
Кутмоқликка топади сабр.
Таъма оёқ-қўлларни боғлар,
Нафсга бўйин эгади кибр.
Энг муҳими, ёпиқлик эшик,
Чертилганда, тақилласа, бас.
Ичкарига топилар, тешик,
Йиллар бўйи сиқилса нафас.
Муштни янчиш, пешона ёриш,
Очиш учун баҳона холос.
Олий мақсад; бир ялтоқланиш
ва турланиш – ўзимизга хос.
2
Кўкрагингни қоқсанг, бурнингдан
чиқиб келар илҳом париси.
Овоз берар, шунда қорнингдан,
“Яғмо” дея, булар бариси.
Кўкка ўрлар, овоздан тутун,
Тўхтаб қолар, нигоҳинг, таққа.
Ўпканг силкинганида ҳорғин,
Алаҳлайсан, оппоқ вараққа.
3
Бировларнинг кулиши учун,
Йиғламоқлик, энг қулай тадбир.
Ой туғмаса, оқармайди тун…
Қуёш чиқаверади ахир.
Кўнгил овлашликнинг энг зўри,
Тумшуқ-қовоқ ва қора либос.
Ўз-ўзича, ҳар бир кас бўри,
Бу одамлар, бир-бирига мос.
* * *
(“Хаёл етмас манзиллар”)