Бу иш сизни бошингизга тушса чидай оласизми?

Бу иш сизни бошингизга тушса чидай оласизми?
48 views
16 August 2017 - 9:51

Ўн йиллар аввал бир яқин инсонимни одам ўқитгани учун роса сарсон қилишган эди. Уч ой терговга қатнаган. Ўша ишлар арафасида кўришган эдик. Шунда айтган эдим:

– Ака, қўйинг. Ўқитманг. Тинч туринг. Эртага бир гап бўлса ўзингиз ва оилангизга жабр бўлади.

– Илм омонат. Бу омонатни ўзимдан кейингиларга қолдирмай гўримга олиб кетишдан қўрқаман. Қанча умрим қолди Аллоҳ билади.

– Бир савол берсам майлими?

– Беринг.

– Эртага Аллоҳ сақласин бир гап бўлса, қамалиб қолсангиз ичкаридаги азобларга бардош бера оласизми?

Бир оз сукут сақлаб сўнг:

– Ҳозир, чидай оламан, дейишим ҳам мумкин. Чидай олмайман, дейишим ҳам мумкин. Эртага ўша кун бошимга келганда, ўша синов билан қарама-қарши бўлганда нима қиламан, нима дейман буни Аллоҳ билади.

Гаплашган гапимиз шу бўлди. Орадан бир ой ўтиб қамаб қўйишди. Одам ўқитгани, диний оқимларга аъзо бўлганини важ қилиб кўрсатишди. Аслида, ҳеч қандай оқимга аъзо эмас эди. Шунчаки, Қорию мураттаб ва олим йигит эдилар. Орадан тўққиз ой ўтгандан кейин чиқариб юборишди. Бир аҳволда, озиб-тўзиб кетган ҳолатда чиққан эдилар.

Орадан бир ҳафталар ўтиб, бир жойда танишлар билан ўтирган эдик, кириб келишди. Салом алик қилинди. Ҳеч қанча вақт ўтмай орамизга яна бир акамиз келдилар. У киши ичкаридан чиққан Қори акамиз билан ҳали кўришишмаган эди. Кела солиб: “эээ ассалому алайкум, қори ака. Яхшимисиз? Салом…”, деганча гапи оғзида қолди. Қори ака шартта гапни бўлиб “фалончи, мени нима десангиз денг, ҳар қандай ёмон ном билан атанг, лекин “қори ака”, деманг илтимос” Ҳамма бир фурсатга қотиб қолди. Қори ака тескари қараб чиқиб кетдилар. Бўлган иш бир зумда бўлгани учун сукут узоққа чўзилиб кетди. Мени эса кўзимдан ёшим тинмас, Қалбим титраб оғрир эди. Мустар бўлиб туриб қолган акамиз: “вой бо, 9 ой ўтирганига шунчами? Тоза додини беришибдику. Қорилигидан ҳам воз кечиб юборибди”, деди.

«Бу иш сизни бошингизга тушса чидай оласизми?», дедим. “Ҳа, калтак билан ўлиб кетармиди, одам. Чидайман” деди.

Индамадим. Тўққиз ой аввалги суҳбат ёдимга тушди. Бошқа гапиргани кучим қолмаган эди. Секингина туриб, кета қолдим. Кимнидир бошига мусибат тушса ўз қаричимиз билан ўлчаймиз. Ўша одамга осон тутамиз. У бошидан ўтказганларини биз ҳис қилмаймиз. У кўрган кунларни кўрмагунча катта гапираверамиз. У инсонни изтироби, ички кечинмаларини мен яхши тушуниб турган эдим. Қориликка лойиқ бўла олмаганидан, калтакларга сабр қилмаганидан ўзи билан ўзи курашар эди. Мутлақо бошқа одамга айланди. Анча вақтгача бошқа одам бўлиб яшади. Охир оқибат юртни тарк этди.

“Ҳозир, чидай оламан, дейишим ҳам мумкин. Чидай олмайман, дейишим ҳам мумкин. Эртага ўша кун бошимга келганда, ўша синов билан қарама-қарши бўлганда нима қиламан, нима дейман буни Аллоҳ билади.”

Sayyid Islom

facebook.com