Мустақиллик чор Руссияси берган имтиёзларни ҳам чиқитга чиқарди

Мустақиллик чор Руссияси берган имтиёзларни ҳам чиқитга чиқарди
66 views
17 August 2017 - 7:00

Ислом ХОЛБОЙ

Т А Н А З З У Л
(Тўрт юз тўқсон саккизинчи камерадаги маҳбуснинг хотиралари)

ХаЗиНА КаБи
                                        ҚўРиҚлАйДиЛАр
ЧўЧқА КаБи
                         БоҚаДиЛАр
ИТ КаБи
таҲқирлАйДиЛаР

БЕРК КЎЧАЛАР
Иккинчи китоб

уаллиф бевосита бошидан кечирган воқеа-ҳодисаларга асосланади)

Кўмилди дарёлар, йиқилди тоғлар,
Етимлар кўз ёшин тўка бошлади.
Фоҳишадан бўлган ҳаромхўр беклар
Юртни бир ёнидан йиқа бошлади.
Махтумқули Фироғий

6-қисм

Тўртинчи боб

Нозима Муниснинг жиддий муаммоси борга ўхшарди. Шу сабаб бўлса керак, Бухоро сафари эрта-индин,деб аччиқ ичак каби чўзилиб кетди. Бир ҳафтадан буён уни кутиб тоқати тоқ бўлган Баҳром, Жек Лондиннинг “Мартин Иден”нини қайта ўқиди. Достоевскийнинг “Телбасини”ини варақлаб, ўзини чалғитмоқчи бўлди. Барибир бўлмади. Кўнгилдаги хижил руҳига ором бермасди. У кийиниб, ўғри мушук янглиғ уйидан чиқиб кетди. Кутавериб ғусса бўлган кўнгли амрига бўйсунган оёқлари ўз-ўзидан одимларди. Шунда у пиёда кезишни соғинганини англади. У кўча бўйлаб метро томон юрди. Бухоро сафари ҳам, Саидмат Соттининг сарғишдан келган йиринг башараси ва Настяни эргаштириб, нималарнидир босди-босди этаётган Нозима Мунис ҳам энди уни ортиқ қизиқтирмасди. У эркин хаёллар билан танҳо қолишни истаганди.

  У дунёда Тошкент каби баҳорни интиқлик билан қаршилаб, кузакни ичикиш билан кузатадиган яна бир шаҳар борлигига ишонмасди. Девнинг билакларига ўхшаш шохларини осмонга ёйиб турган забардаст чинорлар, булутларга қоплон сингари сапчимоқчи бўлаётган норғул эманлар ва маҳобатли арғувонлар унинг дайдиганда топган йигирма беш йиллик биродарлари эдилар. Йўлнинг икки чекасида бўй чўзган азим дарахларни яқин дўстидай севадиган Баҳромнинг бу дарахтлар билан дардлашмаганига неча йиллар бўлди?! Талабаликнинг илк йилларида унинг шу дарахтлардан бўлак ҳеч кими йўқ эди. Институтнинг кечки босқичида ўқиб юрган ўша йилларда у дарахтлар билан соатлаб зимдан суҳбат қурарди. Уларнинг қалбига қулоқ тутарди.

Кечки босқичда ҳафтасида беш кун дарс бўларди. Шанба ва якшанба дам олиш кунлари эди. Соат ўн тўққизда бошланадиган дарс узоғи билан йигирма учга қадар давом этарди. Талабаларнинг тўқсон фоизи кундузлари турли ташкилот ва корхоналарда ишлардилар. Улар ишга, ишдан ўқишга бўзчининг мокисидай югуриб, ҳеч нимани қойиллатмасалар-да, ишини дўндирган носфуруш каби қўлтиқларига китоб-дафтарлар солинган папкани сиқиб олардилар. Бурнига қурт тушган отдек гердайишни суярдилар. Уларнинг бажараётган юмушларининг танлаган иқтисосларига ёндошмаслиги Баҳромнинг таажжубини қўзғарди. Улардан фарқланадиган жиҳати йўқлигини англаса-да, у ўзини босқичдошлари билан солиштиришдан тия олмасди. Босқичдошлари бир ойда топадиган пулни у мардикор бозорида ишлаб бир ҳафтада топарди. У уч ҳафтасини китоб ўқиш ва зерикканда шаҳар кезиш билан ўтказарди. Ҳамфикрлар камёблиги ва бўш вақтнинг сероблиги уни Тошкенти азим билан дўстлаштирди. Бу дўстлик унга  дарахтлар, гуллар оламини ва одамларни севишни, анҳорлар ва ариқлардан шарқираб оқаётган зилол сувларнинг қўшиқларини тинглашни ўргатди. Онгги биқиқғоялар билан заҳарланган ҳар бир ўзбек сингари у ҳам маҳаллийчи эди. Охирида ўзларига хос нозик феъл-атворга эга тошкентликларни севиб қолганини ўзи ҳам билмай қолди. У қўли очиқ ва бағри кенг бу юрт одамларининг ажралмас қисмига айланди. Қалбини турли-туман ҳислар чаманига буркаётган руҳияти измида ўзи ҳам шакллана бошлади. Бу шаҳарга жони-дили билан боғланди. Бир йил ўтиб, Совет армияси сафларигачақирилди. Биринчи босқични тугаллаш арафасида, сирли шаҳардан юрагини узолмасдан, кўзларида ёш,Қоракўлга жўнаб кетди.

У метрони айланиб, катта кўчага чиқди. Кўкка бўй чўзган дарахтлар уни ҳайратга соларди. Уларнинг қанчалар улғайганини кўриб, ҳаприқиб тепаётган кўкси тафтини босолмасди. Бу кўчалардан пиёдалаб ўтмаганига беш-олти йиллар кечган эса-да, ўзини кечагина шу ерларни босиб ўтгандай ҳис этиши ажабланарли эди. Вақт олдида одам боласи болта тиғи остидаги хипчинча ҳам эмасди.

У Пушкин ҳайкали остида туриб нафас ростлади. Шоирнинг эҳтиросга тўла ҳароратли овози қулоқларига қуйилиб, қалбини жўштираётгандай эди. Мустақилликдан кейин, ўзгармасдан ўз ҳолича сақланган ҳайкал ва бу майдон – ўтган кунлардан ёдгор эди. Унинг ўзбекларга тегишли жиҳати топилганда эди, тарихи ҳам қайта ёзиларди.

Чунки Мустақиллик “шарофати” билан Самарқанд ёши эллик йилга ортди. Амир Темурнинг бўйи чўзилди. Халқнинг тарихий хотираси хиралашганидан фойдаланган улоқчилар сохта тарих яратдилар. Амир Темур мўғуллар устидан ғалаба қозониб, Туркистон халқларини озодликка олиб чиқипти эмиш! Ҳайратланарли жиҳати, Туркистон халқлари исён кўтариб, тарихларида босқинчиларни ўз ерларидан ҳеч қачонда супуриб ташламаганлар. Уларда исёндан ҳам, очиқ жангдан ҳам даҳшатли қурол бўлган. Душманни замонлар ўтиб, ютиб юборардилар. Асос дин ва тил эди. Дунё халқларидан ўзлаштирилган маданият эди. Шунинг учун юнон, форслардан тортиб арабларгача, араблардан тортиб мўғулларгача бўлган босқинчилар, маҳаллийлашдилар, турклашдилар. Руслар ушбу жараён етиб келмасдан, ҳокимиятни инон-ихтиёрлари билан топширганлари баробарида, бошларини омон сақлаб қолдилар.

Амир Темур бош кўтарган замонларда мўғулларнинг “мўғул” деган номи қолганди. Нақшбандия пирлари руҳий кенгликларини ишғол этгач, уларнинг исломни қабул этиб, турклашганларига кўп замонлар бўлганди. Чингизхон шажарасидан икки-уч ҳалқа юқоридан уланган Темурийлар ҳам турклар ичига сингиб кетган мўғуллар эдилар. Унинг отаси Баҳодир Тўра Оғой (оға) Бухоро шайхулраисининг қизи Тигина Моҳ исмли турк қизига уйланганди. У ёвқур ва ботир эди. Футувватда собит, тариқатда обид эди, мардонларга қўл берганди. Саодатли фарзандлар эранлар дуосидан унганди. Ўн икки ёшигача отасини кўрмаган Темурни онаси тарбиялаганди. У даврларда Туркистонда руҳий жиҳатдан мўғул бўлган одамни топиш амри маҳол эди. Темур мўғулларга қарши бош кўтарган бошсиз ва оми тўданинг йўлбошчиси эмасди. У адолатсиз тузум ва мустабид ҳукмдорларга қарши исён кўтарганди. Туркистон халқларининг Чингизхон зулмидан кейинги осмонга ўрлаган ялови, миллий давлатчилик рамзи эди. Унинг орзуси марказлашган ва ислом қонун-қоидалари асосида иш кўрадиган кучли ва адолатли давлатни барпо этишдан иборат бўлган. Инсоният камолини ва Аллоҳ олдидаги бандачилик ахлоқ ва одоб қоидаларини у Аллоҳнинг каломи бўлмиш Қуръони каримда ва Унинг пайғамбари Муҳаммад (с.а.в.)нинг ҳадисларида кўрган. У бизга замондош бўлганида, ҳозирги мустабид тузумга қарши туришга ҳам ўзида ирода ва етарли куч топа олган бўларди. Афсуски, у барпо этган тузум унинг ўзи билан бирга қулади. Унинг илдизларидан ўсиб чиққан новдалар қайтиб дарахт бўлдилар, буюк тамаддунлар бунёд эттилар. Бошланган ишни охирига етказиш учун унинг умри етмади, вақт уни чув туширди. Хатоларини тўғирлашга улгурмагани мусулмонларга ва турк дунёсига қимматга тушди. Унинг охирги узган ўқи мўлжалга текканида эди, биз билган дунё тарихи бошқача бўларди. Туркистон парчаланмасди, Турон емирилмасди, ислом таланмасди….

У, янги тарихчилар айтганидек, Туркистонни мўғуллар зулмидан озод этган бўлса, нима учун ўзини хон деб эълон қилмади? Нима учун давлат ишларини ўзи олиб борса ҳам, Чингизий Суюрғитмишни, ундан кейин унинг ўғли Маҳмудхонни хон кўтариб, Мовараунаҳр тахтига ўтқазиб қўйди? Чунки Суюрғитмиш ҳам, ўғли Маҳмудхон ҳам мусулмон эдилар. Улар ҳам Темурнинг авлодлари сингари турклашган эдилар. Турклашганлари ва мусулмонликлари сабаб, уларнинг халқ орасида нуфузи баланд эди. Темур қанчалик қудратли, қанчалик қувбўлмасин, вазият билан ҳисоблашмаганда, улкан ғалабаларга эриша олмаган бўларди. Яна унинг замонамиз мустабидлари сингари миллат ва тил билан иши бўлмаганди, қурган биносининг пойдевори йўқ эди. Шу учун ҳам у тиклаган маҳобатли давлат илдизсиз дарахт каби бор бўй-басти билан қулаганди. Шайбоний бўлмаганида, биз тилимизни ва турклигимизни унутган бўлардик. Турон эронийлар отлари туёқлари остида топталарди. Бобурдек дилбар шахсни инсоният танимасди. Мовароуннаҳрда ҳақиқатан Туркистоннинг қуруқ номи қоларди. Ўша даврдаги аҳвол бизнинг кунлардагидан ҳам оғир эди. Темурзодалар, боболари ўлмасдан туриб, Туркистонни парчалашга руҳан ҳозирланардилар. Дунёда қудратли салтанатга эга кўрилган турклар кўринмас инқироз ёқасида турардилар. Шайбоний қалмоқ даштларидан ўзбекларни, тотор мулкларидан турк тоторларини суриб келиб, белимизга куч, кўзимизга нур ато этди. Туронзамин маркази яна туркларга тўлди. Яна Темур наслидан бўлмиш Байқаро каби шахслар шижоат кўрсатмаганда, ўзбек маъданияти бугунгидек тамаддунлар буржида нур таратиб турмаган бўларди. Бобур ҳам бизнинг подшомиз эмас. У ҳинд подшоси, у Ҳиндистоннинг янги тарихини яратган шахс. Бобоси Амир Темур каби ислом қаҳрамони. У жаҳоннинг кўзга кўринган сиймоларидан бири, гўзал хулқ соҳиби. Шу каби ўзбек адабиётининг улкан намояндаси, маданиятимизнинг ажралмас бир қисми, миллатдошимиз, холос. Уни мўғул деганлар адашадилар. У турк, у ўзбек. Буни унинг мероси айтиб турипди, руҳияти сўйлаб турибди. У миллатга подшолардан кўра буюкроқ хизмат кўрсатди. Бироқ у Шайбоний эмас. Шайбонийлар турк давлатчилигини давом эттирдилар, инқирозлардан асраб қолдилар. Миллатга тил керак, тилга миллат керак. Миллат – шакл, тил жондир. Тилсиз миллат – ўлик тана. Миллатига наф келтирмаганнингбашариятга тафти тегмайди. Миллатини танимаган – исломни инқирозга етаклайди. Қуръон ва Ҳадис маъноларини ҳазм этолмаган миллат – захлаган, ҳосил унмайдиган ер кабидир. Исломни чўққига кўтарган усмонли турклар миллий жиҳатдан оқсоқ бўлганларида, бирор марта байроғи ётмаган Туркия бизнинг кунларгача яшамасди. Миллатлар башарият равнақи учун лозим эканки, Тангри бир одамдан турли миллатларни ва ранг-баранг тилларни ўртага келтирди!

Темурнинг бобоси туғилмасдан Туркистонда “чиғатой тили” деган тушунча одамлар онгига ўрнашганди. Чиғатой тили аслида қандай тил эди? Бу тилга Чингизийларнинг, яъни мўғулларнинг қандай алоқаси бор? Нима учун бу тилни Чиғатой тили деб атайдилар? Туркистонда бизнинг кунларимиздаги сингари жуда ҳам кўп турк лаҳжалари бўлган. Бироқ бирор-биттаси асосида турк тили қонун-қоидалари ишлаб чиқилмаганди. Мўғуллар Туркистонни босиб олганларига қадар давлат ишлари, ўзга мамлакатлар билан сиёсий-иқтисодий алоқалар араб ва форс тилларида олиб бориларди. Ҳукмдор мўғуллар араб ва форс тилида иш юритишни истамасдилар. Мўғул тилини жорий этиб, бирор натижага эриша олмасликларини ҳам улар яхши тушунардилар. Бошқа томондан эса,Чингизхон авлодлари ўзларини “меркет” деб аталган қадимги турк қабиласига мансуб деб билганлар. Шу учун маҳаллий лаҳжалардан бирини давлат тили мақомига кўтаришга эҳтиёжманд эдилар. Чиғатой фармони билан бу ишга қаттиқ киришилди. Ҳаёт-момот даражасига кўтарилган масалани ерли халқ ҳисобидан ҳал этиш мўғулларнинг кўнгилли равишда туркликни танлаши билан баробар эди. Ислоҳотлар бошида Чиғатой тургани учун ҳам, бу ҳаракат тарихга унинг номи билан “чиғатой тили” кўринишида кирди. Турк лаҳжаларидан сараланган бу гулдаста мўғулларгача ёзма ва халқ оғзаки ижодида ишлатилган ва бизнинг кунларда “ўзбек тили” деб аталадиган, Маҳмуд Қошқарий ва Хожа Аҳмад Яссавий тили эди. Бу тил ҳазрат Алишер Навоийни шеърият султонига айлантирган буюк ва ўлмас турк тили эди. Нафсиламбирини адолат юзасидан айтадиган бўлсак, Чиғатой бу иши билан шарафга лойиқ эди. Ҳусайн Бойқаронинг ҳукмдорлик иқтидорига суянган Мир Алишер Навоий бадиий тафаккури бу тилни беш аср илгари шуур ва мантиқ олами чўққисига олиб чиқди. У ўзининг ғайрат-шижоати билан ҳар қандай тилнинг гўзалликларини намоён этиш учун салоҳият ва иштиёқ, меҳнат ва тиришқоқлик, муҳаббат ва ихлос зарурлигини исботлади. Баробарида, турк тилини менсимайдиганларнинг оғзини қиёматгача мумлаб қўйди. Ҳазратнинг саъй-ҳаракати натижасида турк адабий тили араб ва форс тили ҳисобигабойиди. Ижод майдонига довул каби бостириб кирган Навоийдек фавқулодда иқтидор ва катта билим соҳиби даҳосига битта тил имкониятлари торлик этарди. Шунинг учун у турклар танасига сиғмай қолган дамларда, араб ва форс тили кенгликларига наҳангдек сузиб кириб, зарур сўзларни ўз тили денгизига ҳайдаб чиқарди. Бу сўзлар аслида туркларнинг руҳиятига синганига асрлар ўтганди. У чиғатой тилини, яъни ҳозирги замон ўзбек тилини бойитиш асносида гўзаллаштирди. Ижодкорлар елкасига янгидан-янги маъно ва мазмунлар юклади. НавоийОврупонинг бирор мамлакатида туғилганда ҳам, унинг бадиий тафаккури битта тил имкониятларига сиғмасди. У инглиз бўлиб туғилганида ҳам, туркчада қўллаган усулни қўллаб, ўзга миллатлар тил кенгликларида ижод Буроғини чоптирган бўларди…

Чиғатой тили ер юзидаги барча турк тилли халқлар ёзма ва халқ оғзаки ижодига самарали таъсир кўрсатди. Тил ривожи чиғатой тили асосида уйғун ривожлана бошлади. Бу бир неча аср ўтиб дунёга келган Гаспринскийнинг – жадидларнинг орзуси эди. Ироқ, Саудия ва Рум ҳудудларидаги туркман ва озарбойжон халқлари вакиллари бўлмиш Насимий ва Фузулий сингари забардаст даҳоларнинг ижод намуналари мана шулар таъсирида бунёдга келди. Ўзбеклар бугунги кунда ҳам номлари зикр этилган аждодлар меросини ўз она тилларида қийналмасдан ўқий оладилар. Низомий Ганжавий минг йил ўтиб ҳам, аслида мутолаа қилинса, зеҳнгамонелик кўрсатмайди. Махтумқули даҳосини Навоий даҳосидан айрича тасаввур қила оладиган турк тилли одамни топиб бўлмаганидек, қозоқ, қирғиз, туркман, озарбойжон, уйғур, тотор ва усмонлилар тилларида битилган асарларни асл ҳолида мутолаа қилиш ўзбеклар учун малоллик туғдирмайди. Бу учун Гаспринский, Маржоний, Сулаймон Бухорий, Авлоний, Фитрат, Чўлпон, Беҳбудий, Миркарим Осим, Қозоқбой Маҳмудов ва Бегали Қосимовлардан озроқ сабоқ олинса, кифоя. Турк халқлари оғзаки ижод намуналари ҳисобланмиш “Гўрўғли”, “Шоҳсанам ва Ғариб”, “Лайли ва Мажнун” сингари юзлаб достонларни ўқиш жараёнида ўзбеклар асарнинг на тилидан, на руҳиятидан бегоналик ҳис этадилар. Бу бир замонлар юртимизга ваҳшийларча бостириб кирган Чингизийлар ҳукмдори Чиғатойнинг тил ислоҳоти самараси ўлароқ, эзгу қадами ҳосиласидир. Бугунги кунда шундай мероси бор бир миллат тилсиз ва дилсиздир. Мустақиллик чор Руссияси берган имтиёзларни ҳам чиқитга чиқарди. Тилларини чуқур билмайдиган ўзбеклар кўр ва соқовга ўхшаб қолдилар. Ўзларини англашдан мосуво этилганлари учун ўзгаларни танимайдиган бўлдилар…

Агар биз ҳам мустақиллик улоқчилари сингари фикр юритадиган бўлсак, мўғуллар зулмидан озод бўлганТуркистоннинг шу чоққача озодлигини расман эълон этмаганини қандай тушунса бўлади? Демак, ўша пайтдаги Хоразмшоҳлар тасарруфига кирган ҳудудлар ҳалигача мўғуллар мулки экан-да! Аслида-чи, мўғуллар зулмидан Туркистонни руслар каби мўғилларнинг ўзлари озод этганлар. Руҳий ўзгаришлар, турклашиш, ислом уларни шунга олиб келган. Русларга ҳам Тангри инсоф берди. Бўлмаса, биз мустақил бўла олмасдик. Мустақилликка эришиб, озод бўлолмаганимиз бунинг ёрқин далилидир. Мустақилликка тиш-тирноғи билан қарши президент, бизларни мустақилликка эриштирди, деган иддаолар жоҳиллик ва лўттибозликдан бошқа нарса эмас. Қолаверса, президент қони ДНК қилинса, унинг мўғул эмаслигига, яъни Чингизхоннинг Жўжихондан никоҳсиз туғулганзурриёди эмаслигига ким кафолат бера олади? Аслида, бани одамзод илдизи Одам Атога тақаларкан, миллатларни тор манфаатлар йўлида бир-бирларидан ажратиб кўрсатишдан нима наф? Миллатлар тилига, руҳиятига ва урф-одатларига қараб фарқлангани билан уларнинг қони бир. Янги туғилган ўзбек боласини олмонлар тарбиялаб, ўстирса, у ўзбек эмас, олмон бўлади. Инглиз боласи ўзбек хонадонида камол топса, у ҳеч қачон инглиз бўла олмайди. У ўзбек бўлиб, гумроҳ бўлиб ўлади. Инсонларнинг ижтимоий келиб чиқиши, олган таълим-тарбияси ва зеҳнига қараб, ҳаёт йўлида эгаллаган мавқелари ҳар хил бўлиши мумкин, холос.

(давоми бор)